Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / МИЛЛАТНИНГ ТАҚДИРИ ТИЛНИНГ ТАҚДИРИГА БОҒЛИҚ

МИЛЛАТНИНГ ТАҚДИРИ ТИЛНИНГ ТАҚДИРИГА БОҒЛИҚ

Ўзбек тили ўзбек миллатининг узоқ тарихий илдизларига, ўз сиёсий-ҳуқуқий асосларига эга муқаддас қадрияти, улкан маънавий ютуғидир. Бугунги тараққиётига қадар шонли ва шарафли йўлларни босиб, кескин ва шиддатли тўфонларни енгиб келаётган миллий тилимиз давлат мақомида янада улуғвор ва устуворлигини намоён қилмоқда.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 21 октябрь – ўзбек тили байрами муносабати билан “Тил – миллат кўзгуси” шиори остида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда ҳам шу ҳақда сўз борди.

Тадбирда марказ директори Ш.Зиёдов табрик нутқи сўзлаб, ўзбек тилининг тараққиёт даври кўп аср илгари бошланган бўлишига қарамай, ўтган вақт давомида бир неча марталаб ҳужумга, камситилишларга дуч келганини айтди ва бугунги кунда сони унчалик кўп бўлмаган суверен тиллар сирасига кирганини мамнуният билан эътироф этди.

Марказнинг барча раҳбар, илмий ва техник ходимлари иштирок этган тадбирда марказ илмий котиби Б.Турсунов маъруза қилиб, йиғилганларга миллатнинг тақдири тилнинг тақдири билан бевосита боғлиқлиги, ўзбек тили эса ўтган йиллар давомида мамлакатимиздаги юздан ортиқ миллат ва элат вакилларини ўзаро боғлайдиган меҳр-оқибат тилига айланганини таъкидлади. 

– Тил миллий қадриятлиги боис ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлиги мамлакатимизда кенг нишонланади. Тилимиз ривожида юртимиздан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирлар, адибу шоирларнинг хизматлари бениҳоя каттадир. Жумладан, Алишер Навоий ҳазратлари ўзбек тилида ижод этиб, тилимизни дунёга танитган. «Муҳокаматул луғатайн» асарида ўзбек тилининг бадиий имкониятларини мазкур даврда адабиёт ва шеърият тили ҳисобланган форсийдан асло кам бўлмаганлигини илмий жиҳатдан исботлаб берган, – деб таъкилади нотиқ.

Дарҳақиқат, ҳар бир инсон ўз она тилини қадрлаши ва асраб-авайлаши лозим. Шундагина тилнинг, миллатнинг қадри, обрўси ва нуфузи ошади. Ўзбек тилининг мамлакатимизда давлат тили сифатида амал қилишининг ҳуқуқий асослари қонун билан белгилаб қўйилган.

Маърузачи ўз нутқида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни уч тамойилга: умумийлик, мажбурийлик ва ҳуқуқий кафолатга асосланишини, давлат тилининг ҳуқуқий мақоми белгилаб қўйилгани тилимизнинг бой имкониятларидан кенг фойдаланишга, унинг эркин муомалада бўлиши учун зарур шароитни яратиб берганини қайд этди. Шу нуқтаи назардан тадбирда иш юритиш ва илмий тадқиқот ишларида марказ ходимлари ҳам ўзбек тили софлигини таъминлаши, бунинг учун тил қоидаларига қатъий риоя этиши зарурати тўғрисида сўз юритилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳада бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз бераётганини, энг юқори даражадаги расмий учрашув ва музокараларда тилимиз кенг қўлланилаётгани ҳақида тўлқинланиб гапирдилар.

Якунда марказ илмий ходими Б.Маҳмудов ўзбек тилини мадҳ этувчи, ўз ижодига мансуб бўлган шеърлардан намуналар ўқиди.

Ҳар бир миллат ўз она тили ривожи ҳақида қайғурмаса, у тил бора-бора истеъмолдан чиқиб кетади, яъни унинг ўрнини бошқа тиллар эгаллайди. Шунинг учун ҳар бир миллат ўз она тили тараққиётига ҳисса қўшиши керак. Шундагина халқ ўз миллий тили, миллий ғурурини нафақат сақлаб қолиб, балки юксакларга кўтара олади.

Имом Бухорий халқаро-илмий тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …