Home / МАҚОЛАЛАР / “САҲИҲУЛ БУХОРИЙ”ДА ТИЛШУНОСЛИК САБОҚЛАРИ(2-қисм)

“САҲИҲУЛ БУХОРИЙ”ДА ТИЛШУНОСЛИК САБОҚЛАРИ(2-қисм)

Имом Бухорий Қуръони карим қироатида аниқликни мустаҳкамлаш мақсадида ҳам кўп ҳадис жамлаган. Хусусан, «Яратишнинг ибтидоси китоби»даги Нуҳ алайҳиссаломга бағишланган бобда қуйидаги ҳадис келтирилади [4-жилд, 424]:

  1. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамманинг қироатидек “Фа ҳал мим-муддакир” (فَهَلْ مِنْ مُدَّكِّرْ) деб ўқиганлар”. Оятдаги “муддакир” “зикр” сўзидан ясалгани учун айримлар уни “музтакир” ( مفتعل вазнида) ўқилмаганмикан, деган гумонга борган экан. Пешқадам қори саҳобалардан бўлган Абдуллоҳ ибн Масъуд Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам бу оятни ундай ўқимаганларини, балки ҳамма қорилар ўқиётганидек, “муддакир”, деб ўқиганларини таъкидлаган. Бу калима Қамар сурасининг олти жойида келади.

Буюк муҳаддис ўзининг шоҳ асарида кўп калималарни Каломи Шариф оятлари воситаси билан изоҳлайди. Масалан, «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келган пайтларида ҳузурларига яҳудийлар келгани ҳақида»ги бобда [5-жилд, 206] يهود калимасининг ўзакдошларини келтириб, уларни бундай изоҳлайди: هادوا – яҳудий бўлдилар дегани) Анъом сураси, 146-оят). Аммо هدنا – тавба қилдик дегани (Аъроф сураси, 156-оят). هائد – тавба қилувчи.

Шунингдек, “Саҳиҳул Бухорий”да айрим сўзларнинг кўпчилик изоҳламаган нозик жиҳатлари очиб берилади. «У Зотнинг “Одамлар ичида Аллоҳдан ўзга муқобил ўхшашларни тутадиганлар бор” деган сўзи ҳақида»ги бобда [5-жилд, 584] أَنْدَاداً калимаси أَضْدَادًا (зидлар) сўзи билан изоҳланиб,  نِدّ унинг бирлиги экани айтилади ҳамда نِدّ деганда фақат “ўхшаш”, “тенгдош” маънолари эмас, бирор ниманинг қарама-қаршисига қўйиб, унга баробар тутилган, зиддида турган ўхшаши ҳам англашилиши қайд қилинади.

Имом Бухорий ўрни келганда баъзи калималарнинг келиб чиқишига ишора беради. Қуръони каримнинг Нисо сураси 145-оятидаги «Мунофиқлар дўзахнинг энг пастки қаватидадирлар» деган сўзлар билан аталган бобда [6-жилд, 27] Анъом сурасининг 35-оятидаги نَفَقاً калимаси “ер ости йўли” маъносини англатишини ёзади. Аслида мунофиқ шундай эмасми?! Фано оламида тўғри йўлдан юргандек бўладию кўнгли эгри бўлади, зимдан иш тутади, дорулбақода эса унга остлар ости – “Дўзахнинг энг пастки қавати” ваъда қилинган.

“Саҳиҳул Бухорий”да «Тафсир китоби»га жуда катта ўрин берилган. Имом Бухорий бошқа муҳаддислар каби унда Қуръони каримдаги кўплаб оят ва калималарнинг тафсири ҳақидаги ривоятларни жам қилган. Бирон сура қолмаганки, «Тафсир китоби»да ҳеч бўлмаганда бир калимасига изоҳ берилмаган бўлсин. Уларнинг қамрови мақола эмас, бутун бир катта илмий иш кўламида эканлиги важидан фақат Фил сурасига бағишланган «Алам таро» бобидаги [6-жилд, 464-465]  سِجِّيل сўзи изоҳига тўхтаб ўтишга жазм қилдик.

Имом Бухорий ёзади:

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: « من سِجِّيل – у “санк” билан “кил”дир», деган.

Сижжийл ҳақида энг машҳур изоҳ шу. Форсчадан ўгирганда “санк” (“санг”) – тош, “кил” (“гил”) – лой. Араб тилида “г” товуши бўлмагани учун кўпинча ажнабий сўзлар ўзлаштирилганда “ж” деб олинади. Шу тариқа санг-гил сижжийлга айланиб кетган. У лойдан пиширилган тош маъносини билдиради.

Бу ўринда уламолар ҳар бир сўзга эътиборли бўлиб, келиб чиқиши ажамий бўлган сўзларни ҳам тадқиқ этганини алоҳида қайд этиш жоиздир.

Албатта, юқорида таъкидланганидек, “Саҳиҳул Бухорий” жуда катта манба бўлиб, ундаги барча илмий жавоҳиротни жамоатчиликка бирваракай етказиш ғоят мушкул, аниқроғи, имконсиздир. Шу боис сўзни мухтасар қиламиз. Ушбу кичик луғатшунослик машқи Имом Бухорий меросининг ҳали кенг ва чуқур ўрганилмаган жиҳатларига жамоатчилик эътиборини қарата олса, тадқиқотчиларни янги мавзуларга жалб қилиб, илҳомлантирса, олимларимизнинг бундай азму шижоати мамлакатимиз ижтимоий-маънавий ҳаётини янги маъно-мазмун, янги илмий ютуқлар билан бойитишга хизмат қилган бўлур эди.

Анвар БОБОЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …