(2-қисм)Мовароуннаҳр алломалари ижодида Абу Аббос Маъмун ибн Маъмун (Маъмун II) даврида ташкил этилган Хоразм Маъмун академияси (980-1037) алоҳида ўрин эгаллайди.
Бу илмий гуруҳ – академия ўз даврининг забардаст олимлари – Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Абу Наср Ироқ (ваф.1039), Абу Саҳл Масиҳий, Абул-Хайр Ҳаммор, Абу Маҳмуд Ҳамид ибн ал-Ҳизр ал-Хўжандий (XI аср), Абу Мансур ас-Саолибий (961-1038), Абу Абдуллоҳ ан-Найсабурий (ваф.1014), Аҳмад ибн Муҳаммад ас-Саҳрий (ваф. 1015), Муҳаммад Суҳайлий ал-Хоразмий (ваф.1027) каби олимлардан ташкил топган эди. Уларга Абу Райҳон Беруний раҳбарлик қилган.
Абу Райҳон Беруний (973-1048) кенг қамровли энциклопедист олим, тарих, астрономия, астрология, хронология, геология, геодезия, топонимика, фармакогнозия, минералогия, география соҳаларида сермаҳсул ижод қилган ва 200дан зиёд катта-катта китоб ёзган. У ёшлигида Абу Наср Арроқ, ал-Масиҳий ва ал-Хироджий каби ўз даврининг забардаст алломаларидан таълим олган.
Абу Али ибн Сино (980-1037) эса медицина соҳасида бутун Шарқ ва Ғарб олимлари тан берган мутафаккирдир. Фалсафа ва мантиққа оид йирик асарлар ёзган. Унинг тиббий методлари ҳозирги замон медицинасида ҳам бугунги кунгача муваффақиятли қўлланилмоқда. У фалсафада “Шайх ур-Раис” унвонига сазовор бўлган.
Абу Саҳл Масиҳий (910-1011) йирик астроном, математик, табиатшунос, мантиқшунос, табиб ва файласуф бўлган. Унинг “Тиббиётга оид юз савол” номли китоби энциклопедик асар бўлиб, касалликлар, уларнинг сабаблари ва даволаш усулларига оид барча маълумотларни ўз ичига олган. Бундан ташқари, турли фанларга оид 8 асари бизгача етиб келган.
Абу Маҳмуд Ҳамид ибн ал-Ҳизр ал-Хўжандий (XI аср) катта тажрибага эга туркий астроном бўлиб, астрономик кузатишда қўл келадиган секстант ихтиро қилади. У астрономия фанига оид ғояларини Хоразмий ва Фарғоний асарларига таяниб ривожлантирган. Унинг астрономик ғояларига асосланиб, XVII асрда Ҳиндистоннинг Жайпур шаҳрида астрономик секстант ўрнатилади. Хўжандий ўз даврида Рай ва Гурганжда катта обсерваториялар қурилишига раҳбарлик қилган.
Абу Мансур ас-Саолибий (961-1038) араб тили, адабиёт, мантиқ, тарих ва фалсафа соҳаларида кучли билимга эга бўлган олим эди. У Нишопурда туғилган ва узоқ вақтлар Журжония, Марв, Бухоро, Гурганж ва Ғазнада яшаган. Унинг “Ятимат ад-Даҳр фи Маҳосин Ақл ул-Аср”, “Латоиф ул-Маориф” ва бошқа турли соҳаларга оид 50 дан зиёд асар ёзган. Бу асарларнинг кўплари бизгача етиб келган. “Ятимат ад-Даҳр” асарида Ўрта Осиё ва Хуросонда яшаган 124 олим, шоир ва давлат арбоби ҳақида маълумот берилган.
Абул-Хайр Ҳаммор (942-1030) мантиқшунос, файласуф ва тиббиётчи олим, Бағдод мадрасаларида мударрислик қилган. Маъмун ибн Муҳаммад Хоразмшоҳ уни Бағдоддан Хоразмга таклиф қилиб, ўзининг шахсий табиби ва надими мақомига тайинлади. Академияда фаол илм билан шуғулланган. Султон Маҳмуд Ғазнавий Хоразмни қўлга киритгандан кейин уни ўзи билан Ғазнага олиб кетади. Ўша ерда Ҳаммор 102 ёшида мусулмонликни қабул қилган. У “Табиблар тажрибаси ҳақидаги китоб”ини Гурганжда ёзган.
Қорахонийлар даврида ижод қилган Юсуф Хос Ҳожиб (1021-1075), Маҳмуд Қошғарий (1030-1127) сингари мутафаккирлар ҳам инсоният цивилизациясига катта ҳисса қўшишган. Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” (“Саодатга элтувчи билим”) асари инсоният эришган энг мукаммал ахлоқий қадриятлар ҳақидаги ноёб асар ҳисобланади. Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғатит-турк” (“Туркий тил энциклопедияси”) асари том маънода жаҳон туркологиясининг бошланиши ҳисобланади.
Давоми бор…