Home / АЛЛОМАЛАР / АБДУЛЛОҲ ИБН МУБОРАК (118/736 — 181/797) 4-қисм

АБДУЛЛОҲ ИБН МУБОРАК (118/736 — 181/797) 4-қисм

Шунингдек, Ибн Муборак асарга (саҳоба ва тобеъийнларларнинг айтган хабарларига) ҳам кўп эътимод қилар эди. Чунки у, Али ибн ал-Ҳусайн ибн Шақиқ айтганидек, кучли ишонч ва асарга таянган ҳолда ҳукм чиқарарди ва бошқа одамларни ҳам унга (асарга) таянган ҳолда иш тутишларини маслаҳат берарди. Бир сафар Ибн Муборак қандайдир бир кишига: «Башарти ўлим (қазо)га гирифтор бўлсанг, унда асардан мадад тила»,-деган. У илмда Қуръон ёки суннадан олинган шаръий асосларга таянмай, фақат ўз раъйига таяниб гапирадиганларни койиб, уларга ўринли танбеҳ берарди. Ундан ривоят қилишларича, у бир ҳадисни шундай ривоят қилган: «Қиёматнинг (охир замоннинг) шартлари учта бўлиб, улардан бири. Кичиклар (асоғир)дан илм сўраб олинади. Шунда ундан: «Кичиклар (асоғир) кимлар?»- деб сўрадилар. У: «Фақат ўз рай(фикр)ларига кўра гапирадиганлар. Бироқ кичик (сағийр) ўзидан катта (кабир)дан ривоят қилса, у кичик ҳисобланмайди»,- деди. Ибн Муборак асар(саҳоба ва тобеинларнинг сўзи)ни инобатга олиб, унга ғоятда кучли эътимод қўйиш билан бирга, у айни вақтда Абу Ҳанифанинг тарафини олиб, уни қўллаб-қувватларди ва ундан сабоқ олар эди. Абу Ҳанифага қарши ҳужум уюштирганлар: Ибн Муборакнинг яккаю ягона хатоси Абу Ҳанифадан ҳадислар ривоят қилгани», деб уни айблагандилар. Эҳтимол Ибн Муборакнинг ҳадис билан раъй ўртасида тутган мавқеъини (мавқуфини) унинг қуйидаги фикри тўла-тўкис баён қилади: “Шариат ҳукмларини раъй қилишда эътимод қилинадиган нарса саҳобий ва тобеъинларнинг ҳикматли сўзлари бўлсин, раъйдан эса фақат ҳадис шарҳлаганларининг сўзларини ол”.

Ибн Муборакнинг илм олишни қачон ва қандай бошлагани хусусида аниқ маълумотларга эга эмасмиз, лекин ўрта асрлардаги анъаналарга кўра, моддий жиҳатдан таъминланган кишиларидан саналгани боис, у ёшлигидан илм эгаллаш имкониятига эга бўлган. Албатта, Ибн Муборак дастлабки билимини ўз шаҳри Марвда, замонасининг – етук алломаларидан олиб, Қуръони карим, пайғамбаримиз ҳадислари, араб тили ва бошқа исломий илмларни етарли даражада эгаллаганлиги шубҳасиздир. Ёшлигидан унинг қувваи ҳофизаси, яъни эшитганларини ёдда сақлаб қолиш қобилияти ғоятда кучли бўлганлиги ҳақида аниқ маълумотлар учрайди. Жумладан, таниқли араб тарихчиси Ал-Хатиб ал-Бағдодий ўзининг «Тарихи Бағдод» («Бағдод тарихи») номли машҳур асарида баён қилишича, у (Ибн Муборак)нинг Соҳир исмли дўсти унинг қувваи ҳофизаси ақл бовар қилмайдиган даражада кучли бўлганлиги ҳақида шундай деган: «Биз мадрасанинг дастлабки босқичларида ўқиб юрганимизда ёш бола эдик. Бир куни Ибн Муборак билан узундан-узун хутба айтаётган бир кишининг яқинидан ўтиб борардик. Бу жойдан ўтганимиздан кейин у менга: «Мен бу хутбанинг ҳаммасини ёдлаб олдим», – деди. Бу гапни эшитганлардан бири: «Қани бўлмаса айтиб бер-чи», – деди. Шунда у ҳозиргина эшитган хутбасини бир сўзини ҳам қолдирмасдан айтиб берди. Ибн Муборак бу хутбани бир марта эшитгандаёқ ёдлаб олган экан». Яна манбаларда келтирилишича, Ибн Муборакнинг астойдил илм олиши йигирма ёшларидан кейин, аниқроғи йигирма уч ёшда бошланган.

Ибн Муборакнинг Марвдаги устозлари ҳақида тўхталадиган бўлсак, энг дастлаб сабоқ олган устозларидан бири Юнус ибн Нофиъ ал-Хуросоний ҳамда ал-Қозий лақаби билан машҳур бўлган Абу Ғоним ал-Марвазий (вафоти ҳижрий 159 сана) кабиларни тилга олиш мумкин. Аммо энг аввалги (биринчи) устози ар-Робийъ ибн Анас ал-Хуросоний (вафоти 139 ҳижрий сана) ҳисобланади. Мана шундай устозларидан таълим олган Ибн Муборак янада мукаммал илм олиш мақсадида олис юртларга сафар қилиб, кўп йилларни илм олишга бағишлади.

Шарқнинг илм-фан ривожланиб, кўплаб олиму уламолар фаолият кўрсатадиган талай шаҳар ва мамлакатларини кезиб чиққанлиги боис унинг ҳақида «Ҳадис ўрганиш мақсадида сафарлар қилиб, бутун дунёни айланиб чиқди» деб таъкидланади айрим манбаларда. Илм олиш мақсадида у Яман, Басра, Ироқ, Миср, ал-Жазира ва Шом каби мамлакатларда бўлган. Унинг бу борадаги кучли иштиёқи ҳақида Абу Усома: «Илм олиш мақсадида Ибн Муборакдан кўра кўпроқ дунё кезган бирор кишини кўрмадим», – дея таъкидлаган бўлса, Аҳмад ибн Ҳанбал: «Ибн Муборакнинг замонасида ундан кўра кўпроқ илм оламан деган бирор олим бўлмаган»,-дея таърифлаган.

Шу билан бирга, у бутун умри давомида ўз ота касби бўлган тижорат билан ҳам астойдил шуғулланган. Бу ишлари, яъни илм эгаллаш билан бир қаторда тижорат билан шуғулланиши ўз буюк устози Абу Ҳанифадан ибрат бўлиб қолган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Тижоратдан келган даромадни илм эгаллаш, толиби илмларга эҳсон қилишдек савоб ва хайрли ишларга сарфлаганининг ўзи-да ғоятда ибратли бўлиш билан бирга у ҳеч қачон ҳокимлару-султонларнинг совға саломию ҳадясига кўз тикиб, қарам бўлиб қолмасдан умргузаронлик қилганлиги ҳам ҳар қандай таҳсинга лойиқдир.

Машҳур араб тарихчиси Шамсиддин аз-Заҳабий (1274-1347) эса: «Ибн Муборак беҳад даражада кўплаб илмий сафарлар соҳиби бўлган, шунингдек, умрининг катта қисмини ҳаж ибодати ва тижорат ишларига сарфлаган», деб ёзган.

Умуман олганда, Ибн Муборакнинг турли шаҳар ва мамлакатларга қачон борганлиги вақтини аниқ белгилаш жуда қийин, чунки у Шарқнинг баъзи йирик шаҳарларига бир неча марталаб, қайта-қайта кирган ва маълум муддат истиқомат қилган. Баъзи шаҳарлардаги зиёрати ҳақида манбаларда аниқ кўрсатилмаган. Масалан, Басрада икки марта бўлган. Шаҳарга иккинчи бориш санаси манбаларда ҳижрий 167 (милодий 783) йилга тўғри келади. Аббосийлар халифалигининг беш асрдан ортиқ пойтахти бўлган Бағдодда ҳам Ибн Муборак бир неча марта бўлиб, шаҳар аҳлига ҳадис илмидан сабоқ берган. Ал-Хатиб ал-Бағдодийнинг «Тарихи Бағдод» («Бағдод тарихи») номли машҳур асарида келтирилишича, Ибн Муборак бу шаҳарда ҳижрий 179 (милодий 795) йилда бўлган. Эҳтимолдан холи эмаски, аллома Мисрни ҳижрий 169 (милодий 785) йилдан олдин зиёрат қилган. Чунки айни шу йили Қоҳирада ёнғин содир бўлиб, Ибн Лаҳийъанинг барча китоблари қўлёзмалари ёниб кетган эди. Ибн Муборак ёнғин содир бўлмасдан бурун Ибн Лаҳийъадан китоблари орқали ҳадислар эшитган. Шомга қилган илмий сафарлари ҳақида Ибн Муборакнинг ўзи: «Унга (Шомга) сафарим фақат ўша пайтда Куфадаги бидъат аҳли томонидан тарқатилган сохта ҳадисларнинг тарқалишига барҳам бериш учунгина бўлган эди», – дейди.

(давоми бор)

Ҳадис илми мактаби раҳбари
Олимхон Юсупов

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …