Жорий йилнинг 16 сентябр куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамкорлигида Буюк аллома Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1048 йиллигига бағишлаб “АБУ РАЙҲОН БЕРУНИЙ МЕРОСИ ВА ҲОЗИРГИ ЗАМОН ЦИВИЛИЗАЦИЯСИ” мавзуида илмий семинар бўлиб ўтди.
Унда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари, Ўзбекистон Фанлар Академияси олимлари, юртимиздаги нуфузли олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, “Беруний авлодлари” ва “Бобур” жамоат фондлари раҳбарлари ва таниқли журналистлар иштирок этди.
Семинарни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, тарих фанлари номзоди, доцент Ш.Зиёдов кириш сўзи билан очиб, тадбирга модераторлик қилди.
Сўзга чиққанлар ўз маърузаларида Абу Райҳон Беруний илмий меросининг юртимизда тадқиқ этилиши ва нашр қилиниши ҳолати ҳамда истиқболлари, аллома асарларининг ҳозирги замон цивилизациясидаги глобал муаммолар ечимида тутган ўрни, хусусан олимнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарининг тарихий аҳамияти ҳақида батафсил тўхталдилар.
Семинарда шунингдек, Берунийнинг инсонпарварлик ғоялари, ижтимоий-сиёсий ва ахлоқий қарашларининг Янги Ўзбекистон Учинчи Ренессансидаги интеллектуал аҳамияти борасида ҳам сўз борди.
Таъкидланганидек, алломанинг ўз даври илм-фанининг турли соҳаларига оид 160 дан ортиқ таржималари, турли ҳажмдаги асарлари, ёзишмалари давримизгача сақланиб қолган. Йирик ҳажмдаги асарлардан ташқари астрономия, астрология, математика, геодезия, геология, минералогия, география, арифметика, тиббиёт, фармакология, тарих, филология масалаларига оид қатор рисолалар яратган олим турли таржималар ва бадиий ижод билан ҳам шуғулланган ва мусулмон Шарқи маданиятининг сўнгги ривожланишига катта таъсир кўрсатган.
Иштирокчилар томонидан ўзбек романчилигида Абу Райҳон Беруний образи ва Беруний тахаллусининг янги талқинлари ҳамда аллома меросини жаҳон ахборот маконида самарали тарғиб этиш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
Семинар қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлиб, унинг якунида иштирокчилар томонидан берилган саволларга маърузачилар томонидан илмий асосланган жавоблар қайтарилди.