Мусулмон киши муқаддас динимиз тарғиб қилган мана шундай дўстликни, орадаги итттифоқни бузишга интиладиган, асли нотаниш, мақсади фосид кимсалар ҳам борлигини алоҳидда ёдда тутиши лозим. Ундайларнинг хабарларидан эҳтиёт бўлиш кераклиги Қуръони каримда ҳам алоҳида таъкидланган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِنْ جَاءَكُمْ فَاسِقٌ بِنَبَأٍ فَتَبَيَّنُوا أَنْ تُصِيبُوا قَوْمًا بِجَهَالَةٍ فَتُصْبِحُوا عَلَى مَا فَعَلْتُمْ نَادِمِينَ
“Эй, мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!”[1]
Ушбу оятдан мавзумизга оид ҳолда мусулмон киши ўзига яқин муносабатда бўлиб турганлари ҳақида бирор ёмон хабар келадиган бўлса, уни текшириб кўрмоғи кераклигини хулоса қилишимиз мумкин.
Абу Абдуллоҳ Ҳаким розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин-мусулмон одам улфатли, бировга дўст тутинадиган ва бировни дўст тутувчи бўлади. Ёру биродарлар орттиради. Ёру биродарга яхшилик қилади. Бировни дўст тутмайдиган ва ўзининг дўсти ҳам бўлмаган одамда яхшилик йўқ”, деб марҳамат қилганлар.
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифда дўст тутмоқлик, дўстларнинг қадрига етмоқликка буюрмоқдалар. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламнинг ушбу муборак ҳадислари бизнинг сўзимизга далил бўла олади:
“Мўминлар дўстликда, меҳрибонликда ва шерикликда худди бир таъна аъзоларига ўхшайди. Агар жасаднинг бир аъзоси шикоят қилса, бошқалари ҳам унга иситма ва бедорлик билан ҳамдард бўлади”.
Баъзи ҳакимларнинг юқоридаги ҳадисга шарҳ бериб айтишича, бир дўст иккинчи дўстнинг айбларидан огоҳ бўлиб қолса, уни ҳаргиз бировга айтмайди. Аммо битта яхши хислати ва ҳунари борлигини билса, уни ўнта қилиб кўрсатади, деганлар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ إِخْوَةٌ فَأَصْلِحُوا بَيْنَ أَخَوَيْكُمْ وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ
“Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар. Бас, сизлар икки биродарингиз ўртасини тузатиб қўйингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд, раҳм қилинсангиз.”[2]
Ояти каримадаги “биродар” деб таржима қилинган сўз, араб тилида икки хил маънони англатади. Биринчиси “туғишган ака-ука”, иккинчиси “дўст, оғайни” маъносида ишлатилади.
Қуръони каримнинг мўъжизалигини қарангки, мўминларнинг биродарлиги ҳақида сўз кетганда, туғишган биродарлар маъносидаги “ихватун” сўзи келган ва бу билан мўминлар худди туғишган ака-укалардек эканлиги таъкидланган.
“Албатта, мўминлар биродардирлар”.
Ушбу ояти кариманинг шарофати ила бу биродарлик бир ота-она наслидан бўлган ака-укаликка тенг қўйилган. Бу биродарлик Аллоҳ учун, дину диёнат учун, ислом, иймон учундир ва у ўзаро муҳаббат, тинчлик-омонлик ва ҳамкорлик асосига, покиза қалб билан қурилган бўлади.
Мусулмон киши диндош биродарларидан ёрдамини аямайди. Унинг қийинчилигини бартараф этишга, унга келадиган жабру-зулмни қайтаришга ҳаракат қилади. Унга суянилганида, ишончни оқлайди. Чин мусулмон биродарини таҳқирламайди, устидан кулмайди, истеҳзо этмайди. Зеро, айримлар бир жиҳатдан заифроқ ёки фақирроқ бўлиши мумкин, аммо у ҳам Аллоҳнинг бандаси, уни ҳам Аллоҳ яратган. Исломда инсонни камбағал, мискин, кучсиз бўлганлиги учун ҳақоратлаш, ҳақир кўриш жуда ёмон одат ҳисобланади. Чунки, юқорида таъкидланганидек, ҳамма ҳам Аллоҳнинг бандаси, фақат бирисини чиройлироқ, бойроқ, иккинчисини кучсизроқ, камбағалроқ яратган. Мўмин-мусулмонларнинг вазифаси биродарини таҳқирлаш эмас, балки унга ёрдам бериб дуосини олишдир. Зеро, кўнгил Аллоҳнинг уйидир. Фақир мўминлар ўз тақдирларига рози бўлганларидан Ҳақ наздида уларнинг қадр-қимматлари баланд, дуолари ҳам мустажобдир.
Ҳақиқий дўстлик қандай бўлишига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврида муҳожирлар ва ансорларнинг ҳаёти чиройли ўрнак бўлиши мумкин. Муҳожирлар Маккадан ҳижрат қилганида, уларнинг кўпчиликларида молу мулклари йўқ эди. Мадиналик саҳобалар маккалик саҳобаларга ёрдам қўлини чўздилар. Улар муҳожирларга шунчалик даражада меҳр кўрсатдиларки, ҳаттоки, уйларини иккига бўлиб, қўл остидаги барча нарсани тенг ярмини уларга бердилар. Ваҳоланки, уларда на қариндошлик риштаси бор эди, на олдин улар бир-бировларини кўрган эдилар. Уларни фақат бир ришта узвий боғлаб турарди, у ҳам бўлса илоҳий иймон риштаси – Аллоҳ таолонинг дини бўлмиш Ислом дини.
Ҳақиқий дўст дегани Аллоҳ учун бир-бировини яхши кўради, қиёматлик ака-ука тутинади, ўтириб дунё матоҳини эмас, балки Аллоҳнинг зикрини, орасидаги муаммолар ечимини гапириб суҳбат қилишади ёки қандай қилиб оғайнисига ёрдам бериш мумкинлигини маслаҳат қилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимга Аллоҳ таоло яхшилик истаса, унга яхши дўстларни дўстлаштириб қўяди, ёнига яхши одамларни бериб қўяди. Яхши дўстлар Аллоҳни, ибодатни, яхшиликни, у эсдан чиқарганда эсга соладилар. Эсида бўлганида яхшиликда кўпроқ бардавом бўлишга ёрдам беради”, деб айтадилар.
Мазҳаббошимиз Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит розияллоҳу анҳунинг даражасини буюк бўлиб, уммат орасида шуҳрат топганлигини сабаби ҳақида Имом Заҳабий бундай дейдилар: “Мисрлик катта олим Лайс ибн Саъднинг илми Абу Ҳанифадан кучлироқ эди. Лайс ибн Саъднинг фиқҳдаги илми, илмий дунё қараши Абу Ҳанифадан бақувватроқ эди. Лекин Абу Ҳанифанинг номи қолдию, Лайсники қолмади. Нега? Чунки, Аллоҳ таоло Абу Ҳанифанинг атрофига яхши, садоқатли дўстлар, гўзал шогирдлар насиб қилган эди.”
Салмон Форсий раҳимаҳуллоҳ: “Икки мусулмон бир-бирига икки қўл каби бўлмоғи керак. Уларнинг бири иккинчисини ювади, бири уддаламаган ишни иккаласи бўлса уддалайди, бир қўл кўтара олмаса икки қўл бўлиб кўтаради. Хақиқий мўмин-мусулмонлар икки қўл каби бўлмоғи керак, ҳамиша бир-бирини кўрганида, учрашганида бир-биридан дунё ва охиратига етадиган, асқотадиган фойда олсин”, деган эканлар.
Албатта, дўст-биродар бўлган инсонлар бир-бири билан кўп ҳамсуҳбат бўлишлари, узвий мулоқотда бўлишлари турган гап. Доимий равишда ҳамсуҳбат бўлганлар бир-бирларидан таъсирланади. Шунинг учун дўст танлашда жуда ҳам эҳтиёт бўлиш керак. Уламолар, аҳли солиҳлар ва тақводорлар билан дўст бўлганлар ўша азизлардан ғоят фойдали тарзда таъсирланиши аниқ. Шунинг учун фақат яхшилар билан дўст бўлишга ҳаракат қилиш лозим.