Home / МАҚОЛАЛАР / ҒАРБЛИК ОЛИМЛАР – МЎМИНЛАР АХЛОҚИ ҲАҚИДА

ҒАРБЛИК ОЛИМЛАР – МЎМИНЛАР АХЛОҚИ ҲАҚИДА

Ислом шаънига ҳар хил асоссиз ва бўҳтон гап-сўзлар айтилаётганига қарамай, у тинчлик, саховат, адолат ва меҳр-оқибат дини эканини ҳеч ким инкор қила олмайди. Аммо бугун айрим мусулмонларнинг ўз дини билан янглиш муносабатда бўлаётгани одамларни ундан қочирмоқда, исломни шафқатсизлик ва ваҳшийлик дини деб жар солишига сабаб бўлмоқда. Ислом ахлоқ-одоб ва тинчлик дини эканининг энг ёрқин намунаси – бу Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Зеро, у зот алайҳиссалом ўз хулқлари билан ён-атрофларидаги ҳар бир киши учун унутилмас гўзал ибрат бўлганлар. Шунинг учун Пайғамбар алайҳиссалом билан мулоқотда бўлган мўминлар ҳам, ғайридинлар ҳам у зотни энг ростгўй, омонатдор, адолатли ва яхши инсон дея шоҳидлик берган.

Исломда ахлоқнинг ўрнини баён қилиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Мен гўзал ахлоқларни тамомига етказиш учун пайғамбар қилиб юборилдим”, деган сўзларидан яхшироқ сўзни келтириш имконсиз. Дарҳақиқат, ислом динидан бехабар инсонларга унинг соф инсонпарварлик тамойилларини сўз билан ифодалаб бериш мумкин бўлганидек, жамиятда ижтимоий одобларга риоя қилиш билан ҳам уни кўрсатиб бериш мумкин. Ушбу мақолада мусулмонларнинг гўзал одоб-ахлоқи олдида ҳайрат ёқасини ушлаб, ислом ва мусулмонлар ҳақидаги бузуқ тасаввурларни чилпарчин қилиб юборган баъзи бир ғарблик олимларнинг фикр ва хулосалари келтириб ўтилмоқда.

Адолат ва тенглик

Британиялик машҳур адиб ва файласуф Томас Карлайл (ваф.1881) бундай деган:

“Исломда шундай яхши бир хислат борки, мен уни энг улуғ ва буюк хислат деб биламан. У ҳам бўлса одамлар ўртасидаги тенгликдир. Бу нарса энг тўғри назар ва энг ҳақ фикрдан далолат бўлади. Исломда одамлар баробардир. У садақани мўминлар учун суюкли суннат амал сифатида жорий этибгина қолмасдан, балки ҳар бир мусулмон зиммасидаги мажбурият, диннинг асосий қоидаларидан бирига айлантирган ва уни бойларнинг мулкига қараб белгилаб берган. Шунга кўра, у умумий бойликнинг қирқдан бири миқдорича бўлиб, камбағаллар, мискинлар ва муҳтожларга берилади. Яратганга қасам ичиб айтаманки, бу жуда гўзал иш. Бу саҳро фарзанди бўлмиш Муҳаммаднинг кўксидан отилиб чиққан инсонпарварлик, меҳр-шафқат, биродарлик ва тенглик садосидир”. (Томас Карлейл. “Қаҳрамонлар”, Муҳаммад Сабоий таржимаси. Дорул котибил арабий, Байрут – 2017, 86-бет).

Мусулмонларнинг фазилатлари

Франциялик мутафаккир ва ҳуқуқшунос олим Доминик Сурдель (ваф.2014) мусулмонлар ахлоқини баён қилиб қуйидагиларни ёзади:

“Ислом ҳақиқий фазилатлар дини эканини инкор қилиш имконсиз. Айниқса, унинг ижтимоий фазилатларини. Улар Қуръон чақириқларига жавоб беради. Биз уларни Аллоҳ таолонинг (бандаларига берган) тавсиялари эканини, улар худди яхшиликнинг давомидек намоён бўлишини кўрамиз. Бу нарса, масалан, қуйидаги ажоиб оятда белгилаб қўйилган: Юзларингизни Машриқ ва Мағриб томонларга буришингиз (ибодат қилишингизнинг ўзи тўла) яхшилик эмас, балки Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга имон келтирган, ўзи яхши кўрган молидан қариндошларига, етимларга, мискинларга, йўловчига, тиланчиларга ва қулларни озод қилиш йўлида берадиган, намозни тўкис адо этиб, закотни тўлаб юрадиган киши ва келишилган аҳдларига вафо қилувчилар, шунингдек, оғир-енгил кунларда ва жанг пайтида сабр қилувчилар яхшилик (аҳли)дир. Айнан ўшалар (имонларида) содиқдирлар ва айнан ўшалар тақводордирлар” (Бақара сураси, 177-оят). Бинобарин, ўзаро ҳамкорлик, меҳмондўстлик, сахийлик, жамият аъзолари ўртасидаги омонатдорлик, хоҳиш ва қаноат ўртасидаги мўътадиллик – ана шулар мусулмонларни бошқалардан ажратиб турадиган фазилатлардир. Улар чинакам намуна бўлиб, инсон табиатининг кучи билан юксалишни истайди. Мусулмонларга жоҳилият давридаги араблар бехабар бўлган ифтихор ва улуғликни ато қилиш учун ана шу фазилатлар кифоядир”. (Доминик Сурдель. “Ислом”, Салим Қандалафт таржимаси. Дору Ҳаврон, Дамашқ – 2003, 107-бет).

Тарихчи олим Уил Дюрант (ваф.1981) бундай деган: “Умуман олганда, савдо-сотиқ муомаласида, аҳдга вафо қилишда, бошқалар билан тузадиган келишувларга риоя этишда мусулмонлар ўзга дин вакилларига қараганда юксакроқ кўринади. Дарҳақиқат, Салоҳиддин Айюбий салиб юришларида иштирок этганлар орасида энг фозили эканини ҳамма ҳамма эътироф этган. Мусулмонлар ёлғон гапиришга келганда, ўзларини шарафли тутадилар. Яъни, ўлимдан қутулиб қолиш ёки рақибни енгиш ёки хотиннинг қалбига шодлик солиш ёки дин душманлари билан бўладиган урушда уларни алдаш каби ҳолатлардагина ёлғон гапириш мумкин, деб биладилар. Исломий одоблар ўз ичига такаллуф ва очиқ юзликни жамлаган, мусулмон киши гапни “Ассалому алайкум!”дан бошлаб, ниҳоятда одоб билан гапиради. Мусулмонлар ҳам худди яҳудийлар каби бир-бирларига эгилиб, ҳатто қучоқлашиб саломлашади. Бунинг энг гўзал жавоби “Сизга ҳам тинчлик, Аллоҳнинг марҳамати ва баракотлари бўлсин!” дейиш бўлади. Меҳмондўстлик мусулмонларнинг умумий сифатидир…

Одатда мусулмонлар юмшоқлик, инсонийлик ва бағрикенглик намунаси бўлиб танилган. Улар – ўртаҳолларни васф қиладиган бўлсак – онги тез, зеҳни ўткир, ҳис-ҳаяжонли бўлгани боис қалбларига қувонч солиш, шодлантириш осон кечади. Оддийликка рози, мусибатга хотиржамлик билан сабр қилувчи, ҳаётнинг барча воқеа-ҳодисаларини сабр, улуғлик, вазминлик ва виқор билан қабул қилувчи кишилардир”. (Уил Дюрант. “Цивилизация тарихи”. Муҳаммад Бадарон таржимаси. Байрут – 2013. 11-жилд, 141-бет).

Мусулмонларнинг жафокашларга меҳр-шафқатлилиги

Инглиз шарқшуноси Томас Арнольд бир қатор асарларида мусулмонлар билан урушиш учун Шарққа келиб, ислом динига ўтиб кетган кўплаб салибчи аскарлар ҳақида ёзган. Чунки, урушдан кейин улар ўзига меҳр берадиган, шафқат кўрсатадиган кишиларни фақатгина мусулмонларнинг жанг майдонларида кўрган ва уларнинг кўпи исломни қабул қилган. Буни ўша вақтда Шарққа борган барча ғарбликлар қайд этган. Бу муаммони ҳал этишнинг биргина чораси сифатида тамплиерлар бошлиғи Амур де ла Рош (Amore de la Roche) 1266 йили Европага чопар юбориб, Франция ва Сицилиядаги Папа ва унинг ноибларидан камбағаллар, қариялар, қурол кўтаришга кучи етмайдиган кишиларнинг денгиз орқали Фаластинга ўтишига монелик қилишини сўрайди. Чунки, бу шахслар, Амур де ла Рош фикрича, араблар томонидан ёки ўлимга ёки асир олинишга ёки динини ўзгартириб, исломни қабул қилишга дучор бўлади. Ҳатто ислом динига кирмаган тақдирда ҳам мусулмонлар диёрида уларнинг ҳимоя ва эътибори остида ҳаёт кечиришни афзал кўриб қолади. Зеро, улар ўзларининг янги хожалари – мусулмонлардан бутунлай рози эди. (Томас Арнольд. “Исломга даъват”. Доктор Ҳасан Иброҳим Ҳусан, доктор Абдул Мажид Обидин таржимаси. Мактабатун наҳзатил мисрия, Қоҳира – 1971, 108 ва ундан кейинги бетлар).

Олмон шарқшуноси Зигрид Хунке (ваф.1999) салибчилардан асир тушган аскарнинг амир Комил Айюбийга ёзган муҳим ҳужжатини қайд этган. Салибчилар Димёт деган жойда жуда катта хунрезликларни амалга оширганига қарамай, улардан асир тушганларга нисбатан амирнинг меҳр-шафқат ва кечиримлилик билан муомала қилганини кўриб, у қаттиқ таъсирлангани учун ўша ҳужжатни юборган эди. Хунке бундай ёзади: “Султон Комил 1221 йили ушбу жангда ғалаба қозонгач, асирларни сийлади, улардан жонга жон қилиб қасос олмади. Кетма-кет тўрт кун уларни таомлантирди. Салибчиларнинг очликдан азоб чекаётган қўшинига ҳар куни ўттиз мингтадан нон ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини юбориб турди.

Бу сийловга ана шу асирлардан бири – германиялик илоҳиётчи олим Оливерос ҳам шоҳид бўлган. У амир Комилга қуйидагиларни ёзади: «Замонлар оша ҳеч ким бундай саховат ва олижанобликни кўрмаган. Айниқса, шафқатсиз душман асирларига нисбатан. Аллоҳ бизни Сизнинг асирларингиз бўлишимизни хоҳлаган экан, биз Сизни мустабид золим, буюк хожа сифатида кўрмадик. Сизни фақат бизга яхшиликлар қилган меҳрибон ота, мусибат ва фалокатлар вақтида нажоткор шахс сифатида кўрдик, холос. Бу сахийлик, бағрикенглик ва меҳрибонлик Аллоҳнинг ҳузуридан эканига ким ҳам шубҳа қила олар эди?! Биз оталари, ўғиллари, қизлари, ака-укалари ва опа-сингилларини қатл қилган кишиларнинг асирларига айланиб, очликдан ўлишимизга яқин қолгач, улар бизни ўзларидан устун қўйдилар. Фақат уларнинг раҳм-шафқатлари остида куч-қудрат ва салтанатсиз қолганимизда, қўлларидан келгунича бизга яхшиликлар қилдилар»”. (Зигрид Хунке. “Аллоҳ ундай эмас”. Доктор Ғариб Муҳаммад Ғариб таржимаси. Доруш шуруқ, Қоҳира – 1995, 33-бет).

Мусулмонларнинг ғайридинларга муомаласи

Мусулмонлар ҳақида сўз кетган манба ва адабиётларнинг барида бу мавзу кенг ёритилган. Чунки, у мусулмонлар билан ғайридинлар ўртасидаги энг ёрқин фарқлардан биридир. Жазоирда ҳарбий хизмат ўтаган француз ёзувчиси Генри де Кастри (ваф. 1927) қуйидагиларни ёзган: “Мен тарихни ўқиб чиқдим. Сўнг шундай фикрга келдимки, мусулмонларнинг насронийларга қилган муомаласи хушмуомалалик ва гўзал хулқлиликка далолат қилади. Бу – ўша пайтда улардан бошқа ҳеч кимда кузатилмаган ҳис-туйғу эди. Айниқса, шафқат ва меҳрибонлик европаликлар учун заифлик белгиси ҳисобланган бир пайтда. Мен бу ҳақиқатни таъна қилиш учун ҳеч қандай сабаб кўрмаяпман”. (Анри де Кастри. “Ислом: ўйлар ва фикрлар”. Аҳмад Фатҳи Зағлул таржимаси. Мактабатун нофиза, Қоҳира – 2008, 79-бет).

Олмон шарқшуноси Адам Мец (ваф.1917) бундай ёзади: “Мусулмонлар орасида Насронийларнинг мавжудлиги ҳозирги замон ислоҳотчилари жар солаётган бағрикенглик асосларининг юзага келиши учун сабаб бўлди. Муштарак ҳаёт –бундай ҳаёт учун иттифоқлик бўлиши зарур, албатта – илк лаҳзадан бошлаб Ўрта асрларда Оврупода маълум бўлмаган бағрикенгликнинг бир кўринишини пайдо қилди. Унинг намоён бўлишига диншунослик, яъни турли динлар, миллат ва элатлар ўрганиладиган фан, шунингдек, кучли иштиёқ билан у фанни ўрганишга киришиш бош сабаб бўлди”. (Адам Мец. Муҳаммад Абдул Ҳодий Абу Райда таржимаси, Ҳижрий IV асрда ислом цивилизацияси, ал-марказул қовмийя лит таржама, Қоҳира – 2008, 1-жилд, 55-бет).

Мусулмонларда ҳайвонотга муносабат

Машҳур француз шарқшуноси Густав ле Бон (ваф.1931) бундай ёзади: “Шарқликлар итлар ва барча ҳайвонларга катта меҳр билан муомала қилади ва сиз бирор арабнинг бирор ҳайвонга зарар етказаётганини кўрмайсиз. Ҳайвонларга зарар етказиш – бу Европадаги аравакашларнинг одати. Шунинг учун арабларга ҳайвонларни ҳимоя қилиш учун уюшмалар тузиш шарт эмас. Ҳақиқат шундаки, Шарқ –ҳайвонлар учун жаннат, Шарқда итлар, мушуклар, қушлар ва ҳоказоларга ғамхўрлик қилинади. Қушлар масжидларда учиб юради, уларнинг айвонларида тинчгина ин қуради, турналар ҳеч қандай зарар кўрмасдан далаларда бошпана топади ва сиз бирон бир боланинг қуш уясига қўл теккизганини кўрмайсиз. Қоҳирада менга ишонч билан айтдиларки, – баъзи муаллифлар зикр қилган гаплар буни тасдиқлайди – Қоҳирада бир масжид бўлиб, маълум бир соатларда мушуклар овқатланиш учун у ерга келар экан. Бу нарса вақф қилувчилардан бирининг шартига мувофиқ узоқ йиллардан бери давом этиб келаётган экан. Бу каби кичик нарсалар мусулмонлар хулқ-атворига, шунингдек, европаликлар улардаги мулойимлик ва меҳрибонликдан кўп нарсани ўрганиши кераклигини кўрсатади”. (Густав ле Бон. “Араблар цивилизацияси”. Одил Зуайтар таржимаси. Муассасату Ҳиндовий лит таълими вас сақофати, Қоҳира – 2013. 372-бет).

Демак, исломдан бехабар ёки у ҳақда салбий ё нотўғри тасаввурда бўлган инсонларни бу дин билан, унинг моҳияти тўлалигича эзгуликдан иборат моҳияти билан яқиндан таништиришни мақсад қилган мусулмон аввало ўз ахлоқини Пайғамбар алайҳиссалом хулқларига мувофиқлаштириб олиши зарур. Чиндан ҳам Ислом тинчлик, тенглик, адолат, саховат ва бағрикенглик дини эканини амалда кўрсатиб ҳаёт кечиришни ўзи учун бош шиор, бош тамойил этиб белгилаб олиши керак.

Алоуддин НЕМАТОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …