Жорий йил 30 август куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Тошкент Давлат шарқшунослик университети, Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти ҳузуридаги “Ёш олимлар кенгаши” ва Туркиянинг Диёнат ишлари вазирлиги, Германиянинг Франкфурт Гёте университети Ислом маданияти ва диншунослик институти билан ҳамкорликда “Дастлабки даврлардаги тафсир ривоятлари асосида Қуръоннинг нузул тартибига янгича қараш” мавзусида онлайн илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.
Унда Гёте университети Ислом маданияти ва диншунослик институти директори, профессор Ўмер Ўзсой шу номдаги илмий маърузасини баён қилди.
Нотиқ маърузасида Қуръонни араб тилида нозил бўлиши сабаблари ва унинг зоҳирий маъноларини кўрсатиб берди. Маърузада айтилганидек, Қуръони карим жаҳолат ботқоғидаги қавмга нозил қилинган бўлиб, у Пайғамбаримизга берилган мўъжизалардан биридир. Шу жиҳатдан қаралганда, тафсир илми Муҳаммад алайҳиссалом замонларидаёқ ташкил топган, дейиш мумкин.
Маърузачи шунингдек, мусулмонларнинг тафсирга бўлган эҳтиёжини юзага келиши сабабларига алоҳида тўхталиб, бу илмнинг шаклланиш жараёнларини бирма-бир санаб кўрсатди.
Шу билан бирга семинар доирасида “Open link Quran” лойиҳаси ҳақида ҳам маълумот берилди. Мазкур лойиҳада Қуръон нозил бўлиши, унинг турли даврда кўчирилган қўлёзма нусхалари ҳақидаги маълумотлар, Қуръон ва тафсир, Қуръон ва унинг қироатлари, электрон дастурлари ҳақидаги маълумотлар, «Мавсуъот тафсир бил-маъсур» китоби асосида тузилган таълим ва қироат дастури ва тафсирга доир барча мавзулар акс эттирилган. Келгусида мазкур дастур орқали тафсир илмини ва Қуръон оятларининг турли тафсирларини ўрганиш ва қироат қилган қорилар ҳақида батафсил маълумотларни ҳам олишга кенг имконият яратилади.
Семинар қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлиб, унинг якунида иштирокчиларнинг барча саволларига илмий асосланган жавоблар қайтарилди.