Насаф азал-азалдан дунё илм-фани ва маданияти равнақига салмоқли ҳисса қўшган шаҳарлардан бири ҳисобланади. Қадимий қўлёзма ва библиографик қомусий асарлар варақлаб кўрилса, бу барокатли кентдан кўплаб олиму уламолар етишиб чиқиб, Насафий нисбаси билан самарали ижод қилганининг гувоҳи бўламиз.
Тарихий манбалардан маълум бўлишича, мана шу кўп сонли улуғ насафийлар орасида IX асрнинг иккинчи ярми ва X асрнинг биринчи ярмида самарали фаолият кўрсатган йирик олим Абу Мутиъ Макҳул ибн Фазл Насафий (ваф. 930-й.) асос солган Насафийлар сулоласи намояндалари алоҳида ўрин эгаллайди. Ушбу сулоланинг бир неча вакили диёримизда қатор илмларнинг, хусусан, исломий билимларнинг равнақига салмоқли ҳисса қўшган. Мисол тариқасида, уч авлод оша мазкур сулоладан етишиб чиққан Абу Муин Насафий (1027-1114) ўзининг маънавий устози, буюк мутакаллим имом Абу Мансур Мотуридий таълимотини янада ривожлантириб, унинг бутун Шарқ мамлакатларига тарқалишида беқиёс хизмат кўрсатган олим саналади.
Бу ўринда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Термизга ташрифи чоғида айтган “Насафий алломалар ҳаёти ва илмий меросини тўлиқ ўрганиб, жойларда кенг тарғиб этишимиз лозим. Ёшларимиз онгига улар қандай улуғ боболаримизнинг давомчилари эканини қанчалик чуқур сингдирсак, маънавий бойлигини шунчалик оширган бўламиз. Шунда ёш авлод олим ва мутафаккир аждодларимизга муносиб бўлиб, улардан ўрнак олиб яшайди”, сўзлаpини келтиришимиз ўринлидир [Мирзиёев Ш.М. 2016 йил октябрь. Сурхондарё вилояти, Имом Термизий зиёратгоҳидаги суҳбат].
Аллоҳ таоло Қуръони каримда буюк мартабани кимларга бериши ва унинг мақоми нақадар юксак эканлиги ҳақида бундай марҳамат қилади: “Аллоҳ кимни ҳидоятга йўллашни ирода этса, унинг кўкси (қалби)ни ислом учун (кенг) очиб қўяди. Кимни адаштиришни ирода қилса, кўксини гўё осмонга кўтарилиб кетаётгандек тор ва сиқиқ қилиб қўяди. Шундай қилиб, Аллоҳ имон келтирмайдиганларга (лойиқ) жазони раво кўргай” [Анъом сураси, 125-оят. –Б.144].
Бу хусусда кўплаб ҳадислар ҳам келган бўлиб, улардан бирида бундай дейилади:
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ таоло умматимни залолатда бирлаштирмайди, дедилар” [Имом Термизий ривояти].
Шунингдек, Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ бир кишига яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”, деб айтдилар”. [Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган].
Аллоҳ таоло илмнинг фазилатлари ва унинг мартабаси ҳақида Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “У Ўзи хоҳлаган кишиларга ҳикмат (пайғамбарлик ёки Қуръон илми) беради. Кимга (мазкур) ҳикмат берилган бўлса, демак, унга кўп яхшилик берилибди. Бундан фақат оқил кишиларгина эслатма олурлар” [Бақара сураси, 269-оят. –Б. 45].
Таъкидланганидек, Насаф заминидан етишиб чиққан Абу Муин Насафий мотуридия таълимотининг кенг ёйилиши ва ривожланишида беқиёс хизмат кўрсатган. Ақида масалалари ҳар қандай даврда ҳам, ҳар қандай жамиятда ҳам алоҳида аҳамият касб этган. Шу боис бу ҳаётий муҳим масала ҳар доим илм аҳлининг диққат эътиборида бўлиб келган.
Абу Муин Насафий бу йўналишда бир неча асар яратган. Хусусан, “Табсиратул адилла фи усулид дин”, “Ат-тамҳид ли қоваъидит тавҳид” ва “Баҳрул калом” шулар жумласидандир. Уларнинг ўнлаб қўлёзма нусхалари дунё кутубхоналари фондларида сақланмоқда, учаласи ҳам таҳқиқ қилиниб, дунёнинг турли шаҳарларида нашр этилган.
Абу Мансур Мотуридийнинг “Тавҳид” ва Абу Муин Насафийнинг “Табсиратул адилла” китобларини таҳқиқ қилган олимлар қуйидагича эътироф қилади: “Абу Муин Насафийнинг шоҳ асари – “Табсиратул адилла” мотуридийлик таълимотида “Тавҳид”дан кейинги китоб ҳисобланади. Балки “Табсиратул адилла” “Тавҳид”га шарҳ, тафсир ва баён деб, эътибор қилинади. Чунки, “Табсиратул адилла” кўп ўринда “Тавҳид”нинг услубларини баён қилиб, унга кенг қамровли тафсилотлар билан бойитилган асардир”.
Абу Муин Насафий ўзининг “Баҳрул калом” асарида мутъа (вақтинча, келишув асосидаги қисқа муддатли никоҳ) ҳақида фикр ва мулоҳазалар билдириб, бундай дейди: “Мутъа никоҳи худди маст қилувчи ичимликлар каби ҳаром. У Аллоҳ таолонинг “Зинокор аёл ва зинокор эркакнинг ҳар бирига юз дарра урингиз!” [Нур сураси, 2-оят. –Б. 350] ояти билан бекор қилинган”. Бу гаплар бугунги кунда тобора авж олаётган “эркин никоҳ”, “французча никоҳ”, “шведча никоҳ” каби ғайриахлоқий одатларни кўр-кўрона ўзлаштираётганлар учун ўзига хос огоҳлантириш ва тарбия манбаидир.
Мухтасар айтганда, Насафий ёзган асарлар орасида мазкур учтанинг ўзиёқ тафсир, ақида илмлари бўйича қимматли манба бўлиб, айни одоб-ахлоқ, таълим-тарбия масалаларида кўп-кўп фойда берадиган китоблардир.
Шу маънода, мустақиллик шарофати билан кўплаб алломаларимиз қаторида Абу Муин Насафийнинг ҳаёти ва асарларини илмий асосда ўрганиш ишлари йўлга қўйилгани айни муддао бўлиб, халқимиз буни асрлар давомида кутиб яшаган эди.
Бугунги авлоднинг вазифаси аждодларнинг бой илмий-маънавий меросини чуқур тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилишда изчилликни сақлаш ва фаолликни оширишдан иборатдир.