Мустақилликнинг 30 йиллигига бағишланади
Истиқлол Ватанимизга илм-фан борасида шундай имконият бердики, унинг таъсирида минглаб зиё ва фикр булоқлари очилди. Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуси, имон, эътиқод халқимизнинг бутун борлиғини қамраб олди ва ўзлигини билиш, жаҳон ҳамжамиятига ўзининг ўрнини ҳалол меҳнати ва ақли билан танитиш сари етаклади. Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маънавий ҳаётида ижодий изланишлар қизғин тус олиб кетди.
1991 йилнинг 31 августида ўзбек халқининг асл инсоний ҳуқуқи – ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи рўёбга чиқди, Ўзбекистон мустақил бўлди. Истиқлол мамлакатимиз камолотининг заминига айланди. Мустақилликнинг ўттиз йиллиги сарҳисобини кўриб, бу неъмат нималарга қодир эканини, нималар бераётганини қалбан ҳис этиб турибмиз.
Истиқлолнинг дастлабки давридаёқ Ўзбекистон демократик-ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамияти барпо этишни, дунёнинг ривожланган давлатлари сафидан жой олишни бош мақсад этиб белгилади.
Мустақилликни мустаҳкамлаш учун сиёсий, ҳарбий, иқтисодий, энергетик мустақилликни таъминлаш чоралари кўрилди. Қисқа муддатда озиқ-овқат мустақиллиги ҳам қўлга киритилди.
Тез орада мустақилликнинг асосий белгилари бўлмиш давлат рамзлари – давлат байроғи, давлат герби, давлат мадҳияси, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинди. Миллий валюта – сўм муомалага киритилиб, молиявий мустақиллик ҳам таъминланди.
Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинки, истиқлол йилларида барча соҳалар каби дину диёнат масалаларида ҳам эркинлик, яхши шароитлар ҳаётимиздан мустаҳкам ўрин олди. Шўро даврида чекланган шароитда зўрға ишлаб турган бир неча ўн масжид, ислом институти ва битта мадраса ўрнида ҳозир икки мингдан зиёд масжид, ўнта мадраса фаолият кўрсатмоқда. Диний-маърифий таълим муассасалари қаторига буюк аллома аждодларимизнинг бой мероси, уларнинг жаҳон цивилизацияси, илм-фани тараққиётига қўшган бебаҳо ҳиссасини чуқур тадқиқ этадиган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази йирик илм даргоҳлари қўшилди. Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Самарқанддаги ҳадис илми мактаби, Мир Араб олий мадрасаси фаолият юритмоқда. Шунингдек ақида, ҳадис, фиқҳ каби мактаблар очилиб фаолият олиб бормоқда. Қуръон қироати илмини кенг тарқатиш мақсадида ҳар бир вилоятда уч ойлик Қуръони карим ва тажвид ўқув курслари халқимизга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази дунё тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирларимизнинг маънавий-маданий меросини ўрганиш, халқимизга, жаҳон жамоатчилигига етказиш ва хорижлик меҳмонларга яқиндан таништиришда катта имкониятлар яратади.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши, бир томондан, юртимизда исломшунослик, айниқса, ҳадисшунослик йўналишидаги тадқиқотларнинг янада тараққий этишига сабаб бўлса, иккинчи томондан, бу ерда халқаро алоқаларнинг йўлга қўйилиши олимларимизнинг жаҳондаги бошқа исломшунослик марказларининг тадқиқотчи олимлари билан ўзаро ҳамкорлиги ривожланишига йўл очмоқда.
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ақида ва калом илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган Имом Мотуридий ва унинг издошлари бўлган алломаларнинг улкан илмий, диний-маънавий меросини чуқур ўрганиш, халқимиз ва жаҳон илмий жамоатчилиги орасида кенг тарғиб қилиш, ислом динининг инсонпарварлик моҳияти, маърифий-маданий роли ва ривожланиш йўналишларини илмий асосда ўрганишга ва халқаро миқёсда кенг оммага етказишга хизмат қилмоқда.
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк ватандошимиз Имом Термизий ва термизий алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, халқаро илмий жамоатчилик орасида кенг тарғиб қилиш, шу асосда ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтириш каби эзгу вазифани бажармоқда.
Мустақиллик йилларида минглаб юртдошларимиз энг қулай шароитларда ҳаж ва умра ибодатларини адо этишга муяссар бўлмоқда. Даҳрийлик ҳукмрон бўлган йилларда қаровсиз ташлаб қўйилган, омборхоналарга айлантирилган масжид ва мақбаралар қайта тикланиб, зиёратгоҳларга айлантирилди. Эндиликда улар халқимиз ва юртимиз меҳмонларига хизмат қилмоқда.
Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Аҳмад Фарғоний, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанддек улуғ аждодларимизнинг хотирасига муносиб эътибор кўрсатилиб, уларнинг юбилейлари халқаро миқёсда нишонланди. Бу зиёрат туризмини ривожлантиришга қулай замин яратди. Халқимиз “Саҳиҳул Бухорий”, “Таъвилотул Қуръон” каби назир асарларни асрлар давомида орзиқиб кутиб келган эди. Истиқлол шарофати билан улар ўз она тилимизга таржима қилинди ва қилинмоқда.
Маданий меросимизни ўрганиш, ўтмиш қадриятларимизни тиклаш ва мустаҳкамлаш жамиятимизни ривожлантиришда, келажакни оқилона белгилашда долзарб вазифалардан биридир. Истиқлол йилларида Ўзбекистонда қарор топган ижтимоий адолат, айниқса, бой ва кўҳна маданий меросимизни ўрганишга холисона ёндашув бугун ўз самарасини бермоқда.
Фахр билан айтиш лозимки, Ўзбекистон ҳудудидаги аҳолининг бой маданий мероси минглаб йиллар давомида шаклланган. Унинг асосини ўзига хос ишлаб чиқариш усуллари, юксак ривожланган деҳқончилик ва ҳунармандлик маданияти, бетакрор меъморлик ва шаҳарсозлик санъати ташкил қилади. Бунга Урхун-Енисей битиклари яхши далилдир.
Давлатчилигимиз тарихи ҳам милоддан анча нарида бошланган. Бу қутлуғ заминдан қанчадан-қанча буюк алломалар қаторида, не-не сиёсатчи ва саркардалар ҳам етишиб чиққан. Биз яшаётган муқаддас тупроқ дунёнинг чеккасидаги бир қолоқ ҳудуд эмас, балки тарихан жаҳон цивилизацияси марказларидан бири бўлиб келган.
Асрлар давомида ислом таълимотининг инсонпарварлик ғоялари асосида шаклланган халқ маънавияти тобора сайқаллашиб, бир қанча тарихий босқичларнинг тазйиқидан соғ-омон ўтиб, бугунги кунда Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаб, унинг тараққиётига хизмат қилмоқда. Юксак мақсад йўлида турган муаммо ва таҳдидларни аниқлаш ва уларга тўғри ечим топиш жамият аъзоларини жипслаштиради, ҳар бир фуқарога ўзининг масъулиятини, Ватанининг ҳаётида содир бўладиган синовларга дахлдорлигини янада чуқурроқ англаш имконини беради.
Ўзбекистон Республикасининг мустақиллик йилларида сиёсий, иқтисодий ва маънавий соҳаларда қўлга киритган ютуқлари шундан далолат берадики, давлатимиз ўз келажак йўлини аниқ-равшан ва тўғри белгилаб олган, халқнинг озодлиги ва фаровонлигини таъминлаш йўлидаги буюк мақсад ва интилишларидан уни ҳеч қандай ғаразли куч қайтара олмайди.
Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги барчамизга муборак бўлсин!