Фиқҳ илмининг исломшуносликдаги ўрни беқиёс. Ҳозирда фиқҳ илми исломшуносликнинг етакчи тармоқларидан бири бўлиб келмоқда.
Бу илм Ислом ҳуқуқларини ўрганишга бағишланган. Исломий тушунча ва таълимот, одамларнинг ҳуқуқ ва бурчлари, миллий мафкура ва маънавиятни тушунишда, уни юксак даражада ривожланишида фиқҳий илмларнинг таъсири самарали бўлган. Шунингдек, фиқҳ ҳар бир инсон ўзига нима фойда ва нима зарарлигини тушуниб олишга етарли илмдир. Фиқҳ илми нафақат диний ва ҳуқуқий масалалар, балки маънавий, ахлоқий қадриятларни ҳам ўрганади. “Фиқҳ – ислом қонуншунослиги Шарқ халқлари ва ислом маданияти эришган буюк қадриятдир”[1].
Ислом шариатининг асосий қонуни бўлган фиқҳ илмига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак даврларида асос солинган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг мусулмонларнинг улуғ имомлари бу асосий қонунлардан фойдаланиш мусулмон оммасига осон бўлиши учун Қуръон ва суннатнинг ҳукмларига асосланиб исломнинг тафсилий қонунларини тузишган. Қуръон ва суннатнинг ҳукмларидан олинган мана шу қонунлар “фиқҳ” деб аталган.
Ислом фиқҳи диний ибодатларни адо этиш қоидалари, одамлар ўртасида бўладиган муомала тартибларини аниқ ва равшан ифодалаб берган.
Ислом фиқҳи кундалик ҳаётда учрайдиган барча катта-кичик масалалар – хоҳ у иқтисодий, молиявий соҳада бўлсин, хоҳ ижтимоий-маъмурий, қонуншунослик доирасида бўлган масалалар ечимини асосли тушунтириб берган.
Даставвал фиқҳ китоблари уламоларнинг ўз услублари бўйича тузилган. Вақт ўтиши билан охир-оқибатда тўртта фиқҳий мазҳаб қолган. Ҳозирда ер юзида кўпчилик мусулмонлар ана шу тўрт мазҳабнинг бирига эргашадилар.
Фиқҳ ва шариат барча илмларни ўз ичига олган илм бўлиб унда кўп яхшилик бор, Аллоҳ таоло: “وَمَن يُؤْتَ الْحِكْمَةَ فَقَدْ أُوتِيَ خَيْرًا كَثِيرًا – Кимга ҳикмат берилса, унга кўп яхшилик берилган бўлади”[2] – деди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Ҳикмат бу ҳалол ва ҳаромдан иборат ҳукмларни билишдир”, деди. Бунга Аллоҳ таоло Ўзининг: “فَلَوْلَا نَفَرَ مِن كُلِّ فِرْقَةٍ مِّنْهُمْ طَائِفَةٌ لِّيَتَفَقَّهُوا فِي الدِّينِ وَلِيُنذِرُوا قَوْمَهُمْ إِذَا رَجَعُوا إِلَيْهِمْ لَعَلَّهُمْ يَحْذَرُونَ – Ҳар жамоадан бир нафар тоифа бўлсайди. Улар динни чуқур англаб, қайтиб келган вақтларида қавмларини огоҳлантирардилар. Шоядки, улар ҳазир бўлсалар”[3], деган сўзида ваколат қилди.
Ёмонликдан огоҳлантириш ва яхшиликка чақиришни фақиҳларнинг бурчларидан қилиб қўйди. Бу эса набийларнинг даражаси бўлиб, Пайғамбар алайҳиссалом: “Уламолар набийларнинг меросхўри”[4], деб айтганларидек уламоларга мерос қилиб қолдирган. Нубувват тўхтагандан сўнг бу даража ниҳоятда юқори бўлди. Набий саллоллоҳу алайҳи васалламнинг: “Аллоҳ таоло кимга яхшиликни раво кўрса, уни фақиҳ (дин олими) қилади”[5] ва “Уларнинг жоҳилиятдаги яхшилари Исломдаги яхшилари ҳамдир. Шу шарт биланки, агар фақиҳ (билимдон) бўлишса”[6]деган ҳадисларига биноан таниқли саҳоба ва тобеъинлар бу илм билан машғул бўлган[7].
Ислом фиқҳи (ҳуқуқшунослиги) муборак суннатнинг соясида вужудга келган, суннат илмларнинг энг муҳим бўлагига айланиб ҳатто иккаласига ҳам ана шу “Фиқҳ ва ҳадис илми” деган ном берилган. Ҳадис пайғамбарлик даврида, кейин адолатли халифалар даврида, сўнгра улардан кейингиларнинг даврида, тўрт мужтаҳид имомларнинг, улардан кейингиларнинг замонигача ва ҳозирги асрга қадар сақланиб келмоқда.
Муҳаддислар ҳадисларни ўрганишни тушуниб, ундаги маъноларни англаб идрок этишга эътибор қилганлар. Салафлар замонида айрим фақиҳлар ҳадис соҳасидан узоқлашган ҳолда фиқҳни китоб қилиб ёзишни бошламагунга қадар, фиқҳ билан ҳадиснинг ўртасида фарқ бўлмаган. Ҳадис фиқҳнинг асли тараққий қилиш манбаи бўлишига қарамай, кўплаб фақиҳлар билан ҳадис илми ўртасидаги алоқа заифлашувига олиб келган.
Ана шу аслликнинг орқасида ҳикматли китоб Қуръон фиқҳи асосларига қўшиб суннат фиқҳи асослари вужудга келган. У “Фиқҳ асослари илми”, “Ҳукм чиқариш асослари” ва “Шариъат асослари” деб танилган.
“Фиқҳ асослари илми” Қуръон билан ҳадиснинг ўртасидаги мустаҳкам алоқани, қонун чиқаришда суннат Қуръони каримдан кейинги иккинчи манба ва у китобнинг умумий кўринишини ажратади, ноаниқ жойларини ёритади, мутлақ жойини қайд қилади, умумларни эса хослайди ва ундан бошқа насх, таъвил ва ижтиҳоднинг бобларини изоҳлаб беради.
Мана шундан биз фиқҳ асослари, ҳукм чиқариш ва шариат қонунларини чиқаришда суннатнинг таъсирини билишимиз мумкин.
Шундай қилиб фиқҳ, усул, тафсир ва булардан бошқа илмларни суннати набавия қамраб олган бўлиб, улар устунлари ва биноларини мустаҳкам асослар ва субутли қоидалар узра барпо қилгандир.
Ислом дини ва ислом ҳуқуқини ривожлантириш ва тарқатишда буюк ватандошларимиз, йирик фақиҳ ва алломаларимиз ҳам ўз вақтида таълимотлари, илмий асарлари билан унутилмас хизматлар қилиб келганлар. Буюк имом Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий, имом Абу Исо Термизий, Абу Ҳафс Кабир Бухорий, Шамсулаимма Сарахсий, Абу Мансур Мотуридий, Абу Зайд Дабусий, Фахруддин Қозихон, Алоуддин Самарқандий, Нажмуддин Умар Насафий, Бурҳониддин Марғиноний ва Садрушшариалар каби жуда кўп фақиҳлар ва муҳаддислар шариат тараққиётини юқори даражага кўтаришган. Диёримизда тасниф этилган сон-саноқсиз илмий-ҳуқуқий асарлар исломшуносликнинг қай даражага етганига далолат қилади.
Фиқҳ илмига улкан ҳисса қўшган, юртимиздан етишиб чиққан алломаларнинг ҳаёти, илмий мероси, босиб ўтган ҳаёт йўллари, нафақат диёримиз, балки, бутун дунё мусулмонларининг маънавияти тараққиётида ўзига хос кўриниш ва муносиб ўринга эга. Уларнинг маънавий мероси келгуси авлодни юксак маънавиятли қилиб тарбиялашда катта аҳамият касб этади.
[1] Саидов А. Усулул фиқҳ — ислом қонуншунослигига бир назар // Усулул фиқҳ. -Т.: Адолат, 1997. -Б. 209.
[2] Бақара сураси: 269-оят мазмуни.
[3] Тавба сураси: 122-оят мазмуни.
[4] Абу ИсоТермизий. Сунани Термизий. Ж.5. –Байрут. Дор иҳёи-т-туроси-л-арабий.–Б.48.
[5] Муслим ибн Ҳажжож. Саҳиҳи Муслим. Ж.3. –Байрут. Дор иҳёи-т-туроси-л-арабий.–Б.1524; Абу Исо Термизий. Сунани Термизий. Ж.5. Дор иҳёи-т-туроси-л-арабий. –Байрут. –Б.28; Бухорийнинг “Саҳиҳ”и Илм китоби 3 боб, Маноқиб китоби 28, 61 боб, и Закот китоби 12, 33 боб.
[6] Аҳмад ибн Ҳанбал. Муснади Аҳмад. Ж.12. –Байрут. Муассасату-р-рисола, 1999. –Б.463, 506, –Ж.15. –Б.37, 349, –Ж.16. –Б.202, 560, –Ж.28. –Б.125; Абу Довуднинг “Сунан”и Илм китоби 1,19 боб, Термизийнинг “Сунан”и Илм китоби 19 42 боб, Бағавийнинг “Масобиҳи-с-сунна” асари 1ж/170-бет.
[7] Шамсуддин Сарахсий. Ал-мабсут. –Байрут. Дору-л-фикр, 2000. –Б.3.