Home / МАҚОЛАЛАР / Ёшларга сийқаси чиққан усуллар билан эмас, аниқ фикрлар билан тарбия берсак…

Ёшларга сийқаси чиққан усуллар билан эмас, аниқ фикрлар билан тарбия берсак…

Ҳар бир рақам ҳосиятли. Ундан бирор тарбия йўлида фойдаланиш мумкин.

Биз ҳозир тарбия фани услублари ва жойларда маънавият ҳақида тадбирлар ўтказар эканмиз, одамларга сийқаси чиққан маъруза усуллари эмас, балки аниқ фикрларни берсак, самарали бўлади. Қуруқ насиҳатлар ҳам зерикарли бўлади.Тарбия масаласида гоҳида аниқлик ҳам керак. Ҳозирги ёшларга аниқ ва аниқ гапирмаса қабул қилиши қийин. Маҳаллаларда жамоатчиликка тарғибот ишларини олиб боришда рақамлар мисолида ҳаётга боғлаб, тушунтириш усулларидан фойдаланиш мумкин. Масалан, тўрт рақами ёшларга тарбия унсурларини сингдириши мумкин.  

Биринчиси, тўрт кишидан ҳеч қачон аразламанг, булар:
Ота
Она
Ака-ука
Опа-сингил.

Мана шу тўрт жигарбанд атрофида қанча мисоллар ва насиҳатлар қилиш мумкин. Маҳаллаларда шундай кишилар йўқми? Шундай аразлар орқасидан қанча нохушликлар келиб чиқмоқда? Жигаргўшаларини кўра олмайдиганлар ҳақида ижтимоий тармоқларда деярли кунда бир хабар бор. Бемеҳрлик, мол-мулк талашиш, ажримларни илдизларидан бири шу каби ноинсоний ва ношоиста хислатлар. Сийлаи раҳм тушунчасини фарзандларимизга ёшликдан тушунтиришимиз, бу хислат бор жойда ишда, умрда, жамиятда барака бўлишини аниқ мисоллар билан тушунтиришимиз даркор. Ижтимоий тармоқлардаги жирканч ҳолатлар сабабини ҳам мана шу тушунчалардан узоқлашиш деб билиш лозим. Сийлаи раҳмни билганлар ҳеч қачон минг тубан кетмайди. Умуман қариндош-уруғлар билан борди-келди қилмайдиган, юз кўрмас одамлар билан дўст ҳам бўлиш керак эмас, улардан нарироқ юриш лозим, чунки бу каби одамлар бошқалар ахлоқини бузади.  

Иккинчи, тўрт нарсадан Яратгандан паноҳини тиланг, булар:  
Ғам
Маҳзунлик
Ожизлик
Бахиллик.

Вақти соати билан одамларда ўзи хоҳласа-хоҳламаса шундай вазият бўлиб туради.

Албатта, бундай ҳолларда кишининг яқинлари, қўшнилари ва маҳалла жамоатчилигини кўмаги ва эзгуликка чорловчи таниқли кишиларни кўмагига муҳтож бўлади киши. Шунинг учун бекорга ҳар бир нуроний ёки таниқли киши шундай маънавий кўмакка муҳтожлардан камида беш нафарини оталиққа олсин дейилмаяпти. Ҳаётда бир кишининг далдаси одамни инқироздан чиқиб кетишига сабаб бўлади.  

Учинчиси, тўрт кишига бағритошлик қилманг, булар:
Етим
Мискин
Фақир
Беморга.

Орамизда одамларга қанча мурувват ёрдамлари кўрсатилмоқда. «Ёшлар дафтари», «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» тузилиб уларнинг ҳолидан хабар олинмоқда. Олий таълимга имкониятлар берилмоқда, уй-жой билан таъминланмоқда. Халқимизда етимнинг ва олимнинг кўнгилини Яратган назорат қилади, деган гап бор. Давлатимиз раҳбарининг «Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори жуда муҳим ҳужжат бўлди. Шу дафтарлардан кўпчилик чиқариб юборишга ҳам сабаб бўлинди. Бунда маҳаллаларга вазирлик, қўмита, сектор раҳбарлари, банк ходимлари бириктирилди.

Тўртинчи, тўрт нарсани тақинчоқ каби тақиб олинг, булар:
Сабр
Ҳалимлик
Илм
Сахийлик.

Бу тўртлик устида ҳар қанча гапирса ҳам оз. Ёши улуғлар осон тушунади бу ўгитларни, аммо гап ўрта ва қуйи қатлам авлодлар устида кетмоқда. Бу уларда кузатилаётган бесабрлик, дағаллик, илмсизлик, бахилликда гоҳида билиниб қолмоқда. Аслида ҳаёт мазмуни моддиятда эмас. Бу йўлда Ҳазрати Алишер Навоий ва бошқа авлиёларимиз асарларининг мазмун-моҳияти, муқаддас динимизнинг асосий ғоялари ҳақида тарғиботларни олиб боришимиз керак.  

Бешинчи, тўрт кишига яқин юринг.
Мухлис
Вафодор
Очиқ кўнгилга;
Содиққа.

Шу каби инсонлардан фақат яхшилик юқади. Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам юқумли бўлади. Халқимизда «Ёмонга яқин юрсанг қароси юқади», деган мақол бор. Ёмон хислатли одамлардан узоқроқ юрган маъқул. Ҳатто улар суҳбатидан ҳам қочиш лозим, чунки бундай суҳбатлардан азобланиб юргандан кўра, саҳродаги ташналик афзал.  

Олтинчи, тўрт кишидан узоқ юринг, булар,
Оилангизга кўз олайтирадиган фосиқ
Миллат хоини
Кишиларнинг хатосини излаб, шарманда қилиш учун уринадиган «қулоқ»дан  
Душманга хизмат қиладиган пасткаш «дўст»дан.

Инсоният пайдо бўлибдики, улар орамизда бор. Улар ҳар дам шикаст бериш, оёқдан чалиш пайида. Шунинг учун уларнинг яқинига ҳам бормай, узоқ юриш лозим.

Еттинчи, тўрт кишига ишонманг, булар,
Каззоб
Ўғри
Ҳасадгўй
Манманга

Ижтимоий тармоқларда қанча кишиларни алдаб пулини олаётган, порахўр, муттаҳам, фирибгарлар ҳақида кунда ахборотлар ўқияпмиз. Булар орасида амалдорларнинг бўлиши ачинарли. Агар улар ҳаромдан ҳазар қилганларида эди, шундай ношоиста ишлардан қочган бўлар эдилар. Булар ҳам амалга ўтиришдан олдин малака оширганлар, аттестация ва суҳбатдан ўтганлар. Ишониб амал курсиси топширилган. Афсуски, одамларни ишонтириб , лақиллатиб коррупция балосига гирифтор бўлмоқдалар. Содда одамларни алдаш, эл-юрт ҳақига хиёнат қилмоқдалар.  

Саккизинчи, тўрт кишидан меҳрингни дариғ тутманг, булар:
Жуфтларингиз
Фарзандларингиз
Оилангиз
Дўстларингиздан.

Буларга қанча меҳр берилса, шунча оз. Оилаларнинг мустаҳкамлиги шулар билан. Буларни ҳалол ризқ билан боқиш ибодатларни энг афзали дейилади, муқаддас китобларимизда.  

Тўққизинчи, тўрт нарсани камайтиринг, булар:
Ейиш
Ухлаш
Дангасалик
Ҳаракатсизлик.

Ҳаракат қилган одам муҳтож бўлмайди. Камбағал ҳам бўлмайди.

Назаримизда, шу ўгитлар дона-дона тушунтирилса, жойлардаги маънавият тарғиботчилари мақсадга мувофиқ бўлади. Булар тарбия дарслари учун ҳам методик тавсия. Оила даврасида ҳам фарзанд ва набираларга ҳам англатиб бориш лозим .  

Бахтиёр Каримов,
Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …