Аввал хабар қилганимиздек, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази Бош илмий ходими, доктор Аҳмад Саъд Даманҳурий Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида “Мотуридийлик ва ҳозирги замон” мавзусидаги халқаро илмий семинарлар ҳафталигида ўз маърузалари билан иштирок этмоқда.
Ҳафталик халқаро семинарлар доирасида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўқитувчиси, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази Бош илмий ходими А. Даманҳурий Марказ илмий ходимлари ҳамроҳлигида Самарқанд шаҳридаги тарихий обидаларни зиёрат қилди. Бу кўҳна ва ҳамиша навқирон муаззам шаҳарнинг осори атиқалари билан танишар экан, Самарқандга “Ҳар қарич ерида бир аллома хоки қўним топган муборак замин” деб таъриф берди.
Даманҳурий машҳур Чокардиза қабристонининг Ўрта асрлардаги ҳолати ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, бундай дейди: “Чокардиза худди Маккадаги “Муалло” ва Мадинадаги “Бақийъ”дек бўлган. Ўша даврдаги уламолар вафот этган кишини бу ерга қўйиш учун 2 шартни жорий этган. Биринчи шарт – бу риҳлат қилган кишининг исми Муҳаммад, иккинчиси – мужтаҳидлар даражасига етган мукаммал олим бўлиши керак. Шу боис бу қабристон “Турбатул Муҳаммадиййин”, яъни Муҳаммад исмли олимлар хоки абадий қўним топган маскан номини олган”.
Доктор Аҳмад Саъд Конигил ҳунармандлар маҳалласида Самарқанд қоғозини ишлаб чиқариш жараёни билан ҳам танишди. Самарқанд ҳунармандлари VIII-IX асрлардан буён тут дарахти пўстлоғидан қоғоз тайёрлайди. Темурийлар даврида бундай ҳунармандлик уйлари адади 400 га яқин бўлиб, Самарқанд қоғози Хитой, Япония ва бошқа ўлкаларга ҳам етказиб берилган.
Бу қоғознинг ўзига хос хусусияти шундан иборатки, у ҳозирги аналогларига қараганда анча чидамли бўлиб, яроқлилик ва кафолат муддати 100 йилгача боради. Шунингдек, бундай қоғозлар ёқимли табиий ҳид таратган, улардаги ёзувларни ўқиш кўзни толиқтирмаган, яъни бу маҳсулот инсон саломатлиги учун ҳам фойдали бўлган.
Даманҳурий қоғоз ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечириб, “Тарихда минглаб алломаларимиз яратган асарлар шу қоғозлар орқали бизгача етиб келган. Қимматли ва нодир асарларнинг сақланиб қолишида бу қоғозларнинг ўрни беқиёс”, деб таъкидлади.