Аввал хабар қилганимиздек, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази Бош илмий ходими, доктор Аҳмад Саъд Даманҳурий Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида «Мотуридийлик ва ҳозирги замон» мавзуидаги халқаро илмий семинарлар ҳафталигида ўз маърузалари билан иштирок этмоқда.
12 август куни доктор Аҳмад Саъд Даманҳурий Марказ илмий ходимлари билан “Имом Мотуридий қарашларининг илмий аҳамияти” мавзуида давра суҳбати ўтказди. Тадбир давомида Мотуридийнинг ҳаёти ва мероси ҳақида қимматли маълумотлар айтиб ўтилди.
– Имом Мотуридий Инжил, Таврот китобларининг ҳам билимдони, тафсир, калом, фиқҳ, тасаввуф, фалакиёт ва тарих соҳаларида ҳам мукаммал илмга эга бўлган. У ислом оламида энг кўп шарафли унвонлар билан улуғланган ягона олимдир. Ўз давридаги уламолар орасида Мотуридийнинг обрў-эътибори жуда юқори бўлган. Унга бежиз “Барча ҳанафий олимлар раиси” унвони берилмаган. Мотуридий ижтиҳодда ҳам энг баланд мартабага кўтарилган олим, илму амалда барчага ўрнак бўлгулик шарафли инсон эди, – деб таъкидлади Даманҳурий.
Тадбир сўнггида илмий ходимлар Мотуридийлик таълимотига оид ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.
Аҳмад Саъд Даманҳурий куннинг иккинчи ярмида Самарқанд шаҳридаги тарихий обидаларни зиёрат қилди, Самарқанд қоғозини ишлаб чиқариш жараёни билан танишди.