Сохта салафийлар “Фиқҳул акбар” Имом Абу Ҳанифага оид эмаслиги” деб аталган видео дарсида “Фиқҳул акбар” гўё Имом Абу Ҳанифага оид эмаслиги борасида 16 та китобдан далил келтирган. Бироқ, улардан фақат 3 тасигина ўрта асрларда ёзилган манбалар. Биттаси эса ХIХ аср манбаси. Қолган барча асарлар, яъни 12 таси ХХ-ХХI асрларда, яъни бизнинг давримизда ёзилган. Демак, дин душманлари бўлган динсизлар “Фиқҳул акбар” Имом Абу Ҳанифага оид эмас, деган шубҳани ўртага ташлагандан кейин чиққан ва айтиш мумкинки, уларнинг таъсирида битилган китоблар. Шунинг учун, улар эътибордан соқитдир!
Аслини олганда, бирор нарсани исботлаш учун манбаларга мурожаат қилиниши лозим. Бутун дунё манбашунослари ва илм аҳли бунга иттифоқ қилган. ХХ-ХХI асрларда, яъни бизнинг давримизда ёзилган асарлар манба бўлолмайди, улар адабиётлар ҳисобланади. Адабиётлардан эмас, манбадан далил келтириш керак! Манба билан адабиётни ажрата олмаган одам тадқиқотчи ва олим бўла олмайди!
Масалан, Албоний (“Мухтасар ал-Улув”), Ибн Ошур (“ат-Таҳрир ва-т-Танвир”) ва Носириддин ал-Ҳижозий (“ан-Нафҳа”) яқинда оламдан ўтганлар.
Бўлиб ҳам, сохта салафийлар келтираётган Сафар Ҳаволий (“Шарҳ Ақоид ат-Таҳовия”), Ибн Абдураҳмон Хаммис (“Шарҳ Ақоид ат-Таҳовия” ва “Усулиддин”) ва Абдулазиз ал-Ҳумайдий (“Бароат ал-аимма ал-арбаъа”) ҳозирда ҳаёт салафий олимлари ва уларнинг асарлари. Ҳасан Саққоф эса давримиздаги шиа-ашъарийликнинг тарғиботчиси бўлган олим. “ал-Фиқҳ ал-акбар”ни ким ёзганини ҳанафийларнинг ўзлари яхши биладими ёки салафийларми?! Инсоф билан шу саволга жавоб бериш керак!
Шу билан бирга, аслида мусулмон бўлмаган шарқшунослар томонидан битилган энсиклопедия – “Доират ал-маориф ал-исломия”дан иқтибос келтираётганидан ҳам етарлича илмга эга бўлмаган бу фитначиларнинг аслида кимларга хизмат қилаётганини сезиш қийин эмас. У тилга олган аз-Зириклий (“ал-Аълом”) ва Фуод Сезгин (“Тарих ат-турос ал-арабий”) ҳам ўша шарқшунослардан таъсирланган мусулмон тадқиқотчилари ҳисобланади.
Сохта салафийлар ХIХ аср манбаси бўлмиш “ал-Фавоид ал-баҳия”дан: “Абу Мутеъ ал-Балхий Имом Абу Ҳанифанинг шогирди ва “Фиқҳул акбар” китобининг муаллифидир”, деган иқтибосни олиб келтирган. У ҳиндистонлик ҳанафий олими, фақиҳ ва муаррихи Абдулҳай ал-Лакнавий асари. Бироқ, фитначилар ушбу асардаги шу иқтибосни ўзлари кўрмаган. Агар “ал-Фавоид ал-баҳия”ни кўрганида, бу муаллиф томонидан бошқа бир олимнинг китобидан келтирган иқтибоси эканини англаган ва шу китобнинг шу бетидаги 4 қаторгина юқорисида муаллифнинг ўзи бундай деб қўйганини кўрган бўларди:
أبو مطيع البلخي راوي الفقه الأكبر عن أبي حنيفة
“Абу Мутеъ ал-Балхий – “ал-Фиқҳ ал-акбар”нинг Абу Ҳанифадан қилган ровийсидир!”.
Ёки сохта салафийлар бу иқтибосни халқдан яширдимикин?!
Биз ҳанафий-мотуридийлар ҳақиқатдан ҳам Абу Мутеъ ал-Балхийни “ал-Фиқҳ ал-акбар”нинг ровийси эканини айтамиз-ку!
“Саҳиҳи Бухорий”нинг ровийлари сони нечта эканини биласизми? Имом Бухорий ҳазратларидан “Саҳиҳи Бухорий”ни ривоят қилган ровийлар орасида 6 нафари тўғрисида маълумотлар сақланиб қолган. Ҳозирда мавжуд “Саҳиҳи Бухорий”нинг вариантлари ана шу олти нафар олимнинг бирига бориб туташади. Роппа-роса 14 нафар ровий эса Имом Бухорий ҳазратларининг биргина Муҳаммад ибн Юсуф ал-Фирабрий деган шогирдидан “Саҳиҳи Бухорий”ни қабул қилиб олган. Бугун ўқилаётган “Саҳиҳи Бухорий” ана шуларнинг ривояти ҳисобланади.
Имом Молик ҳазратларининг “ал-Муватто” асарининг 30 га яқин ривоятлари борлигини моликийларнинг ўзлари қайд қилишган бўлса, Муҳаддис ад-Дорақутний ҳазратлари унинг 22 хил ривояти ва ровийси борлиги ҳақида алоҳида рисола битган.
Бирор китобнинг ровийлари борлиги ва ҳатто уларнинг кўплиги шу китобнинг муаллифлик масаласини ҳеч қачон шубҳага қўймайди! Сохта салафийлар нега шубҳаланади, ҳайронман!
Энди, “олимлар” тилга олган ўрта асрлар муаллифлари Имом аз-Заҳабий (“Таърих ал-ислом”), ас-Сафдий (“ал-Вофий би-л-вафоёт”) ва ад-Димашқий (“Шазарот аз-заҳаб”) ҳанафий бўлмаган олимлар бўлиб, иқтибосларида фақат Абу Мутеъ ал-Балхийни “ал-Фиқҳ ал-акбар”нинг соҳиби экани қайд қилинган, холос. “Соҳиб” сўзи ҳамма вақт ҳам муаллиф маъносида келавермаслигини айтган ҳолда, бу иқтибосларда Имоми Аъзам Абу Ҳанифа ҳазратларининг “ал-Фиқҳ ал-акбар”га тегишли эмаслиги қатъий айтилмаганини таъкидлай оламиз. Бу келтирилган иқтибосларда “ал-Фиқҳ ал-акбар” Абу Ҳанифага тегишли эмас”, деган гап қани? Шу саволга жавоб топгунча яна бир саволни уларга беришимиз лозим:
Сохта салафийлар ўзи нечта “ал-Фиқҳ ал-акбар” асари борлигини билармикин? Абу Мутеъ ал-Балхийни “ал-Фиқҳ ал-акбар”нинг соҳиби деб айтилаётган юқоридаги иқтибосларда агар бошқа бир “ал-Фиқҳ ал-акбар” ҳақида сўз кетаётган бўлса “олимлар” нима қилади? Ёки у бу китоблардаги нақлни ақлидан ҳам устун қўйиб таассубларча боқиб тураверадими?
Хуллас, уларнинг бу чиқиши яхши тайёрланмаган, манба ва адабиётларни пала-партиш кўриб-чиққан, ўзининг давъосини исботлашда далиллари етарли бўлмаган ҳолда намоён бўлган бўлиб чиқди. У “Фиқҳул акбар”ни Абу Ҳанифага тегишли эмаслигини исботлай олмади, исботлай олмайди ҳам!
Қани, ўрта асрлардаги бирорта олимнинг “Фиқҳул акбар”ни Абу Ҳанифага тегишли эмас, деган очиқ-ойдин гапини келтирсин-чи!
Қани, ўрта асрлардаги бирорта ҳанафий олимининг “Фиқҳул акбар”ни Абу Ҳанифага тегишли эмас-ов, деган шубҳасини келтирсин-чи!
Салафийлар минг йиллик ҳанафий-мотуридийларнинг ишончларини суиистеъмол қилиб, қалбларига шубҳа оралатиб душманлар ноғорасига ўйнаётган кимсадир!
Бизнинг эса “Фиқҳул акбар”ни Абу Ҳанифага тегишли ва мансуб эканлигида ишончимиз комилдир!
Ҳамидуллоҳ Беруний