Home / АЛЛОМАЛАР / Буюк каломшунос насафий олим

Буюк каломшунос насафий олим

“Насафий алломаларлар ҳаёти ва илмий меросини тўлиқ ўрганиб, жойларда кенг тарғиб этишимиз лозим бўлади. Ёшларимизга биз қандай улуғ боболаримиз ўтганлигини етказиб берсак, уларнинг маънавий бойлиги ошади. Шунингдек, улуғ олим ва мутафаккир боболаримиз маънавий меросини халқимиз, айниқса, ёшларимиз онгига синдирсак, уларга муносиб бўлиб ва улардан ўрнак олиб яшашига жуда катта ижобий тасирини кўрсатади”[1].

Аллоҳ таоло Қуръони каримда буюк ҳидоятини кимга беришлигини ҳамда унинг мақоми нақадар юксак эканлиги ҳақида марҳамат қилади:

 فَمَنْ يُرِدِ اللَّهُ أَنْ يَهْدِيَهُ يَشْرَحْ صَدْرَهُ لِلْإِسْلَامِ وَمَنْ يُرِدْ أَنْ يُضِلَّهُ يَجْعَلْ صَدْرَهُ ضَيِّقًا حَرَجًا كَأَنَّمَا يَصَّعَّدُ فِي السَّمَاءِ كَذَلِكَ يَجْعَلُ اللَّهُ الرِّجْسَ عَلَى الَّذِينَ لَا يُؤْمِنُونَ

“Аллоҳ кимни ҳидоятга йўллашни ирода этса, унинг кўкси (қалби)ни Ислом учун (кенг) очиб қўяди. Кимни адаштиришни ирода қилса, кўксини гўё осмонга кўтарилиб кетаётгандек, тор ва сиқиқ қилиб қўяди. Шундай қилиб, Аллоҳ имон келтирмайдиганларга (лойиқ) жазони раво кўргай[2].

Бу борада Ибн Умар (р.а) дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

 عَنْ ابْنِ عُمَرَ رضي الله عنهما أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَال: إِنَّ اللَّهَ لَا يَجْمَعُ أُمَّتِي عَلَى ضَلَالَةٍ

(روى الترميذي)

“Албатта Аллоҳ таоло умматимни залолатда бирлаштирмайди”[3] деб, айтадилар.

Шунингдек, Муовия (р.а)дан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида:

عَنْ ُمَعاوية عَنْ رضي الله عنه قَالَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: مَنْ يُرِدِ اللَّهُ بِهِخَيْرًا يُفَقِّهْهُ فِي الدِّين(روى البخاري ومسلم)

Яъни, “Аллоҳ бир кишига яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”[4] деб, айтадилар.

Аллоҳ таоло илмнинг фазилатлари ва унинг мақоми нақадар улуғ эканлиги ҳақида Қуръони каримда марҳамат қилади:

يُؤْتِي الْحِكْمَةَ مَن يَشَاءُ ۚ وَمَن يُؤْتَ الْحِكْمَةَ فَقَدْ أُوتِيَ خَيْرًا كَثِيرًا ۗ وَمَا يَذَّكَّرُ إِلَّا أُولُو الْأَلْبَابِ

Яъни, “У Ўзи хоҳлаган кишиларга ҳикмат (пайғамбарлик ёки Қуръон илми) беради. Кимга (мазкур) ҳикмат берилган бўлса, демак, унга кўп яхшилик берилибди. Бундан фақат оқил кишиларгина эслатма олурлар”[5].

Мазкур оят тафсири ҳақида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо фикр ва мулоҳазалар билдириб, “Ушбу оятдаги ҳикматдан мурод, ҳалол ва ҳаром илмини билишликдир”, деганлар.

Тарихдан маълумки ҳар бир замон ва жамиятнинг қудрати, салоҳияти ва равнақи унинг илмга бўлган муносабати билан ўлчанган. Шу сабабли бизнинг юртимизда қадимдан илму маърифатга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, Ислом оламида IX-XII асрларни илм-фанинг олтин даври деб эътироф этилган.

Юртимизнинг қадимий шаҳарларидан бири Насаф (ҳозирги Қарши) илм денгизига ўхшайди, у дунёга Макҳул ибн Абу-л-Фазл Насафий (ваф. 318/930), Абу-л-Муин Насафий (1027-1114), Нажмуддин Умар Насафий (1068-1142), Ҳофизу-д-дин Абу-л-Баракот Насафий (ваф. 710/1310), Абу-л-Фазл Муҳаммад ибн Муҳаммад Насафий, Лутфуллоҳ Насафий (ваф. 750/1349)[6] ва Абдулазиз Насафий (ваф. 533/1138) каби кўплаб диний ва дунёвий илмларнинг дарғаларини тарбиялаб вояга етказган. Мазкур олимлар орасида муносиб мақомга эга бўлган машҳур макҳулийлар сулоласининг ёрқин вакили Абу-л-Муин Насафий нафақат калом илмининг алломаси, балки ўз даврининг фақиҳи ва усулиётчи олими сифатида ҳам шуҳрат қозонган сиймоларидан биридир[7].

Бу аллома ҳақида маълумот келтирилган манбаларда унинг қуйидаги асарлари борлиги зикр этилади: “Табсира ал-адилла”, “Ат-Тамҳид ли қавоид ат-тавҳид”, “Баҳр ал-калом”, “Шарҳ жомеъ ал-кабир ли-ш-Шайбоний”, “Ал-ъумда фи усул ад-дин”,“Манаҳиж ал-аиммати фи-л-фуруъ”, “Ийзоҳ ал-маҳажжати фи кавни-л-ақли ҳужжатан[8]”. Шунингдек, таниқли шарқшунос олим проф. У.Уватов алломанинг илми каломга тааллуқли “Қасийд ал-қавоид фи илм ал-ақоид” ҳамда ботиний тоифасига мансуб кишиларнинг хато қарашларига раддия тарзида ёзилган “Ал-Ифсод ли-хадъ ал-илҳод” номли асари ҳам бўлганлигини таъкидлайди[9].

Ҳозирги мавжуд маълумотларга кўра бу асарлардан “Табсира”, “Тамҳид” ва “Баҳр ал-калом”дан бошқалари бизгача етиб келмаган, деб ҳисобланади. “Табсират ал-адилла фи усул ад-дин аъла тариқат Аби Мансур ал-Мотуридий” (“Дин усул (асос)ларини Абу Мансур Мотуридий услуби асосида далиллар билан шарҳлаш”)[10]аслида имом ал-Ҳудо Абу Мансур Мотуридийнинг таълимотига кўра дин усуллари ҳақида баҳс юритувчи асардир. Унинг Имом Мотуридийга нисбатан бирмунча тушунарли ва содда баёнга эга эканлиги айниқса эътиборга молик[11]. Асар турли каломий масалаларга тааллуқли бўлганлиги ҳамда аҳли ас-сунна ва-л-жамоанинг буюк алломаларидан Имом Мотуридий тариқатига биноан ёзилганлиги учун юксак аҳамиятга эга. Ашъария деярли бутун ислом оламини қамраб олиб, етакчи мазҳабга айлангач таҳовия ва мотуридия мазҳабларининг аҳамиятини бир мунча пасайтирди. Насафий ўзининг бу асари билан мотуридия ғояларини мукаммал баён этди. Ўзини ҳанафий устозларининг, аҳли ас-сунна ва-л-жамоадан бўлмиш мотуридия мактабининг содиқ шогирди сифатида намоён этди. Чунки “Табсира” китоби орқали ушбу жамоанинг қарашлари, ғояларига қайта жон бахш этди, гўё. Имом Насафий ўз асари ҳақида яна шундай дейди: “(Асардан мақсад) аниқ далилларга таяниб, иш юритиш, турли масалалардан тўғри хулосалар чиқариш, ибораларда ўртача йўлни тутиш, умумманфаат йўлини тутиш ва китобнинг иборалари қандай маъноларни ўзида жамлаганлиги билан ўқишни хоҳлаган кишиларни таништиришдир”[12]. “Кашф аз-зунун”асарининг муаллифи Ҳожи Халифа ушбу асарнинг аҳамияти тўғрисида тўхталиб, шундай дейди: “Ҳақиқатдан ҳам, кимки “Табсират ал-адилла”ни диққат билан ўрганса, тушунадики, Нажмуддин Умар Насафий “Ал-Ақоид” асарининг матни бу китобга нисбатан бир фиҳрист мисолидир”[13]. Нажмуддин Умар Насафий 1068 йилда туғилиб, 1142 санада вафот этган, яъни Абу-л-Муиндан бир муддат кейин яшаган. Шу боис, гарчанд, ҳозирча узил-кесил исботланмаган бўлса-да, Нажмуддин Умар Насафий“Ал-Ақоид ан-Насафия”асарининг матнини Абу-л-Муин Насафийдан иқтибос қилиб олганлиги ҳақиқатга яқинроқ. Бу ҳолат албатта “Ал-Ақоид”, “Табсира” ва “Ат-Тамҳид”асарлари матнини ўзаро таққослаганда маълум бўлади. Умар Насафий “Ал-Қанд фи зикриуламои Самарқанд” номли бошқа бир асарида Абу-л-Муин Насафий ҳақида: “Шарқ ва Ғарбнинг олимлари унинг (илм) денгизидан баҳраманд бўлиб, нуридан зиё топадилар”,-деб ёзган. Бу фикрлар Умар Насафийнинг устози Абу-л-Муинга нисбатан юксак эҳтиромидан далолат беради.

Муаллиф ўз асарида илм ва маърифат масаласига тўхталиб, уларнинг таърифини келтиради. Аҳл ал-ҳақ қарашларига кўра илм ва маърифатга етишиш йўлларини баён қилади. Шундан кейин, тўғри илмларга асосланган ўз раъйига кўра тақлид қилувчининг имони (имони муқаллид) ҳақидаги суҳбатга ўтади. Сўнг оламнинг пайдо бўлиши исботи орқали вужудуллоҳнинг исботи, Аллоҳнинг ягоналиги масаласига тўхталади. Ундан олдин олам ҳақидаги фикрларини келтиради. Кейин мажусийлар, мужассима, мушаббаҳаларнинг гапларини рад қилади. Бу масалалар кетма-кет фаслларда мужассам бўлган. Шу тариқа сўз салбий ва ижобий сифатларга тақалади. Муаллиф бу хусусдаги сўзини фаслларга бўлиб, талқин этган. Сўнг бирин-кетин адолат ва ноҳақлик, пайғамбарлик, бандаларнинг амаллари, қодирлик, туғилиш ва ўлим, ризқ-рўз, ирода, қазо ва қадар, ҳидоят ва залолат масалалари ҳақида тўхталади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Абу-л-Муин Насафийнинг асарлари мазмун-моҳияти, аҳамияти ва долзарблиги жиҳатидан барча замонларда муҳим аҳамиятга эга бўлган, доимо тадқиқотчи олимларнинг диққат марказида бўлган. Бундан аллома асарларининг турли даврларга тааллуқли кўплаб қўлёзма нусхаларига эгалиги ҳам далолат беради. Ҳозирда уларнинг илмий асосда тадқиқ қилиниб, китоблар таълиф этилаётгани ҳамда ўзбек тилига таржима қилинаётгани, айниқса, қувонарли.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Каломшунослик шуъбаси раҳбари
Абдуҳалим Муҳиддинов

[1] Мирзиёев Ш.М. 2016 йил, октябрь. Сурхондарё вилояти, Имом Термизий зиёратгоҳидаги суҳбат.

[2] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: ТИУ, 2004. Анъом сураси, 25-оят. –Б.63.

[3]Имом Термизий ривояти. Сунану-т-Термизий №2167 Ҳадис.

[4]Муттафақун алайҳ яъни, Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари.

[5] Бақара сураси, 269-оят. –Б. 45.

[6]Абдусаттор Жуманазар. Насаф. -Т.: Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти, 2006. -Б. 167-183.

[7]Уватов У. Абу-л-Муъин ан-Насафий ҳаёти ва мероси. -Т.: Маънавият, 2003. -Б. 3.

[8]Қураший. Ал-Жавоҳир ал-музия. -Б. 189; Ҳожи Халифа. Кашф аз-зунун. -Б. 225, 337, 484, 570, 1845.

[9]Уватов У. Абу-л-Муъин ан-Насафий ҳаёти ва мероси. -Б. 19.

[10]Бундан кейин қисқача “Табсира” тарзида юритилади.

[11]Зиёдов Ш. Абу Мансур ал-Мотуридий ва унинг “Китоб ат-таъвилот” асари. -Т.: Фан, 2009. -Б. 73.

[12]Насафий Абу-л-Муин. Табсира. –Қоҳира, нашр йили кўрсатилмаган. -Б. 2.

[13]Ҳожи Халифа. Кашф аз-зунун. 1-жилд. Истанбул, 1941. -Б. 337.

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …