Home / МАҚОЛАЛАР / ҲАНАФИЯ АҚИДАСИ МОТУРИДИЯ НОМИ БИЛАН ТАНИЛДИ

ҲАНАФИЯ АҚИДАСИ МОТУРИДИЯ НОМИ БИЛАН ТАНИЛДИ

Имом Муртазо Забидий (1145-1205 ҳ./1732-1790 м.) “Итҳоф ас-содат ал-муттақин” асарида нақл қилади [2/14]:

“Имом Абу Ҳанифа, Абу Юсуф, Муҳаммад, Зуфар ва Абу Ҳанифанинг ўғли Ҳаммодлар ўзлари илмда пешво бўла туриб, мухолифлар билан калом илми бўйича ўзларига яраша мунозара қилганлар. Шунингдек, Имом Абу Ҳанифа ўз замонида ушбу умматнинг мутакаллими бўлган”.

Сўнгра имом Забидий имом Аъзамнинг “ал-Фиқҳ ал-акбар”, “ал-Фиқҳ ал-абсат”, «ал-Олим вал-мутааллим», “Васият”, “Усмон Баттийга мактуб” китоблари ҳақида сўз юритади.

Юқоридагилардан маълумки, ушбу китоблар имомнинг ўз таълифотларидандир. Тўғри, мазкур китобларда тилга олинган бу масалаларни имом ўзининг Ҳаммод, Абу Юсуф, Абу Мутиъ Ҳакам бин Абдуллоҳ Балхий ва Абу Муқотил Ҳафс бин Муслим Самарқандий каби (Аллоҳ раҳмат қилсин) шогирдларига имло қилиб берган.

Шунингдек, айримлари уларни жамлаган ва қуйидаги бир гуруҳ имомлар улардан қабул қилиб олган: имомнинг набираси Исмоил бин Ҳаммод, Муҳаммад бин Муқотил Розий, Муҳаммад бин Самоат, Насир бин Яҳё Балхий, Шаддод бин Ҳакам ва бошқалар, санади имом Абу Мансур Мотуридийга қадар етиб боради”. Мана шу тўлиқ ҳанафийликдир!

Салафийлар фақат ўзларинигина аҳли суннага мансуб, деб даъво қилмоқдалар. Аслида, минг йилдан бери бутун уммат аҳли суннанинг асл намоёндаси ва энг ҳақли меросхўри, деб билиттифоқ тан олиб келаётган ва ҳозирга қадар кўп сонли аҳли сунна уламолари эътироф этиб келаётган мотуридий ва ашъарийларни фақат кам сонли айрим салафийларгина “бидъатчи фирқа, адашган тоифа”, деб туҳмат эълон қилмоқдалар, қуйидаги фитнали, шубҳали саволларни қўзғамоқдалар:

  1. Нега битта аҳли сунна деб эмас, балки мотуридия ва ашъария деб икки хил номланди, ўзаро фарқларни келишиб, бир бўлиб олишса бўлмайдими?
  2. Агар мотуридия қарашлари Абу Ҳанифа қарашларига мувофиқ бўлса, нега фиқҳда ҳанафия деб, ақидада эса мотуридия деб номланди?

Уларнинг биринчи саволига қарши бешта савол билан жавоб берамиз:

  • Нега тўрт мўътабар фиқҳий мазҳаб аҳли сунна деб эмас, балки ҳанафия, моликия, шофеъия, ҳанбалия деб номлангани умум эътироф этилган?
  • Нега ҳозирда айрим салафий воизлар ваҳҳобия, баъзилари эса салафия асл аҳли суннанинг мазҳаби дея икки хил атамоқдалар?
  • Нега улар таянадиган Ибн Таймия ҳам ўзининг “Мажмуъатул-фатово” асарида тўрт мўътабар фиқҳий мазҳабни аҳли сунна деб, салафия ҳақида ҳеч нарса демаган?
  • Нега Ибн Таймияни ҳанбалий олимлар олдида тавба қилиб, ўзини “ман ашъарийман”, деди, аҳли сунна ёки салафий ман демади?
  • Салафия-ваҳҳобия атамаларининг ўзи кейин пайдо бўлган, демак бу бидъат даъводан бошқа нима?!

Иккинчи саволга жавоб: аҳли суннанинг соф ақидасини баён қилган имом Абу Ҳанифанинг таълимотини имом Абу Мансур Мотуридий унинг асос солган услубида давом эттириб, ривожлантирди. Адашган оқимларнинг бидъат қарашларига раддиялар беришда нафақат Қуръон ва суннатни нақл қилиш билан кифояланди, балки ақл, мантиқ, калом ва фалсафа усулларини ҳам қўллаган ҳолда аҳли суннанинг соф ақидасини баён қилган, шубҳали саволларга аниқ илмий жавоблар берди. Кейинчалик, шогирдларининг ҳам хизматлари билан бир бутун яхлит ақидавий мактаб сифатида шаклланди ва аҳли суннанинг мотуридия мадрасаси деб номланди ҳамда у зот аҳли суннанинг имоми деб тан олинди.

Тожиддин Субкий (728-771 ҳ./1328-1370 м.) таъбири билан айтганда, ҳанафийлар, шофеъийлар, моликийлар ва ҳанбалийларнинг фозиллари ақидаларда битта қўлдир, уларнинг ҳаммаси аҳли сунна вал жамоадир. Улар суннат шайхи Абулҳасан Ашъарий ва ҳидоят имоми Абу Мансур Мотуридий йўли билан Аллоҳ таолога эътиқод қиладилар. Улар бу йўлдан асло оғишмаганлар. Ҳанафий ва шофеъийлардан бир гуруҳи ушбу йўлдан оғишиб мўътазилага, ҳанбалийлардан бир гуруҳи эса мужассимага эргашганлар. Моликийларни эса Аллоҳнинг ўзи асраган, уларни ашъариядан бошқа ақидада кўрмадик. Тўрт мазҳаб уламолари қабул қилиб олган ва ақида деб рози бўлган таҳовия ақидаси ашъария ақидасини ўз ичига қамраб олган. Умматнинг салафи – ўтганлари ушбу ақидададир. Таҳовийнинг ақидаси, Қушайрийнинг ақидаси ва муршида деб аталган ақида аҳли сунна вал-жамоа асосларида муштаракдир. (Тожиддин Субкий. Муид ан-ниъам ва мубид ан-ниқам. – Байрут: Муассаса ал-кутуб ас-сақофия, 1986. – Б. 62).

Шунингдек, тарихда айрим муржиъа ақидасидагилар фуруъ-фиқҳда ўзларини ҳанафияга нисбат берганлар. Шунинг учун улардан фарқли равишда ҳанафия-мотуридия ибораси қўлланилади. Айрим асарларда аҳли сунна ақидасига нисбатан умумий тарзда ашъария атамаси зикр қилиниб, ундан мотуридия ҳам назарда тутилиши кўпчиликка маълум.

Хўш, имом Абу Ҳанифа кимларга раддия берган? “ал-Фиқҳ ал-акбар” матнидаги мавзулар, жумлаларнинг тузилиши айнан бидъатчи фирқаларнинг даъволарига жавоб тарзда, ундовли баён қилинади. Унда айрим фуруъ-фиқҳий масалалар ҳам киритилгани, аҳли суннанинг бошқа адашган фирқалардан фарқли масала бўлганидандир. Хўш, имом Абу Мансур Мотуридий-чи, аксар, хусусан, “Китоб ат-Тавҳид” асарининг бош мавзуси бўлган раддиялар кимларга қаратилган эди? Албатта, бидъатчиларга. Аҳли суннанинг соф ақидасини уларнинг қўзғаган шубҳаларидан ҳимоя қилиш мақсадида ўзларининг мантиқий услубларини ҳам қўллаган.

Афсуски, бугун бидъатчи фирқалар аҳли сунна даъвоси билан асл аҳли сунна бўлган ашъарий ва мотуридийларга тош отмоқда. Калом илмидаги нақл ва ақл уйғунлиги усулидан фойдаланганлигини айб, деб қораламоқдалар.

Бир мисол, ўқувчиларга бошланғич синфда математика фанидаги ҳисоблашнинг асосий тамойиллари содда шаклда ўргатилади. Унга кўра тоқ сон иккига бўлинмайди (3:2), кичик сондан катта сон айрилмайди (2-3). Юқори синфларда эса мураккаблашиб боради. Унга кўра эса, тоқ сон иккига бўлинади, натижа қолдиқли чиқади, кичик сондан катта сонни айириш мумкин, натижа манфий сон чиқади, ва ҳоказо.

Худди шундай, илк ҳижрий асрларда мусулмонлар ақидаси содда ва равон англатилган, муташобеҳ масалаларни қўзғаганларнинг ихтилофлари тезда бостирилган, бундай саволларни бериш бидъат деб баҳоланган ёки “унинг маъносини Аллоҳ билади”, деб тафвиз қилинган. Лекин вақт ўтиши билан бундай саволларни кўпчилик бера бошлаган ва уларга жавоб бермасликнинг умуман иложи бўлмай қолди. Мантиқий саволларга мантиқий жавоблар бериш мақсадида масалага яқин маъно бериб таъвил қилишни тақозо этган. Аввалги уч асрдаги “салаф” аҳлининг услуби асосан тафвиз, кейинги “халаф” аҳлининг услуби эса кўпинча таъвил бўлди. Бу қатъий тақсим эмас, балки ҳар иккисида ҳам иккала услуб учрайди. Саҳоба ва тобеинлар тафсирларида ҳам кўплаб таъвилларни кўриш мумкин. Бу алоҳида мавзу.

Яна бир мисол, Қуръонда бир мавзуда бир жумла келган бўлса, ушбу мавзуда бир нечта ҳадис келади, кейинги ўринларда унинг тафсир ва шарҳларида янада кўплаб қавллар нақл қилинади. Худди шунингдек, ақида борасидаги масалалар дастлаб қисқа матнлар билан кифояланган бўлса, кейинги давр олимлари уларни шарҳлаш ва янада кенгроқ баён қилиш учун кўплаб жилд асарлар битганлар.

Жаҳонгир Тоҳиров

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …