Home / МАҚОЛАЛАР / XX АСР БОШЛАРИ ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ МАОРИФИ ТИЗИМИДА БОШ ВАҚФ ТАШКИЛОТИ ВАЗИФАСИ

XX АСР БОШЛАРИ ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ МАОРИФИ ТИЗИМИДА БОШ ВАҚФ ТАШКИЛОТИ ВАЗИФАСИ

Тарих силсиласида суверен давлатлар ўз ҳудуди учун миллий таълим ва тарбияни қадриятлари асосида бойитиб, замонавийлаштириб боргани кўпчиликка манбалар асосида аён. XIX аср ўрталари Ўрта Осиёда бошланиб кетган сиёсий келишмовчиликлар, тожу тахт курашлари минтақамизнинг Чор Россияси мустамлакасига айланишига сабаб бўлди. Илм-фан ва цивилизация ўчоқларидан бири бўлган Туркистон иқтисодий таназзул ва сиёсий зулм сабабли маорифдан йироқлаштирилди. Собиқ шўро даврида эса таълим-тарбия жараёни мафкуравийлаштирилиб, янги мазмун касб этди. Чунки, большевиклар ташаббуси билан социалистик байналмилал маданият яратиш бобида барча миллий қадриятлар бирхиллаштирилди. Бу жараён “маданий инқилоб” номи билан халқ таълимига ҳам дахл қилди.

Маълумки, XX аср бошлари Ўзбекистон ҳудудида Туркистон АССР, Бухоро ХСР ва Хоразм ХСР мавжуд бўлган. Бу даврда ўлкада маҳаллий мактаблар, жадид мактаблари (тазйиқлар остида фаолияти тақиқланаётган эди – муаллиф), рус-тузем мактаблари ва мадрасалар фаолияти давом этмоқда эди. Тез орада совет ҳукумати ташаббуси билан анъанавий мактаб ва мадрасаларни советлаштириш ишлари бошланди. Бу ҳаракат бошида аввал Ички Ишлар Халқ Комиссарлиги (НКВД), кейин Маориф Халқ Комиссарлиги (НКП) таркибига ўтказилган Бош Вақф Бошқармаси турган.

Туркистон Марказий Ижроия Комитетининг 1920 йил 26 февралдаги 87-сонли[1] фармони асосида барча вақф ишлари Таълим бошқармаси ваколатига ўтказилди. Республиканинг барча вақфларини бошқариш учун Маориф Халқ Комиссариати ҳузурида Туркистон Республикаси Вақф бўлими ташкил этилди. Фарғона, Самарқанд ва Сирдарё ҳудудлари Вилоят Халқ Таълими бошқармаси ҳузурида Вилоят Вақф бўлимлари тузилди. Бу бўлимларнинг ишини юргизиш билан вилоятлардаги кафедра мудирлари шуғулланди.  Вақф мулкини бевосита бошқариш учун Маориф касаба уюшмаси ва Социалистик маданият ходимлари таркибидан менежер-бошлиқ ва ёрдамчи сайланди. Сайлов жараёнида энг асосий эътибор сайланган менежер ва ёрдамчи мусулмон бўлишига қаратилди.

Мазкур фармонда менежернинг вазифалари ҳам белгилаб ўтилди. Ҳужжатда таъкидланишича, менежер ҳар бир вақф мулки ҳужжати батафсил ёритилган инвентаризация китобини юритиши керак бўлган. Барча мулкларнинг ёзма ҳужжатлари асл нусхалари билан бирга менежер томонидан минтақавий Вақф бўлимига тақдим этиб борилган. Вақф кўчмас мулки газеталарда ва бозор майдонларида махсус шахслар томонидан эълон қилиниши асосида очиқ савдолар орқали ижарага берилган. Бундан тушган маблағ эса Халқ Таълими Комиссариати депозитига жамланган. Бу маблағ ўзбек, қирғиз ва татар халқ таълими институтлари эҳтиёжлари учун фойдаланилиши алоҳида қайд этилган.

Шўро ҳукумати Вақф мулки билан дастлаб жуда эҳтиёткорона муносабатда бўлган. Ҳар бир раҳбарнинг маҳаллий жамоат бўлимлари томонидан юритиладиган даромад ва харажатлар китоби бўлиши алоҳида белгилаб қўйилган. Шунингдек, ижара шартномалари маҳаллий Коммунал соҳа бўлими бошлиғи, Вақф мулки раҳбари ва ижарачилар томонидан имзоланган. Мулкни эксплуатация қилиш бўйича барча ижара шартномалари мулкни бошқариш бўйича менежер томонидан сақланадиган китобда қайд этилган. Вақф менежери сметасиз ҳеч қандай харажатга йўл қўйилмаганлиги сабабли Вақф мулкидан фойдаланиши ҳам мумкин бўлмаган. Aгар шошилинч равишда маблағ керак бўлса, менежер минтақавий вақф бўлимидан рухсат сўраб, харажатларни тасдиқлайдиган баённомаларни тақдим этиши зарур бўлган.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Вақфнинг Вилоят Бошқармалари вақф мулкига ҳужжати бор ёки йўқлигидан қатъи назар, ҳар бир вақф мулки ошкора тақдим этилаётганини қатъий назоратга олган. Вилоят бошқармалари зиммасига вақф мулкларини подшоҳлик даврида расмийлаштирилган ё бундай қилинмаганлигидан қатъи назар, барча волость ва шаҳарларга маълум қилиш таклифи билан хабар юбориш юклатилган. Улар барча ҳужжатсиз вақф мулклари ҳақида батафсил маълумотлар йиғилгач, Марказий Вақф Бўлимига юбориб, хабардор қилган.

1922 йил 28 декабрь Туркистон Марказий Ижроия Комитетининг вақф ҳақидаги[2] 173-сонли қарори тасдиқланади. Ҳужжатда рўйхатга олинган барча вақф кўчмас мулки ҳамда маданий-маърифий ва хайрия муассасалари тўғридан-тўғри Вақф Бош бошқармаси тасарруфи ва бошқарувига ўтказилгани расмийлаштирилади. Бошқарма вазиятни ўрганиш, муносабат билдириш ва советлаштириш ишларини амалга оширади. Аммо бу иш  зиддиятларга ҳам олиб келишини олдиндан англаб етган ҳукумат дастурга маълум ўзгартиришлар киритиб борган. Мисол, масжидларга тегишли Вақф мулкини дастлаб ўша масжидларнинг мутаваллиси томонидан назорат қилиниб, Вақф бўлими кассасига тушмаслигини белгилаб қўйган.

173-сонли қарорда Вақф Бош бошқармаси ва унинг маҳаллий бўлимлари Совет ҳукумати маъмурий институтларининг барча ҳуқуқларидан фойдаланиши мумкинлиги қайд этилган. Вақф бўлимларининг даромадлари қуйидаги асосда тўпланган:

а) кимошди савдосидан тушган мол-мулк ва ижара ҳақидан;

б) Вақф мулкидан олинадиган солиқлардан;

в) савдо ва саноатдан олинадиган фойдадан;

д) турли хил хайр-эҳсонлардан.

Вақф Бош бошқармаси харажатларини қуйидагилар ташкил этган:

а) мутаваллилар, мударрислар, ўқитувчилар, ишчилар ва талабаларни иш ҳақи ва стипендия билан таъминлаш;

б) Вақф мулкини таъмирлаш ва сақлаш;

в) Вақф бўлимларидаги операцион харажатлар;

г) ҳукумат, давлат ва маҳаллий солиқлар;

д) ижтимоий суғурта;

е) Вақф Бош бошқармаси эҳтиёжлари учун белгиланган фоиз;

ж) талабаларни РСФР (Россиянинг ўша пайтдаги расмий номи – муаллиф) ва чет элларда ўқиш учун юбориш;

з) биноларни замонавий талабларга мослаштириш;

и) ўқувчи ва талабаларга стипендиялар ва грантлар бериш, у ёки бу Вақф муассасасини Вақф бўлимларининг қарорига биноан қўллаб-қувватлаш ва бошқа маданий-маърифий мақсадлар учун харажатлар;

Вақф бўлими янги биноларни жиҳозлаш, янги курслар очиш ва талабаларни РСФР ва чет элларга жўнатиш учун Вақф Бош бошқармасидан махсус рухсат сўраши олдиндан белгилаб қўйилади. Албатта, бу ишлар катта маблағ сарфи билан ҳам боғлиқ эди. Шунинг учун Вақф Бош бошқармаси эҳтиёжларини қоплаш мақсадида маҳаллий бўлимлар умумий даромадининг 10% гачасини ажратиши белгиланган.

Матбуот ва манбалардан маълумки, 1922-1927 йиллари Ўзбекистонда 3 турдаги мактаб мавжуд бўлган. Булар: совет мактаблари, вақф мактаблари ҳамда мадраса мактаблари. Эски усул мактаблари ёпилганидан сўнг Ўзбекистонда ягона меҳнат мактаблари ташкил этилган[3]. Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, қишлоқларда ўша йилларда 3 йиллик таълим белгиланган бир пайтда,  амалда 2 йиллик таълим бериб борилгани таълимни ташкил этишдаги энг катта камчилик эди. Чунки, мавжуд ҳолат бошланғич ва ўрта таълим ўртасидаги узлуксизликни бузиб, қишлоқларда II босқичли (тўлиқсиз ўрта) мактабларнинг ривожланишига тўсқинлик қилган. 1923 йилдагина иттифоқ давлатларида умумий таълим тизимини жорий этиш режасини ишлаб чиқиш бошланган.

Вақф Бош бошқармаси раиси Ахунов бошчилигида ўтказилган кенгаш Қарорига биноан[4], Вақф Бош бошқармаси 1924 йил 24 мартда Вақф таркибидаги барча мактаблар истисносиз Главсоцвос (Главсоцвос -1921 йилда РСФСР Халқ таълими комиссарлиги таркибида ташкил этилган Ижтимоий таълим ва политехника таълими бош бошқармаси. Бошқарма мактабгача таълим муассасалари, умумий таълим мактаблари, болаларни ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва барчанинг малакасини ошириш учун масъул бўлган[5]) Маориф Халқ Комисарлиги дастурига ўтказилади. Қабул қилинган Қарорда Вақф Бош бошқармаси вақф мактаб ва курсларига дастур ва қоидаларнинг рус ва ўзбек тилларида тузиб берилишини маъқул топади.

Ўзбекистон Маориф Халқ Комиссари Мўмин Усмонов “Маданий инқилоб юксалишда” мақоласида “1928-1929 йилларда бошланғич ва ўрта мактабларнинг ҳамда ўсмирлар мактабларининг миқдори 2142 та ва улардаги ўқувчилар 147 минг 400 та бўлган бўлса, 1932-1933 йилларда бу мактабларнинг сони 5859 га ва улардаги ўқувчиларнинг сони 521 минг 400 нафарга”[6] етганини маълум қилади.

Хулоса қилиб айтганда, тадқиқотимиз давомида Вақф Бош бошқармаси амалга оширган чора ва тадбирлар халқимизнинг қадриятларига зарба берганига шоҳид бўлдик. Бу сиёсий ҳаракат натижасида жамиятда маънавий инқироз чуқур илдиз ота бошлаган. Инсон ва жамиятни англаш-ўрганишга асосланган анъанавий мактаб ва мадрасалар фаолияти заволга юз тутган. Барча халқлар онгида босқичма-босқич “байналмилал ғоя” тарғиб этилиб, социалистик жамият ҳақидаги утопик қарашни шакллантириб борилган.

 

ФОЙДАЛАНГАН АДАБИЁТЛАР
[1] Ўзбекистон Миллий архиви. Фонд Р-34, оп-1, ед.хр-453, 1920 г. 42 листах. ст-30
[2] Ўзбекистон Миллий архиви. Фонд Р-34, оп-1, ед.хр-2272  54 листах. ст-2
[3] http://reja.tdpu.uz › views › openlesson. Воспитание, образование и развитие педагогической мысли в Узбекистане в 1917-1991 гг. С. 9
[4] Ўзбекистон Миллий архиви. Фонд Р-34, оп-1, ед.хр-2741  62 лист. 21 январь 1924 г.-25 ноябрь 1924 г Ст-27
[5] https://www.booksite.ru/fulltext/1/001/008/010/817.htm
[6] Qizil O’zbekiston 3-noyabr 1933 yil № 256 (2755)

 

Сухроб Эргашев,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …