Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори қабул қилинди.
Ўзбекистонда ҳадис илми мактабининг ташкил этилганлиги халқимиз томонидан катта хурсандчилик билан қарши олинди. Зеро, бу юрт муҳаддислар ватани деб эътироф этилган юрт, қанча муҳаддисларни етиштириб берган улуғ замин, алломаларга бешик бўлган жаннатмакон юрт. Айниқса, Мактабнинг Самарқандда буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг улуғ турбаси ёнида ташкил этилиши ҳам мактабнинг улуғ бир мақомини белгилайди ҳамда тарих ва келажак муҳаддислари ўртасида илмий восита бўлиб хизмат қилади.
Мазкур ҳадис илми мактаби юртимиздан етишиб чиққан Абдуллоҳ ибн Муборак, Имом Кеший, Имом Бухорий, Имом Доримий, Имом Термизий, Имом Шоший ва Абдуллоҳ Субазминий каби буюк муҳаддислар томонидан асос солинган ҳадис мактабларининг давомчиси сифатида ташкил этилганлиги, юртимиздан яна бухорийлар, самарқандийлар, шошийлар, термизийлар каби улуғ авлодларни тарбия топишида асос бўлиб хизмат қилади.
Тарихий манбаларда Мовароуннаҳрда илм маърифат билан машғул бўлган мактаб ва мадрасалар, хусусан, Қуръон, ҳадис ва фиқҳ мактаблари фаолият олиб борганлиги таъкидланган. Жумладан, Мовароуннаҳрда VII ва XII асрлар орасида 3000 дан ортиқ таниқли муҳаддислар фаолият олиб боришган. Улардан 1000 дан зиёди Самарқандда, 600 дан ортиғи Бухорода, 400 дан ортиғи Насафда, 70 дан ортиғи Шошда, 60 дан ортиғи Фарғонада, 60 дан ортиғи Кешда, 50 дан ортиғи Термизда, 40 дан ортиғи Хоразмда, шунингдек, Уструшона, Дабус, Кушон ва бошқа минтақаларда фаолият кўрсатган муҳаддислар бўлган. Ўрта асрларда яшаган аждодларимиздан уч мингдан зиёд фақат муҳаддисларни етишиб чиқиши, бу юртни том маънода муҳаддислар юрти деб эътироф этилишига асос бўлади.
Дунё ҳадис илми устозлари саналган Абдуллоҳ ибн Муборак, Имом Кеший, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий, Имом Муслим, Имом Шоший каби муҳаддислар етишиб чиққан юртда янги ҳадис илми мактабининг ташкил этилганлиги, улуғ муҳаддисларга хос ва мос авлодларни тарбиялаш ҳамда буюк муҳаддислар маънавий меросини кенг тадқиқ этишга қаратилган.
Ҳадис илми мактабининг ташкил этилишидан асосий мақсад, ислом дини ва ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк ватандошларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш, улар томонидан асос солинган ҳадис илми мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш ҳамда соҳага оид олий маълумотли етук мутахассисларни тайёрлашдан иборат.
Ҳадис илми мактабининг асосий вазифаси Қуръони карим ва ҳадисларнинг асл моҳиятини, ҳадис илмининг илмий-назарий асосларини чуқур ўрганган, ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ ватандошларимизнинг улкан илмий меросини пухта ўзлаштирган, ҳадисшунослик соҳасида илмий изланишлар олиб бориш кўникмасига эга мутахассисларни тайёрлаш ҳисобланади. Шунингдек, ҳадисшунослик мактаби шаклланиши ва ривожланиши, унинг илмий-маънавий асосларини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, тадқиқ этиш ва унинг натижалари асосида ҳадислардаги эзгу умуминсоний ғояларни халқимизга, айниқса, ёш авлодга етказиш ҳам Мактабнинг асосий вазифаси этиб белгиланган.
Шунингдек, мазкур қорорда белгиланганидек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда Мактаб билан хорижий мамлакатларнинг нуфузли илмий ва таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, хорижлик профессор-ўқитувчиларни Мактабга жалб қилиш бўйича тизимли ишларни амалга оширади. Мактаб профессор-ўқитувчиларини малака ошириш, тажриба алмашиш ва ўқитиш учун чет мамлакатларга юбориш чораларини кўриш ҳам кўрсатиб ўтилган.
Мазкур Мактабнинг фаолият бошлаши келажакда ёшларимиздан етук ҳадис илми олимларини етишиб чиқиб, буюк муҳаддислар тарихи ва илмий меросини кенг тадқиқ этишларига катта имкониятларни яратади.
Шунингдек, Мактаб ислом динининг асл мазмун-моҳиятини ўрганиш, маърифат асосида жаҳолатга барҳам бериш, ҳар хил мафкуравий таҳдидларни олдини олиш ва бартараф қилишда миллатлар ва динлараро бағрикенгликни кенг тарғиб этиш борасида ҳам намунали диний ўқув муассасаси сифатида хизмат қилади.
Буюк муҳаддислар илмий меросининг ҳадис илми ривожида тутган ўрни, ҳадис илмининг тадрижий ривожланиши, ҳадисларнинг классификацияси ва методологиясини ўрганиш ва улар устида тадқиқотлар олиб борилиши ҳам муҳим илмий-амалий аҳамиятга эга бўлиб, Мактаб илмий жамоаси томонидан бу каби ишлар амалга оширилади.
Алломаларимиз қолдирган бой илмий-маънавий меросни ўрганиш ва уларни кенг татбиқ этиш хусусида Президентимиз Ш.Мирзиёев шундай таъкидлаганлар: “Имом Бухорий ва Бурҳониддин Марғиноний, Исо ва Ҳаким Термизийлар, Маҳмуд Замахшарий ва Қаффол Шоший, Баҳоуддин Нақшбанд ва Хожа Аҳрор Валий, Муҳаммад Хоразмий ва Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний ва Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоий каби кўплаб даҳолар номи жаҳон цивилизацияси тарихида олтин ҳарфлар билан битилган….. бу алломалар маънавий меросини ўрганишга бугунги кунда ҳам инсоният катта эҳтиёж сезмоқда”.
Ҳадис илми мактабининг мақсади ҳам Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан муҳаддисларнинг илмий-маънавий меросини ҳар томонлама ўрганиш, кенг тадқиқ этиш, ҳадис асарларини ўзбек тилидаги изоҳли таржималарини тайёрлаш, халқимизнинг, айниқса, ёшларимизнинг маърифатини зиёда қилиб, маънавий камолотини бойитиш учун хизмат қилишдан иборат.