Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича халқаро ташкилоти АЙСЕСКО, Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази билан ҳамкорликда ислом оламининг буюк сиймоси, муҳаддислар султони Имом Бухорий қолдирган бой илмий-маърифий меросни чуқур ўрганиш ва халқаро майдонда кенг тарғиб этиш мақсадида “Саҳиҳул Бухорий” асарининг жаҳон кутубхоналарида сақланаётган қадимий ва нодир қўлёзма нусхалари” мавзусида халқаро конференция ўтказилди.
Унда Туркия, Миср, Малайзия, Саудия Арабистони, Буюк Британия, Германия, Россия, Қозоғистон каби хорижий давлатлардан қирққа яқин таниқли исломшунос, диншунос олимлар ва соҳа мутахассислари иштирок этди.
Конференция очилишида нуфузли хорижий экспертлар ва уламолар томонидан Имом Бухорий меросини ўрганишнинг аҳамияти, аллома асарларининг жаҳон фондларида сақланаётган нусхаларини тадқиқ этишнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболдаги вазифалар шунингдек, Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз борди.
Анжуман аввалида “Саҳиҳул Бухорий” асарининг нодир қўлёзма нусхалари ҳақида тақдимот намойиш этилди.
Конференция 3 та шўъбага бўлиниб ўз ишини давом эттирди. Иштирокчиларнинг “Саҳиҳул Бухорий” асарининг жаҳон кутубхоналарида сақланаётган қадимий ва нодир қўлёзма нусхалари”, “Имом Бухорий илмий мероси ва ҳозирги замон”, “Мовароуннаҳр уламоларининг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси” мавзуларида илмий маърузалари тингланди.
Буюк мутафаккир ва алломаларимизнинг ислом илм-фанини равнақ топтиришга қўшган муносиб ҳиссаси, хусусан, мусулмон оламида “муҳаддислар султони” дея тан олинган Имом Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” асари ислом динида Қуръони каримдан кейин иккинчи муқаддас манба сифатидаги қиймати яна бир бор эътироф этилди. Дарҳақиқат, мазкур асар миллионлаб инсонлар қалбини имон нури билан мунаввар этиб, ҳақ ва диёнат йўлига чорлаб келмоқда. Шу нуқтаи назардан, сўзга чиққанлар Имом Бухорийнинг ахлоқий таълимотига янгича назар билан қараш ҳозирги кунда ҳар жиҳатдан долзарб эканини таъкидлашди.
Имом Бухорий ҳадисларида меҳр-оқибат, инсонпарварлик, ота-она ва катталарга ҳурмат, етимларга мурувват, Ватанга муҳаббат, ҳалоллик ва бағрикенглик каби инсоний фазилатлар, ёш авлод учун тарбиявий аҳамиятга эга бўлган ўгитлар кенг ўрин олган. Сирасини айтганда, аллома асарлари бугунги кунга қадар мусулмон дунёси учун маънавий-ахлоқий йўлланма бўлиб хизмат қилмоқда.
Иштирокчилар шунингдек, мамлакатимизда олиб борилаётган диний ислоҳотларнинг исботи ўлароқ, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг Имом Бухорий ва бошқа кўплаб алломаларнинг улкан илмий меросини ўрганиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларини нашр этиш билан боғлиқ самарали фаолиятини эътироф этдилар.
Қизғин маърузалар билан давом этган шўъба йиғилишларида иштирокчилар атрофлича фикр-мулоҳаза алмашиб, истиқболда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, шу каби тадбирларни тизимли ташкил этиш эҳтиёжини алоҳида таъкидладилар. Бу борада Имом Бухорий марказининг халқаро майдонда етакчи илмий муассаса мақомига кўтарилганини қайд этдилар.
Конференция сўнггида иштирокчиларнинг Имом Бухорий илмий меросини ўрганишнинг долзарб аҳамияти ҳақидаги якуний баёноти қабул қилинди.