Қадимдан илм-маърифат марказларидан бири бўлган Бухоро бугунги кунда ҳам ислом оламида бебаҳо қўлёзма асарлар қолдирган буюк алломалари, гўзал ва бетакрор тарихий обидалари билан жаҳон илм аҳлининг эътирофига сазовор бўлиб келмоқда. Тарихда “Қуббатул ислом” дея номланган айнан шу табаррук заминда Абу Ҳафс Кабийр Бухорий, Имом Бухорий, Иброҳим Саффор Бухорий, Нуриддин Собуний Бухорий, Муҳаммад ибн Абу Бакр Бухорий ва бошқа кўплаб ислом билимлари ривожига улкан ҳисса қўшган алломалар яшаб ижод қилишган. Бундай буюк зотларнинг бой илмий-маънавий меросини ўрганиш борасида ҳозирда самарали ишлар олиб борилмоқда. Аммо ҳанузгача илм аҳлига, халқимизга номлари таниш бўлмаган, дунё фондларида ўз тадқиқотчисини кутиб ётган алломаларимизнинг тарихий, илмий меросини топиш ва тадқиқ қилиш ишларини янада ривожлантириш бугунги кун тадқиқотчилари олдида турган долзарб вазифадир.
Ўрта асрларда Бухорода ҳанафийлик мазҳаби ва мотуридий калом мактабининг ривожланишига Бухоролик алломалар ҳам муносиб ҳисса қўшишган. Қуйида Бухоро заминидан етишиб чиқиб, фиқҳ ва калом илмлари соҳасида улкан илмий мерос қолдирган забардаст алломалар ҳақида тўхталамиз.
Маълумки, Мотуридий ақидаси ва унинг ғоялари унинг вафотидан сўнг, шогирдлари ва издошлари томонидан кенг ёйилган. Бу ўринда буюк мутакаллим Абу Муин Насафийнинг хизматлари беқиёс. Абу Муин Насафий Самарқанд ва Бухорода таълим олиб, кейин муайян вақт дарс бериш учун ушбу шаҳарларда яшаган. У зот Бухорода бўлган вақтда у кишидан Иброҳим Саффор Бухорий ва Нуриддин Собуний Бухорийлар калом илмидан таълим олишган.[1]
Манбаларда Муҳаммад ибн Абу Бакр Имомзода Бухорий номли аллома ҳам Бухорода мотуридийлик таълимотини тарқалишида ҳисса қўшган олимлар қаторида зикр қилинган.
Иброҳим Саффор Бухорий ўз даврида замондошлари орасида ҳанафий фиқҳини яхши билганлиги учун “Фақиҳ”, “Зоҳид” , “Рукнул ислом” каби унвонларга сазовор бўлган. Мутакаллимнинг ҳаёти ва илмий-маънавий мероси, хусусан, калом илмига оид таълимоти мотуридиййа мадрасаси асосида тадбиқ этилган.
Саффор Бухорийнинг отаси, бобоси ва катта боболари ҳам ҳанафий фиқҳ илми соҳасида улкан салоҳиятга эга олимлардан бўлишган.[2]
Табақот китобларида Саффор Бухорийни 460/1065 йилда Бухорода туғилганлиги қайд этилган. Унинг вафоти ҳақида аксар манбаларда 534/1139 сана зикр қилинади. Аллома 74 йил умр кўриб, рабийъул аввал ойининг 26-кунида Бухорода вафот этган.
Саффор Бухорий отаси Исмоил ибн Абу Наср (ваф.461/1069), Абу Ҳафс Умар ибн Мансур ибн Баззоз (ваф.466/1074), Абу Муҳаммад Абдулазиз Кирмоний, Абу Муҳаммад Фазл Карудий ва Абу Яъқуб Сайёрий каби олимлардан таълим олган.
Абдулкарим Самъоний (ваф. 562/1166), Абу Муҳомид Қавомиддин Ҳаммод ибн Иброҳим Саффор (ваф. 576/1180), Абулмафохир Ҳасан ибн Мансур Ўзгандий Фарғоний (ваф. 592/1196) ва Абу Абдуллоҳ Носириддин Ўшийлар Саффор Бухорийнинг шогирдлари бўлишган.
Саффор Бухорий калом илмига оида “Талхисул адилла ли қавоиди тавҳид (Тавҳид қоидалари ҳақида далилларнинг қисқача мазмуни)” ва “Рисола фил калом” (Калом илми ҳақида рисола)” номли асар ёзиб қолдирган.
Мазкур асарларининг қўлёзма нусхалари ҳозирги кунда Туркия, Миср, Буюк Британия, Германия, Бағдод, Мадрид ва Париж китоб фондларида сақланмоқда[3].
Саффор Бухорийнинг асарлари илм аҳли томонидан юксак баҳоланиб, ҳатто ҳозирги кунда шарқ ва ғарб шарқшунос, исломшунос ва калом илмига қизиқувчилар орасида катта обрў-эътиборга эга. Хусусан, алломанинг “Талхисул адилла” асари бир неча бор шарқ ва ғарб каломшунослари томонидан тадқиқ этилган.
2019 йил Ғофур Ғулом нашриётида алломанинг “Рисола фил калом” асари ўзбек тилига ўгирилиб нашр этилди. Алломанинг калом илмига оид мазкур икки асарининг электрон қўлёзма нусхаси ҳозирда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази қўлёзмалар фондида сақланмоқда.
Нуриддин Собуний ҳам Бухорода мотуридийлик таълимотини кенг ёйилишига ҳисса қўшган уламоларидан бири бўлиб, унинг тўлиқ исми Аҳмад ибн Маҳмуд ибн Абу Бакр, куняси Абу Муҳаммад. Кўпинча табақот китобларида унинг исмига “Имом” ва “Нуриддин” лақаблари қўшиб айтилади. Каломга оид манбаларда эса унинг исмини кўп ҳолларда “Нуриддин Собуний” деб зикр қилишган[4].
Собунийнинг ҳаёти ҳақида маълумотлар кўп бўлмаса-да, унинг бой оилага мансуб бўлиб, совун ишлаб чиқариш ҳунари билан шуғулланганлиги сабабли бу оилага “Собуний” нисбаси берилганлиги манбаларда ёзилган. Собуний Абу Юср Паздавий (ваф. 493/1099 й.), Алоуддин Самарқандий (ваф. 539/1144 й.), Алоуддин Усмандий (ваф. 552/1157 й.) ва Иброҳим Саффор Бухорий Ҳанафий (ваф.534/1139 й.) каби алломалар билан замондош бўлган[5].
Нуриддин Собунийнинг асарлари кўпчилик олимлар ихтилофда бўлган, каломга тегишли масалаларни тушунарли, содда тилда ва енгил услубда ёзилганлиги билан ажралиб туради. Баъзи олимлар ўзларининг асарларини ёзишда Собунийнинг китобларидан нақллар, иборалар ва далиллар келтиришган. Манбаларда Нуриддин Собуний ва шайх Рашидиддин ўртасида илмий мунозаралар бўлиб ўтгани ҳақида маълумотлар мавжуд. Бу шундан далолат берадики, Собуний форс тилини ҳам яхши билган[6].
Нуриддин Собуний калом илмини устози Абу Муин Насафийдан унинг “Табсиратул адилла” асари асосида ўрганган[7].
Таниқли Ашъарий олим Фахриддин Розий Нуриддин собуний билан калом илми соҳасида жуда кўп бор мунозаралар олиб борган. Хусусан, “Аллоҳни кўриш”, “таквин ва мукавван” ва “Боқийлик” масаласида Розий ва Собуний узоқ баҳслашгани манбаларда келтирилган. Бундан кўринадики, Розий Собунийни ўзига муносиб рақиб деб эътироф этган ва уни Абу Муин Насафийнинг шогирди эканини тан олган. Ҳатто, унга қарата “Эй киши! Мен Абу Муин Насафийнинг “Табсиратул адилла” асарини ўқиб, таҳқиқ ва тадқиқ борасида ундан афзали йўқ эканига амин бўлдим” деган.[8]
Собунийнинг илмий ижодида мотуридийлик қарашлари етакчилик қилади. У асарларида турли чалкаш ва тортишувли масалаларни ажойиб тушунарли тилда баён қилган бўлиб, Абу Мансур Мотуридий ва Абу Муин Насафийнинг қарашларини умумий маънода қабул қилиб асослашга ҳаракат қилган, мотуридийликнинг тизимли мазҳаб ҳолига келиши учун катта хизмат қилган. Калом илмидан бошқа йўналишда асар ёзмаган бўлса-да, китобларининг маълум бир қисми кўп бора кўчирилишини ҳисобга олсак, Собунийнинг олимлар орасида эътиборга эга бўлганлиги маълум бўлади.
Нуриддин Собуний 1184 йил 30 май куни (ҳижрий 580 йил сафар ойининг ўн олтинчи куни) аср намозидан сўнг, оламдан ўтган ва Бухородаги “етти қози” қабристонига дафн этилган[9].
Собунийнинг “Бидоя фи усулид дин” “Бошланғич дин асослари”, “Кифоя фил ҳидоя” “Ҳидоя ҳақида мухтасар китоб” ва “Ал-мунтақо мин исматил анбиё” “Гуноҳлардан ҳоли бўлиш фақат пайғамбарларга хос” номли асарлари бизгача етиб келган.
Собунийнинг мазкур асарлариниг иккита электрон қўлёзма нусхаси Туркиянинг “Lalale” ва Саудия Арабистонидаги “Подшоҳ Абдулазиз” кутубхонасидан Марказ қўлёзмалар фондига олиб келинди.
Унинг асарлари бугунги кунда ҳам исломшунослик йўналишида калом дарсларида ўқитилиши билан алоҳида эътиборга сазовор бўлиб, калом илмининг барча масалаларидан хабардор бўлишни истаган ўқувчи учун энг қулай манбалардан бири бўлиб хизмат қилади.
Тарихда “Имомзода” номи билан танилган Муҳаммад ибн Абу Бакр Бухорий ҳанафийлик ва мотуридийлик таълимоти Бухорода тараққий этишида хизмат қилган алломалардан ҳисобланади. Аллома Бухоро марказидан 4 фарсах (23 км) узоқликда жойлашган “Шарғ” қишлоғида ҳижрий 491, милодий 1098 йилда таваллуд топган [10].
Аллома “Имомзода”, “Шарғий”, “Жуғий”, “Жарғий”, “Рукнул ислом”, “Воиз”, “Муфтий аҳли Бухоро”, “Маждуд дин” ва “Садийдуд дин” каби лақаблар билан лақабланган. У бир муддат Бухорода муфтийлик вазифасида ҳам фаолият олиб бориб, фиқҳ, калом, тасаввуф ва адабиёт илмларида етук аллома бўлган [11].
Имомзода Абул Фазл Заранжарий (в.512), Абу Бакр Сурхакатий (в.518), Розийюддин Нишопурий (в.585) ва Хожа Юсуф Ҳамадоний (в.535)лардан фиқҳ ва калом илмларини ўрганган.
Бурҳонул ислом Зарнужий (в.610), Шамсул аимма Кардарий (в.642), Жамолиддин Маҳбубий Бухорий (в.630), Аҳмад ибн Абдулмалик ибн Умар ибн Абдулазиз ва Саъдуддин Муҳаммад ибн Муҳаммад Авфийлар Имомзоданинг шогирдлари бўлган [12] .
Имомзода Бухорий Мавароуннаҳрда Имом Мотуридийдан кейин унинг таълимотини тарқатган ва ривожланишига ўзларининг ҳиссасини қўшган Абул Ҳасан Сирожиддин Али Фарғоний Ўший (в.575) ва Нуриддин Собуний Бухорий (в.580) билан замондош бўлган.
Абу Муин Насафий (в.508), Иброҳим Саффор Бухорий (в.534), Абу Ҳафс Нажмиддин Умар Насафий (в.537), Абу Бакр Алоуддин Самарқандий (в.539), Абу Сано Маҳмуд Ломиший (в.539) ва Абул Фатҳ Алоуддин Усмандий (в.552) каби фақиҳ ва мутакаллим алломаларни ўзининг шайхлари деб эътироф этган[13].
Имомзода Бухорий Бухорони Мўғуллар томонидан босиб олинган дастлабки йилларда, яъни ҳижрий 573, милодий 1177 йилда вафот этган. Унинг қабри ва қаерда дафн этилгани тўғрисида аниқ маълумотлар берилмаган.
Алломанинг илмий меросига оид учта асар аниқланди. Улар : “Ширъатул ислом”, “Уқудул ақоид” ва “Ғароибул Қуръон” асарларидир. Туркиялик олим Ражаб Жижи Имомзоданинг “Шурутус солат” номли китоби ҳам борлигини қайд этган.
“Ширъатул ислом” асарининг қўлёзма нусхалари Туркия, Саудия Арабистони, Фаластин, Ҳиндистон, Миср ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси “Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик” институтида тўртта нусхаси сақланмоқда.
“Уқудул ақоид” китоби назмий услубда ёзилган бўлиб, унинг қўлёзма нусхаси Туркия, Миср, Саудия Арабистони, Сурия ва Британия китоб фондларида сақланиб келмоқда. Манзуманинг тўлиқ номи “Уқудул ақоид фи фунунил фавоид” “Фойдали илмлардаги эътиқод маржонлари” бўлиб, ушбу асар мотуридий ақидаси бўйича ёзилган манзумалар орасида энг узуни ва ёзилиш тарихига кўра иккинчи ўринда туради. Асар 770 байтдан иборат. Манзума муаллифи яшаган давр ва шу даврда Бухородаги диний вазиятдан келиб чиқиб, 560 ҳижрий 1164-1165 йилларда Сирожиддин Ўший (в.575)нинг “Бадъул амолий” манзумасидан 7-8 йил олдин ёзилган деган хулосага келинди.
Имомзоданинг ушбу асари эътиқодий масалаларга бағишланган бўлиб, содда ва тушунарли тарзда назмий услубда ёзилган. Асарда баъзи ақидада адашган мазҳаблар, фалсафий мушоҳада қилувчилар, даҳрийлар, мунажжимлар, бидъатчи фирқалардан бўлмиш жаҳмийлар, ботинийлар, жабарийлар, мушаббиҳачилар, рофизийлар, қадарийлар ва мўътазилийларга мотуридийлик таълимоти асосида раддиялар берилган. Ушбу раддиялар ҳозирги кундаги ақидада адашган баъзи тоифаларнинг ботил даъволарига асосли раддия бўлади.
Асарнинг олтита электрон қўлёзма нусхалари ҳозирда Марказ қўлёзмалар фондида сақланмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, юртимизда ҳанафийлик мазҳаби ва мотуридийлик ақидаси ривожида бухоролик алломаларнинг ҳиссаси беқиёс бўлган. Мазкур алломаларимиз илмий мерослари софдил, ихлосманд халқимиз ва ёшларимиз турли ёт оқимлар таъсирига тушиб қолмаслигида муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Бугунги кунда исломшунос ва тадқиқотчи олимларимиз бор куч-ғайрати билан мана шундай забардаст алломаларимиз ҳаёти ва илмий меросини ўрганиб, халқимизга танитиш йўлида тизимли тадқиқот ишларини олиб боришмоқда.