Home / АЛЛОМАЛАР / Нажмиддин Умар Насафийнинг ҳаёти ва илмий мероси

Нажмиддин Умар Насафийнинг ҳаёти ва илмий мероси

Нажмиддин Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Исмоил ибн Муҳаммад ибн Али ибн Луқмон Насафий Самарқандий 1068 йили Насафда таваллуд топди. Абу Ҳафс Умар Насафий Қуръон, ҳадис, ақида ва фиқҳ каби билимларни мукаммал билган ва мазкур соҳаларга оид кўплаб илмий мерос қолдирган. Мовароуннаҳрдаги Самарқанд, Бухоро, Насаф, шунингдек Бағдод, Марв каби илм марказларида кўплаб олимлардан илм олган ва қатор шогирдлар етиштириб чиқарган. Шу билан бир қаторда у кишининг устозлари жуда кўп бўлган, уларнинг исмлари «Таъдоду шуюху Умар» деб номланган китобларида келтирган. У кишининг баъзи китобларини «Ҳидоя» асариниг муаллифи Бурҳониддин Марғиноний ва Зоҳийд номи билан машҳур Абу Бакр Балхий ўқиганлар. Унинг яна «Тилбату-т-талаба», 20 жилддан иборат «Ал-ишъор бил-Мухтор мина-л-ишъор», «Мишориъ», 20 жилдлик «Ал-қанд фи зикри уламои Самарқанд», «Тарихи Бухоро», каби асарлари мавжуд. У кишининг инсонлар ва жинларга дарс берганликлари тўғрисида ривоятлар бор. Шунинг учун инсонлар ва жинлар муфтийси деб аталган. Қорий ҳам шуни айтганлар. Ибн Нажжор айтади: У киши фақиҳ, фозил, муҳаддис, муфассир, адиб, ишончли киши бўлиб, тафсир, фиқҳга оид кўп асарлар ёзган.

Умар Ризо Каҳҳоланинг «Муъжаму-л-муаллифийн» асари 7ж/305-306 бетида шундай ёзилади: Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Исмоил ибн Муҳаммад ибн Али ибн Луқмон Насафий Самарқандий (Нажмиддин Абу Ҳафс) муфассир, адиб, фақиҳ, муҳаддис, ҳофиз, мутакаллим, усул илми олими, тарихчи, шоир, луғатшунос, наҳв илми олими Насафда туғилган[1].

Ўз даврида ҳадис илмининг билимдони сифатида «Ҳофиз», фиқҳ олими сифатида «Фақиҳ», йирик тасаввуф намоёндаси сифатида «Зоҳид» унвонларига мушарраф бўлган. Мовароуннаҳрда ҳанафий мазҳабининг ривожмга қўшган улкан ҳиссаси боис олим исмига «Ҳанафий» нисбаси ҳам қўшиб айтилади. Асли Насафдан бўлган Абу Ҳафс Умар Насафий умрининг асосий қисмини Самарқандда ўтказгани учун манбаларда «Насафий сумма Самарқандий» (Насафлик, сўнгра Самарқандлик) дея тавсифланади. Насафнинг қадимий номи «Нахшаб» бўлгани боис, муаллифнинг насаби баъзи манбаларда «Нахшабий» шаклида ҳам учрайди.

Абу Ҳафс Умар Насафий ёшлик даврини Насафда ўтказган, 30 ёшидан сўнг Самарқандга борган. Умрининг асосий, илмий-ижодий қисмини шу шаҳарда ўтказган ва ўз таҳсилини давом эттирган. Шаҳардаги «Дору-л-Жузжония» номли марказ унинг етук олим бўлиб етишишида катта аҳамият касб этган.

Абу Ҳафс Умар Насафий 1113 йили 45 ёшида Маккаи Мукаррамага ҳаж ибодати учун йўл олади. Ўз сафари давомида Бағдод шаҳрида бўлиб, у ердаги таниқли олимлар суҳбатидан баҳраманд бўлади. Амир Хумортегин ибн Абдуллоҳ мадрасасида ҳадис илмидан сабоқ беради. Ҳадис ровийси Абулқосим ибн Баёндан ҳадислар ёзиб олади. Абул Аббос Муҳаммад ибн Юнус Қудаймий ва Сарахсда Абул Фазл Муҳаммад ибн Аҳмад Соиғий каби уламолардан ҳадислар эшитади. Бағдодлик муҳаддис олим Ибн Нажжор Абу Ҳафс Умар Насафий жамлаб таълиф этган «Татвилу-л-асфор ли-таҳсили-л-ахбор» («Хабарлар талабидаги узоқ сафарлар») номли асарини тўлиқ ўзлаштириб, уни ўз шогирдларига ривоят қилган. Мазкур асарда Абу Ҳафс Умар Насафий ўзининг барча устозлари ҳақида маълумотлар келтирган. Аммо олимнинг Бағдод, Макка ва Мадинага қилган сафари узоққа чўзилмай, у тез орада ўз она юртига қайтган.

Абу Ҳафс Умар Насафий кейин Самарқандда яшаб қолган ва 74 йил умр кечириб жуда сермаҳсул ижод қилган. У кўпроқ Самарқанд шаҳрининг «Сиққату-л-лаббодин» («Кигизчилар кўчаси») мавзеидаги кўчаларнинг бирида ҳаёт кечирди. Бу маҳалла кейинчалик унинг шарафига «Зуқоқ Аби Ҳафс Умар ибн Муҳаммад Насафий» (Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад Насафий кўчаси) деб атала бошлади.

Абу Ҳафс Умар Насафий у ерда 1142 йил 3 октябр (жумадул ула ойининг 12 санаси) да вафот этган. Олим Чокардиза қабристонига, буюк мутакаллим, «Имому-л-ҳуда» (Тўғри йўлга бошловчи Имом) Абу Мансур Мотуридий ёнига дафн этилган[2].

Имом Бухорий халқари илмий-тадқиқот маркази
Каломшунослик шуъбаси илмий ходими
Н. Эшмуродов

[1] Абу Ҳафс Умар Насафий «Талабалар истаги» Имом Бухорий халқаро маркази Самарқанд 2016

[2]Имом   Бухорий  Халқаро Маркази «Ўрта Аср Шарқ Алломалари Энциклопедияси». Самарқанд 2016

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …