Home / МАҚОЛАЛАР / ЕВРОПА МАМЛАКАТЛАРИДА ИСЛОМШУНОСЛИК ТАДҚИҚОТЛАРИ

ЕВРОПА МАМЛАКАТЛАРИДА ИСЛОМШУНОСЛИК ТАДҚИҚОТЛАРИ

Бугунги кунда Европа мамлакатларида мусулмонлар сонининг тобора ортиб бораётгани ва бу ҳол айниқса, Германия, Англия, Франция ва Италияда кўпроқ кузатилаётгани барчага маълум. Санаб ўтилган давлатларда исломшунослик фани ўз тарихига эга бўлиб, ислом тарихи ва фалсафаси, ислом илмлари бўйича кўплаб асарлар ёзилганига қарамай, узоқ  йиллар давомида бу фанга шарқшуносликнинг бир бўлаги деб қаралиб, ислом дини тарқалиши натижасида унга юзага келган ислом цивилизацияси сифатидаги ёндашув етакчилик қилаётган эди. Эндиликда Европада мусулмон жамоаларининг кенгайиб бораётгани Ғарб олимларини исломни алоҳида фан объекти сифатида тадқиқ қилиш, унинг турли маданиятларда қандай синтезлашиб кетганини ўрганиш, шунингдек, европаликлар орасида исломга қизиқишнинг ортишига сабаб бўлаётган омилларни ўрганиш замонавий исломшуносликнинг тадқиқот йўналишларидан бирига айланиб бормоқда.

Хозирги замонда Ўзбекистон исломшунослигида катта ўзгаришлар бўлиб ўтмоқда. Ўзбекистон халқаро ислом академияси, ЎзР ФА Шарқшунослик институти, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида исломшуносликка тааллуқли фанлар бўйича дастурлар, ўқув қўлланмалар ва дарсликлар яратилмоқда. Долзарб муаммолар ечимини аниқлашга қаратилган докторлик диссертациялари ҳимояси ўтказилмоқда.

Бу соҳада фаолият олиб борувчи мутахассислар нафақат маҳаллий, балки чет тиллардаги махсус адабиётлардан фойдаланиш, Европа исломшуносларининг асарлари билан танишиш имкониятига эга бўлишди. Ҳозирги даврда нафақат хорижий Шарқ мамлакатлари, балки Ғарб давлатларида ҳам исломшунос олимларининг асарларини чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш, шу билан бирга, мутахассисларнинг дунёқарашини кенгайтириш ва янги мавзулардаги тадқиқотлар олиб бориш долзарб аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон олий таълим тизимида ўтаётган ислоҳотлар Европада ривожланган, етакчи давлатларнинг  олий таълим соҳасидаги ижобий  тажрибасидан фойдаланишни талаб этмоқда. Буюк Британия, Германия, Франция, Голландия, ва Туркияда ихтисослашган университет, институт ва илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилди, уларда исломшунослик фани бўйича турли ўқув курслари ўқитилмоқда.

Хорижий адабиётларни ўрганиш натижасида маълум бўлдики, Ғарбий Европа давлатларида, хусусан, Буюк Британияда исломни ва мусулмон оламини илмий ўрганиш шарқшунослик фанининг ичида олиб борилган. Тадқиқотларда Яқин Шарқ ва Марказий Осиё давлатлари қизиқиш доирасига қамраб олинган. Илк изланишлар 1632 йилда Кембриж ва 1634 йилда Оксфорд университетлари томонидан амалга оширилди[1]. XIX асрга келиб, Буюк Британиянинг мусулмон олами билан савдо-тижорат алоқалари кенгайгандан сўнг бу соҳага қизиқиш янада ортди. ХХ асрда эса ислом оламининг маданияти ва тилини тадқиқ қилиш дипломатия, сиёсат ва халқаро иқтисодий ривожланишда муҳим омил сифатида баҳоланди ва унга катта эътибор берила бошлади.

Исломшунослик шарқшуносликдан чиққани ҳолда ўзининг методологиясига, асосий мавзулари ва классик матнларига эга бўлган фан сифатида шаклланди, десак бўлади. Айрим олимлар унда кўпроқ араб тилига, классик матнларга ва ислом динининг асосий манбалари ҳисобланган Қуръон ва Ҳадисга урғу берсалар, бошқалари уни сиёсий, ижтимоий ва антропологик жиҳатдан ўрганишга ёндашишни маъқул кўрадилар.

Исломшунослик фанига тавсиф беришда англиялик олим доктор Атоуллоҳ Сиддиқий қуйидагиларни ёзади: “Исломшунослик битта фан эмас, балки исломни тадқиқ қилиш давомида унинг тарихига, фалсафасига, илоҳиётга, санъатга ва архитектурага аҳамият берилиши лозим. Лекин шуни ишонч билан айтишим мумкинки, исломшуносликни ўқитиш жараёнида шундай ядро борки, биз унинг университетлар таълим дастурига киритилишига қаттиқ эътибор беришимиз лозим. Бу классик ядро Қуръон, яъни барча исломий илмларнинг асоси сифатида намоён бўлади. У ўз ичига ҳадисни, айрим фиқҳий илмларни ва ислом тарихини Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.) туғилган йилдан бошлаб ўрганишни ўз ичига олади деб, айта оламиз”[2].

Буюк Британияда ушбу турфа қарашлар фаннинг ўзида ва ундаги ёндашувларда ҳам ўз аксини топмоқда. Бугунги кунда Британияда мусулмонларнинг сони кўп бўлишига қарамай, Оксфорд университетининг ичида ташкил этилган исломшунослик марказидан ташқари бундай номда аталувчи марказлар жуда ҳам кам учрайди. Айрим университетлардаги факультетларнинг номига эътибор берадиган бўлсак, исломшунослик масалаларини ўрганадиган фанлар “Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари маданияти” деб номланади. Айнан шу йўналишларнинг ичида ушбу давлатлар маданиятининг бир қисмини ташкил этувчи ислом дини ҳам ўрганилади[3].

Исломшуносликнинг Англия олий таълим тизимида ўқитилишига тўхталадиган бўлсак, Буюк Британия университетларида ислом илмларини тадқиқ қилувчи ва ундан дарс берувчи олимларнинг етишмаслиги бу фанни ўқитиш олдида турган муаммолардан бири бўлиб қолмоқда.

2007 йилда исломий тадқиқотлар ўтказиш Буюк Британиянинг миллий қизиқишларида стратегик жиҳатдан муҳим деб белгиланди. Қиролликда мусулмонлар сонининг кўпайишини ҳисобга олган ҳолда, олимлар орасида ҳам фан соҳасининг стратегик  долзарблиги тўғрисида баҳслар ва мунозаралар ўтказилди. Ушбу мунозаралар давомида баъзи олимлар исломшунослик соҳасига академик мустақиллик берилишини, фанни “сиёсийлаштиришга” скептик ёндашишни қўллаб-қувватласалар, қолганлари ҳозирги кунда давлат аҳамиятидаги масалаларни, айниқса, экстремизмга қарши курашишда унинг роли муҳимлигини изоҳлаб ўтишди[4].

Германияда ислом ва ислом маданиятини ўрганиш тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. 1143 йилда Испанияда Қуръоннинг лотин тилидаги илк таржимаси тайёрланди ва Швейцариянинг Базель шаҳрида биринчи бор нашрдан чиқарилди. Унинг қайта ишланган нашри Германияда 1546 йилда чиқди ва кейинги 400 йил мобайнида Европада ўз аҳамиятини сақлаб қолди.

Германияда араб тилини илмий ўрганиш эса, XVI асрда, яъни бир қанча қўлёзма манбалар Ҳейдельбергдаги кутубхонага келиб қолганда ва суриялик христианлар ушбу қўлёзмалар устида иш олиб боришганда бошланди. Лекин ўша даврда исломшуносликнинг ҳақиқий маркази сифатида Голландия тан олинди. Унинг ёрқин намояндалари сифатида Томас Эрпениус (ваф.1624 й.) ва Жакоб Голиус (ваф.1667 й.) қайд этилади. Айнан улар томонидан Ибн Туфайлнинг “Ҳай ибн Яқзон” китоби араб тилидан лотин тилига таржима қилинди[5].        

Германияда исломшунослик XIX асрда шарқшуносликдан алоҳида фан сифатида ажралиб чиқди ва соҳа бўйича кўплаб изланишлар амалга оширилди[6]. Лекин тадқиқотлар кўп ҳолларда филологияга ҳамда Жанубий Африка ва Осиё халқлари маданияти ва тарихини матнлар асосида ўрганишга асосланар эди. 1933 йилга қадар Германия олимлари академик институтлар томонидан қўллаб-қувватланган ва изланишлар олиб бориш имкониятига эга бўлганлар. Лекин 1933-1945 йиллар оралиғида олимларнинг эркинлиги чекланиб, бу соҳадаги изланишлар бир қанча муддатга тўхтаб қолди[7].

XIX асрда исломшунослик соҳасига танқидий ёндашув ва шу турдаги асарлар кенг тарқалди. Уларнинг пайдо бўлишига туртки бўлган омил – бу шарқшунослик соҳасидаги ютуқлар ва айниқса Германия шарқшунослигида олиб борилган изланишларни алоҳида қайд этиб ўтиш лозим.

1960-1970 йиллар давомида яна шарқшунослик соҳасини ривожлантиришга уринишлар бўлди. 1972 йилда Германия шарқшунослик жамияти томонидан берилган ҳисоботда исломни алоҳида фан сифатида ўрганишга ва тил кўникмаларини ривожлантириб, ислом маданиятини тадқиқ қилишга эътибор қаратишга бир қанча сабабларни келтириб ўтилди[8]

Францияда исломшунослик XVI асрда бошланган. 1539 йилдан “Collège de France” коллежида араб тили ўқитила бошлади ва 1793 йилда Шарқ тилларини ўқитиш учун миллий мактаб ташкил этилди. XVIII асрдан мусулмон мамлакатларига сафарлар уюштириш ва уларнинг аҳолиси билан қизиқишга эътибор ошгунга қадар шарқшуносликнинг матнли ва филологик анъаналари тизимидаги таълим тизими Францияда етакчи ўринда бўлган. Шундан сўнг исломга этнографик жиҳатдан қизиқиш кучайди ва араб илмларини ўқитиш бўйича марказлар очишга эҳтиёж туғилди[9].

Франциянинг ўзида эса иккинчи жаҳон урушидан сўнг “Institut d’Études Islamiques” (Исломшунослик институти) биринчи бўлиб Сарбоннада ташкил этилган. Арабистон яримороли  ва Ўрта Шарқ мамлакатларини ўрганиш бўйича 1962 йилдан сўнг Бордо, Ланс ва Страсбургда тадқиқот марказлари очилди. Ушбу марказларнинг ташкил этилиши эндиликда  исломга шарқшуносликнинг бир бўлаги сифатида қарашдан узоқлашиб, алоҳида фан сифатида шаклланишига туртки бўлди. 1997 йилда Сарбонна университетининг ислом тарихи бўйича профессори Муҳаммад Аркон таъкидлаганидек, “…Францияда исломга нисбатан лингвистик, сиёсий ва тарихий жиҳатдан ёндашиш устунлик қилаётгани сабабли ижтимоий ва антропологик қарашлар иккинчи даражага тушиб қолган”[10].

1907 йилдан Европада мусулмон оламини тадқиқ қилиш учун махсус марказлар ташкил этила бошлади. Бундай марказлардан дастлабкиси профессор Беккер томонидан 1910-йилда “Der Islam” номи остида очилди.

Ислом дини Францияда эътиқод қилувчилар сони бўйича Рим католицизмидан кейинги 2-ўринни эгаллайди. Исломга эътиқод қилувчилар умумий аҳолининг 5-10% ини ташкил этиб, бу Ғарбий Европада мусулмонлар сонининг кўрсаткичи бўйича 3-ўриндир. Маълумотларга кўра, мусулмонларнинг асосий қисми суннийлик мазҳаби вакиллари ҳисобланади[11]

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, сўнгги йилларда олиб борилган тадқиқотлар натижасига кўра, Францияда мусулмонлар бошқа Ғарб мамлакатларига нисбатан ўзларини эркинроқ ҳис қилар эканлар.

Францияда секуляризм (дунёвийлик) анъаналарига қаттиқ амал қилиниши давлат томонидан молиялаштириладиган институтлар ва диний ташкилотлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларининг чекланиб қолишига сабаб бўлмоқда. Ислом таълим институтлари кўп ҳолларда алоҳида мустақил фуқаролик жамияти уюшмалари тарзида ташкил этилиб, унда асосан имомлар ва шу билан бир қаторда, араб тили ва ислом илмларини ўргатишга ҳам аҳамият қаратилади[12].

 Бугунги кунда Францияда исломшуносликни ўқитишдаги асосий ёндашувлар бу лингвистик ва адабий ёндашувлардир. Буларга мисол тариқасида сиёсатшунослик, тарих, антропология, дин социологияси кабиларни келтириш мумкин. Франциянинг Сарбонна университетида кўпроқ тилларга урғу берилса, Париж университети “Ўрта асрларда ислом” мавзусига кўпроқ эътиборни қаратади.

Ижтимоий фанлар таркибига кирувчи сиёсий жиҳатдан ўрганиш имконияти “Institut d’Études Politiques” (Сиёсатшунослик институти)да мавжуд. Ушбу институт бир қанча олимларни ўзида жамлаган “The Centre d’Études et de Recherches Internationales” (Халқаро таълим ва тадқиқотлар) миллий маркази билан ҳамкорлик қилади.

Ислом ва мусулмон жамияти бўйича олиб борилган тадқиқотлар турли фанлар йўналишида, жумладан, тарих, сиёсат, социология, антропология, тил ва адабиёт соҳаларида тадқиқотлар олиб боришни кўзда тутган марказларда амалга оширилади. Ушбу марказларнинг кўпчилиги Ўртаер денгизи мамлакатларига эътиборни қаратиб, Франциянинг мусулмон жамияти билан узоқ йиллик тарихини ўрганишни ўз ичига олади.

Франция олимлари исломшуносликни ўқитиш бўйича бир қанча йўналиш ва ёндашувларни ишлаб чиққанлар, лекин шуни ҳам қайд этиш жоизки, бу соҳада таълим олаётган талабалар сони камчиликни ташкил этади. Францияда сўнгги йиллар давомида исломга бағишланган кўплаб китоблар нашр этилганига қарамай, уларнинг кўпчилиги публицистик жанр усулида ёзилган.

Хулоса қилиб айтганда, кўриб чиқилган Европа мамалакатларида исломшунослик ҳали ҳам алоҳида фан сифатида шаклланмоқда. Бу фан соҳаси ҳақида билдирилган фикрлар турлича ва олимларнинг қарашлари тарқоқ ҳолда ривожланаётганини кузатишимиз мумкин. Европа мамлакатларида исломшуносликни ўқитишда йўлга қўйилган ёндашувлар ва самарали лойиҳалар билан танишиш, ўзига хос илмий тадқиқот тажрибасини Ўзбекистоннинг махсус олий ўқув юртларига, хусусан Ўзбекистон халқаро ислом академиясига,  жорий қилиш бугунги кун талабларига жавоб беради, деган фикрдамиз.

 

[1] Albert  Hourani, Islam in European Thought.Cambridge: CUP,1991.– P.13. 
[2] Dr. Ataulloh Siddiqui. Islam at universities in England: Meeting the needs and investing in the future. England.: Minister of state for lifelong learning and further and higher education, 2007. – P. 27. 
[3] International approaches to Islamic studies in higher education. A report to HEFCE. Subject Centre for Languages, Linguistics and Area Studies and Subject Centre for Philosophical and Religious Studies. Great Britain, 2008.– P.16.
[4] Islamic Studies Network project team. Teaching Islamic Studies in higher education. England, 2010. – P.12. 
[5] Annemarie Schimmel. Islamic Studies in Germany: A Historical Overview. Islamic Research Institute, International Islamic University, Islamabad, 2010. – P.401.
[6] Mouton de Gruyter. Mapping Islamic Studies: Genealogy, Continuity, and Change. The Study of Islam in German Scholarship by Jacques Waardenburg. Berlin: New York, 1997.– P.5.
[7] Andrew Higgens. The Lost Archive: Missing for Years, Cache of Photos Spurs Research on Islam’s Hallowed Text. The Wall Street Journal. 2008. – P. 14.  
[8] International approaches to Islamic studies in higher education. A report to HEFCE. Subject Centre for Languages, Linguistics and Area Studies and Subject Centre for Philosophical and Religious Studies. Great Britain, 2008 – P.25
[9] Mouton de Gruyter. Mapping Islamic Studies: Genealogy, Continuity, and Change. The Study of Islam in French Scholarship by Mohammed Arkoun. Berlin: New York, 1997. – P. 33.
[10] International approaches to Islamic studies in higher education. A report to HEFCE. Subject Centre for Languages, Linguistics and Area Studies and Subject Centre for Philosophical and Religious Studies. Great Britain, 2008.–  P.19.
[11] http://en.wikipedia.org/wiki/Islam_in_France
[12] International approaches to Islamic studies in higher education. A report to HEFCE. Subject Centre for Languages, Linguistics and Area Studies and Subject Centre for Philosophical and Religious Studies. Great Britain, 2008. – P.21. 
 
Саидакбар АГЗАМХОДЖАЕВ
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
“Ислом тарихи ва манбашунослиги IRCICA” кафедраси профессори,
тарих фанлари доктори

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …