2021 йил 25 июнда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Самарқанд вилоят ҳокимлиги ҳамда Имом Бухорий халқаро-илмий тадқиқот маркази ҳамкорлигида ўтказилган парламент форуми шу мавзуга бағишланди.
Ўзбекистон Республикаси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, расмий дин вакиллари, мамлакатимизда фаолият олиб бораётган миллий-маданий марказлар ва диний конфессиялар раҳбарлари иштирокида ташкил этилган форумни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов ҳамда Парламентлараро Иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг кириш сўзи билан очиб берди.
Форум ишининг асосий қисмида Ўзбекистоннинг миллатлараро муносабатлар соҳасидаги давлат сиёсатининг устивор йўналишлари, мазкур соҳадаги фаолият устидан парламент назорати механизми, Ўзбекистонда диний бағрикенгликнинг тарихий илдизлари, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни таъминлашнинг ҳуқуқий асослари, Ўзбекистон Республикасида миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлашда парламентнинг ўрни ва шу каби бошқа мавзуларга оид қизиқарли маърузалар тингланди. Уларда танланган мавзу пировардида ўта актуаллиги, мазкур долзарблик доимий аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Форумда иштирокчилар шунингдек, мамлакатимизда миллатлараро тотувликни ҳамда диний бағрикенгликни таъминлаш йўналишида олиб борилаётган амалий тадбирларни эътироф этишди. Жумладан, Ўзбекистонда таълим 7 тилда, яъни ўзбек, қорақалпоқ, рус, тожик, қозоқ, қиргиз ва туркман тилларида олиб борилишини, теле-радио кўрсатув ва эшиттиришлар 12 тилда эфирга узатилаётганини, газета ва журналлар 10 тадан ортиқ тилда чоп этилаётганини мамлакатдаги миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатлик муҳитининг амалдаги намунаси сифатида баҳолашди.
Тадбир давомида республикамизда мазкур соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самаралари бирма-бир кўрсатиб ўтилиб, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик ўзаро бир-бирини бефарқлик асосида эмас, балки ўзаро тушуниш, мулоқотга киришиш ва ҳамжиҳатликда ҳаёт кечиришга асосланиши лозимлигига аҳамият қаратилди.
Форум якунида Ўзбекистоннинг сиёсати – миллий ҳамжиҳатлик ва диний бағрикенглик сиёсати эканлиги алоҳида таъкидланди ва ушбу сиёсат мамлакатимизда тинч ва фаровон ҳаётни таъминлаш, муҳим маданий-маърифий вазифаларни ҳал этиш, шунингдек хорижий давлатлар билан ҳамкорликни янада ривожлантиришга кенг имконият яратиши қайд этилди.