Илм талабида юрт кезганлари ва ёзган асарлари
Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Бухорий айтганлар: «Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоилдан эшитдим: “Ҳаж қилдим. Акам онамни олиб қайтдилар. Мен ҳадис илми талабида қолдим. 18 ёшга етганимда “Қазоё ас-саҳобати ват-тобеъин ва ақовийлуҳум” (Саҳобалар ва тобеъинларнинг фатволари ва айтган сўзлари) китобини ёза бошладим. Бу Убайдуллоҳ ибн Мусо даврларида эди.
“Ат-Тарих” китобини ҳам ўша пайтда ойдин кечаларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари ёнида ёздим. Ушбу китобимга кирган ҳар бир шахснинг ўз қиссаси бор. Лекин китобнинг чўзилиб кетишини хоҳламаганим учун уларни ёзмадим.
Марвда фақиҳларнинг мажлисларига борардим. Ёш эдим. Учрашганимда уларга салом беришдан уялардим. Ўша дарсларни тартибга солувчи бир киши мендан: “Бугун қанча ёздинг?” деб сўради. Мен: “Иккита”, дедим. Бу билан иккита ҳадисни назарда тутгандим. Ҳозир бўлганлар кулишди. Шунда шайхлари: “Кулманглар, шундай бир кун келиб, у сизларнинг устингиздан кулиши мумкин”, деб айтдилар».
Бизга Муаммал ибн Муҳаммад ва бошқалар, уларга Абул Юмн Киндий, у кишига Абу Мансур Қаззоз, у кишига Абу Бакр Хатиб, у кишига Райда Али ибн Муҳаммад Аттор, у кишига Абул Ҳайсам Кушмиҳаний, у кишига Фирабрий хабар бердилар: «Менга Муҳаммад ибн Исмоил: “Мен “Саҳиҳи Бухорий”га қайси ҳадисни ёзган бўлсам, ундан олдин ғусл қилиб, икки ракат намоз ўқирдим”, дедилар».
Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим айтганлар: «Абу Абдуллоҳдан: “Китобингизга киритган барча ҳадисларни ёддан биласизми?” деб сўрадим. У киши жавоб бердилар: “Китобимдаги бирорта ҳадис ҳам хотирамдан кўтарилган эмас. Барча китобимни уч мартадан ёзганман. Агар баъзи устозларим тирилиб келсалар, “Тарих” китобимни қандай ёзганимни тушунмасдилар, билмасдилар. Уни ҳам уч марта ёзганман.
Исҳоқ ибн Роҳавайҳ “Ат-Тарих” китобимни Абдуллоҳ ибн Тоҳирнинг ҳузурларига олиб кириб: “Эй амир, сизга сеҳр кўрсатайми?” деб сўрадилар. Амир китобга қарадилар ва ажабланиб: “Унинг қандай ёзилганига фаҳмим етмади”, дедилар».
Халаф Хайём айтганлар: «Исҳоқ ибн Аҳмад ибн Халафнинг: “Муҳаммад ибн Исмоил Ироққа 210 йилнинг охирида кириб келдилар”, деганларини эшитдим».
Муҳаммад ибн Абу Ҳотим айтганлар: «Бухорийнинг қуйидаги сўзларини эшитдим: “Бағдодга саккиз марта бордим. Ҳар борганимда Аҳмад ибн Ҳанбал билан ўтирар эдим. Охирги марта у киши билан хайрлашаётганимда: “Эй Абу Абдуллоҳ, илм ва олимларни ташлаб Хуросонга кетасизми?!” дедилар. Ҳозир ҳам у кишининг айтган сўзлари ёдимда».
Абу Абдуллоҳ Ҳоким айтганлар: “Имом Бухорий Найсобурга дастлаб 209 йилда, кейин 250 йилда келганлар. Найсобурда беш йил истиқомат қилганлар. Доимо ҳадис айтганлар”.
Бизга Абу Ҳафс ибн Қаввос, у кишига Абул Қосим ибн Ҳарастоний 609 йилда ўқиб хабар бердилар. Мен ҳам ўша ерда эдим. У кишига фақиҳ Абул Ҳасан Али ибн Мусаллам, у кишига хатиб Ҳусайн ибн Муҳаммад, у кишига Муҳаммад ибн Аҳмад Ғассоний, у кишига Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Одам, у кишига Муҳаммад ибн Юсуф Бухорий хабар берганлар: “Бир кеча Муҳаммад ибн Исмоилнинг уйларида қолдим. У кишининг ўша кеча 18 марта туриб чироқни ёқиб ёдларига тушган нарсаларни ёзиб қўйганларини ҳисобладим”.
Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ айтганлар: “Абу Абдуллоҳ билан сафарга чиқадиган бўлсак, фақат қаттиқ совуқдагина бир уйда ётар эдик. У кишининг бир кечада 15-20 марта уйғониб, чақмоқтош олиб чироқ ёққанларини, сўнгра ҳадисларни тахриж қилиб белгилаганларини кўрар эдим”.
Ибн Адийнинг айтишларича, Абдулқуддус ибн Ҳаммом кўп шайхларнинг: «Имом Бухорий “Ал-Жомеъ”даги таржималарини (ҳар бир бобга қўйилган сарлавҳа) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари ва минбарлари орасида турган ҳолатда ёздилар. Ҳар бир бобни ёзиш олдидан икки ракат намоз ўқир эдилар”, деганларини эшитганлар».
Бухорий айтганлар: «Мен: “Ас-Саҳиҳ”ни ўн олти йил давомида ёздим. Уни ўзим билан Раббим орасидаги ҳужжат қилдим».
Бухорий айтганлар: “Найсобурда муқим бўлган пайтимда Бухородан яқинларимдан салом мактублари келиб турар эди. Мен ҳам уларга салом йўллаб хат ёзардим. Салом юборишда айрим қариндошларимнинг исмларини унутиб қўйган бўлсам-да, ҳадис илмининг заррачаси ҳам хотирамдан кетгани йўқ эди. Ҳадис ёзишим уларга мактуб ёзишим каби эмасди. Ҳадисни бир кишидан ёзсам, тушунадиган кишидан унинг исмини, кунясини, насабини, ҳадис олиш вазиятини сўрардим. Мабодо сўраётган кишим тушунмайдиган одам бўлса (яъни тушунчасида заифлик бўлса), албатта, ҳадиснинг аслини ва нусхасини сўраб-суриштириб кейин ёзардим. Аммо бошқалар нима ёзганларига ва қандай ёзганларига у қадар эътибор қилишмасди”.
давоми бор…