“Саҳиҳул Бухорий”нинг тафсир илмидаги аҳамияти
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Бардизбаҳ. Бошқа бир ривоятда – Баздузбаҳ. Бухороча бу сўзнинг маъноси деҳқон.
Аслида мажусий бўлган Муғийра Бухоро волийси Ямон Жуъфий қўлларида исломга кирганлар. Исмоил ибн Иброҳим ўқимишли бўлганлар.
Бизга Ҳасан ибн Али, у кишига Жаъфар Ҳамадоний, у кишига Абу Тоҳир ибн Силафа, у кишига Абу Али Бардоний, у кишига Ҳаннод ибн Иброҳим, у кишига ҳофиз Муҳаммад ибн Аҳмад, у кишига Абдураҳмон ибн Муҳаммад ва Муҳаммад ибн Ҳусайн хабар бердилар. Буларга Исҳоқ ибн Аҳмад ибн Халаф, у кишига Бухорий айтиб берганлар: “Отам Молик ибн Анасдан ҳадис эшитганлар. Ҳаммод ибн Зайдни кўрганлар. Абдуллоҳ ибн Муборак билан икки қўллаб саломлашганлар”.
Абу Абдуллоҳ 194 йил шаввол ойида таваллуд топганлар. Буни Абу Абдуллоҳнинг “Шамоилул Бухорий” китобларини жамлаган котиб Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Бухорий айтганлар. Бу – катта китоб. Менга Аҳмад ибн Абул Хайр бу тўғрида Муҳаммад ибн Исмоил Тарасусийдан хабар бердилар. Ҳофиз Муҳаммад ибн Тоҳир у кишига ижозат хати берганлар ва айтганлар: «Бизга Аҳмад ибн Али ибн Халаф, у кишига Абу Абдуллоҳ Суламийни зиёрат қилиш учун Марвдан келган Абу Тоҳир Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Маҳравайҳ Форисий Муаддиб, у кишига Абу Муҳаммад Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Юсуф ибн Матар Фирабрий, у кишига боболари: “Мен Муҳаммад ибн Абу Ҳотимдан эшитдим”, деб хабар берганлар ва китобни мана шу санад билан зикр қилганлар».
Сўнгра Абу Абдуллоҳ ҳақларида Исмоил ибн Абдураҳмон, у кишига 616 йилда фақиҳ Абдуллоҳ ибн Аҳмад, у кишига Муҳаммад ибн Абдулбоқий, у кишига Абу Бакр Аҳмад ибн Али, у кишига ҳофиз Ҳибатуллоҳ ибн Ҳасан, у кишига Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳафс, у кишига Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Сулаймон, у кишига Халаф ибн Муҳаммад, у кишига Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Фазл Балхий хабар берган эканлар: «Отамнинг: “Ёшлик пайтларида Муҳаммад ибн Исмоилнинг кўзлари кўрмай қолди. Оналари тушларида Иброҳим алайҳиссаломни кўрдилар. Иброҳим алайҳиссалом айтдилар: “Эй она! Сенинг кўп йиғинг ва дуоларинг билан Аллоҳ таоло ўғлингга кўз нурини қайтарди”. Тонг отганда қарасак, ҳақиқатан Аллоҳ унга кўз нурини қайтарибди, деганларини эшитдим».
Юқоридаги санад билан Муҳаммад ибн Абу Ҳотимгача ривоят қилинади: «Бир куни Абу Абдуллоҳдан: “Илмга ташналигингиз қандай бошланди?” деб сўрадим. “Мактабдалигимдаёқ менга ҳадис ёдлаш илҳоми берилди”, дедилар. Мен яна: “Ўшанда неча ёшда эдингиз?” деб сўрадим. Айтдилар: “Ўн ёки ундан кичикроқ ёшда эдим. Ўн ёшдан сўнг бошланғич мактабдан чиқдим. Устоз Дохилий ва бошқаларнинг сабоқларига қатнай бошладим. Бир куни Дохилий бизга ҳадис ўқиб бераётганларида: “Суфён Абу Зубайрдан, у Иброҳимдан”, деган санадни айтдилар. Мен у кишига: “Абу Зубайр Иброҳимдан ривоят қилмаган”, дедим. Шунда мени жеркиб бердилар. У кишига: “Асл манбага қаранг”, дедим. Уйга кириб китобларига қараб чиқдилар ва мендан: “Айтганинг тўғри экан, эй бола. Буни қандай билдинг?” деб сўрадилар. Мен: “Иброҳимдан Абу Зубайр эмас, Зубайр ибн Адий ривоят қилганлар”, дедим. Мендан қаламни олиб китобдаги хатони тузатиб қўйдилар. “У кишининг хатоларини тузатганингизда неча ёшда эдингиз?” деб сўралганда, Абу Абдуллоҳ: “Ўн бир ёшда эдим. Ўн олти ёшга етганимда, Ибн Муборак ва Вакиънинг китобларини ёдладим. Уларнинг ҳадис тўғрисида ёзган сўзларини билар эдим. Ўша вақтда онам ва акам Аҳмад билан Маккага бордик. Ҳаж қилиб бўлганимиздан сўнг акам онамни олиб қайтдилар. Мен ҳадис илмини ўрганиш учун қолдим”, деб жавоб бердилар».
Устозлари ва шогирдлари баёни
Имом Бухорий Бухородан сафар қилишларидан олдин ўзларидан ёшлари катта бўлган Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Ямон Жуъфий Муснадий, Муҳаммад ибн Салом Пайкандий ва бошқалардан ҳадис эшитганлар. Булар – имом Бухорийнинг илк устозлари.
Сўнгра Балхда Маккий ибн Иброҳимдан ҳадис эшитганлар. Бу киши Бухорийнинг санаддаги олий (юқори) шайхларидан. Марвда Абдон ибн Усмон, Али ибн Ҳасан ибн Шақиқ, Садақа ибн Фазл ва бошқалардан, Найсобурда Яҳё ибн Яҳё ва бошқалардан, Райда Иброҳим ибн Мусодан ҳадис эшитганлар.
210 йилнинг охирида Ироққа келганларида Бағдодда Муҳаммад ибн Исо ибн Таббоъ, Сурайж ибн Нўъмон, Муҳаммад ибн Собиқ ва Аффондан ҳадис эшитганлар.
Басрада Абул Осим Набил, Ансорий, Ибн Авннинг шогирдлари Абдураҳмон ибн Ҳаммод Шуъайсий, Муҳаммад ибн Аръара, Ҳажжож ибн Минҳол, Бадал ибн Муҳаббир, Абдуллоҳ ибн Ражо ва бошқалардан ҳадис эшитганлар.
Куфада Убайдуллоҳ ибн Мусо, Абу Нуъайм, Холид ибн Махлад, Талқ ибн Ғанном, Холид ибн Язид Муқрийдан (булар Ҳамзанинг шогирдлари), Маккада Абу Абдураҳмон Муқрий, Халлод ибн Яҳё, Ҳассон ибн Ҳассон Басрий, Абул Валид Аҳмад ибн Муҳаммад Азрақий ва Ҳумайдийдан, Мадинада Абдулазиз Увайсий, Аюб ибн Сулаймон ибн Билол, Исмоил ибн Абу Увайсдан, Мисрда Саъид ибн Абу Марям, Аҳмад ибн Ишкоб, Абдуллоҳ ибн Юсуф, Асбағ ва бошқалардан, Шомда Абул Ямон, Одам ибн Абу Иёс, Али ибн Айёш, Бишр ибн Шуъайб, Абул Муғийра Абдулқуддус, Аҳмад ибн Холид Ваҳбий, Муҳаммад ибн Юсуф Фирёбий, Абу Мусҳир ва булардан бошқа кўплардан ҳадис эшитганлар.
Имом Бухорийнинг энг олий шайхлари Абу Осим, Ансорий, Маккий ибн Иброҳим, Убайдуллоҳ ибн Мусо, Абул Муғийра ва бошқалар тўғридан-тўғри тобеъинларнинг ўзларидан ҳадис ривоят қилганлар.
Ўрта шайхлари Авзоъий, Ибн Абу Зиъб, Шуъба, Шуъайб ибн Абу Ҳамза ва Саврийдан ҳадис ривоят қилганлар.
Қуйи табақа шайхлари – Молик, Лайс, Ҳаммод ибн Зайд ва Абу Авонанинг шогирдлари.
Тўртинчи табақа шайхлари – Ибн Муборак, Суфён ибн Уяйна, Ибн Ваҳб ва Валид ибн Муслимнинг шогирдлари.
Имом Бухорий бешинчи табақа шайхлари Муҳаммад ибн Яҳё Зуҳлийдан кўп ҳадис ривоят қилганлар. У кишини тадлис этганлар.
Имом Бухорийдан жуда кўплар ҳадис ривоят қилишган. Улардан: Абу Исо Термизий, Абу Ҳотим, Иброҳим ибн Исҳоқ Ҳарбий, Абу Бакр ибн Абу Дунё, Абу Бакр Аҳмад ибн Амр ибн Абу Осим, Солиҳ ибн Муҳаммад Жазара, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Ҳазрамий Мутайян, Иброҳим ибн Маъқил Насафий, Абдуллоҳ ибн Ножия, Абу Бакр Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Хузайма, Умар ибн Муҳаммад ибн Бужайр, Абу Қурайш Муҳаммад ибн Жумъа, Яҳё ибн Муҳаммад ибн Соъид, “Саҳиҳи Бухорий”нинг ровийси Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий, Мансур ибн Муҳаммад Мизбазда, Абу Бакр ибн Абу Довуд, Маҳомилийнинг ўғиллари Ҳусайн ва Қосим, Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Ашқар, Муҳаммад ибн Сулаймон ибн Форис, Маҳмуд ибн Анбар Насафий ва бошқа сон-саноқсиз ровийлар.
Бизга Муаммал ибн Муҳаммад ва бошқалар, уларга Абул Юмн Луғавий, у кишига Абу Мансур Қаззоз, у кишига Абу Бакр Хатиб, у кишига қози Абу Бакр Аҳмад ибн Ҳасан Ҳараший Найсобурда хабар берганлар: «Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Аҳмад Балхийнинг: “Муҳаммад ибн Юсуф Фарабрийдан ривоят қилинади: “Имом Бухорийдан “Ас-Саҳиҳ”ни тўқсон минг одам эшитди. Бугунги кунда мендан бошқа уни ривоят қиладиган қолмади”, деб айтганларини эшитдим”, деганлар».
Амир, ҳофиз Абу Наср ибн Мокуло айтганлар: «Бухорийнинг ўзларидан “Саҳиҳи Бухорий”ни ривоят қилган охирги шахс – Абу Тоҳир Мансур ибн Муҳаммад ибн Али Баздий. У киши Базда аҳлидан бўлиб, сиқа эдилар. 329 йилда вафот этганлар».
Бу иккала ҳадис саҳиҳ, олий санадлардан. Имом Бухорийнинг “Ас-Саҳиҳ”ларидан бошқа китобларида бу ҳадислар келтирилмаган.
Аммо “Саҳиҳи Бухорий”даги мен эшитган ҳадислар олти машҳур ҳадис китобининг энг олий санадлиларидир. Мен уни 692 йилда эшитдим. Билмадим, 715 йилда ҳолат қандай бўларкан?! Чунки кундан-кунга санад узоқлашяпти. Агар киши ҳадис эшитиш учун бир йил сафар этса, ҳаргиз зое қилмабди. Санаднинг олийлиги 730 йилгача давом этса қандай бўлар экан?! Мазкур китоб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган санад жиҳатидан машҳур олти китобнинг энг аълосидир. Чунки Абу Абдуллоҳ ушбу жамоанинг энг ёши улуғи бўлиб, санадда пешқадамларни кўрганлар. Қолган бешталари эса санадда орага битта одам қўшиб ҳадис эшитганлар.
давоми бор…