Ибн Муқаффа (724-759) VIII аср ислом илм-фанининг энг маҳсулдор мутафаккирларидан бири бўлиб, ўз истеъдоди ва кенг тафаккур соҳиби эканлигидан гувоҳлик берувчи бир қанча асарлари билан араб-мусулмон илм-фанининг, китобат санъатининг юксалишига катта таъсир кўрсатган. Таржималари, фалсафий асарлари унинг бепоён, теран ва аниқ мантиққа таянганини, нозик дид соҳиби бўлганини яққол намоён этади. У ўз ижодий фаолиятида асосан икки масалага диққат қаратган. Биринчиси – форслар адабиёти ва тарихини қайта тиклаш, сиёсий ҳаётидаги асосий воқеаларни ёритиш. Иккинчиси – форсларнинг ижтимоий тизимини ўзлаштирган ҳолда, Аббосийлар давлатидаги жамият тизимини такомиллаштириш.
Ибн Муқаффа форс тилидан бир қанча тарихий асарларни араб тилига ўгирган. Жумладан, “Худойнома” – “Ҳукмдорлар китоби” форс шоҳларининг таржимаи ҳолини ўз ичига олган. “Ойинанома” – “Қоидалар китоби” форсларнинг маданияти ва анъаналари ҳақида ҳикоя қилади. “Маздак китоби” маздакийлик таълимотига асос солган Маздак ҳаёти ва унинг Сосоний ҳукмдор Қубод I билан ўзаро муносабатларига бағишланган бўлиб, Муқаффа томонидан араб тилига таржимаси бугунги кунга қадар етиб келмаган [1, 169]. “Ат-тож” – Хусрав Анушервоннинг таржимаи ҳолига бағишланган.
Ибн Муқаффанинг илмий фаолиятини тадқиқ этувчилар “Калила ва Димна” китобининг таржимасини биринчи ўринга қўяди. Жумладан, инглиз шарқшуноси Эдвард Гранвил Браун “A Literary History of Persia” (“Форс адабиёти тарихи”) асарида ибн Муқаффанинг таржималари орасида энг муҳими сифатида “Калила ва Димна”ни қайд этади. Ушбу асар Сосонийлар шоҳи Хусрав I Анушервон даврида сарой олими Бурзое томонидан Эронга келтирилиб, паҳлавий тилига таржима қилинган. Аббосийлар сулоласи ҳукмронлиги даврида ҳиндларнинг бу машҳур достони ибн Муқаффа томонидан араб тилига ўгирилган. Айнан ана шу таржима “Калила ва Димна”нинг жаҳон бўйлаб кенг тарқалишига сабаб бўлган. Айтиш керакки, Ибн Муқаффа достонни таржима қилиш билан чекланиб қолмай, унинг асосий матнига бирмунча ўзгартириш ҳам киритган. Кейинчалик шу таржима асосида китоб кўплаб бошқа тилларига таржима қилинган [2, 2].
Шунингдек, Ибн Муқаффа Аристотелнинг “Мантиқ”, “Категориялар”, “Аналитика” асарларини, Порфирийнинг “Исоғучи” китобини паҳлавий тилидан арабчага ўгирган [3, 511]. Аммо баъзи манбаларда ушбу таржималар унинг ўғли Муҳаммад ибн Абдуллоҳга тегишли бўлгани келтирилган. Ибн Муқаффанинг оддий таржимондан ажралиб турадиган энг асосий хусусияти шундан иборат эдики, у ўзга халқлар маданиятининг ютуқларини араб тилига таржима қилиш билан чекланиб қолмасдан, уларни ислом оламига, ижтимоий-сиёсий анъаналарга мослаштиришга ҳам ҳаракат қилганди.
Ибн Муқаффа таржимонлик фаолиятидан ташқари, давлат сиёсатига доир бир қанча асарлари, шунингдек, кимнидир табриклаш ёки тасалли бериш мақсадида ёзилган мактублари билан ҳам машҳурдир. Таржима илмидаги маҳорати унга муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган асарлар ёзишни осонлаштирди. Қуйида уларни санаб ўтамиз.
“Адабул кабир” кириш ва икки қисмдан иборат. Кириш қисмида қадимги олимларга эргашиш, уларнинг билим ва асарларидан баҳраманд бўлишнинг аҳамияти қайд этилган. Биринчи қисм ҳукмдор, вазир ва ҳокимларнинг маъмурий ва сиёсий хатти-ҳаракатларига бағишланган. Иккинчи қисмда шахслараро муносабатлар, одоб-ахлоқ қоидалари ва ҳақиқий дўстнинг фазилатлари ҳақида сўз боради. Ушбу асарида юнон маданияти ва бошқарувининг сиёсий-фалсафий таъсири акс этади.
“Адабус сағир”нинг кириш қисмида ақлнинг одоб-ахлоққа таъсири ҳақида тўхталгандан сўнг, ақлни ўстириш, нафс тарбияси, тавҳидга оид мулоҳазалар келтирилган. Aйниқса, асардаги оддий одамлар учун ахлоқий тавсиялар ва ҳикматларни ўз ичига олган фикрлар аҳамиятга молик. Унинг ёзилиш сабабини Ибн Муқаффа бундай тушунтиради: “Мен ушбу китобга қалбларни тўлдириш ва уларни сайқаллашга, фикрларни уйғотиш ва яхши билим олишга ўргатадиган сўзларни киритдим” [4, 58].
“Адабул важиз лил валадис сағир” муаллифнинг ўғлига ахлоқий насиҳатларидан иборат. Унда шукрона, сабр-тоқат, хотиржамлик, қадр-қимматни билиш, ҳақиқатни тарк этмаслик каби фазилатларни тавсия этилади. Афсуски, асарнинг араб тилидаги асл нусхаси йўқолган. XIII асрда Носируддин Тусий қилган форс тилига таржимаси сақланиб қолган.
“Рисолатус саҳоба”ни Ибн Муқаффа халифа Абу Жаъфар Мансурга бағишлаб ёзган. Унда учрайдиган мураккаб жумлалар муаллифнинг асарни ёзишда форс манбаларидан ҳамда форс услубидан фойдаланганини кўрсатади. “Рисолатус саҳоба” деб аталишига келсак, унда Ибн Муқаффа халифалар ва уларнинг яқин сафдошларига, маслаҳатчи ва яқин сирдошларига мурожаат қилиши асосий сабабдир. Маълумки, исломда фирқаларга бўлиниш бошланган даврда бир масала бўйича турлича қарашлар турли ихтилофларни келтириб чиқарган. Ибн Муқаффа эса “Рисолатус саҳоба”даги фикрлари орқали халифа Мансурга ислом қонунларини кодификация қилишни таклиф этган. Ўзи кузатган маъмурий, фиқҳий, ҳарбий, молиявий ва ижтимоий муаммоларни таҳлил этиб, ўзига хос ечимларни тавсия қилган. Бундан ташқари, саройнинг ички муаммоларини ҳал қилишда, вазир, ҳоким ва амирларни тайинлашда халифа эътибор бериши керак бўлган масалалар ва оддий халқнинг ҳукмдордан нималарни кутиши ҳақида ёзган. Асар ўша даврнинг ўткир масалаларини ўз ичига олгани, исломий сиёсий фикрнинг энг дастлабки ва тизимли манбаларидан бири бўлгани учун ҳам ниҳоятда муҳим ҳисобланади.
Биз Муҳаммад Курд Али томонидан ёзилган “Расоилул Булағо” асарига киритилган Ибн Муқаффага мансуб баъзи мактублар ва сақланиб қолган айрим тарқоқ шеърларни ҳам таъкидлаб ўтишимиз мумкинки, улар ҳам Ибн Муқаффа илмий-адабий меросининг узвий бир қисмини ташкил этади.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, Ибн Муқаффа ислом цивилизациясининг олтин даври бўлган VIII аср илм-фанининг забардаст вакилларидан бири бўлиб, ўз фаолияти орқали юнон, форс ва ҳинд маданиятига оид ноёб дурдона асарларнинг ислом оламига кириб келишида катта роль ўйнади ва шу орқали адаб, ахлоқ, сиёсат ва балоғат каби илмлар ривожига катта ҳисса қўшган.
-
Edward G. Browne. A Literary History of Persia. From the Earliest Times until Firdawsi. – London, – P.548.
-
Суйима Ғаниева. Калила ва Димна / тарж.– Т.: Янги аср авлоди, 2010. – 260.
-
Аҳмад Шавқий Даиф. Араб адабиёти тарихи:биринчи аббосийлар даври. 3 жилд. – Қоҳира. Дорул маъориф. 1966. – 576.
-
Халил Мардам. Ибн ал-Муқаффа аимат ул-ада (Иккинчи қисм). – Дамашқ. Мактабат арафа, 1930. – 68.