Замонасининг етук тарихнависи, кўзга кўринган шоир ва иншонавис Мирзо Абдулазим Сомий (1838-1907) узоқ йиллар Бухоро ҳукмдорлари амир Музаффар (1860-1885) ва амир Абдулаҳад (1885-1910) саройида котиб ва бош мунший лавозимларида фаолият кўрсатган. Амир Абдулаҳад ҳукмдорлигининг ўрталарида сарой хизматидан четлатилади. Садр Зиё, Садриддин Айний ва бошқа замондошларининг гувоҳлик беришича, умрининг сўнгги йилларини ночорликда ўтказган Мирзо Сомий 1907 йилда вафот этади.
Мирзо Сомий таржимаи ҳолига оид қисқа маълумотлар аввало унинг ўз асарларида [17:3а-6а, 167б, 178б, 191б, 216а, 225а, 274а, 298а; 122:76-79], ХIX асрнинг иккинчи ярми – ХХ аср бошларида яратилган тазкираларда [6: 35б-36а; 12: 79б; 28: 112б‑113а 25: 318; 20: 90а-б; 21: 334а] ҳамда замондошларининг хотираларида [3: 335; 2: 23] учрайди. Аммо бу манбалар Сомий ҳаётининг маълум даврлари ҳақида қасқача маълумот беради, холос. Айниқса, тазкиранавислар унинг қаламига мансуб асарлар номини келтириш ва шеърларидан намуналар бериш билан чекланадилар.
Хизмат юзасидан асосий вақтини сарой аъёнлари, йирик лашкарбошилар орасида ўтказган Мирзо Сомий Бухоро амирлиги ҳудудларининг чор Россияси томонидан забт этилиши арафасида, уруш даврида ва ундан кейинги йилларда Бухоро давлати олиб борган ички ва ташқи сиёсатдан бохабар эди. Шунингдек, у амир Музаффарнинг Шаҳрисабз ва Китоб бекликлари (1282/1863-1864), Ҳисори Шодмон (1280/1863-1864) ва Кўқон хонлигига (1282/1865-1866) қарши юришларида ёзувчи (“нависанда”), Рус–Бухоро урушида воқеаларни кузатувчи (“вақоенигор”) вазифасида иштирок этиб, жанг тафсилотларини ёзиб борган. Бу эса муаррихга кейинчалик “Туҳфайи шоҳий” ва “Тарихи салотини манғитийа” асарларида воқеаларнинг шоҳиди сифатида баён қилиш имконини берди.
Мирзо Сомийнинг муншийлик фаолияти амир Абдулаҳад даврида ҳам давом этди. 1881 йилда у рус императори Александр II нинг (1855-1881) тахтга ўтириш маросимларида иштирок этиш учун Россияга борган Бухоро элчилари таркибида амир Абдулаҳадни кузатиб боради. Сомий “Туҳфайи шоҳий” асарида бу ҳақда хабар бериб, сафар хотираларига бағишланган алоҳида китоб таълиф этиш ниятида эканлигини айтади [17:298б]. Сомийнинг замондошларидан Ҳожи Неъматуллоҳ Муҳтарам унинг бир неча бор Россияга саёҳат қилгани ҳақида хабар беради [28: 112б‑113а]. Бу маълумот бошқа бирор манбалар асосида ўз тасдиғини топмагани учун олимлар 1881 йилги сафар Сомийнинг Россияга қилган ягона сафари бўлган, деб ҳисоблардилар [22:15]. Аммо кейинги йилларда адабиётшунос олимлар Бухорода Сомий набираларининг қўлида унинг ўзи тузган баёз сақланиб қолганини аниқлашди [1:96]. Мазкур баёзда Сомийнинг 1897 йилда Россияга сафари хотираларини ҳикоя қилувчи қирқ саккиз байтлик манзумаси ҳам жой олган экан [13: 30б]. Ушбу манзумасида Сомий сафардан қайтаётганда Тбилисида Абдулаҳадхон уни кўкрак нишони билан тақдирлаганини маълум қилган [13:38б‑39а].
Муаррихнинг тўлиқ исми Мирзо Муҳаммад Абдулазимдир. Бироқ муаррихнинг ўз асарларида ҳамда замондошларининг тазкираларида унинг номи баъзан Абдулазим, баъзида Азимиддин шаклида учрайди. У саройда мирзо ва мунший лавозимларида хизмат қилгани боис Абдулазим Мирзо, Абдулазим Мунший, Абдулазим Дабир исмлари, шунингдек, туғилган қишлоғига нисбат берувчи “Бўстоний” нисбаси билан зикр этилади. Унинг тахаллуслари ҳам бир нечта. Шарқ халқлари адабиёти тарихида бир ижодкорнинг бир неча тахаллус остида ижод қилиши анъанасига кўра, Абдулазим ҳам “Моҳир”, “Сомий” ва “Улвий” каби адабий тахаллусларни истифода этган. Шу сабабдан Сомийга замондош тазкиранавислар Сомий асарларини санаганда бошқа муаллифлар асарларини унга нисбат беришган ёки аксинча, унинг баъзи асарлари ва таржималар номларини қайд этишмаган. Масалан, ҳам исмлари, ҳам тахаллусларининг бир хиллиги туфайли Ҳожи Абдулазим Шаръий қаламига мансуб “Тазкират ал‑фузало” тазкираси Абдулазим Сомийга нисбат берилган, кейинчалик бу хатони Л. М. Епифанова ҳам такрорлаган [27: 112а‑113б; 22: 18-19].
Муаллифимиз Абдулазим ўзининг илк “Моҳир” тахаллусидан воз кечиб, «Айн ут-таворих» асарининг муаллифи Ҳожи Абдулазимнинг Сомий тахаллуси билан ижод қилишини билибми, билмайми, “Сомий” тахаллусини танлайди. Шундан кейин Ҳожи Абдулазим Сомий ўзига “Шаръий” деган тахаллус танлашга мажбур бўлган.
Мирзо Сомийнинг илмий меросини ўрганган тадқиқотчилар унинг асарлари ҳақида тўлиқ маълумот бермаганлар [22: 23: 4:]. Улар Сомийнинг “Миръот ал‑яқин”, “Фазиҳот аш‑шиъа”, “Маношир ал‑аълом” каби китобларни ёзгани ва “Аълом ан‑нос” ва “Масобиҳ ал‑фикр”нинг унинг томонидан амалга оширилган таржималар эканлиги ҳақида лом-лим демаганлар. Эҳтимол, улар қўлёзма фондларидан бу асарларни тополмаганлари боис уларни четлаб ўтишгандир. Қуйида Мирзо Сомийнинг илмий жамоатчиликка илгаридан маълум бўлган ҳамда янги топилган материалларга таянган ҳолда, унинг қаламига оид асарлар ҳақида қисқача маълумот берамиз.
Мирзо Сомий тартиб берган илк асар “Миръот ал‑яқин фи радд ар‑равофиз аш‑шаётин” (“Рофизий шайтонларини рад этишда эътиқод кўзгуси”) деб аталади. Асар 1300/1882‑1883 йилда ёзилган. Муаллиф ушбу асарга “Мафзаҳот” ёки “Фазаҳот аш‑шиъа” (“Шиъаларнинг шармандаликлари”) деган иккинчи ном ҳам берган [16: 111а]. Тазкирашунослар ушбу асарнинг иккита ном билан аталишига аҳамият қаратмай, уни иккита алоҳида асар сифатида тилга оладилар [28: 112а‑113б; 21: 334а]. Тазкиралардан Сомийнинг “Миръот ал‑яқин” номли асар таълиф қилгани маълум бўлса‑да, кўп йилларгача шарқшунослар ушбу асарнинг бизгача етиб келган‑келмаганидан бехабар эдилар. Бухоро вилояти кутубхонаси фиҳристи эълон қилинганидан сўнггина илм аҳли асарнинг ягона нусхаси мазкур кутубхонада сақланаётганидан хабардор бўлди [9: №5].
Асарнинг номидан ҳам кўриниб турибдики, Мирзо Сомий шиалар мазҳаби намояндаларига ниҳоятда радикал муносабатда бўлган. Бу, аввало, муаллифимизнинг суннийлик мазҳабига эътиқод қилиши билан характерланса, бошқа томондан, бу даврга келиб шиалар жамоасининг ҳокимиятдаги мавқеи ошиб кетгани билан боғлиқ. Асар ўн икки бўлим (миръот), муқаддима ва хотимадан иборат. Асарнинг кириш қисмида муаллиф уни ёзишга ундаган сабаблар ҳақида мулоҳаза юритади. Унинг фикрича, амир Шоҳмурод томонидан Хуросон фатҳ этилгач, Бухорога олиб келинган ҳамда савдогарлик орқасидан бу шаҳарда яшаб қолган шиалар “иқтидорли подшоҳларнинг тиғидан” қўрқиб, ўзларининг “ботил” мазҳабларини махфий тутишган. Амир Насруллоҳ (1826-1860) даврида Муҳаммад Шукурхон Эроний лашкарбоши, Абдусамадхон Табризий эса тўпчибоши сифатида Бухоро қўшинига хизматга олинган, кўплаб шиалар қўшин таркибига киритилган[1]. Кейинги амирлар даврида ҳам эронийларнинг сиёсий нуфузи орта борган. Уларнинг кўпчилиги қулликдан озод этилмай туриб лавозимларга тайинланган. Масалан, амир Музаффар Муҳаммадшоҳ қўшбегини бош вазир этиб тайинлайди. Муҳаммадшоҳдан то Остонақулгача тўртта эроний бош вазир лавозимини эгаллаган [11: 199]. Эронийларнинг ҳокимиятдаги таъсири ошгани сари улар диний мавқеларини ҳам мустаҳкамлашга интилганлар. Улар оз‑оздан ўз “фосид” фикрлари ва “рофизийлик шевасини” тарқатиб, мазҳаб ҳақида етарли билимга эга бўлмаган авомни “сироти мустақимдан оғдиришга” интилганлар, бунинг устига, аҳли сунна ва жамоа билан мунозарага киришиб, уламоларга эътироз билдиришга жазм этганлар[16: 1б‑11б]. Ўз мақсадига эришиш, яъни рофизийлар мазҳаби ва шиа уламоларининг эътирозларини рад этиш учун Сомий асарда Қуръон оятлари, ҳадислар ва баъзи рисолаларда келтирилган далиллардан фойдаланади.
Демак, доксографик асарлар сирасига кирадиган “Миръот ал‑яқин” асари Бухородаги ижтимоий-сиёсий муҳитнинг талабига ўзига хос жавоб, бошқача айтганда, сунний уламо вакилларининг шиаларга раддияси сифатида яратилган. Сомийдан бироз кейин Аҳмад Дониш (1827-1897) ҳам бу мавзуга қўл урди ва ўзининг “Меъёр ат-тадайюн” (“Тақводорлик меъёри”) асарини ёзди[2].
Сомийнинг ўзи бу асарини ёзишдан мақсади “аҳл ас‑сунна ва‑л‑жамоани[3] ҳар хил шубҳали ва ботил фикрлардан холи, тиниқ эътиқодини мустаҳкамлаш”дан иборатдир, дейишига қарамай, диний муаммолардан ташқари Бухорода эронийларнинг сиёсий мавқеининг ошиб кетиши уни кўпроқ ташвишга солган кўринади. Чунки у бошқа бир асарида ҳам бу мавзуга яна қайтади. “Амир Абдулаҳад ҳокимиятни буткул қўлдан бериб қўйди, унда беш‑олти қози ҳамда раисларни ишга тайинлаш ҳамда рус хазинаси учун солиқларни йиғишдан бошқа иш қолмади”, дея куйинади у «Тарих‑и салатин‑и мангитийа» асарида [22: 120] «Аксинча, Бухоронинг вазири бўлган Остонақул қушбегининг қудрати Ҳорун ар-Рашид[4] даврида Жаъфар Бармакий[5] ҳукмронлигидан минг баробар ортиқроқдир”, деб хабар беради Сомий [22: 122].
Абдулазим Сомийнинг айнан 1300/1882-1883 йилда тартиб берилган ва “Рисолаи иншо” (“Иншо ҳақида рисола”), “Танзиҳ ал-иншо” (“Нуқсонсиз иншо”), “Манозир ал‑иншо” (“Иншо ҳақида мунозара”), “Санъати махзун” (“Хазинага айланган санъат”) каби турли номлар билан аталувчи иккинчи асари иншошуносликка оиддир[6]. Ушбу асар вазир Остонақул қўшбегининг топшириғи билан котибларга дастур сифатида ёзилган. Асарнинг кириш қисмида Сомий давлат ишларида котибларга эҳтиёж кучли бўлишига қарамай, саводли котиблар етишмаётганлиги боис, ушбу асарни таълиф қилганлигини эслатиб ўтади. Бу асарида, аввало, иншошуносликнинг назарий асослари баён қилинган. Шунингдек, муаллиф унга кўплаб расмий ҳужжатлар ва мактублар матнини илова қилганки, улар айни пайтда Бухоро амирлигининг ўша даврдаги ташқи алоқаларини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади. Асар тожикистонлик тадқиқотчи З.Ш.Ҳасанова томонидан иншошунослик нуқтаи назаридан таҳлил этилган [23].
Кўп йиллик жимликдан сўнг Мирзо Сомий 1322/1904-1905 йилда “Миръот ал‑хаёл” (“Хаёл кўзгуси”) номли асарини ўқувчилар ҳукмига ҳавола этди[7]. Асар назмда битилган бўлиб, унга муаллиф турли мазмундаги ҳикоялар, маълум воқеаларга бағишлаб ёзилган тарихлар, амир Абдулаҳад ва шаҳзода Олимхонга бағишланган қасида ва мадҳиялар, шунингдек, баъзи амалдорлар ҳамда шоирлар ҳаёти ва ижоди ҳақидаги маълумотларни киритган. Адабиётчиларнинг эътирофича, “Миръот ал‑хаёл” тазкира жанрининг барча талабларига жавоб бермаса‑да, асарда ХIX асрнинг иккинчи ярми – ХХ аср бошларида яшаган кўплаб шоирларнинг ижоди ҳақида маълумот берилишини назарда тутиб, уни тазкира деб ҳисоблаш мумкин [4: 95]. Асар ўша давр тарихи ҳамда Бухоро адабий муҳитини ўрганишда қимматлидир.
Тазкиранавислар томонидан Сомийга нисбат бериладиган “Маношир ал‑аълом” асари ҳақида ҳозирча маълумот топа олганимиз йўқ. Эҳтимол, у каталоглаштириш ниҳоясига етказилмаган бирор‑бир фондда ёки шахсий жамғармаларда сақланаётгандир ёки бизгача етиб келмаган бўлиши ҳам мумкин.
Давоми бор…