Қуръони карим Аллоҳ таолонинг муборак каломи, Ислом динига оид барча ҳукмларнинг асосий манбаидир. Каломи шарифни яхши билмаган, тушунмаган кишиларнинг асл ҳидоят йўлидан, ҳақ йўлдан чалғиши, турли оқим ва ҳаракатларга алданиб қолиши, миссионерлар ва сохта мазҳаблар таъсирига тушиб қолиши осон кечади. Шунинг учун халқимизни иложи борича Қуръони карим билан яқиндан таништириш, унга бағишланган асарларни кўпроқ тарғиб қилиш ҳозирги пайтдаги муҳим вазифалардан бири деб эътироф этилган.
Илмларнинг улуғи хисобланган исломий эътиқод таълимотидан иборат бўлган калом илми ва унинг Самарқандга ва бу қадим шаҳар тимсолида бугунги Ўзбекистон худудига кириб келиши ва ривожланиши етарли илмий далиллар ҳамда жонли тарихий мисоллар билан кўрсатилган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда буюк мартабани кимга беришини ва унинг мақоми нақадар юксак эканлиги ҳақида бундай марҳамат қилади: “Аллоҳ кимни ҳидоятга йўллашни ирода этса, унинг кўкси (қалби)ни Ислом учун (кенг) очиб қўяди. Кимни адаштиришни ирода қилса, кўксини гўё осмонга кўтарилиб кетаётгандек, тор ва сиқиқ қилиб қўяди. Шундай қилиб, Аллоҳ имон келтирмайдиганларга (лойиқ) жазони раво кўргай”[1].
Бу тўғрида Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ таоло умматимни залолатда бирлаштирмайди”[2], дедилар”.
Шунингдек, Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ бир кишига яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”[3], деб айтадилар.
Аллоҳ таоло калом илмини ўз ичига олувчи илмнинг фазилатлари ва унинг мартабаси ҳақида Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “У Ўзи хоҳлаган кишиларга ҳикмат (пайғамбарлик ёки Қуръон илми) беради. Кимга (мазкур) ҳикмат берилган бўлса, демак, унга кўп яхшилик берилибди. Бундан фақат оқил кишиларгина эслатма олурлар”[4].
Мазкур оят тафсири ҳақида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо фикр ва мулоҳазалар билдириб: “Ушбу оятдаги ҳикматдан мурод, ҳалол ва ҳаром илмини билишдир”, деганлар.
Ер юзининг сайқали деб тан олинган Самарқандда ва бутун диёримизда ҳадис илмининг пайдо булиши Имом Бухорий фаолияти ва беқиёс хизматлари асосида талқин этилган бўлса, ақоид илмининг тараққиёти Имом Мотуридий фаолияти ва ўлмас таълимоти асосида Имом Насафийнинг “Китобул Қанд” асаридан келтирилган мисоллар билан баён этилади. Шунингдек, асарда соғлом ва нажоткор йўл ҳисобланган аҳли сунна вал жамоа эътиқоди ҳамда калом илмида мавжуд бўлган турли оқимларнинг ҳоллари қиёсий далиллар билан таҳлил қилинади.
Шунингдек, Зарафшон воҳасида жойлашган Самарқанд Буюк ипак йўлидаги муаззам маскан, Хитой билан Румни, Ҳиндистон билан шимолий мамлакатларни, жумладан, Русияни боғлаб турган қадимий шаҳарлардан бўлган. VIII асрнинг бошларидаёқ бу ерда илм-фан, ҳунармандчилик, амалий санъат юксак ривож топди, Ўрта Осиёнинг йирик илмий ва маданий марказларидан бири мақомини олди.
X асрга келиб, Самарқанд Мовароуннаҳр миқёсида йирик ва етакчи Ислом илми марказларидан бирига айланди, ҳадис илми барқ уриб равнақ топди. Бу замин фарзандлари бўлмиш Абу Муқотил Самарқандий, Абу Муҳаммад Доримий ва Абу Ҳафс Насафий каби йирик олимлар калом илмининг ривожига катта ҳисса қўшдилар.[5]
Бу муаззам кентда буюк шайх Юсуф Ҳамадоний асос солган Хожагон тариқати бир томондан, дин ва шариат иккинчи томондан, фалсафа ва табиий фанлар билан уйғунлашган ўзига хос мураккаб таълимот экани, бу тариқат инсоннинг ички олами, ундаги яширин қобилиятларни очиш учун фан тараққиётига кучли таъсир этиши билан ҳали-ҳамон қалбларга муборак нур бахш этиб келаётир.
Самарқанд заминида туғилиб ўсган яна бир буюк инсон Абу Мансур Мотуридий калом илми билан бирга ҳадис ва фиқҳ илми равнақига улкан ҳисса қўшган. У зот ҳанафий мазҳаби фиқҳини мукаммал ўрганиб, ўз ақидавий таълимотини яратди. Бу даврда ислом оламида эътиқод масаласида бир-бирига қарама-қарши фирқалар ўртасида хатарли мунозаралар кучайган эди. Имом Мотуридий ўз ақлу заковати, Қуръон оятлари, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳадислари асосида ислом ақидасини парокандалик ва бузилишлардан сақлаб қолди.
IХ-Х асрларнинг мураккаб шароитида Самарқандда Ислом ҳуқуқшунослиги – фиқҳ илми ҳам ривож топди. Садрул Ислом Баздавий (Паздавий) усул ва фуруъ бўйича салоҳиятли олим сифатида ҳанафий мазҳаби пешвоси даражасига кўтарилди. Уламолардан Алоуддин Самарқандий ҳанафий ҳуқуқшунослиги тараққиётига муҳим ҳисса қўшган бўлса, Абу Лайс Наср ибн Муҳаммад Самарқандий тафсир, фиқҳ, эътиқод – калом илми бўйича кўплаб ўлмас асарлар қолдирди.
Ўрта Осиёга ҳадис илмининг кириб келиши, ислом илоҳиётининг ривожланиши, бунда самарқандлик олимлар ва муҳаддисларнинг қўшган ҳиссаси ҳали кўп ўқиб-ўрганилиши, тадқиқ этилиши зарур. Ушбу камтарона изланишга ислом тарихи ва ақоидига оид мўътабар манбалар, жумладан, Нажмуддин Умар ибн Мухаммад ибн Аҳмад Насафийнинг “Ал-Қанд фий зикри уламои Самарканд” (“Самарқанд уламолари хотирасига доир қанд (дек) ширин китоб)” асари асос қилиб олинган. Асарда самарқандлик машҳур кишилар ҳаёти ва фаолияти ҳамда улар ривоят қилган ҳадислар хусусида жуда қимматли маълумотлар жамланган. Унда Мовароуннаҳр тарихи, географияси, топонимикаси (жой номлари) ҳамда ислом тарихига доир муҳим маълумотларни ҳам учратиш мумкин. “Самарқандия” номи билан нашр этилган бу асар[6] Самарқандда муҳаддислик фаолиятини олиб борган Балх, Нишопур, Марв, умуман, Хуросон ёки араб мамлакатларидан келган кўплаб уламолар ҳақида қимматли маълумотлар келтирилгани билан, айниқса, аҳамиятлидир.
Усмонхон Алимовнинг “IX-XI асрларда Самарқандда калом илмининг ривожланиши” асарида IX-XI асрларда Самарқанд муҳитида калом илмида мавжуд оқимлар ва уларнинг таълимотлари, Самарқандда аҳли сунна вал жамоа ақоидига асосланган Мотуридия таълимотининг юзага келиши, Ашъария ва Мотуридия каби икки соғлом таълимотнинг ўхшаш ва баъзи фарқли жиҳатлари, енгил (лафзий) ихтилофлар, мутакаллимлар ўртасидаги ақлий ва нақлий далиллар, Мотуридия таълимотининг нотўғри оқимларга қаттиқ зарба берадиган қурол бўлиб қолгани хусусидаги холис қарашлар баён этилган.
Бинобарин Мотуридия таълимотининг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида шуни таъкидлаш лозимки, ақидавий зиддиятлар жамиятнинг таназзулга юз тутишига олиб келувчи энг бирламчи омилдир. Ғаразли кучлар ўз мақсади йўлида эркин ҳаракат қилиши учун фойдаланадиган воситаларидан бири халқлар, миллатлар орасига эътиқодий қарама-қаршилик солиб қўйишдан иборат.
Бугунги кунда ана шундай бўлиниш, миллатлар орасини бузиб юбориш сингари ишларнинг энг асосийси диний экстремизм кўринишида намоён бўлмоқда. Ислом дини ниқоби остида “жиҳод”, “ҳижрат”, “такфир”, “халифалик” сингари чақириқлар билан ғаразли мақсадни кўзлаган кучлар томонидан миллатлар орасига раҳна солиняпти. Динга эътиқод қилувчилар бу алдовларга учиб, қўлига қурол олмоқда, бир-бири ва тинч аҳоли умрига зомин бўлмоқда.
Эътиқодий бирдамликнинг нақадар муҳим эканини чуқур идрок этган Имом Мотуридий минг йиллар олдин ёзиб қолдирган асарларида тўғри ақида меъёрларини белгилаб берган ва улар орқали нафақат Ислом олами, балки бутун инсониятни ўзаро иттифоқда яшашга чорлаган.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
- Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. “Тошкент ислом университети”. Т.: – 2004.
- Имом Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” асари.
- Саҳиҳул Муслим асари.
- Сунани Термизий асари.
- Имом Бухорий сабоқлари. Журнал. 2017/4.
- Мифтаҳус саодат. Ж. 2.
- Алимов У. IX-XI асрларда Самарқандда калом илмининг ривожланиши. –Б. 5.