Ўтмишда илмпарвар Хоразм диёридан кўплаб олим-у уламолар, ёзувчи-ю шоирлар, маданият ва санъат намояндалари етишиб чиққан. Шундай буюк шахслардан бири машҳур математик, астроном ва географ Муҳаммад ибн Мусо Хоразмийдир. Уни бутун жаҳонда алгебра фани асосчиси сифатида тан олишади.
Математиканинг фан соҳаси сифатида ёзма тарзда ўрганилиши ва ўргатилиши Муҳаммад Хоразмий фаолияти билан бошлаб берилди. Бу олим Юнонистон, Эрон ва Ҳиндистон математика мактаблари усулларини бирлаштириш орқали ўзининг энг муҳим асари бўлмиш «Ал-Жабр ва-л-Муқобала» асарини яратди.
Ушбу асар ўша даврда халқнинг кундалик эҳтиёжлари ҳамда олимлар ва тадқиқотчиларда вужудга келган саволларга жавоб тариқасида ёзилган. Асар мерос ва мол-мулкни бўлиб олиш, турли олди-бердиларни амалга ошириш ва сув каналларини қазиш масаласида манба сифатида яратилган.
Дарвоқе, ушбу китобнинг биринчи боби Алгебра фани асосига бағишланган деб билиш мумкин. Китобнинг иккинчи бобида илмий ўлчовлар, учинчи бўлимида эса васият, мерос ва мол-мулкни тақсимлаш масалалари тўғрисида сўз юритилади.
Хоразмий «Ал-Жабр ва-л-Муқобала» асари дебочасида шундай ёзади:
«Аллоҳ Ҳазрат Муҳаммад (с.а.в.)ни одамларнинг пайғамбарлар билан риштаси узилган ва улар Ҳақни танимай қолган бир чоғида пайғамбар қилиб юборди. Бу пайғамбарнинг келиши билан қалб кўзи кўрлар кўрадиган бўлиб, йўлдан адашганлар йўқ бўлиб кетишдан қутқарилиб қолдилар. Аллоҳ Муҳаммад (с.а.в.) ва ул зотнинг хонадони аҳлига саловат йўлласин».
Бельгиялик машҳур тарихчи Жорж Сартон (1884-1956) ўзининг фан тарихига бағишланган китобида милодий тўққизинчи асрни Хоразмий асри ва даври деб атаган. Атоқли француз тадқиқотчиси Аристид Марр (1823-1918) эса Муҳаммад ибн Мусо Хоразмийни янги Европа халқларининг алгебра фанидаги ҳақиқий муаллими деб билади.
Хоразмийнинг математика ва тригонометрия, астрономия ва география фанларига киритган ҳамда бу соҳалар олимларининг тадқиқотлари учун керак бўлган асбоблар яратишда амалга оширган янгиликлари ҳайратланарли ва таҳсинга лойиқ.
Цивилизациялар тарихига оид ўн бир жилдлик асар ёзган тарихчи Уилям Дюрант (1885-1981) у тўғрисида шундай ёзади: «Хоразмий ҳақиқатда қуйидаги беш фан соҳасида дунё халқларига хизмат кўрсатган: биринчиси – ҳинд рақамлари ва сонлари деб аталувчи тизимни жаҳон математика фанига киргизди; иккинчиси – бошқа олимларнинг астрономик жадвалларини такомиллаштирди; учинчиси – бизга маълум бўлган энг қадимий тригонометрик жадвалларни тузди; тўртинчиси – бошқа олимлар билан биргаликда дунё мамлакатлари географиясига бағишланган илк қомусни ёзди; бешинчиси – қўшув ва тенглама ҳисобига бағишланган асарида иккинчи даражали тенгламалар учун таҳлилий ва геометрик ечим йўлларини ишлаб чиқди».
Муҳаммад Хоразмий Ҳиндистонга қилган сафарида ҳинд математиклари кашфиётларига таянган ҳолда «Китоб ҳисоб ал-ҳиндий» («Ҳинд ҳисоби ҳақида китоб») ва «ал-Китоб ал-мухтасар фи ҳисоб ал-жабр ва ал-муқобала» («Тўлдириш ва қарама-қарши қўйиш ҳисоби ҳақида қисқача китоб») номли асарларини яратди.
Хоразмий белгили сонларни қўллаган биринчи математик ҳисобланади. У ушбу иш учун ўзига хос атамалар қўллаган бўлиб, манфий сонларни «ноқис», мусбат сонларни эса «зойид» деб атаганди. Ўша даврга қадар математикада ҳарфларни қўллаш одат тусига кирмаганди.
Хоразмийнинг математика фанига киритган яна бир янгилиги номаълум сон тушунчасидир. У ўз асарида «шийʼ» («нарса») сўзини номаълум сон маъносида қўллайди. Кейинчалик Европа ва жаҳон математиклари ушбу тушунчани қўллай бошлашади.
Хоразмий томонидан амалга оширилган муҳим ишлардан яна бири – ер меридиани бир даражасининг узунлигини аниқлаш бўлиб, шунинг ўзи ернинг шарсимон эканлигини кўрсатарди.
Айтишларича, у Асъҳоби Каҳф тўғрисида тадқиқот ва изланишлар олиб борган кишилар жумласидан ҳам бўлган.
Хоразмий астрономия соҳасида ҳам ном чиқарган ва алоҳида китоб ёзган. Унинг астрономик ва тригонометрик жадвалларни ўз ичига олувчи «Зиж» («Юлдузлар жадвали») асари 1126 йили лотин тилига таржима қилиниб, Испания орқали бутун Европага тарқалди.
Хоразмий Эроннинг Сосонийлар давридаги тақвимини хронология учун асос қилиб олди. У эронча тақвимни 365 кунга бўлиб, уни ҳинд ва Птоломей тақвими билан мувофиқлаштирди.
Хоразмийнинг «Китоб ар-рухома» («Қуёш соати») асари қуёш соатига бағишланган. Ушбу китоб дунёнинг турли географик горизонтларида мусулмонларнинг намоз ўқишлари учун намоз вақтларини белгилаш мақсадида ёзилган. Мазкур китоб кейинчалик доиравий тригонометрияга оид ҳисоблашлар учун асос бўлиб хизмат қилди.
Хоразмий астрономия соҳасида устурлоб ва у билан ишлашга бағишланган икки асар яратди ҳамда устурлобни такомиллаштирди. Устурлоб ўтмишда осмон жисмлари ўртасидаги масофани аниқлашда фойдаланилган аниқ ва илмий асбобдир.
Айрим тадқиқотчиларнинг айтишларича, астрономия фани Хоразмий томонидан юлдузларни ўрганиш ва уларнинг жойлашувини аниқлаштиришда қўлланиладиган деворнамо (девор квадранти) ускунасини яратишдаги новаторлиги натижасида сезиларли тарзда ривожланди.
Унинг астрономия соҳасига киритган яна бир янгилиги «чорак» (секстант) номи билан машҳур бўлган ускуна бўлиб, у ўзининг бундан олдин юнонистонлик астроном Птолемей томонидан яратилган қадимий вариантидан анчагина такомиллаштирилган эди.
Чорак осмон ва юлдузларни кузатишда нолдан тўқсон даражагача бўлган бурчакларни ўлчашда фойдаланилади. Чорак кузатиш асбобларининг устурлобдан мукаммалроғи бўлиб, унинг ёрдамида қуёшнинг горизонтдан баландлигини ўлчаш ҳам мумкин.
Хоразмий шунингдек ер ва осмон хариталари атласини тузиш ишига ҳам масъул қилиб тайинланган бўлиб, бунда у машҳур юнон астрономи Птолемей томонидан яратилган атласларни тузатиб, такомиллаштиради.
Ушбу буюк олимнинг жаҳонга ва инсониятга қилган хизматлари улкан ва тенгсиз бўлиб, шу сабабли ҳам ойдаги маконларнинг бири унинг номи билан аталади.
Хоразмий эронликларнинг ҳурмат-эҳтиромини қозонган бебаҳо олимдир. Эронда ўтказиладиган энг муҳим илмий фестиваль ушбу атоқли олим номи билан аталади.
Хоразмий номидаги фестиваль Эронда мунтазам тарзда ўтказиладиган муҳим илмий тадбир бўлиб, тадқиқотчилар ва новаторларни тақдирлаш мақсадида ташкиллаштирилади. Ушбу фестиваль ҳар йили икки босқичда ўтказилади. Унинг биринчи босқичи ўттиз беш ёшгача бўлган ёш тадқиқотчилар ва олимларга бағишланган бўлиб, унда ўқувчиларга мўлжалланган алоҳида бўлим ҳам мавжуд.
Фестивалда Эрон Ислом Республикаси президенти иштирокида ғолиблар тақдирланади. Унда эронлик ва жаҳоннинг турли мамлакатлари вакиллари техник-муҳандислик соҳасидаги фундаментал фанлар бўйича лойиҳалари билан иштирок этади.
Эронда ҳар октябрь ойининг йигирма олтинчи куни Хоразмий шарафига «Алгебра куни» сифатида нишонланади.
Теҳрондаги университетлардан бири ҳам Хоразмий номидадир. Теҳрондаги Амир Кабир номли университетнинг математика факультети рўпарасида Хоразмийнинг ҳайкали ўрнатилган. Бундан ташқари, Эрондаги кўплаб кўчалар, мактаблар, илмий ва маданий муассасаларга Хоразмий номи берилган.
Эроннинг ЮНEСКО бўйича миллий комиссияси томонидан Хоразмий таваллудининг 1200 йиллиги муносабати билан Теҳронда «фестшрифт» нашр этилди.
Хоразмий асарлари кам сонли бўлса-да, уларнинг илмий салмоғи улкандир. Шубҳасиз унинг математика фанига киритган янгиликлари, олимлар ва тадқиқотчилар томонидан амалга ошириладиган ҳисоб-китоблар аниқлиги астрономия фанида ўсишнинг юз бериши ҳамда инсоннинг коинот ва бошқа сайёраларга йўл топиши учун асос бўлиб хизмат қилди.
Унинг амалга оширган тадқиқотлари ва киритган янгиликлари ҳозирга қадар талабалар ва тадқиқотчилар томонидан фойдаланиб келаётган бўлиб, «Ал-Жабр ва-л-Муқобала» асари ҳанузгача кўплаб математиклар учун қимматли манба ҳисобланади.
Бугунги кунда масала ечиш босқичма-босқич усулининг номланиши сифатида қўлланиладиган «алгоритм» атамаси Хоразмий номидан олинган. Биз биламизки, алгоритмлар дастурий таъминот каби янги фан ҳамда компьютер дастурларини яратишда асосий роль ўйнайди. Шунга кўра айримлар Хоразмийни компьютер тўғрисидаги билимларнинг отаси ва асосчиси ҳам деб билишади.
Астроном олим ва новатор-математик Хоразмий барчамиз учун фахр-ифтихор рамзидир. Ушбу буюк олим тадқиқотчилар ва илм ўрганувчилар учун билим ва фан чўққиларига чиқиш ҳамда турли фан соҳаларида ҳайратланарли инновация яратмаларига эришиш учун муносиб ўрнак бўла олади.