Home / МАҚОЛАЛАР / ИЗН СЎРАШ ОДОБИ Имом Бухорийнинг “Ал-адаб ал-муфрад” асари асосида

ИЗН СЎРАШ ОДОБИ Имом Бухорийнинг “Ал-адаб ал-муфрад” асари асосида

Муқаддас ислом дини инсонларни ҳамиша одоб-ахлоқли, маданиятли бўлишга чорлайди. Юксак маънавият намунаси бўлган баъзи одатий ишлар борки, тез-тез такрорлангани боис кундалик одатга айланиб қолган. Жумладан, изн сўраш ҳам шулардан бири бўлиб, унинг ўзига хос бир қанча одоблари бор. Кимки уларга амал қилса, аҳли хонадонининг ҳурмати сақланади ва ўзи тинч-хотиржам ҳаёт кечиради.

Изн сўраш одоблари ҳақида кўплаб оят ва ҳадислар ворид бўлган.

Хусусан, бировнинг хонадонига кирмоқчи бўлган киши, аввало, изн сўраб, рухсат берилганидан сўнг салом бериб кириш кераклиги борасида “Нур” сурасининг 27-оятида бундай марҳамат қилинган:

﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَدْخُلُوا بُيُوتًا غَيْرَ بُيُوتِكُمْ حَتَّىٰ تَسْتَأْنِسُوا وَتُسَلِّمُوا عَلَىٰ أَهْلِهَا ذَٰلِكُمْ خَيْرٌ لَّكُمْ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ﴾

Эй иймон келтирганлар! Ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва уларнинг аҳлига салом бермагунингизча кирманг. Ана шундай қилмоғингиз сиз учун яхшидир, шоядки эсласангиз.

Жоҳилият даври арабларида бир-бирининг ҳақ-ҳуқуқлари, шахсий, оилавий сир-асрорларини ҳурмат қилиш маданияти йўқ эди. Бировнинг уйига “Эрталабки салом!” “Кечки салом!” деб тўғри кириб борилаверарди. Уйда аёллар борлиги, хонадон эгаларининг турли ҳолатда бўлиши мумкинлиги мулоҳаза қилинмасди. Бу эса ўтакетган беодоблик бўлиб, турли ёмонликларга, гап-сўзларга сабаб бўладиган ҳолат эди.

Исломда бу каби беодобликларга мазкур ояти карима билан чек қўйилди. Ҳар бир кимсанинг шахсий ҳурмати, хонадон дахлсизлиги ҳаққи собит этилди. Биров яшаб турган жойга бошқа шахснинг, у ким бўлишидан қатъи назар, ўша жой соҳибининг рухсатисиз киришга ҳаққи йўқ. Чунки бунинг ортида манзил эгасининг сири, ор-номуси ётибди. Ҳатто исломда бегоналар тугул, ўз ота-онасининг олдига ҳам изн сўрамасдан кириш ман қилинган.

Имом Бухорийнинг “Ал-Адаб ал-муфрад” китобида изн сўраш одоби ва маданиятига оид кўплаб ҳадислар келтирилган. Жумладан, 1059-,1060-,1062-ривоятларда бундай дейилган:

عَنْ عَلْقَمَةَ قَالَ‏:‏ جَاءَ رَجُلٌ إِلَى عَبْدِ اللهِ قَالَ‏:‏ أَسْتَأْذِنُ عَلَى أُمِّي‏؟‏ فَقَالَ‏:‏ مَا عَلَى كُلِّ أَحْيَانِهَا تُحِبُّ أَنْ تَرَاهَا‏.‏

Алқама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Бир киши Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг олдига келиб: “Онамнинг олдига кириш учун изн сўрашим керакми?” деди. У: “Нима, у (онанг)ни ҳар қандай ҳолатида ҳам кўравермоқчимисан?” деди.

عَنْ مُوسَى بْنِ طَلْحَةَ قَالَ: دَخَلْتُ مَعَ أَبِي عَلَى أُمِّي، فَدَخَلَ فَاتَّبَعْتُهُ، فَالْتَفَتَ فَدَفَعَ فِي صَدْرِي حَتَّى أَقْعَدَنِي عَلَى اسْتِي، ثُمَّ قَالَ: أَتَدْخُلُ بِغَيْرِ إِذْنٍ؟.

Мусо ибн Талҳа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Отам билан бирга онамнинг ҳузурига кирдим. Отам кирди. Мен ҳам ортидан эргашдим. Отам ортга ўгирилиб қаради-да, кўксимга бир уриб, ортим билан ерга ўтқазиб қўйди. Сўнг: “Изн сўрамай кирасанми?” деди.

عَنْ جَابِرٍ قَالَ: يَسْتَأْذِنُ الرَّجُلُ عَلَى وَلَدِهِ وَأُمِّهِ وَإِنْ كَانَتْ عَجُوزًا وَأَخِيهِ، وَأُخْتِهِ، وَأَبِيهِ.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Киши ўз фарзанди ва онасининг олдига киришда ҳам – гарчи онаси қариб, кампир бўлиб қолган бўлса ҳам – изн сўрайди. Шунингдек, ака-укасининг, опа-синглисининг ва отасининг олдига киришда ҳам изн сўрайди.

Мазкур ривоятлардан маълум бўладики, ҳар бир киши онасининг олдига ёлғиз ўзи киришида ҳам, отанинг ёнида бирга кириб бораётган бўлса ҳам, бир уйда яшайдиган энг яқин маҳрам (ака-ука, опа-сингил)лари ҳатто отасининг олдига киришда ҳам, албатта, изн сўраш керак экан. Бордию изн сўрамасдан кирадиган бўлса, ҳар хил ноқулай вазиятлар вужудга келиб қолиши мумкин. Шунинг учун ҳам барча бу одобга риоя қилиши керак.

Изн сўрашнинг дастлабки одобларидан бири аввал салом бериб, ундан сўнг киришга изн сўрашдир. Бу мавзуга оид 1066- ва 1067-ҳадисларда бундай дейилган:

عَنْ أبِي هُرَيْرَةَ، فِيمَن يَسْتَأْذِنُ قَبْلَ أنْ يُسَلِّمَ قالَ: لا يُؤْذَنُ لَهُ حَتّى يَبْدَأُ بِالسَّلامِ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

У салом бермай киришга изн сўраган киши ҳақида: “Саломдан бошламагунича, унга киришга изн берилмайди”, деган.

عَنْ أبِي هُرَيْرَةَ يَقُولُ: إذا دَخَلَ ولَمْ يَقُلْ: السَّلامُ عَلَيْكم. فَقُلْ: لا، حَتّى تَأْتِيَ بِالمِفْتاحِ السَّلَامِ .

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Қачон кирсаю “Ассалому алайкум” демаса, “Йўқ” дегин. То калитни – саломни келтирмагунча.

Мазкур икки ривоятдан шуни хулоса қилиш мумкинки, бировнинг олдига киришдан аввал салом бериш, шундан кейингина киришга изн сўраш лозим. Ўзганинг ҳузурига киришнинг калити салом бериш экан. Калитсиз эшикни очиб бўлмагани каби бировнинг олдига салом ва изнсиз кириб бўлмайди.

Исломда уйга, ҳовлига ёки бошқа хос жойларга бегона кишининг назари тушиши қаттиқ ман килинган. Шахсий жойларнинг дахлсизлиги кафолатланган. Бировнинг уйига изнсиз назар ташлаш жуда катта гуноҳ ҳисобланади. Чунки уй эгаси ўз уйида ечинган, ювинаётган, аёли ёки вояга етган қизлари ўранмаган ҳолатда бўлиши мумкин. Бу муҳим қоидани мўмин-мусулмонлар яхши билиб олиб, қатъий амал қилиши лозим бўлади. Бу борада ҳам бир неча ривоятлар келган. Жумладан, 1068-, 1069-ҳадисларда бундай дейилган:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَوْ اطَّلَعَ رَجُلٌ فِي بَيْتِكَ، فَخَذَفْتَهُ بِحَصَاةٍ فَفَقَأْتَ عَيْنَهُ، مَا كَانَ عَلَيْكَ جُنَاحٌ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биров сенга билдирмай уйингнинг ичкарисига назар солиб турган бўлса, тош билан уриб, унинг кўзини чиқариб қўйсанг, сенга гуноҳ бўлмайди”, дедилар.

حَدَّثَنَا حَجَّاجٌ قَالَ: حَدَّثَنَا حَمَّادٌ قَالَ: حَدَّثَنَا إِسْحَاقُ بْنُ عَبْدِ اللَّهِ، عَنْ أَنَسٍ قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم قَائِمًا يُصَلِّي، فَاطَّلَعَ رَجُلٌ فِي بَيْتِهِ، فَأَخَذَ سَهْمًا مِنْ كِنَانَتِهِ، فَسَدَّدَ نَحْوَ عَيْنَيْهِ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тик туриб намоз ўқиётган эдилар. Бир киши у зотнинг уйлари ичига қаради. Ўқдонларидан бир ўқни олиб, унинг кўзига ўқталдилар.

Мазкур ривоятлар бировнинг хонадонига рухсатсиз назар солиш оғир жиноят ҳисобланишидан далолатдир. Бу ишни қилган кўз хиёнатчи кўз ҳисобланиб, унга бериладиган жазо ҳам қаттиқ бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдек олий хулқ соҳибининг бир киши у зотнинг уйларига рухсатсиз қарагани учун ўқ билан унинг кўзига ўқталганлари бу ишнинг нақадар оғир гуноҳ эканини кўрсатади.

Аслида ноқулай ҳолат ва нарсаларни бехосдан кўриб қолмаслик учун шариатда бировникига киришдан олдин изн сўраш жорий қилинган.

Бу борада ҳам бир неча ривоятлар келган. Жумладан,1071-ҳадисда бундай дейилган:

وقَالَ النَّبِيُّ ﷺ: إِنَّمَا جُعِلَ الْإِذْنُ مِنْ أَجْلِ الْبَصَرِ.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, изн сўраш назар тушиши туфайлидир”, дедилар.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бирор киши ўзига тегишли бўлмаган жойга кирмоқчи бўлса, албатта, изн сўраши ва рухсат берилгандан сўнггина у ерга кириши керак. Ҳар бир мўмин-мусулмон бу муҳим қоидаларга қатъий амал қилса, ноқулай ҳолат ва нарсаларга бехосдан кўзи тушиши ва уларга гувоҳ бўлиши каби ҳолатлар юз бермайди.

Йўлдошхон ИСАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …