Home / МАҚОЛАЛАР / ИМОМ БУХОРИЙ НАСАФДА

ИМОМ БУХОРИЙ НАСАФДА

Муҳаддислар султони Имом Бухорийнинг ўз даврида ислом оламида ҳадис илми ривожи учун қилган хизматлари беқиёс эканлиги барчага маълум. Олимнинг ўз ўлкасида ҳам илм аҳли орасида катта обрўга эга бўлганлигини унинг Насафдаги ҳадис илми ривожига қўшган ҳиссасидан яна бир бор кўриш мумкин. Зеро, Насафда ҳадис илми тараққиётининг илк даври Имом Бухорийнинг ҳаёти йилларига тўғри келади. Насаф Мовароуннаҳрда Самарқанд ва Бухородан кейин илм-маърифат жиҳатидан гуллаб-яшнаган шаҳарлардан бири бўлиб, у ердан кўплаб олим ва муҳаддислар етишиб чиққанлар.

Насафдаги ҳадис илмининг тараққиёти ҳақида Мовароуннаҳр илмий муҳити тарихига оид манбалардан бўлган Абу Ҳафс ан-Насафийнинг (1068-1142) «ал-Қанд фи зикри уламои Самарқанд» ҳамда Абу Саъд ас-Самъонийнинг (1113-1167) «ал-Ансоб» асарларида кўплаб маълумотлар мавжуд. Бу манбаларнинг берган маълумотларига кўра, VIII асрдан XII асргача ўтган вақт мобайнида Мовароуннаҳрда 3000 дан ортиқ кўзга кўринган муҳаддислар яшаб, ўз фаолиятларини олиб борган бўлсалар, улардан 1000 дан ортиғи Самарқандда, 600 дан ортиғи Бухорода, 400 дан ортиғи Насафда, 70 дан ортиғи Шошда, 60 дан ортиғи Фарғонада, 60 дан ортиғи Кешда, 50 дан ортиғи Термизда, 40 дан ортиғи Хоразмда, шу билан бирга Уструшана, Дабусия, Кушония ва бошқа минтақаларда фаолият олиб борган муҳаддислардир. Келтирилган маълумотдан Насаф ҳадис илмида минтақадаги энг йирик марказлар Самарқанд ва Бухородан кейинги ўринда турган эканлиги маълум бўлади.

Насафда илм тараққиётининг юқори даражада бўлишининг асосий сабабларидан бири бу шаҳарнинг кўҳна тарихга эга эканлигидадир. Унга таъриф берилганда XII асрда яшаган марвлик жаҳонгашта олим Абу Саъд ас-Самъонийнинг айтган сўзларини келтириш ўринлидир:

– Насаф Мовароуннаҳр шаҳарларидан бири бўлиб, уни Нахшаб деб ҳам атайдилар. Мен у ерда икки ойча яшаб, уламоларидан ҳадис эшитдим. Насафдан ҳар бир илм соҳасида кўплаб олимлар чиққан бўлиб, уларнинг сон-саноғи йўқ. Абу Таммом Ҳубайб ибн Авс ўзининг халифа ал-Муътасимга ёзган қасидасида Насаф ҳақида бундай дейди:

Рум сендан ўз ертўласида туриб даҳшатга тушади,
Турклар эса Насаф ортидан туриб сендан қўрқади.

Дарҳақиқат, Насаф IX асрда Аббосийлар халифалигининг турклар билан чегарадош ҳудудларида жойлашган эди. Бу шаҳар XIV асрдан бошлаб ҳозиргача сақланиб қолган «Қарши» номини олди.

Қарши – Шарқий Туркистондаги маҳаллий тилларнинг биридан олинган ва кейинчалик мўғул тилига кирган уйғурча сўз бўлиб, «қаср», «сарой» маъноларини беради. Нахшаб ёки Насаф ўзининг ҳозирги номини шаҳардан икки фарсах (11520 м.) масофада Чиғатой хони Кебек Хон (1318-1326) учун қурилган ва кейинчалик ном-нишонсиз йўқолиб кетган сарой номидан олган. У ердан оқиб ўтган дарё Қарши-Дарё деб аталган. Шаҳар ўтмишда мингдан ортиқ хонадони, 16 та масжиди, 3 та карвонсаройи 12 та мадрасаси бўлган муҳим савдо марказларидан эди. Унда гилам, эгар ва бронза идишлар ишлаб чиқарилган. Имом Бухорийнинг бу шаҳарга келиши Насаф илм аҳли учун ҳам, олимнинг ўзи учун ҳам жуда фойдали бўлди.

Имом Бухорий Насаф уламоларига алоҳида эҳтиром билан қаради. Насафлик муҳаддисларнинг ишончли эканлигига гувоҳлик бериб, бошқаларни улардан ҳадис эшитишга чақирди. Бухоролик муҳаддиснинг эҳтиромига сазовор бўлган ана шундай олимлардан бири Насафда 50 йилдан ортиқ вақт мобайнида қозилик вазифасини адо этган Абу Зайд Туфайл ибн Зайд ан-Насафийдир (802-892).

Абу Зайд ан-Насафий ўз юртида ҳадис илмининг ривожланишига катта ҳисса қўшган фақиҳ-уламолардандир. Бу даврда ҳадисларни отадан-болага, авлоддан-авлодга узатиб ривоят қилиш анъанага айланган бўлиб, Насафда бу йўлдан борган жуда кўп муҳаддис оилалари бор эди. Бунда ҳадис уламолари бошланғич билимни устоз сифатида ўз оталари ёки боболаридан олар эдилар. Абу Зайд Насафдаги ана шундай муҳаддис оилаларидан бирининг бобокалони эди. Унинг анъаналарини давом эттирган икки ўғли – Абу Солиҳ Халаф ибн Туфайл ан-Насафий (вафоти 908 й.) ва Абу Ҳомид Зайд ибн Туфайл ан-Насафий (873-957), невараси ва шогирди ўғли Абу Солиҳнинг фарзанди машҳур Абу Йаъло Абдулмуъмин ибн Халаф ан-Насафий (873-957) ҳам Насафда ҳадис илмини ривожлантиришда катта хизмат қилиб, ўз ота-боболарининг ишини давом эттирдилар.

Табиатан жуда мулойим бўлган Абу Зайд Имом Бухорий Насафдалиги чоғида унга жуда катта ҳурмат-эҳтиром кўрсатди. Имом Бухорий Насафдан чиққан куни Абу Зайд ҳақидаги ўз фикрини бундай ифодалайди: «Илм аҳлидан исмлари Абдуллоҳ бўлган мингта шайхни кўрдим, аммо улар орасида шайхингиз Туфайл ибн Зайддан одоблироқ кишини учратмадим». Абу Зайд фиқҳ илми билан бирга ҳадис илмини ҳам пухта эгаллаган эди. Имом Бухорий олимнинг ҳадис илмида ишончли ровий эканлигига гувоҳлик бериб бундай дейди: «Туфайл ибн Зайддан Йаҳйо ибн Букайр ҳадисларини эшитинглар». Буюк муҳаддиснинг ушбу айтган сўзларидан яна бир нарса аён бўлади: Йаҳйо ибн Букайр мисрлик муҳаддис бўлиб, Имом Бухорий ундан Мисрдалиги чоғида ҳадис эшитган бўлиши керак. Абу Зайд ана шу Имом Бухорийнинг назарига тушган олимдан ҳам дарс олганлиги унинг ҳадис илмига бўлган эътиборини янада ойдинлаштиради.

Насафда ҳадис илмининг илк даври IX асрнинг бошларига бориб тақалади. Унга асос солинишида Марв уламоларининг ҳиссаси катта. Унинг илк вакилларидан бири Абу Умайр Убайд ибн Мусо ал-Марвазий ан-Насафийдир (в. 844 й.). Абу Умайр ал-Марвазий Насаф аҳлига фароиз, сунан, аҳком илмларини ўргатди ва у ерда ҳадис ривоят қилди.

Насаф муҳаддисларининг ўзига хос томони шунда эдики, улар зоҳидликка кўпроқ эътибор қаратар эдилар. Зоҳидлик деганда улар таркидунёчиликни эмас, балки мулойимлик, хушмуомалалик, озга сабр қилиб, асосий эътиборни илмга сарфлашни назарда тутар эдилар. Бунда уларга Хуросон уламолари ўрнак бўлдилар. Насафда ҳадис илмининг илк даври намояндаларидан бири Абу Абд ар-Раҳмон Муоз ибн Йаъқуб ан-Насафий ал-Косоний (IX аср) балхлик муҳаддис Ҳотим ибн Унвон ал-Асамм аз-Зоҳиддан зоҳидликка оид ривоятларни келтиради. У 834 йили Насафда жомеъ масжиди қурдирди. Бу масжид, Абу Ҳафс ан-Насафийнинг гувоҳлик беришича, XII асрда ҳам мавжуд бўлган. Шу билан бирга, бир работ қурдириб, ёнига қудуқ қазитди ва таҳорат учун жой тайёрлатди. Бу иншоотлар жойлашган кўча «Абу Абд ар-Раҳмон аз-Зоҳид уйи», XII асрда эса «Зоҳидлар кўчаси» деб аталарди.

Имом Бухорий Насафдалиги чоғида ундан бир қанча муҳаддислар дарс олдилар, унинг ўзи ҳам Насаф уламоларидан анча таъсирланди. Буюк муҳаддис баъзи амирлар томонидан қадрланмай, турган еридан бадарға қилинган бўлса-да, илм аҳли орасида жуда эъзозда эди. Хусусан, Насаф уламолари унинг ўз уйларида меҳмон бўлишини, ўзлари эса унинг хизматида ҳозир туришни ўзларига шараф деб билар эдилар. Абу Зайднинг уйида меҳмон бўлиб турган Аҳйад ал-Ажир (IX аср) Насафда Имом Бухорий билан учрашганини фахрланиб зикр этади. Жибрил ибн Авн ал-Офуроний (IX аср) Имом Бухорийга Насафда котиблик ва ҳамроҳлик қилиб унинг хизматида бўлди.

Имом Бухорийдан ҳадис ривоят қилган яна бир насафлик муҳаддис Абу Аҳмад Толиб ибн Али ан-Насафийдир (в. 901 й.). Насафдаги яна бир муҳаддис оиласининг бошлиғи бўлган бу олим Имом Бухорийдан эшитган ҳадисларини ўз ўғли Абу-л-Ҳусайн Муҳаммад ибн Толиб ан-Насафийга (IX-X аср) ўргатди.

Имом Бухорийнинг «ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ»ини ундан ривоят қилиб, келажак авлодга етказишда ҳам олимнинг насафлик шогирдлари қилган хизматларини алоҳида таъкидлаш лозим. Улардан бири Насафдаги яна бир муҳаддислар оиласининг бошлиғи, Абу Зайднинг маслакдош ва асҳобларидан бўлган, асҳоб ал-ҳадис намояндаси, аҳл ас-сунна фиқҳи олими ҳамда Қуръонга тафсир ёзган муфассир, Насафда қоди ал-қудот лавозимида ишлаган Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Маъқал ан-Насафий ас-Санжонийдир (в. 906-907 й.). У Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ини муаллифнинг ўзидан ривоят қилган ровийлардан биридир. У илм талабида Хуросон, Ироқ, Шом, Миср каби мусулмон дунёсининг турли ҳадис марказларида бўлиб, у ерлик муҳаддислардан ҳадис ўрганди. Шу билан бирга ундан насафлик ҳамда хорижлик муҳаддислар ҳадис ўргандилар.

Абу Исҳоқ Имом Бухорийнинг ҳадисларини ўз ўғли Абу Усмон Саид ибн Иброҳим ибн Маъқал ар-Раис ан-Насафийга (в. 952 й.) етказиб, уни замонанинг энг етук олимларидан қилиб тарбиялади. Абу Зайд ва Абу Исҳоқ орасидаги дўстлик самимий бўлиб, бу алоқаларни уларнинг фарзандлари ҳам давом эттирдилар. Ар-Раис Абу Усмон ан-Насафий отаси ҳаётлиги чоғида Абу Зайднинг невараси ўз замонасининг кўзга кўринган олими Абу Йаъло Абдулмуъмин ибн Халаф билан биргаликда Балх, Ироқ, Маккаи Мукаррама, Яманнинг Санъо шаҳарларига сафар қилди. Ҳар бир зиёрат қилган жойида у ўша шаҳар аҳлига ҳадис ривоят қилар, улардан ҳам ўзи ҳадис ўрганарди. Ёши улғайганда Самарқанд ва Бухоро каби маданият марказларидаги муҳаддислар сиқа (ишончли), жалил (улуғ) муҳаддис сифатида ундан дарс олдилар. Умрининг охирида Самарқандда яшади ва ўша ерда вафот этди. Унга Амир Абу Мансур Абдуллоҳ ибн Маслама жаноза ўқиди ва уни Она-ватани Насафга олиб бориб дафн этдилар. Унинг бундай катта муваффақиятларга эришишида ўз отасидан Имом Бухорий илмларини олганлиги ҳам катта роль ўйнади.

«Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ»ни Имом Бухорийдан эшитиб ривоят қилган насафлик муҳаддислардан – Насаф яқинидаги Тубан қишлоғининг деҳқони Абу-л-Фадл Жаъфар ибн Муҳаммад ибн ал-Аббос ат-Тубаний (в. 891-892 йилдан кейин), Имом Абу Муҳаммад Ҳаммод ибн Шокир ан-Насафий (в. 923-924 й.) ҳамда Халаф ибн Шоҳид ан-Насафийдир (в. 308/920). Охирги ровий Насаф ва Самарқанд орасида почтальонлик қилган. Ўз хизматини ўташ жараёнида «Саҳиҳ»ни Самарқанд аҳлига эшиттирган. Ушбу маълумотдан Имом Бухорий умрининг охирида Самарқандга кириб, у ерда ҳадис илмидан дарс бериш имконига эга бўлмаган бўлса-да, Насаф уламолари Имом Бухорийнинг ҳадисларини ушбу шаҳар аҳлига етказишда шарафли хизмат кўрсатганлар.

Муҳаммад ибн Исмоилдан ташқари Бухородан Насафга яна кўплаб муҳаддислар келгандилар. Улар Насафда муқим яшаб қолдилар ва уларнинг авлодлари ўша ерда ҳадис илмини ривожлантиришга хизмат қилдилар. Улардан бири бобокалони бухоролик бўлиб, ўзи Насафда туғилган ва унда яшаб, вафот этган муҳаддис – Абу-л-Ҳусайн Тоҳир ибн Маҳмуд ибн ан-Надр ан-Насафий (в. 902 й.) эди. Абу-л-Ҳусайн замонасининг кўзга кўринган муҳаддисларидан бўлиб, оиласидан ҳам кўпчилик ҳадис билан шуғулланган. Унинг амакиваччаси Абдуллоҳ ибн Абдуйа ибн ан-Надр (IX аср) ҳам замонасининг имомларидан эди. Абу-л-Ҳусайн Ироқ ва Шом шаҳарларида сафарда бўлди. Ҳишом ибн Аммор, Муҳаммад ибн ал-Мусаф­фо, Исо ибн Йунус ар-Рамлий каби Хуросон уламоларининг анъаналарини ўрганиб, нафақат Насаф, балки бутун Мовароуннаҳрда ҳадис илмининг ривожига катта ҳисса қўшди. Насафлик олимлардан Муҳаммад ибн Толиб, Абдулмуъмин ибн Халаф, Муҳаммад ибн Закарийо, Аҳмад ибн Муҳаммад ат-Тадйоний ан-Насафий ҳамда Бухоро мактабидан Абдуллоҳ ибн Йаъқуб ал-Ҳорисий ва Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Бухорий ундан ҳадис ўргандилар.

Насафда Имом Бухорий ва асҳобларининг ишини давом эттирган муҳаддис уламолар ҳақида Абу-л-Аббос Жаъфар ибн Муҳаммад ал-Мустағфирий ан-Насафий ўз асарини ёзди. Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ан-Насафий унинг ишини давом эттириб, ўзининг «ал-Қанд фи зикр уламои Самарқанд» каби мовароуннаҳрлик минглаб муҳаддислар ҳақида маълумот берган ўзининг қимматбаҳо илмий меросини қолдирди. Айнан ана шу аждодларимиздан қолган маънавий мерос орқали биз ҳозир ўтмишимиз маънавияти тарихидан бохабар бўлмоқдамиз.

Дурбек РAҲИМЖОНОВ,
тарих фанлари номзоди, доцент

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …