Ислом динида аёлларга юксак ҳурмат ва эътибор билан қаралади. Қуръони каримнинг ўттиз беш сура ва бир юз икки оятида аёл сўзининг ишлатилиши, суралардан бири айнан “Нисо” яъни “Аёллар” деб номланиши кўп нарсалардан далолат беради.
Аёл зотини эҳтиром қилиш тўғрисида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир қатор ҳадислар ривоят қилинган. Жумладан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули! Менинг чиройли муомала қилишим учун инсонларнинг қайси бири ҳақлироқ?” деб сўраганида, у зоти шариф: “Онанг” дедилар. “Ундан кейин ким?” деди. “Онанг” дедилар. “Кейин ким?” деди. Яна: “Онанг” дедилар. “Кейин ким?” деди. “Отанг” дедилар[1].
Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Умму Сулайм Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва: “Эй Аллоҳнинг Расули, албатта, Аллоҳ ҳақдан ҳаё қилмайди. Аёл киши эҳтилом бўлса, ғусл қиладими?” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа, вақтики сувни кўрса”, дедилар. Бас, Умму Салама: “Эй Аллоҳнинг Расули, аёл киши ҳам эҳтилом бўладими?” деди. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қўлгинанг қурисин, бўлмаса боласи унга нимадан ўхшар эди”, дедилар”[2].
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳўлни кўрган, лекин эҳтиломни эслай олмаган одам ҳақида сўралди. Ул зот: “Ғусл қилади”, дедилар. Эҳтиломни кўрган, лекин ҳўлни кўрмаган одам ҳақида (ҳам сўралдилар) Ул зот: “Унга ғусл вожиб эмас”, дедилар. Бас, Умму Сулайм: “Аёл киши ҳам ўшани кўради. Унга ҳам ғусл вожиб бўладими?” деди. Ул зот: “Ҳа, албатта, аёллар эркакларнинг туғишганларидир”, – дедилар”[3].
Ушбу ҳадисда баён қилинган масала ҳам кўп учрайдиган, айниқса, ёшларда тез-тез такрорланиб турадиган ҳолатдир. Биров тушида ғусл вожиб бўладиган бирор нарсани кўрганини эслай олмайди. Лекин баданида, кийимида ёки ётган жойида манийнинг ҳўлини кўради. Нима қилиш керак? Албатта, ғусл қилиш вожиб, акс ҳолда, гуноҳкор бўлади. Бошқа биров тушида жинсий алоқани кўрган, аммо уйғонса, ҳеч қаерда манийнинг ҳўли йўқ. Ундоқ одамга ғусл вожиб бўлмайди. Чунки, ундан воқеъликда ғусл вожиб бўладиган нарса чиққан эмас. Мана шу масалалар ҳақида савол-жавоб бўлиб турган жойда Умму Сулайм розияллоҳу анҳо ҳам бор экан. У фурсатдан фойдаланиб: “Аёл киши ҳам ўшани кўради. Унга ҳам ғусл вожиб бўладими?” деди. Яъни, аёл киши ҳам эҳтиломни кўрмайди-ю, ҳўлни кўради. Унга ҳам ғусл вожиб бўладими, деди. Бу саволга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бериб: “Ҳа, албатта, аёллар эркакларнинг туғишганларидир”, дедилар. Яъни, ҳа, аёл кишига ҳам ғусл вожиб бўлади. Аёл киши ҳам худди эркак кишига ўхшаш, деганларидир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Эй одамлар! Сизларни бир жон (Одам)дан яратган ва ундан жуфти(Ҳавво)ни яратган ҳамда иккисидан кўп эркак ва аёлларни таратган Раббингиздан қўрқингиз! Шунингдек, ўрталарингиздаги ўзаро муомалада номи келтирилувчи Аллоҳдан ва қариндошлар (алоқасини узиш)дан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ сизларни кузатиб турувчидир”[4].
Ҳаётда аёл ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлса, жамият соғлом бўлади. Чунки, фарзандлар оналар сабабли дунёга келади. Уларга бошланғич таълим-тарбия ҳамда одоб-ахлоқни оналар ўргатади. Шундай экан, келажак авлоднинг солиҳ бўлиши бугунги кун аёлларининг солиҳа бўлишига ҳар жиҳатдан боғлиқдир.
Аллоҳ таоло бошқа бир ояти каримада ота-онага яхшилик қилишни буюрар экан, айниқса онанинг ҳомиладорлик даврини машаққат билан ўтказиши ва уни дунёга келтириб, эмизиб, катта қилишдаги қийинчиликларга бардош бериши ҳақида хабар бериб, бундай дейди: “Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар). (Биз инсонга буюрдикки) “Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Қайтишлик Менинг ҳузуримгадир”[5].
Аёл эрининг оилавий ишларида ёрдамчи сифатида унга кўмакчи бўлиш билан бирга, оила, фарзанд тарбияси каби ишларда масъулдир. Оқила аёл бека бўлган оилада дўстлик, иноқлик ва муҳаббат ришталари мустаҳкамланади ҳамда оила аъзоларининг барчаси саодат, ҳузур-ҳаловат ва фаровонликда яшайди.
Ҳозирги замон мусулмон аёли нафақат ижтимоий ҳаётда, балки илм-маърифат, маънавият ва маданият соҳаларида ҳам камолотга эришиш орқали эрига мухлис, солиҳа, вафодор, фарзандларга меҳрибон она, ҳамма ишни эплайдиган уддабурон бўлиши лозим.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Эй Пайғамбар! Қачонки, Сизнинг олдингизга мўмина аёллар келиб, Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмасликка, ўғрилик қилмасликка, зино қилмасликка, ўз болаларини ўлдирмасликка, қўл ва оёқлари орасида тўқиб оладиган бўҳтонни қилмасликка ҳамда бирор яхши ишда Сизга итоатсизлик қилмасликка ҳузурингизда қасамёд этсалар, Сиз уларнинг қасамёдларини қабул қилинг ва улар учун Аллоҳдан мағфират сўранг! Албатта, Аллоҳ (ўз бандаларига нисбатан) кечиримли ва раҳмлидир”[6].
Мазкур ояти каримадан маълум бўлишича, аёл Исломнинг муайян ақидаларига эргашмоққа йўналтирилган. Аёл руҳан ва феълан бу ақидаларга амал қилиши, кузата ва англай олиши учун ўз-ўзини тарбиялаб, таълим олиши Исломнинг асосий жиҳатидир.
Қуръони каримда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитобан келган оят бор: “Ва улар билан кенгашиб иш қилинг!”[7], яъни Қодир Аллоҳ ўз Расулига саҳобалар билан кенгашиб иш қилишни буюрмоқда. Саҳобалар орасида эса аёллар ҳам бўлган ва бу амр уларга ҳам тегишли бўлган. Бундан ташқари, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли аёлларига ҳурмат билан қараб, улар билан масалаҳатлашиб иш кўрганлар.
Ушбу ўринда шуни айтиб ўтиш лозимки, албатта, мусулмонлар шу амрга тобедир. Бу ояти каримада фақат эркаклар билан маслаҳатлашиб, аёллар билан маслаҳатлашмаслик керак, бунга эҳтиёж йўқ, дейдиган бирор ишора мавжуд эмас. Бу илоҳий амрни фақат эркакка махсус дейиш аёлга мухолифликдан бошқа нарса эмас. Ислом олими Ибни Хозим бундай деди: “Ҳазрат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам эркакларга, ҳам аёлларга тенг юборилгандирлар. Аллоҳнинг хитоби, Пайғамбарнинг хитоблари аёлларга ҳам, эркакларга ҳам бирдек қаратилгандир. Бу хитобларни очиқ бир насс ёки ижмо бўлмагунча эркакларга махсус этиб, аёлларни ташқарида қолдирмоқ жоиз эмас”.