Home / МАҚОЛАЛАР / МАДАНИЙ СОҲАДА ҒОЯВИЙ КУРАШ

МАДАНИЙ СОҲАДА ҒОЯВИЙ КУРАШ

Ҳаммамиз яхши биламизки, халқ ёки миллатнинг маънавий қарашлари, интелектуал салоҳияти ўз-ўзидан, бўш жойда шаклланмайди. Уларнинг вужудга келиши ва ривожланишига аниқ тарихий омиллар асос бўлади. Бу қарашлар вақт ўтиши билан авлоддан-авлодга мерос бўлиб қадрият ва ахлоқий нормалар сифатида эъзозланади. Шу билан бирга турли зиддиятларни кучайтириб урушларни келтириб чиқаришига сабаб бўлади. ХХ аср бошларида ҳам миллий норозилик ҳаракатларининг кучайиб бориши қатор мустамлакага эга давлатлар – Буюк Британия, Франция, Россия, Германия, Испания ҳукуматларининг ўз назоратидаги ўлкаларни замонавий сиёсий конъюнктурага мослаштиришига сабаб бўлди.

Туркистон маърифатпарварлари Октябрь инқилоби миллионлаб халқларни ижод эркинлигига эриштирди деб, социалистик тараққиёт сари қадам ташлаган. Аммо совет ҳукуматининг маданий соҳада амалга оширмоқчи бўлган инқилоби бошқача эди. 1918 йил 23 январда черковни давлатдан ва мактабни черковдан ажратиш тўғрисида декрет қабул қилинди. Унга кўра, диний таълим билан боғлиқ мавзулар таълим тизимидан чиқарилди. Шунингдек, ҳукумат 1918 йил 14 майда ТАССР Халқ Комиссарлари Советининг декрети билан Республика “Халқ Маорифи Комиссарлиги” ва унинг маҳаллий Советлар ҳузуридаги бўлимлари”[1]ни  тузиб, маданий соҳани назорат остига олди. Бу билан маданий инқилобнинг асосий вазифаси “Совет фуқароларининг шахсий эътиқодига марксистик-ленинистик мафкура тамойилларини киритиш”[2]-эканлиги яққол намоён бўлди.

1920-1930 йиллар давомида деярли барча маданий-гуманитар соҳалар: таълим, фан, кутубхоначилик, нашр ишлари, музейлар, театрлар ва кинотеатрлар, клубларни бошқариш ҳуқуқи Халқ Маориф Комиссариати назоратига ўтказилди. Жамият маданий ҳаётини бошқариш учун Агитпроп (КПСС марказий қўмитаси тарғибот ва ташвиқот бўлими), Главлит (Адабиёт ва нашриёт бош бошқармаси – 1922-1991 йиллар давомида босма асарларни цензурадан ўтказиб, оммавий ахборот воситаларида давлат сирларини ҳимоя қилган) каби давлат органлари тузилди. Шу тариқа маданий ҳаёт тўлиқ партия назорати остида бириктирилди. Бу ҳолатни 1921 йил март ойига келиб, “миллий масала” юзасидан партиянинг сиёсий вазифаси: “…рус бўлмаган халқларнинг меҳнаткашлар оммасига ижтимоий ҳаётнинг ҳамма соҳаларида Марказий Россиянинг илғор халқларига етиб олиш ишида ёрдамлашишдан иборатдир”[3] деган резолюциядан ҳам билса бўлади. Ушбу резолюция асосида курс ва мактаблар очиш ҳамда кўпайтириш, илм-фан, касб-ҳунар, халқ таълими, матбуот ва театрлар устидан назорат ўз-ўзидан партия ихтиёрига ўтказилди. Бу “ёрдам” Туркистонда болаларни бепул ўқитиш билан бирга, аҳоли орасида шахсий ташаббусларни жиловлаш йўлидаги дастлабки қадам ҳам эди. Қадимдан ўз билим ва тафаккурига эга халқлар ХХ аср иккинчи ўн йиллигида шу тартибда “янгича ғояга ихтиёрий” тарзда даъват этила бошлади. Социалистик ғояга қарши бўлган кишилар эса давлатнинг сиёсий душмани сифатида турли қийноқ ва қатағонларга учради.

Маорифда босқичма-босқич амалга оширилган чора ва тадбирлар шўро ҳукуматининг пролетар ғоя ва мафкураси кенг ёйилишига қўл келган. Мисол: “Россияда Хоразмга муаллим кадрлар ва маданий оқартув ходимлари мунтазам равишда юборилиб турилди. Чунончи, Хоразмга РСФСРдан 1921 йилда 40 нафарга яқин, 1923 йилда 30 нафардан кўпроқ маориф ходимлари келиб ишлай бошлади. Уларнинг кўплари маҳаллий тилларни билган кишилар”[4] бўлган. Туркистон, Бухоро ва Хоразм ўлкаларининг барча ҳудудларида “социалистик, байналмилал маданиятни” ёйиш мақсадида қўлланган бу тадбир доимий ишга айлантирилган.

Ўзбекистонда 1925 йилда “97 та вақф мактаби ва 1,5 мингдан ортиқ эски мактаб фаолият кўрсатиб, шулардан 250 таси яширин ҳолда ишлаган. Аммо 1928 йилга келиб, советлар ҳукумати Ўзбекистонда эски миллий мактаблар фаолиятини батамом таъқиқлаб[5] қўйиши советлаштириш билан бир пайтда, сунъий тарзда саводсизлик кўпайишини келтириб чиқарган. Жамиятдаги бу иллатни бартараф қилиш илинжида ХХ асрнинг 30-йилларида “комсомол ва партиясиз ёшлардан маданий армиячилар деб аталмиш фаол жамоатчилар тузилган. Улар саводсизликни тугатиш мактаблари ташкил этиш, саводсизларни ўқитиш, сиёсий онгини ошириш ишларини шижоат билан бажардилар. 1930-1931 йиллар мобайнида шундай армиячилар сони 12 мингдан 16 минг нафарга”[6] етказилган.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, шўро даври ҳужжатларида бутун аҳолининг саводхонлик даражаси қайд қилиб борилган. Масалан, “1920 йилги аҳолини рўйхатга олиш натижаларига кўра, Совет Россияси ҳудудида 8 ёшдан катта бўлган аҳолининг 41,7%и ўқиш имкониятига эга бўлган”[7] ва бу кўрсатгич бутун СССР иттифоқ ҳудуди бўйича “1926 йил 17 декабрь ҳолатида 56,6% ни (9-49 ёшдаги аҳоли орасида олинган) ташкил этди”[8] деб кўрсатилган. Шунингдек, саводлилик даражасини 1939 йил Ўзбекистон аҳолисига нисбаттан “эркаклар – 83,6%, хотин-қизлар – 73,3%”[9] деб қайд этилган. Саводсизликни тугатиш учун “халқ маорифига сарфланган капитал маблағлар биринчи беш йилликда 395,5 миллион сўмни ташкил этган бўлса, иккинчи беш йилликда 1162,5 миллион сўм”[10] гача оширилган. Амалга оширилган чора-тадбирлар социалистик ғояларни халқ онгига сингдириш учун хизмат қилган.

Ўзбекистон ССРда турли миллатга мансуб аҳоли истиқомат қилиб, улар 1926 йил 17 декабрь ҳолатига кўра[11] жами 5 267 658 киши бўлган. Педагогик ва психологик таҳлиллардан маълумки, жамиятда ёшларнинг ижтимоий қарашлари аввало уларнинг оилавий муҳити, қўни-қўшни, маҳалласида шакллана бошласа, кейинчалик мактабда ўзлаштирган билими асосида ривожланади. Шундан келиб чиқиб, жамият аъзолари интеллектуал салоҳияти ва қарашлари бир хил бўлиб шаклланмайди. Бундан совет ҳукуматининг “социалистик маданий жамият” қуришда етакчи куч ягона бир қатлам –пролетариат бўлиши кераклиги ҳақидаги қараши утопия эканлигини англаш мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, илм-фан тараққий этмаган ўлкада эркин ва фаровон жамият қуриб бўлмайди. Шўро ҳукумати ёзув ва таълимда амалга оширган ўзгаришлар асосида ўсиб келаётган Ўзбекистон ёшларини тарих ва қадриятлардан йироқлаштиришга уринди. Социалистик ғояларни ёйиш мақсадида ишчи ва деҳқонларнинг моддий имкониятидан келиб чиқиб, бепул таълим, моддий рағбатлантириш асосида маълум ютуқларни қўлга киритди. Аммо шунчалик мураккаб ва таҳликали давр бўлишига қарамай, тарих сирларидан бохабар илм-фан соҳиблари ҳамда чет элларда (Туркия, Германия ва б.) ўқиб қайтган ёшлар ёт ғоя ва мафкураларга қарши курашиб, Ватан истиқлоли учун фидоийлик намунасини кўрсата олди.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР
[1] Ўзбекистон ССР тарихи” Қадимги даврдан ҳозирги кунларгача. ЎзССР ФА акад. И.М. Муминов таҳрири остида. –Т., “Фан” 1974. 332-бет.
[2] Культурная_революция_в_СССР Российская педагогическая энциклопедия. Т. 1. М., 1993; URL: www.otrok.ru/teach/enc/txt/4/page95.html
[3] Ўзбекистон ССР тарихи” Қадимги даврдан ҳозирги кунларгача. ЎзССР ФА акад. И.М. Муминов таҳрири остида. –Т., “Фан” 1974. 376-бет.
[4] Ўзбекистон ССР тарихи” Қадимги даврдан ҳозирги кунларгача. ЎзССР ФА акад. И.М. Муминов таҳрири остида. –Т., “Фан” 1974. 367-бет.
[5] Рустамбек Шамсутдинов, Шоди Каримов “Ватан тарихи” 3-китоб, Шарқ нашриёт матбаа аксиядорлик компанияси. Т-2010 йил. 284-бет.
[6] Чориев А.Х. “Мустабид шўролар тузуми шароитида Ўзбекистон халқ таълими ва ўқитувчи кадрлар тайёрлаш: миллий анъанавий ва шўро таълим тизимлари ўртасидаги зиддиятлар (20-30 йиллар)” тарих фанлари доктори илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертация. Тошкент-1998 й. 200-бет.
[7] Культурная_революция_в_СССР . Российская педагогическая энциклопедия. Т. 1. М., 1993; URL: www.otrok.ru/teach/enc/txt/4/page95.html
[8] Российская педагогическая энциклопедия. Т. 1. М., 1993; URL: wikipedia.org/wiki/Перепись_населения_СССР_(1926)
[9]И. М. Богданов. Грамотность и образование в до революционной России и в СССР. (историко-статистические очерки). М.-1964.102-b
[10] Рустамбек Шамсутдинов, Шоди Каримов “Ватан тарихи” 3-китоб, Шарқ нашриёт матбаа аксиядорлик компанияси. Т-2010 йил. 285-бет
[11] wikipedia.org/wiki/Перепись_населения_СССР_(1926)
Сухроб ЭРГАШЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий–тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …