Home / МАҚОЛАЛАР / МАҲМУД ЗАМАХШАРИЙНИНГ ТИЛШУНОСЛИККА ОИД АСАРЛАРИ

МАҲМУД ЗАМАХШАРИЙНИНГ ТИЛШУНОСЛИККА ОИД АСАРЛАРИ

Араб тилининг қонун-қоидалари тизими – наҳв илмини яратган ва камолга етказган олимлар орасида бизнинг бобокалонимиз Маҳмуд Замахшарий муҳим ўрин эгаллайди.

Аллома ҳақидаги маълумотлар асосан Ўрта аср араб манбаларида келтирилган. Абул Қосим Маҳмуд ибн Умар Замахшарий 467/1075 йил 27 ражаб ойи /19 мартда Хоразмнинг Замахшар қишлоғида таваллуд топган. Отаси унчалик бадавлат бўлмаса-да, саводли, тақводор, диёнатли киши бўлган ва аксар вақтини ибодат билан ўтказиб, Замахшардаги бир масжидда имомлик ҳам қилган. Онаси ҳам художўй бўлган.

Шарқда алломани чуқур ҳурмат ва меҳр билан “Устозул араб вал ажам” (“Араблар ва ғайри араблар устози”), “Фахру Хоразм” (“Хоразм фахри”) каби шарафли номлар билан атаганлар.

Замахшарий ҳаёти давомида илм ўрганиш мақсадида тинмай дунё кезган. Буюк аллома Хуросон, Эрон, Арабистон, Ироқ, Яман, Шом (Сурия) каби давлатларнинг Марв, Нишопур, Исфаҳон, Бағдод, Ҳижоз, Дамашқ ва Макка каби шаҳарларида бўлиб, асарлари учун бой манба тўплаган.

 Маълумотларга кўра, олим ўзининг кўплаб асарларини Маккада ёзган ва худди шу ерда буюк олим сифатида эътироф этилган, шуҳрат қозонган. 

Ватанимиз мустақилликка эришгандан сўнг бошқа буюк аждодларимиз қаторида Маҳмуд Замахшарий ҳаёти ва илмий мероси ҳам илмий асосда кенг ўрганила бошлади.

Замахшарий ўз даврининг забардаст олимларидан бири бўлиб, фаннинг турли соҳаларига оид етмишга яқин асар ёзган. Афсуски, бизга шулардан баъзиларигина етиб келган, холос. Алломанинг  асарлари рўйхати турли манбаларда турлича келтирилади. Немис шарқшунос олими К.Броккельман ўзининг «Араб адабиёти тарихи» номли асарида Маҳмуд Замахшарийнинг 31 та асари бўлгани ҳақида маълумот берган бўлса, доктор Аҳмад Муҳаммад Хуфий – « Замахшарий» номли рисоласида унинг 48 асари борлигини айтиб ўтади. Академик А.Рустамовнинг «Маҳмуд Замахшарий» китобида алломанинг 39 та асари бўлгани ҳақида маълумотлар бор. Б.З.Холидов ўз мақоласида Замахшарий 55 та асар ёзганини таъкидлайди. Маҳмуд Замахшарий илмий меросининг яна бир тадқиқотчиси У.Уватов «Нозик иборалар» номли китобида алломанинг 34 та асарига оид маълумот берган[1].

1998 йили Байрутда Маҳмуд Замахшарийнинг «Асосул балоға» асари чоп этилган ва унинг муқаддима қисмида тадқиқотчи олим Муҳаммад Босил Уюн Суд алломанинг 65 та асари рўйхатини келтирган.

И.Ю.Крачковский, В.В.Бартолъд, А.А.Боровков, А.Кримский, В.Л.Вяткин; ғарб олимларидан К.Броккельман, Голдсиер, Ветштейн, Нёльдеке, Поппе, Райт, Бенсинг, Заёнчиковский Маҳмуд Замахшарийнинг илмий меросига катта қизиқиш билдирган ва аллома асарлари устида изланишлар олиб борган. Лекин бирортасида «Ал-Муфассал фи наҳв» асари алоҳида кўриб чиқилган эмас.

Араб олимларидан Журжи Зайдон, Аҳмад Муҳаммад Худий, Али Бажовий, Баҳижа Боқир Ҳусний, Муҳаммад Абул фазл Иброҳим, Ҳусни Абдужалил Юсуф, Иброҳим Самароий, Муҳаммад Босил Уюн Суд ва бошқалар аллома ижодини ҳар томонлама ўрганишга ҳаракат қилган[2] ва бугунги кунда ҳам кўпгина олимлар Маҳмуд Замахшарий асарлари устида тадқиқотлар олиб бормоқда.

Маҳмуд Замахшарий илм-фаннинг турли соҳаларини, жумладан, араб тилининг сарфу наҳвини, адабиётшунослик, луғатшунослик, тилшунослик, география, аруз, мантиқ, диний илмлар, Қуръон тафсирини мукаммал эгаллаган. 

Буюк алломанинг бебаҳо мероси дурдоналари орасида тилшуносликка оид энг машҳур асарларидан «Шарҳ абйат китоб Сибавайҳ» («Сибавайҳ китобининг шарҳи»), «Ал-Муфассал», «Ал-Унмузаж» (грамматикага оид) алоҳида аҳамиятга эга. Бундан ташқари, бобокалонимиз луғатшунослик соҳасида ҳам салмоқли ишлар олиб борган. Янги усулдан фойдаланиб, дунёга машҳур бир неча луғатни тузган. Шулар жумласига “Ал-Фоиқ фи ғарибил ҳадис”, Асосул балоға (“Балоғат асоси”), “Ал-Муъжамул арабийятул форисийят”, “Муқаддаматул адаб”  асарлари киради. Шу билан бирга, Қуръони каримга ёзган шарҳларини ўз ичига олган «Ал-Кашшоф» асари ислом оламида тафсирга оид асарлар орасида энг мукаммали эканлиги шарқшунос ва арабшунос олимлар томонидан тан олинган. Мазкур асарларнинг қўлёзма ва тошбосма нусхалари турли мамлакатлар қўлёзма фондларида сақланмоқда ҳамда, кўплаб дорилфунунларда дарслик сифатида ҳалигача қўлланиб келмоқда. Улар аксариятига атоқли ва нуфузли олимлар томонидан шарҳлар ёзилган.

Машҳур тарихчи Ибн Қифтий (ваф.1248 й., Ҳалаб) “Замахшарий илмул адаб, наҳв ва луғат бобида ўзгаларга мисол бўладиган аллома бўлиб, ҳаёти давомида кўплаб буюк олиму фузалолар билан учрашган. Аллома тафсир, ҳадис, наҳв ва бошқа соҳалар бўйича етук, зукко бўлиб, унинг бир қанча асарлари бордир. У ўз асрида араб тилида ижод қилган ажамлар (араб бўлмаганлар) орасида энг буюгидир,” деб ёзади.

Арабларда ҳам бундай мақол бор: “Агар Замахшарий бўлмаганида, араблар ўз тилини билмас эди”. Шунга кўра, алломанинг бундай таҳсин-мақтовларга эришиши ва бутун дунёга машҳур тилшунос, грамматик олим бўлиб танилишига сабаб араб тили грамматикасига бағишлаб ёзилган “Ал-Муфассал фин наҳв” – “Наҳв (грамматика) ҳақида муфассал китоб” асари бўлса, ажаб эмас.

Ироқлик олим Фозил Солиҳ Самарий маълумотига қараганда, Замахшарий қолдирган бой илмий меросни қуйидагича таснифлаш мумкин: диний илмлар, ислом уламолари ва фиқҳга оид асарлар; луғатшунослик, араб тили грамматикаси (сарф ва наҳ ); аруз ва адабиёт назарияси; бадиий адабиёт (шеърий девонлар ва насрий асарлар); мантиқ ва фалсафага оид асарлар; жўғрофия ва этнографияга оид асарлар.

Қуйида аллома қаламига мансуб тилшуносликка оид асарлар билан танишамиз. “Ал-Муфассал фи санъатил иъроб” – “Эъроб санъати ҳақида муфассал китоб”, “ Муқаддаматул адаб” – “Адаб илмига кириш”, “ Асосул балоға” – “Балоғат асоси” унинг йирик асарлари бўлса,тубанда келтирилганлари муайян даражада тўлдирувчи ва илова вазифасини ўтайди:

  1. “Ал-Унмузаж фин наҳв” – “Наҳв илмидан намуналар”.
  2. “Ал-Фоиқ фи ғарибил ҳадис” – «Ҳадислардаги нотаниш сўзларни изоҳлашга доир ажойиб асар».
  3. “Самимул арабия” – “Араб тилининг негизи”.
  4. “Ал-Муъжамул арабийятул форисийяту” – “Арабча-форсча луғат”.
  5. “Ал- Минҳож фил усул” – “ Усул илмидаги тартиботлар”.
  6. “Ал-Муфрад вал муаллиф фин наҳв” – Араб тилида бирлик ва кўплик”.
  7. “Шарҳ абйат китоб Сибавайҳ” – “Сибавайҳ китоби байтларининг шарҳи”.
  8. “Ал-Асмо фил луғат” – “Тилда исмлар”.
  9. “Ал-Амолий фин наҳв” – “Грамматик қоидаларда орфография”.
  10. “Ад-Дурруд доирул мунтаҳаб фи кинойот ва истиорот ва ташбеҳоти-л-араб” – “Араб киноя, истиора ва ташбеҳларидан танланган дурлар”.
  11. “Девонут тамсил” – Ассимилияция ҳақида девон”.
  12. “Жавоҳирул луғат” – “Тил жавоҳирлари”.
  13. “Китабул ажнос” – “Жинслар китоби”.
  14. “Ал-Муфрад вал мураккаб фил арабия” – “Араб тилида бирлик ва кўплик”.
  15. “Шофиул аййи мин каламиш Шофеъий” – “Шофеъий сўзи ёрдамида тилни даволаш”.
  16. “Шарҳ “Мухтасарил Қудурий” – “Қудурийнинг “Мухтасар” асарига шарҳ”.
  17. “Шарҳул фасиҳ” – Саълабнинг “Фасиҳ” асарига шарҳ.
  18. “Ҳошия алал “Муфассал” – “Муфассал асарига ҳошия”.
  19. “Шарҳул баъзи мушкилатул муфассал – “Муфассалдаги баъзи қийин масалаларга ёзилган шарҳ”[3].

Маҳмуд Замахшарий қомусий олим сифатида тилшунослик, адабиёт, география, тарих ва бошқа қатор йўналишлар бўйича мактаб яратган. Аллома 200 дан ортиқ шогирди бўлган. Асарларини бевосита ўрганиб, илму фаннинг сирларини эгаллаган 100 дан ортиқ олим ғойибдан ўзини Замахшарийнинг шогирди деб ҳисоблаган.

[1]  Носирова М. Ўрта асрлар араб наҳвидан намуналар (Маҳмуд Замахшарийнинг “Унмузаж фи наҳв” рисоласи асосида). – Т.: ТошДШИ нашриёти, 2004. 5-бет
[2] Носирова М. Ўрта асрлар араб наҳвидан намуналар (Маҳмуд Замахшарийнинг “Унмузаж фи наҳв” рисоласи асосида). – Т.: ТошДШИ нашриёти, 2004. 6-бет
[3] Носирова М.  Тилшунослик билимлари тарихи (Араб тилшунослиги) – Т.: Наврўз, 2019. – Б. 136.
Дилдора МУСИНОВА,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …