Home / МАҚОЛАЛАР / “САҲИҲУЛ БУХОРИЙ”ДАН ОЛДИНГИ МАШҲУР СУНАНЛАР

“САҲИҲУЛ БУХОРИЙ”ДАН ОЛДИНГИ МАШҲУР СУНАНЛАР

Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларини жамлаш ва китоб ҳолига келтириш ишлари ҳижрий юзинчи йилда халифалик қилган Умар ибн Абдулазиз даврида бошланган. Умар ибн Абдулазиз Ибн Шиҳоб Зуҳрий ва бошқа муҳаддислардан омма учун ҳадис китоби ёзишни сўрайди. Зуҳрий содда қилиб, бир китоб таълиф этади. Бошқалар ҳам унга эргашади. Расман ҳадис китоблар ёзиш шундан бошланади.

Дарҳақиқат, Имом Бухорийнинг саҳиҳ тўплами ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмасдан, балки ҳадисни тадвин қилишнинг илк давридан то у кишининг замонасигача бўлган узун занжир ҳалқасига боғланган эди. Аммо буюк муҳаддиснинг ҳалқаси энг мукаммали ва тўлиғи бўлди. Имом Бухорий бу йўлда ўзидан олдинги ҳадис имомларининг усул ва йўлларидан катта фойда олди. Аввал битилган ҳадис тўпламлари билан қаттиқ шуғулланиб, уларни ёдлади ва тўлиқ ўзлаштирди. Шундан кейингина ўша ҳадислардан ўзининг шартига тўғри келганларини ўз саҳиҳига қўшди.  

Имом Деҳлавий Имом Бухорийдан олдин ҳадис тасниф қилиш йўлларини баён қилиб, бундай деган эди:

“Ҳадис илми борасида муҳаддисларнинг биринчи тутган йўли ҳадисларни тўртта фан бўйича тартиблаш бўлди:

  1. Фиқҳ бўйича ҳадисларни тўплаш. Бунга Имом Моликнинг “Муватто” ва Суфён Саврийнинг “Жомиъус Суфён” тўпламлари мисол бўлади.
  2. Тафсир бўйича ҳадисларни тўплаш. Ибн Журайжнинг ҳадис китобига ўхшаш.
  3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ҳақида ҳадислар тўплами. Муҳаммад ибн Исҳоқнинг ҳадис китоби сингари.
  4. Зуҳд ва тақво борасида йиғилган ҳадислар тўплами. Ибн Муборакнинг ҳадис каби.

Имом Бухорий мана шу тўртта фанни битта китобда жамлашни ихтитёр этди ҳамда ўзидан олдинги ва замонасидаги уламоларнинг ҳадисларидан саҳиҳга ҳукм қилганлари рўйхатини тузиб, уларни таснифлади”.

Ҳижратнинг иккинчи ва учинчи асрида ҳадис соҳасида китоб таълиф ва тасниф қилиш ишлари шунчалик жадаллашдики, натижада ўнлаб, ҳатто юзлаб суннат китоблари пайдо бўлди. У “Сунан” деб юритилиб, иймон, таҳорат, намоз, закот ва ҳоказо фиқҳий боблар билан тартибланди. Бу ҳадислар орасида мавқуф[1]лари йўқ эди. Чунки мавқуф ўша даврдаги уламоларнинг  истилоҳида суннат эмас, балки умумий ҳадис ҳисобланарди.

Имом Бухорий замонигача бўлган машҳур сунан китоблари қуйидагилар:

  1. “Сунану Абулвалид Абдулмалик ибн Абдулазиз ибн Журайж Румий”. Бу киши буюк имомлардан ҳисобланиб, 151/768 йилда вафот этган. Унинг таржимаи ҳолини Хотиб Бағдодий ўзининг “Тариху Бағдод” асарида келтириб ўтган.
  2. “Сунану Саид ибн Мансур ибн Шўъба”. Куняси – Абу Мансур. Хуросонлик бўлган. Маккада яшаб, 227/842 йилда вафот этган. Ишончли ровийлардан бўлган. Унинг таржима ҳолини Имом Бухорий ўзининг “Тарихул Кабир” ва “Тарихус Сағир” китобларида келтириб ўтган.

Бу китоб Шайх Ҳабибурроҳман Аъзомий таҳқиқи остида нашрдан чиққан. Аммо нусха тўлиқ эмас. Ундаги ҳадислар миқдори 2978 тани ташкил этиб, фароиз, никоҳ ва унга боғлиқ масалаларни, талоқ ва жиҳод китобларини ўз ичига олган. Икки жилдда босилган.

  1. “Сунану Муҳаммад ибн Сабоҳ Баззор Дувалабий”. Куняси – Абу Жаъфар Бағдодий. 150/767 йилда туғилиб, 227/842 йилда вафот этган. Ишончли ровий бўлиб, у кишидан кўпчилик ҳадис ривоят қилган.
  2. “Сунану Доримий”. 181/797 йилда туғилиб, 255/869 йилда вафот этган. У кишининг таржима ҳолини Хотиб Бағдодий “Тариху Бағдод” асарида келтирган. Китобдаги ҳадисларнинг санадлари олий ҳисобланади. Имом Бухорийнинг устозларидан бўлиб, Абу Абдуллоҳ “Саҳиҳул Бухорий”дан бошқа китобларида у кишидан ҳадис ривоят қилган. Унинг сулосиётлари Имом Бухорийнинг сулосиётларидан кўпроқдир.

Ҳофиз Алоий айтади: “Сиҳоҳи ситта”да олтинчи ўринни эгаллаган Имом Доримийнинг китобини бешинчи ўриндаги Ибн Можа китобининг ўрнига қўйиш лозим. Чунки унда заиф кишиларнинг ривояти, мункар ва шоз ҳадислар оздир. Шу жиҳатдан ундан афзалдир”. 

Ҳофиз Ҳажар Асқалоний: “Агар Сунани Доримий бешталикка қўшилса, албатта Ибн Можадан афзал бўлади”, деган.

Бу маълумотлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини тўплаш тобеинлар даврида жадал ривож топганидан дарак беради. Илк муҳаддислар ўзига хос ҳадис мактабига асос солиб, ҳадислар матни, санади ва ровийлари тарихига жуда катта эътибор қаратган. Имом Бухорий ўзидан олдинги муҳаддисларга чексиз ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиб, уларнинг илмларидан кўп фойда олди. Шу сабабли ҳам ҳадис соҳасида энг олий чўққини эгаллаб, Ислом оламида катта шуҳрат қозонди ва ўлмас мерос қолдирди.

[1] Қайсидир бир сўз ё феъл саҳобаларга нисбат берилса, мавқуф деб аталади.
Отабек БАҲРИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …