Home / МАҚОЛАЛАР / СЎФИ ОЛЛОҲЁР ИЖОДИЁТИГА НАЗАР (Марказнинг Манбалар хазинасида сақланаётган асарлари нусхалари мисолида)
Сўфи Оллоҳёр. Маслакул муттақийн. Қўлёзма. ИБХИТМ манбалар хазинаси. №-43.

СЎФИ ОЛЛОҲЁР ИЖОДИЁТИГА НАЗАР (Марказнинг Манбалар хазинасида сақланаётган асарлари нусхалари мисолида)

Узоқ ва шонли тарихга эга бўлган ўзбек халқи азалдан ўзининг юксак маданияти, гўзал қадриятлари, бой илмий мероси билан бутун жаҳон эътиборини жалб этиб келмоқда.

Мустақиллик ўтмишимизни, халқимизнинг бой маданиятини манбалар асосида чуқур ва мукаммал ўрганиш учун кенг имкониятлар яратди. Собиқ Иттифоқ даврида ўзбек халқининг ўтмиши, бир ёқлама ёритилган эди. Айниқса, дини ва у билан боғлиқ айрим масалаларни ўрганиш назардан четда қолди. Бугунги кунда Ватан тарихини ўрганар эканмиз, бунда халқнинг ўтмишдаги диний-маданий ҳаётини тадқиқ этиш долзарб масалалардан бири ҳисобланади.

Мустақилликка эришилганидан сўнг, олдин яшаб ижод этган олимлар, шоирлар, муҳаддислар ва шу билан бирга, тасаввуф намояндаларининг ҳаёти ва бебаҳо асарлари тадқиқ этила бошлади. Муқаддас зиёратгоҳлар қайта таъмирланди. Уларга эътибор янада кучайди.

Ўлкамиз тарихида илм-фан турли ижтимоий-сиёсий жараёнлар таъсирида ривожланиб борди. Хусусан, ислом илмларининг XVII-XIX асрлардаги тараққиёти тасаввуф намояндаларининг фаол илмий изланишлари, сафарлари билан боғлиқ бўлган. Бунинг учун уламолардан диний илмлар билан бир қаторда, ижтимоий, мантиқий, фалсафий илмларни билиш талаб этиларди. Ислом дини таълимотининг равнақи ва тарғиботининг кенгайишида Самарқанд шаҳри муҳим ўрин эгаллади, десак, муболаға бўлмайди.

ХVII-ХIХ асрларда Самарқандда дунёвий фанлар билан бирга, диний билимлар ҳам кенг ривожланди. Сўфи Оллоҳёр, Мусохонхожа Даҳбедий, Валихон Эшон Ургутий, Саййид Аҳмад Васлий, Султонхон Тўра Адо, Нақиб Тўғрал каби уламолар ислом таълимотининг ривожига улкан ҳисса қўшди.

Тасаввуф йўналишида Аҳмад Сирҳиндий, Ҳожа Ҳабибуллоҳ Бухорий, мавлоно Муҳаммади Имло, Мусохонхожа Даҳбедий, Муҳаммад Ислом шайх Каррухий, Муҳаммад Шариф хожа ибн Атоуллоҳ хожа шайхулислом каби тариқат арбоблари билан бир қаторда, Сўфи Оллоҳёр (1663, Каттақўрғон беклиги Минглар қишлоғи – 1724, Денов) ҳам бир вақтнинг ўзида бир неча тариқатлар мужассамлигида фаолият кўрсатган.

Сўфи Оллоҳёрнинг ҳаёти ва ижодига оид манбаларни ўрганиш борасида бугунги кунга қадар кўплаб тадқиқотлар олиб борилган. Жумладан, Бўрибой Аҳмедов, Садриддин Салим Бухорий, Комилхон Каттаев, Бобур Аминов, Абдусаттор Жуманазаров, Масъудхон Исмоилов, Аброрхон Акбаров, Меҳрожиддин Амонов каби тадқиқотчи олимлар томонидан илмий изланишлар олиб борилганини айтиб ўтиш мумкин.

Аждодларимиз муайян бир асарни ёзиш учун кўплаб ва турли соҳаларга оид илмларни ўрганган. Хусусан, Сўфи Оллоҳёр ўзининг «Маслакул муттақин» («Тақводорлар маслаги») номли китобини ёзиш жараёнида кўпгина олимларнинг асарлари билан танишиб, улардан унумли фойдаланганининг гувоҳи бўламиз.

Сўфи Оллоҳёр – тариқат арбоби ва мутасаввиф шоир. Шайхлар мактаби ва Бухородаги Жўйбор шайхлари даргоҳида таълим олган. Ўз даврининг барча асосий илмларини эгаллаган, араб ва форс тилларини ўрганган. Бухоро хони Абдулазизхон томонидан бож маҳкамасига тўра этиб тайинланган. Дарвешона феъл, шоирона кўнгил соҳиби бўлган Сўфи Оллоҳёр бу лавозимдан тезда истеъфо бериб, ўз даврининг машҳур шайхи Наврўзга шогирд тушган, тариқат талабларини бажариб, шайхлик мартабасига кўтарилган, валиуллоҳ (каромат соҳиби) бўлиб етишган [4: 202].

Орифлик мақомига етган Сўфи Оллоҳёр фиқҳ, ақоид ва одоб-ахлоқ масалаларига оид бир нечта асар ёзган. Улар асосан назмда баён этилган бўлиб, маърифатпарвар халқимиз орасида кенг тарқалган [2: 5].

Туркий ва форсий тилларда ижод қилган Сўфи Оллоҳёр ижодининг асосий йўналиши ислом маърифатини кенг халқ орасига ёйиш ва тасаввуфнинг инсоний камолот билан боғлиқ ғояларини тарғиб қилишдан иборат эди. У «Маслак ул-муттақин» («Тақводорлар маслаги»), «Муродул орифин» («Орифлар муроди»), «Маҳзанул мутеъин» («Итоаткорлар хазинаси») асарларини форсий, «Саботул ожизин» («Ожизлар саботи»), «Фавзун нажот» («Нажот тантанаси») маснавийларини туркийда ёзган. Форсий ва туркийда битилган бошқа шеърлари ҳам мавжуд. «Мевалар мунозараси» номли манзума ҳам унга нисбат берилади.

Сўфи Оллоҳёрнинг шоҳ асари «Маслакул муттақин» бўлиб, 135 та катта кичик боб, 12 минг байтдан иборат. Илоҳий маърифатнинг бадиий талқинига бағишланган бу асар эл орасида шухрат топганидан сўнг, дўсту яқинлари ундан туркий тилда ҳам шундай бир китоб ёзишни илтимос қиладилар. Бунга жавобан у «Маслакул муттақин»ни бирмунча қисқартириб, туркийда назмда битган ва «Саботул ожизин», деб ном берган. Ўзбек фалсафий дидактик адабиётининг етук намунаси бўлмиш ушбу асар орқали тасаввуф таълимотининг маънавий-ахлоқий масалалари кенг ёритиш билан бирга туркий тасаввуф адабиёти ривожига катта ҳисса қўшган.

Сўфи Оллоҳёр ўз асарларида ислом аҳкомлари, тариқат талаблари, инсоний комиллик шартларини бирма бир таърифлаб берган. Ахлоқий-таълимий аҳамияти жиҳатидан, хусусан, «Маслакул муттақин» ва «Саботул ожизин» асарлари мактаб ва мадрасаларда асосий дарсликлар қаторида ўқитилиб келган. Унинг диний-тасаввуфий руҳдаги панд-у ҳикматга йўғрилган асарлари нафақат Туркистон, балки Қашқардан тортиб Этел (Волга), Ёйиқ (Урал) дарёлари воҳалари, Ҳожитархон (Астрахан), Булғор, Оренбург ва бошқа минтақаларда яшовчи халқлар орасида ҳам кенг тарқалган. Улар кўп нусхаларда кўчирилган. XIX асрнинг охирларига келиб эса, Тошкент, Қозон, Боку, Истанбул ва бошқа шаҳарларда тошбосма йўли билан бир неча марта нашрдан чиққан.

Сўфи Оллоҳёр асарлари кўплаб хорижий тилларга таржима қилинган, уларга бағишлаб шарҳлар ёзилган, луғатлар тузилиб, у қўллаган тасаввуфий истилоҳ ва тимсоллар кенг шарҳланган. Асарларининг қўлёзма ва тошбосма нусхалари кўпгина қўлёзма фондларида сақланиб келмоқда.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази манбалар хазинасида ҳам № МR 12, 43, 61, 66 рақамлари остида «Маслакул муттақин» асарининг бир неча қўлёзма нусхаси мавжуд. Шунингдек «Саботул ожизин» асари  инв. № МR 199/II рақами остида сақланмоқда.

Ушбу фонддаги инв. № МR 12 рақамли «Маслакул муттақин» асари нусхаси жами 437 саҳифадан иборат (1а-437б)  бўлиб, ўлчами – 29х21 см. матн ўлчовлари – 22х11 см. Настаълиқ хатида, 15 мисрадан қилиб битилган. Мистара, пойгир, сиёҳи қора, боб ва фасллар қизил сиёҳда белгиланган. Шарқ қоғози, курроса-8, муқоваси-жигаррангда. Нусха тўлиқ эмас.

«Саботул ожизин». Ўлчами 23х14 см. Матн ўлчовлари – 17х10 см. Жами 61 саҳифадан иборат. Настаълиқ хатида, 11 мисрадан қилиб шарқ қоғозида битилган [1: 354].

Ушбу тадқиқот давомида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази манбалар хазинасида Сўфи Оллоҳёрнинг “Маслакул муттақин” асарининг 4 нусхаси ва “Саботул ожизин” асарининг 1 та нусхаси мавжудлиги маълум бўлди.

“Маслакул муттақин” асари ислом қонуншунослигига оид турли мулоҳазалардан таркиб топган. Муаллиф асарни тасниф этишда кўпгина фиқҳий манбалардан фойдаланганини илғаб олиш мумкин.

Унда бошқа фиқҳий китобларда келганидек иймон бўлимидан бошланиб, ҳаж бўлимига қадар исломий масалалар бирма-бир баён этилган. Асарнинг охирида муаллиф айтганидек, ўзи ҳаж амалини бажармагани сабабидан ҳаж бўлимини ёзмаган [3: 416].

Ислом тарихи ва манбашунослигига оид қимматли маълумотларни ўзида мужассамлаштирган бундай нодир қўлёзмаларнинг сақланиб келаётгани ва тадқиқ этилаётгани уларнинг илмий-маънавий аҳамияти юксаклигидан далолатдир.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Имом Бухорий халқаро маркази Қўлёзмалар каталоги / Ғоя муаллифи Ш. Зиёдов. – Самарқанд: Имом Бухорий халқаро маркази нашриёти, 2018. – Б. 688
  2. Сўфи Оллоҳёр. “Саботул ожизин” шарҳи [матн] / С. Аллоҳёр: шарҳлаб нашрга тайёрловчилар: М. Исмоилов ва А. Акбаров. – Самарқанд: Имом Бухорий халқаро маркази нашриёти, 2018. – Б.  528
  3. Сўфи Оллоҳёр. Маслакул муттақин. Нашрга тайёрловчилар С.Сайфуллоҳ ва Акрам Деҳқон. Т.: 2016. – Б. 492
  4. Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 8-жилд. Солнома- Тўйтепа. Таҳрир ҳайъати: А.Азизхўжаев, Б.Алимов, М.Аминов ва б. –Т.; “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2005. – Б. 703.
Дилдора МУСИНОВА,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …