Покланиш, меҳр-оқибат, инсонпарварлик, эзгулик, бағрикенглик ва саховат ойи бўлган муборак Рамазон якунига етди. Бу қутлуғ паллада ҳамманинг кўнглидан шундай файзли ва баракотли кунларга етказгани учун Тангри таолога шукрона туйғуси, шундай саодатли ойларнинг яна кўпини кўриш умиди жой олган.
Ўзбекистонимизда Рамазон ойи доимо хайрли тадбирларга бой бўлади. Жорий йил ҳам олижаноб халқимиз бу гўзал анъананинг барҳаёт ва бардавом эканини ҳар жабҳада кўрсатди. Ҳаёт эса эзгулик ҳамиша эзгулик келтиришини тасдиқлади.
Хусусан, маънавий-маърифий соҳадаги ислоҳотлар, аждодлар меросини тиклаш ва тарғиб этиш борасида сўз юритадиган бўлсак, бу йил Рамазон ойи бошида давлатимиз раҳбари Самарқанд вилоятида муҳаддислар султони Имом Бухорий номига муносиб маҳобат касб этадиган ёдгорлик мажмуасининг қурилиш ишларини бошлаб берди. Шу муносабат билан нуронийлар ва зиёлилар билан ўтказилган учрашувда Президент бу қурилиш эзгу ниятлар ижобат бўладиган муқаддас ойда бошланаётгани хайрли ва хосиятли бўлишини, кишилар қалбига таскин беришини таъкидлади.
Бу ерда катта масжид, тўртта симметрик минора, баланд айвонлар қад ростлайди, йўлдан кириб келишда хиёбон очилади, 7 та меҳмонхона, 3 та автотураргоҳ ва автобекат, супермаркет, бозорча барпо этилади. Шунингдек, ошхоналар, ҳунармандлик буюмлари растаси, ҳаммом, таҳоратхона, кушхона қурилиши белгиланган. Қурилажак янги мажмуа 2019 йилдан бу ерда фаолият кўрсатиб келаётган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби билан мутаносибликда бетакрор ансамбль ҳосил қилади.
Умуман олганда, тарихда маърифат маркази ўлароқ ном қозонган Ўзбекистон замини бугунги кунда ҳам шундай сифатга ҳақли равишда муносиб бўлиши учун мамлакатимизда жуда катта ишлар амалга оширилмоқда. Тошкент шаҳрида бунёд этилаётган Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистон халқаро Ислом академияси, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадис илми мактаби каби маърифат масканлари билан биргаликда мамлакатимизда улкан яхлит маънавий-маърифий мажмуани вужудга келтиради.
Халқаро миқёсда Рамазоннинг қутлуғ келганига ёрқин далолат сифатида ЮНЕСКО Ижроия Кенгашининг 211-сессиясида буюк аллома аждодимиз Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллиги ушбу ташкилот шафеълигида 2022-2023 йилларда кенг нишонланиши бўйича қарор қабул қилинганини таъкидлаш ўринлидир. Яъни, бу қарор тарихан маърифат маркази бўлган юртимиз бугун ҳам илм-фан равнақи йўлидан, маънавий юксалиш йўлидан бораётганининг яна бир тасдиғи, жаҳон-шумул эътирофи бўлди.
Ўзбекистоннинг миллий мерос, қадрият ва анъаналарни тиклаш ва тарғиб қилиш, ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилган, «Жаҳолатга қарши – маърифат» тамойилига асосланган бағрикенглик ва инсонпарварлик сиёсати хорижда нафақат сиёсий, балки илмий-маърифий доиралар томонидан ҳам муносиб баҳоланмоқда.
Мана, Таиланд Ислом маркази жамғармаси веб-сайтида эълон қилинган «Ўзбекистонда жадал ўзгаришлар. Ислом олами Президент Шавкат Мирзиёев ислоҳотларини қўллаб-қувватламоқда» сарлавҳали мақолада мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, шу жумладан, инсон манфаатлари ва диний эркинликни таъминлаш, миллий ва диний қадриятларни янада мустаҳкамлаш ҳақида сўз борар экан, «…сўнгги йилларда Ўзбекистонда юзлаб масжид ва ибодат масканлари қайта тиклангани, янги иншоотлар бунёд этилгани», жаҳон аҳли «билиши мумкин бўлган тарих такрорланаётгани, Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон яна ҳар томонлама ўсиш ва ривожланиш нуқтасига айлангани, бу ерда учинчи Ренессанс даври пойдевори яратилаётгани» алоҳида таъкидланади. Таиланд Ислом маркази жамғармаси ўз мамлакати мусулмонларини Ўзбекистонга сафар қилишга, ислом цивилизацияси ва тарихи дурдоналари билан танишишга чақиради.
Индонезиянинг «Kompas» ахборот сайтида эса, буюк математик, астроном ва географ Хоразмий ҳаёти ва ижоди ҳақида мақола эълон қилиниб, унда муаллиф Маҳар Прастиви Ўрта аср Шарқи буюк алломасининг аниқ ва табиий фанлар ривожига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида батафсил сўз юритган.
«Муҳаммад ибн Мусо Хоразмий математика тараққиётида муҳим ўрин тутган. У Ғарб ва Европа мамлакатларида Алгоритмус номи билан ҳам машҳур. Алломанинг қаламига мансуб «Ал-жабр вал муқобала» асари алгебрани ўрганишга асос бўлган. Буюк олимнинг ақл-идроки ва асарлари кўплаб Ғарб олимларини илҳомлантирган. Жумладан, Коперник ҳам унинг асарлари ва кашфиётларидан ҳайратланганини эътироф этган. Хоразмий математикадан ташқари астрономия, мусиқа, фалсафа, география, кимё ва бошқа фанлар бўйича ҳам етук олим бўлган, бир неча хорижий тилларни мукаммал билган ва китоблар таржима қилган», деб ёзади М.Пристави ва «Жаҳон алгебрасининг отаси – Хоразмийнинг ҳаёти ва ижоди барчага намуна бўлиб хизмат қилади», деб хулоса қилади.
Ўзбекистон раҳбарияти турли миллат ва конфессиялар ўртасида ўзаро ҳурмат, бирдамлик ва ҳамкорлик муҳитини мустаҳкамлаш, маданиятлараро мулоқотни таъминлашга қаратилган изчил ва пухта ўйланган сиёсат юритаётганини халқаро ҳамжамият кенг эътироф этади. Бунинг амалий самараси ҳозирги вақтда мамлакатимизда 16 та диний конфессия, 153 та миллий-маданий марказ, 38 та Дўстлик жамияти, 2276 та диний ташкилот тенг ҳуқуқли ҳамда ўзаро ҳамжиҳатлик шароитида фаолият юритиб келаётганида яққол намоён бўлади.
Сўнгги йилларда юртимизда экстремизм ва терроризмга қарши маърифий йўллар билан кураш олиб боришга алоҳида эътибор қаратилаётгани кўплаб давлатлар, халқаро ташкилотлар, мустақил экспертлар томонидан юқори баҳоланмоқда.
Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, экстремистик оқимлар сафига адашиб кириб қолган, қилган ишидан чин дилдан пушаймон бўлганларга нисбатан кечиримлилик сиёсатини юритиш, ёшларни турли бузғунчи оқимлар таъсиридан асраш бўйича тарғибот ишларини фаоллаштириш долзарб вазифалар сирасидан тушмай келмоқда. Давлатимиз раҳбарининг бевосита топшириғи ва назорати остида «Меҳр» операциялари орқали хорижий давлатларда қийин аҳволга тушиб қолган, хусусан, уруш ўчоқларида сарсон-саргардон юрган ватандошларимизга кўмаклашиш, уларни юртга қайтариб, муносиб ҳаёт тарзини яратиб бериш борасида амалга оширилаётган оламшумул саъй-ҳаракатлар замирида ҳам ана шундай юксак инсонпарварлик тамойиллари ўз ифодасини топган. Яқинда навбатдаги -«Меҳр-5» операцияси амалга оширилди – Сурия ҳудудидаги «оловли нуқталар»га бориб қолиб, «Ал-Хол» лагерида уч йилдан ортиқ вақт давомида ушлаб турилган 24 аёл ва 69 бола мамлакатимизга қайтарилди. Бундай тадбирларнинг узвийлиги, бардавомлиги давлат сиёсатининг қатъийлигидан дарак беради, албатта.
Зиёрат туризмини иқтисодиётнинг стратегик тармоқларидан бири сифатида ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қатор фармон ва қарорлар асосида бу соҳани ўз тараққиётининг мутлақ янги босқичига кўтариш бўйича кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг замирида фақат иқтисодий манфаат эмас, ижтимоий барқарорлик, маънавий юксалиш мақсадлари ҳам мужассам, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди.
Шу тариқа ортда қолган муборак ой мана шундай хайрли, ёрқин амаллар туфайли яна ҳам файзли ва баракали бўлди. Биз келаси Рамазонга қадар шундай руҳият, шундай илҳом, шундай жўшқинлик, шундай шижоат билан ҳаёт кечиришга шайландик ва бугунги шукуҳли айёмда бир-биримизга ҳар қачонгидан кўра яқинроқ, ҳар қачонгидан кўра жипсроқмиз.
«Рамазон якунланиб қолганидан кўп ачинма, келаси йил у ўн кун олдинроқ келади», дейдилар.
Ойлар султонининг таассуротлари, истиқболга тикилган умидли нигоҳлар ҳаммамизни ҳамиша меҳр-оқибат, инсонпарварлик, эзгулик, бағрикенглик ва саховатлилик каби фазилатларга йўлдош қилсин! Ийди Рамазон барчамизга муборак бўлсин!