Home / МАҚОЛАЛАР / Хотира – эзгулик чашмаси, кўнгил малҳами

Хотира – эзгулик чашмаси, кўнгил малҳами

Жаннат эшиклари очиладиган, дўзах эшиклари ёпиладиган, шайтонлар кишанланадиган, Аллоҳ солиҳ бандаларини ўтдан озод этадиган улуғ ой ўтиб муборак ҳайит арафасида турибмиз. Бу қутлуғ кунларда эл-юртнинг фаравонлиги, халқимизнинг бахт-саодати, мустаҳкам имон-эътиқоди яна бир бор намоён бўлиши табиий.

Ислом дини адолат ва меҳр мурувват, поклик ва бағрикенгликка чорловчи, халқ манфаати ва юрт фаровонлигини устун қўйиш, шу йўлда астойдил меҳнат қилишга даъват этувчи таълимотдир.

Рамазон ҳайити кунлари одамлар бир-бирини муборакбод этиб, табаррук отахон-онахонларга узоқ умр, ёшларга камолот тилайди, қариндош-уруғларни, ёр-биродарларни зиёрат қилади, беморлар ҳолидан хабар олади. Гина-кудуратлилар ҳам ҳайит кунларида бир-бирларига қучоқ очади – ўтган ишга саловат.

Рамазон ойида маънавий ва моддий ёрдамга муҳтож бўлган одамнинг кўнглини кўтариш ва саховат кўрсатиш яна ҳам кўпаяди. Рамазонда бағрикенг ва сахий халқимизнинг бундай фазилатлари бир неча ҳисса ошади.

Биз доимо шодиёна ва байрамларни нишонлашга алоҳида тайёргарлик кўрамиз. Бу Рамазон ҳайити арафасида ҳам динимиз ва миллий қадриятларимиз мезонларига мос хайрли ва олижаноб саъй-ҳаракатлар авж олмоқда. Маҳалла-гузар, шаҳар-қишлоқ, хонадон, поклик ва тозалик намунасига айланмоқда. Зеро, ислом ҳам аввало поклик, демакдир.

Бу йилги Рамазон ҳайити хотира ва қадрлаш куни нишонланаётган паллага тўғри келгани, чуқур рамзий маънога эга. Муқаддас динимиз ҳам ўтганларни хотирлаб, яхши амалларини эслаб, ҳақларига дуо қилишни буюради. Иккинчи жаҳон урушида қанчадан-қанча ҳамюртимиз ҳаётдан бевақт кўз юмди. Уларни хотирлаб, дуо қилиш – барчамизнинг муқаддас бурчимиз. Шунинг баробарида жангоҳлардан омон қайтганлар ва фронт ортида фидойилик кўрсатган табаррук боболаримизни ва момоларимизни эъзозлашимиз, ҳурматини ўрнига қўйиш ҳам биз учун олий қадриятдир.

Диний ва миллий анъана, урф-одат, расм-русм, таомил-маросимларнинг ривожланишига бир қанча омиллар бевосита таъсир кўрсатади. Ислом таълимоти ва ҳалқимизнинг миллий қадриятларида ўз аксини топган ўтганларни хотирлаш, уларнинг яхшиликларини ёдга олиш, шунингдек, қабристонларни обод сақлаш каби инсоний фазилатлар эл-улус орасида юксак даражада шаклланган.

Муқаддас динимиз нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, ўтганлар учун истиғфор айтиб, уларнинг ҳаққига дуо қилиш энг савобли амаллардандир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: Улардан кейин келганлар: Эй Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, қалбимизда иймон келтирганларга нафрат солмагин, эй Роббимиз, албатта, сен шафқатли ва меҳрибонсан, дерлар(Ҳашр сураси: 10-оят мазмуни). Оятда кейин келган авлод ким бўлишидан қатъий назар, ўзидан аввал ўтганларни яхшилик билан эслаб, уларнинг ҳаққига дуо қилишга чақирилмоқда. Бу ёруғ дунёни тарк этганганларни ҳақорат қилиш, хотирасини паймол этиш мусулмонга муносиб иш эмас. Ислом таълимоти хоҳ ҳаёт бўлсин, хоҳ вафот этган бўлсин, инсон зоти энг мукаррам мавжудот сифатида эъзозга лойиқ деб ўргатади.

Ибн Умардан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланг, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинг”, дедилар” (Термизий ривояти).

Ўтганларни хотирлаш, қабрларини зиёрат қилиш охиратни эслатиб туради, ҳар соҳада масъулиятни оширади. Шунинг учун бунга масъулият билан ёндашиш зарур. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: “Қабр охиратнинг аввалги манзилларидир” (Термизий ривояти).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларни зиёрат этиш хусусида бундай деганлар: “Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Кейин менга маълум бўлди. Энди қабрларни зиёрат қилаверинглар. Чунки у қалбни юмшатади, кўзни ёшлатади ва охиратни эслатади. Шундай экан, қабрларни зиёрат қилаверинглар, бемаъни (фаҳш) гапларни гапирманглар” (Байҳақий ривояти). Дарҳақиқат, бундай амал қалбни ислоҳ қилади, ёмон ишлардан қайтишга ўргатади.

Қуртубий ўзининг “Ал-Жомиъ ли аҳкомил Қуръон” тафсирида бундай дейди: “Қабрларни зиёрат қилиш қотиб қолган қалбларнинг катта давосидир. У ўлим ва охиратни эслатади. У ушалмас орзуларга берилишни камайтиради, кишини мўътадил бўлишга чорлайди. Юқоридагилардан кўриниб турибдики, хотира эзгулик чашмаси ва қалб малҳами экан.

Аллоҳ таоло бу дунёни тарк этган барча ҳамюртларимизни мағфират айласин! Қатағон йилларида, қонли жангларда шаҳид бўлган ота-боболаримизнинг қабрларини нурга тўлдирсин! Юртимиздаги тинчлик ва осойишталик бардавом бўлсин. Ийди Рамазоннинг файзу баракоти қалбларимизни, хонадонларимизни, бутун ҳаётимизни мунаввар айласин.

Қодирхон МАҲМУДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …