Home / АЛЛОМАЛАР / Бухоролик машҳур адиб ва тазкиранавис шоир

Бухоролик машҳур адиб ва тазкиранавис шоир

Нуриддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Яҳё Авфий Ҳанафий (1171-1172/1233-1242) Бухоро шаҳрида шоир оиласида туғилган. Отаси Марв шаҳрининг қозиси, бобоси ҳам бу шаҳарнинг қозиси, таниқли муҳаддис бўлган. Тоғаси Шарафуззамон Мажиддин эса, Ғарбий Қорахонлар давлатининг ҳукмдорларидан бири Қилич Тамғочхоннинг шифокори бўлган. Яҳё Авфий дастлаб Бухорода тарих, адабиёт, ҳуқуқ, хаттотлик ва бошқа илмларни ўрганган. 1201 йилда Самарқандга келган ва тоғаси орқали Қилич Тамғочхоннинг хизматига кирган ва валиаҳд Қилич Арслонхон Ҳоқон Нусратиддиннинг муншийси бўлган. Самарқандлик олимлар билан учрашиб, билими ва тажрибасини оширган.

Яҳё Авфий адаб илмини кенгроқ ўрганиш, ўз замонасининг етук адиблари билан танишиш, уларнинг асарларини тадқиқ этиш мақсадида Хуросон, Ҳиндистон ва бошқа юртлар шаҳарлари бўйлаб саёҳат қилган. 1203 йили Хоразмга, Ҳиротга, ундан Нисога, 1206 йили Сейистон, 1207 йили Нишопур, 1210 йили Қазвин, Исфизор ва Эроннинг бошқа шаҳарларига борган. Сафарлари давомида ҳақиқатан ҳам кўплаб олиму шоирлар билан учрашиш бахтига муяссар бўлган.

Аллома 1219 йили сафардан она юртига қайтиб келганида, мўғуллар Мовароуннаҳрнинг йирик шаҳарларини истилоси қилгани боис, у Бухорони тарк этиб, Лаҳур шаҳрига келган. Алломанинг Ҳиндистонда яшаган йили фаолиятининг энг самарали давр бўлган. Яҳё Авфий Синд шаҳрида (ҳоз. Карачи) 1220 йил мамлук ҳукмдорларидан Малик Насириддиннинг вазири Айнулмулк Фаҳриддин Ҳусайний билан яхши алоқада бўлган ва унга бағишлаб “Лубабу албоб” ( Идрок хулосалари) асарини (1222-1223) вазирга бағишлаб ёзган.

Бу форс адабиётидаги илк тазкира бўлиб, 12 бобдан иборат. Асар кўплаб шарқшунос олимлар эътироф этилганига сабаб у мўғул истилосидан аввалги адабиёт ва маданият арбоблари ҳақида ягона манба саналишидир[1]. Уч вилоятининг ҳокими Носириддин Қобожи 1222 йилда ўз хизматига олган. Яҳё Авфий 1223 йили Гужарот шаҳрига қозилик қилган кезлари Абу Али Муҳсин Таннуҳий (ваф.384/994) нинг тасаввуфга оид “Ал-Фараж баъдаш шидда” (Қийинчиликдан кейин албатта енгиллик бор) ни форс тилига таржима қилган. Синд ҳукмдорининг бўйруғига биноан “Жавамиул ҳикайат ва лавамиъ ур-ривайа” (Ёрқин ҳикоялар тўплами ва ривоятлар жилоси) асарини ёза бошлаган. 1228 йили Синд шаҳри Деҳли султонлигига буйсундирилгандан сўнг, ҳукмдор Шамсиддин Элтутмиш хизматига кирган ва Деҳлига кўчиб ўтган ва асарини 1233 йили тугатган.

Туркия диёнат вақфи Ислом энциклопедиясидаги
маълумотлар асосида тайёрланди.
Даурбекова Ирода, Ҳалимова Дилдора
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот
маркази илмий ходимлари

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …