Home / МАҚОЛАЛАР / “Ақоид ан-Насафий” асарига ёзилган шарҳлар

“Ақоид ан-Насафий” асарига ёзилган шарҳлар

Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Исмоил ибн Муҳаммад ибн Али ибн Луқмон Насафий Ҳанафий(461-537ҳ.)нинг “Ақоид ан-Насафий” асари Аллоҳ таоло машҳур қилган матнлардан ҳисобланади. Бу асар устида жуда кўп уламолар тадқиқотлар олиб борган. “Ақоид ан-Насафий” асари моҳиятан Абу Мансур Мотуридийнинг “Тавҳид” ва Абул Муин Насафийнинг “Табсиратул адилла” китобига мухтасар шарҳдир. Ҳожи Халифа ўзининг “Кашфуз зунун” китобида “Табсиратул адилла” асарини танитиш ниҳоясида: “Ким “Табсиратул адилла”га назар солса, Умар Насафийнинг “Ақоид ан-Насафий” асари “Табсиратул адилла”нинг фиҳристи эканини билади”[1], дейди. Ушбу асар ихчам бўлишига қарамай нуфузи “Табсиратул адилла” дан кам бўлмаган. Имом Насафий ўзининг “Ақоид ан-Насафий” рисоласида Мотуридийнинг “Тавҳид” ва Абул Муин Насафийнинг “Табсиратул адилла” асарларида кўтарилган калом илмининг янги босқичини муайян шаклга солиб, ихчам шаклда берганлиги кўзатилади. “Ақоид ан-Насафий” асари мотуридия ақидасининг жавҳари саналади. Мотуридий таълимотини тутган барча диёрларда “Ақоид ан-Насафий” асари бирдек қабул қилинган, ўқиб-ўрганилган ва юздан ортиқ шарҳ ва ҳошиялар битилган. Устоз Саййид Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Ҳабаший (1183-1197) ўзининг “Жамиъ аш-шуруҳ ва ал-ҳаваший” асарида “Ақоид ан-Насафий” асарига тааллуқли бўлган бир нечта маълумотларни келтиради. Устоз Саййид Абдуллоҳ Ҳабаший ўзининг асарида “Ақоид ан-Насафий” асарига ёзилган шарҳларни қуйидаги тартибда келтиради:

  1. Али ибн Абу Ҳазм ибн Нафис(вафоти 687ҳ.)нинг “Ад-дуррату шарҳу ақоид ан- Насафий” асари.
  2. Абу Сано Маҳмуд ибн Аҳмад Исфаҳоний(вафоти 749ҳ.)нинг “Шарҳ ал-ақоид ан-Насафия” асари.
  3. Ибн ас-Сирож номи билан танилган Жамолуддин Маҳмуд ибн Аҳмад Қунвий Ҳанафий(вафоти 770ҳ.)нинг “Ал-қолаид шарҳ ал-ақоид” асари.
  4. Саъдуддин Масъуд ибн Умар ат-Тафтазоний(722-792ҳ./1322-1390м.)нинг “Шарҳ ақоид ан-Насафий” асари. Нажмуддин Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад Насафийнинг “Ақоид ан-Насафий” асарига кўп уламолар томонидан шарҳлар ёзилган, лекин Тафтазонийнинг шарҳи улар ичидаги шуҳратлиси ва уламолар томонидан қабул қилиниш, муҳимлик, кераклиги жиҳатидан катта аҳамиятга эга бўлган. Асар бир қанча шаръий илм даргоҳларида дарслик сифатида ўқитилган. Тафтазоний китобни 768/1367 йилнинг шаъбон ойи Хоразмда ёзиб тугатган[2]. Саъдуддин Тафтазонийнинг “Шарҳ ақоид ан-Насафий” асарига жуда кўп шарҳ ва ҳошиялар ёзилган.
  5. Қорача номи билан машҳур бўлган Шамсуддин Аҳмад Боязид Ҳумайдий(вафоти 854ҳ.)нинг “Шарҳ ал-ақоид ан-Насафия” асари.
  6. Саъд ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Дирий Мақдасий(вафоти 867ҳ.)нинг “Шарҳ ал-ақоид ан-Насафия” асари.
  7. Муллазода номи билан танилган Аҳмад ибн Усмон Ҳаравий(вафоти 900ҳ.)нинг “Ҳиллу ал-Маъақид фи шарҳи ал-ақоид” асари. Аҳмад ибн Усмон Ҳаравий бу асарни ҳижрий 886-йилнинг шаъбон ойида ёзиб тугатган[3].
  8. Жамолуддин Муҳаммад ибн Асъад Давоний(вафоти 918ҳ.)нинг “Шарҳ ал-ақоид ан-Насафия” асари. Бу шарҳга бир неча ҳошиялар ёзилган.
  9. Ҳакимшоҳ номи билан танилган Муҳаммад Муборакшоҳ ибн Муҳаммад Ҳаравий Румий Қазвиний(вафоти 928ҳ.)нинг “Шарҳ ал-ақоид ан-Насафия” асари.
  10. Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Али Ғанимий(вафоти 1044ҳ.)нинг “Шарҳ ал-ақоид ан-Насафия” асари.
  11. Аҳмад ибн Муҳаммад Маданий Ансорий(вафоти 1071ҳ.)нинг “Шарҳ ақоид ан-Насафий” асари.
  12. Қорабоший номи билан танилган Али Атвол ибн Муҳаммад Хилватий(вафоти 1097ҳ.)нинг “Шарҳ ал-ақоид ан-Насафия” асари.
  13. Яҳё ибн Ҳусайн ибн Имом Қосим ибн Муҳаммад(вафоти 1099ҳ.)нинг “Ат-туҳфату ас-суннийяту шарҳ ал-ақоид ан-Насафия” асари.
  14. Абдуннасир ибн Иброҳим Булғорий Қурсовий Қозоний Ҳанафий(ҳижрий 1227-йилдан кейин вафот этган)нинг “Шарҳ ал-ақоид ан-Насафия” асари.
  15. Аҳмад ибн Муҳаммад Термизийнинг “Шарҳ ал-ақоид ан-Насафия” асари.
  16. Абдулқодир ибн Идрис Салҳинийнинг “Шарҳ ал-ақоид ан-Насафия” асари.
  17. Али ибн Солиҳ ибн Исмоил Айюбийнинг “Шарҳ ақоид ан-Насафий” асари.
  18. Муҳаммад ибн Ҳанифнинг “Тавзиҳ ал-ақоид” асари.
  19. Муҳаммад ибн Юсуф Диҳлавий Ҳусайнийнинг “Шарҳ ал-ақоид ан-Насафия” асари.
  20. Абу Муҳаммад Абдулқодирнинг “Ал-Жавамиъ ал-Қодирия фи шарҳ ал-ақоид ан-Насафия” асари.
  21. Муҳаммад Халил Қовқижий(вафоти 1305ҳ.)нинг “Ад-дур ас-софий ала ақоид ан-Насафий” асари.
  22. Ан-Нур ал-Арабий номи билан танилган Муҳаммад Нуруддин(вафоти 1305ҳ.)нинг “Шарҳ ақоид ан-Насафий” асари.
  23. Сиддиқ Ҳасанхон(вафоти 1307ҳ.)нинг “Буғяту ар-роид шарҳ ал-ақоид” асари.
  24. Муҳаммад ибн Али Ризо Румий(вафоти 1316ҳ.)нинг “Кашф ал-ақоид ан-Насафия” асари.
  25. Абдулмутаъал Соидийнинг “Зубдату ал-ақоид ан-Насафия” асари[4].
  26. Устоз Доктор Абдулмалик Абдурраҳмон Саъдийнинг “Шарҳ ан-Насафия фи ал-ақида ал-исламия” асари. Муаллиф бу асарни муқаддимасида калом илмининг тарихи, шаклланиши, номланиши ва унга тааллуқли бўлган кўплаб маълумотларни келтиради. Доктор Абдулмалик Абдурраҳмон Саъдий бу асарни ҳижрий 1397 йил робиъул-аввал ойининг тўртинчиси, милодий 1977 йил 23 феврал Чоршанба куни аср вақтида ёзиб тугатган[5].

“Ақоид ан-Насафий” асарига яна кўплаб уламолар шарҳлар, ҳошиялар, назмлар, тахрижлар ва тадқиқлар ёзган. Ёзилган тахрижлар орасида Жалолуддин Суютий(вафоти 911ҳ.)нинг “Тахрижи” ва Мулло Али Қори Ҳанафий(вафоти 1014 ҳ.)нинг “Фароид ал-қолаид ала аҳадис ал-ақоид” асари энг машҳурлари ҳисобланади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Каломшунослик шўъбаси илмий ходими
Шоназаров Абдувоси

 

[1] Ҳожи Халифа. “Кашфуз зунун ъан асомил кутуб вал фунун”. Биринчи жуз. Байрут: “Иҳёъут туросил арабий”, Б. 338.

[2] Саъдуддин Тафтазоний. Шарҳ ақоид ан-Насафий. Лакнав: 1322/1904. Б. 128.

[3] Ҳожи Халифа. “Кашфуз зунун ъан асомил кутуб вал фунун”. Биринчи жуз. Байрут: “Иҳёъут туросил арабий”, Б. 1148.

[4] Саййид Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Ҳабаший. “Жамиъ аш-шуруҳ ва ал-ҳаваший”. Б. 464-465.

[5] Доктор Абдулмалик Абдурраҳмон Саъдий. “Шарҳ ан-Насафия фи ал-ақида ал-исламия”. Б. 257.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …