Home / АЛЛОМАЛАР / МУҲАММАД РИЗО ОГАҲИЙ МЕРОСИ – МИЛЛИЙ МАЪНАВИЙ МУЛК

МУҲАММАД РИЗО ОГАҲИЙ МЕРОСИ – МИЛЛИЙ МАЪНАВИЙ МУЛК

Айни дамларда юртимизда “…матншунослик, адабий манбашунослик, тилшунослик, фалсафа, маданият тарихи соҳаларида миллий маданий меросимизнинг ҳали ўрганилмаган кўпгина қатламларини очиб беришга йўналтирилган илмий тадқиқотларга алоҳида эътибор қаратилаётгани”[1] соҳа мутахассисларидан замон талабларидан келиб чиқиб ўз фаолияти самарадорлигини оширишни тақозо қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 мартдаги “Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий таваллудининг 210 йиллигини нишонлаш ҳамда Хива шаҳрида Огаҳий ижод мактабини ташкил этиш тўғрисида”ги 238-сон қарорининг эълон қилиниши миллий маънавий меросимизнинг катта ва кўламли қисми тадқиқи ва тарғибида янги босқич учун асос бўлди, дейиш мумкин.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, огаҳийшунослик тушунчаси маълум бир шахс мероси тадқиқ ва тарғибидан иборат эмас. Умуман, шундай инсонлар борки, уларнинг меросини ўрганиш бутун давр ёки даврларни жиддий ўрганиш, шунингдек, қатор соҳалар туташлигини талаб қилади. Шундан хулоса чиқариш мумкинки, бирор феномен ижодкорнинг таъсир доираси, улуғворлик мезонлари унинг келгуси авлодга қай даражада кўламли мерос қолдиргани билан ўлчанади. Шунинг учун навоийшунослик фақат Алишер Навоий шахсияти билан чекланмай, ўзбек адабиётининг барча даврлари, ижтимоий фанларнинг деярли барча соҳалари билан боғлиқ бўлгани каби ўзида асосан Муҳаммад Ризо Огаҳий мероси тадқиқини назарда тутувчи огаҳийшунослик ўзбек адабиёти, тили, халқимиз тарихи, таржимашунослик, манбашунослик, матншунослик, педагогика, этика, эстетика каби қатор соҳаларни ҳам қамраб олади.

Огаҳийшунослик тарихига назар ташласак, жаҳон ижтимоий фанларида Мунис ва Огаҳийнинг тарихий асарлари билан боғлиқ илмий изланишлар Хива хонлиги тарихини ўрганиш контекстида олиб борилган. Жумладан, А.Н.Самойлович қорақалпоқлар, П.П.Иванов туркманлар ва қорақалпоқлар, Н.Мингулов қозоқлар тарихини ёритиш мақсадида бу асардан рус тилида парчалар эълон қилганлар[2]. А.Д.Калмиков ўзининг “Хива” асарида “Фирдавс ал-иқбол”дан айрим таржималарни келтирган. Б.В.Лунин Хоразм тарихини ўрганган олимлар ҳақидаги мақоласида асар ва унинг ўрганилишига умумий шарҳ берган. Баъзи манбаларда қўлёзманинг тавсифи ҳам келтирилган[3].

Рус ҳарбий экспедициясининг таркибида бўлган шарқшунос А.Л.Кунн Хоразм қўлёзмаларининг катта қисми олиб кетилишида қатнашган ва “Ташкентские ведомости”да улар ҳақида дастлабки маълумотни берган[4]. А.Кунн қўлёзмаларни Санкт-Петербург Осиё музейига топширади (1874). Кейинчалик унда мавжуд қўлёзмалар ҳақида немис олими К.Селеман (С.Seleman) ҳам маълумот беради[5]. Г.Халлиева таъкидлаганидек, В.В.Бартольдгача бу асар билан яхши таниш бўлган китобхон пастор Амирханянсдир. 1933 йилда турк олимлари Несип Азим ва Абдулқодир Инан қўлёзманинг Истанбулдаги нусхаси асосида “Фирдавс ал-иқбол”дан парчалар эълон қилганлар ва турк зиёлиларини Мунис ва Огаҳийнинг тарихий асаридан қисман воқиф қилганлар.

В.В.Бартольд Огаҳий тарихий асарлари юзасидан чуқур илмий изланишлар олиб борган. Жумладан, 1910 йилда у “Фирдавс ал-иқбол” қўлёзмасининг умумий тавсифини бериб, унинг топилиши ва ўрганилиши тарихини ёритади[6]. Б.В.Луниннинг фикрига кўра, В.В.Бартольд асарнинг араб алифбосидаги илмий-танқидий матнини нашрга тайёрлаган. Аммо номаълум сабабга кўра бу мақсад амалга ошмаган[7]. Ю.Брегель В.В.Бартольд таҳрир қилган матндан фойдаланмаган ва у ҳали ҳануз олимнинг шахсий архивида сақланмоқда[8].

Тилшунослик соҳасида огаҳийшунослик ўтган асрнинг эллигинчи йилларидан бошланган. Огаҳий асарлари тил хусусиятларига бағишланган илк мақола С.Долимов томонидан эълон қилинган[9]. З.Дўсимовнинг “Огаҳийнинг “Зубда ат-таворих” асарининг лексик-грамматик хусусиятлари ҳақида” мақоласида эса мазкур асарнинг лисоний ўзига хосликлари кўрсатиб берилган[10]. Олим “Зубда ат-таворих”, умуман, Огаҳийнинг барча тарихий асарларига хос бўлган лексик ва синтактик хусусиятлар ҳақида мулоҳаза юритар экан, жумладан, уларда форсий изофа ва изофий занжирнинг кенг қўлланганлиги, мураккаб синтактик қурилмаларда форс тили синтактик қурилишининг таъсири катта эканлигини мисоллар орқали кўрсатиб беради. XVII – XIX асрлар эски ўзбек тили морфологик хусусиятларини текширган А.Матғозиев кўплаб объектлар қатори Мунис ва Огаҳий қаламига мансуб “Фирдавс ал-иқбол”, Огаҳийнинг “Зубда ат-таворих”, “Гулшани давлат”, “Шоҳид ал-иқбол” каби асарларини мавжуд қўлёзмаларидан фойдаланган ҳолда таҳлилга тортган[11]. Ҳ.Дадабоевнинг “Огаҳий тарихий асарларидаги ижтимоий-сиёсий терминлар тизими хусусида” номли мақоласида баён қилинган назарий фикр ва амалий таклифлар шоир, муаррих ва таржимон ижодкор тили лексикасини ўрганишда муҳим[12]. Огаҳийнинг тарихий асарлари нашрига илова луғат тузган Н.Норқулов хизматларини ҳам шоир, муаррих ва таржимон ижодкор асарлари тилида ижтимоий-сиёсий лексикани ўрганишга қўшилган ўзига хос ҳисса сифатида баҳолаш мумкин[13]. Унда Огаҳий тарихий асарларида ишлатилган 400 га яқин сўз изоҳланган. Шоир таваллудининг 200 йиллиги арафасида – 2009 йилда Огаҳийнинг сўнгги асари “Шоҳидул-иқбол” нашрдан чиққан эди[14]. Асарга илова қилинган луғатда 500 дан ортиқ сўзнинг изоҳи берилган. Кейинги йилларда Н.Жабборов томонидан “Зубда ат-таворих” нашр қилиниши, Н.Тошевнинг эса “Жомеъ ул-воқеоти султоний”[15], Ҳ.Назирова “Зубда ат-таворих”нинг илмий-танқидий нашрини амалга ошириши Огаҳий тарихий асарлари нашрига эътибор кучайганини кўрсатади[16]. С.Рўзимбоев, А.Аҳмедовнинг Н.Жумахўжа билан ҳамкорликда ҳамда И.Бекчон ва Н.Полвонов томонидан ҳам “Фирдавс ал-иқбол”ни нашр қилдиргани маданий-маърифий ҳаётимизда муҳим воқеа бўлди[17]. Огаҳий лирик асарлари лексикаси борасида Р.Йўлдошевнинг бир неча мақоласи эълон қилинган. Шу билан бирга 1999 йилда “Ишқ аҳлининг тумори” тўплами нашр қилиниши ҳам соҳа ривожидаги воқеалардан санаш мумкин. Огаҳий асарлари лексикаси монографик тарзда ўрганилган ишлар қаторида А.Ўрозбоевнинг номзодлик ва докторлик диссертацияларини қайд қилиш мумкин[18].

Президент Ш.М.Мирзиёевнинг 2020 йил 20 майда Тошкент шаҳридаги “Адиб­лар хиёбони”га қилган ташрифида белгиланган вазифалар ҳам огаҳийшуносликни давр талаблари асосида янги босқичга олиб чиқишга асос бўлди. Белгиланган вазифаларга кўра Тошкент давлат шарқшунослик университетида “Огаҳийшунослар кен­­гаши” ташкил қилинди. Жорий йил 6 июль куни ушбу кенгашнинг таъсис мажлиси онлайн шаклда ўтказилиб, галдаги вазифалар, қилиниши лозим бўлган ишлар кўлами белгилаб олинди.

Фикримизча, қилиниши лозим бўлган ишлар кўлами ниҳоятда катталиги ҳамда мураккаб жараён эканлиги боис огаҳийшуносликнинг истиқболдаги режаларини босқичма-босқич амал ошириб бориш зарур. Бизнингча, биринчи босқич Огаҳий асарларини тўла нашр қилиш, оммавий ахборот воситалари орқали шоир ижоди тарғиботини олиб бориш, халқимиз даҳо ижодкор меросидан баҳраманд бўлиши учун Огаҳий асарлари луғатини тузиш ҳамда нашр этиш, китобларнинг электрон вариантларини яратиш каби кечиктирмай қилиниши керак бўлган ишларни амалга оширишдан иборат бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 мартдаги “Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий таваллудининг 210 йиллигини нишонлаш ҳамда Хива шаҳрида Огаҳий ижод мактабини ташкил этиш тўғрисида”ги 238-сон қарорининг 3б-бандида 2019-2021 йилларда Огаҳий асарлар тўпламини нашр этиш вазифаси белгиланган бўлиб, бу борадаги ишлар ўзининг илк самарасини бера бошлади. Мазкур қарор ижроси сифатида Огаҳий “Асарлари”ни нашр қилиш учун нуфузли таҳрир ҳайъати тузилди ва 2019 йил март ойидан киришилди. Шу кунга қадар Огаҳий “Асарлар”и кўпжилдлигининг 8 жилди нашр қилинди[19]. Ушбу кўламли иш Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳомийлигида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Хоразм Маъмун академияси ва Урганч давлат университети ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. Лойиҳани Хоразм Маъмун академиясида фаолият олиб бораётган А-ФА-2019-9 шифрли “Қадимий ёзма ноёб қўлёзма ва манбаларни тадқиқ қилиш, уларнинг рақамлаштирилган библиотекасини яратиш” амалий лойиҳаси мувофиқлаштириб бормоқда. Нашр ишларини бажаришда Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ўз фондидаги Огаҳийнинг ноёб қўлёзмаларини тақдим этиш, зарур ўринларда уларнинг нусхалари билан таъминлаш, масъул муҳаррирлик қилиш ва тақриздан ўтказиш каби жараёнларда бош-қош бўлди. Бундан кейинги жилдлар нашри кўп жиҳатдан институт фондидаги қўлёзмалар билан боғлиқ бўлиб, институт мавжуд шароит, муҳими, ишнинг халқимиз маънавияти тараққиётида беқиёс ўрнини эътиборга олиб, зарур имкониятларни яратиб беришга тайёр.

Огаҳий “Асарлар”ининг янги нашри қайси қўлёзма асосида бажарилгани, ҳар бир саҳифа ва варақ қўлёзмага мувофиқ кўрсатиб борилгани, луғат ва изоҳлар, зарур ўринларда таржима билан таъминлангани каби қатор ижобий жиҳатларга эга. Шу билан бирга ўз ўрнида 1971 – 1979 йилларда Ғ.Каримов ва С.Долимов саъй-ҳаракатлари билан нашр қилинган Огаҳий “Асарлар”и ўз даври учун катта воқеа бўлгани, уларнинг бу ҳаракатлари ўз даври шароитида илмий жасорат бўлганини эътироф этиш керак.  

Огаҳий таржимасидаги асарлар билан жиддий шуғулланган Н.Комилов “Огаҳий маҳорат билан таржима этган асарлар ўзбек адабиёти тарихининг муайян бир бўлагини ташкил этади, уни ўрганмай четлаб ўтиш эса бу улкан адибнинг ижодига етарли эътибор бермаслик, уни ярим-ёрти қилиб, чала тасаввур этиш ёки адабиёт тарихининг салмоқдор бир қисмини ташлаб кетиш демакдир”, [20] деган эди. Ўзбек маънавияти, тили, маърифати ривожида муҳим воқеа бўлган бу каби кўламли таржима асарларни “…ташкилий уюшганлик, ишга давлат ва миллат аҳамияти нутқаи назаридан қараб эътибор қилиш Хоразмда таржима ишининг баланд даражага кўтарилиши, жуда кўплаб ажойиб асарларнинг ўзбек тилида пайдо бўлиши учун маълум шарт-шароит вужудга келтирди[21]”. Афсуски, Н.Комиловдан кейин Огаҳий таржимасидаги асарлар тадқиқига бағишланган кўламли илмий тадқиқотлар яратилмади. Ваҳоланки, Хоразм таржимонлик мактаби кўплаб илмий ишларга мавзу бўла олади, муҳими, уларнинг ҳали катта қисми халқимиз қўлига етиб боргани йўқ.

Огаҳийнинг фалсафий қарашлари бўйича М.Сафар­боев тадқиқотларини изчил давом эттирадиган ёшларни тарбиялашимиз ҳам огаҳийшунослик муаммоларидан бири саналади, десак, адашмаймиз.

Галдаги муҳим вазифалардан бири, албатта, Огаҳий асарлари луғатини яратишдир. Айрим зиёлиларимизда Огаҳий асарлари луғати яратилган тақдирда ҳам Алишер Навоий асарлари учун тузилган луғатлардан фарқ қилмаса керак деган тасаввур пайдо бўлиши мумкин. Лекин Огаҳий асарлари луғат фонди маълум жиҳатлари билан Алишер Навоий асарлари луғат таркибидан фарқ қилади. Қолаверса, мазкур луғат лексикографиянинг энг кейинги ютуқларига таяниб ўзига хос тамойиллар асосида, муҳими электрон вариантига эга ҳолатда шакллантирилиши керак. Ана шунда ушбу луғат нафақат Огаҳий, балки бутун мумтоз адабиётимиз адиблари тилини англаш, уларнинг бой маънавий меросидан фойдаланиш имконини ҳам беради.

Ўйлаймизки, огаҳийшунослик ривожи бутун ижтимоий фанлар ривожи ва тараққиётига муносиб ҳисса қўша олади. Зеро, Муҳаммад Ризо Огаҳий мероси миллий маънавий мулкимизнинг ажралмас салмоқли қисмидир.

[1] Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 майдаги ПҚ-2995-сон “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори.
[2] Материалы по истории каракалпаков. Сборник. М.-Л., 1935. С. 91-127; Иванов П.П. Хивинские хроники XIX в. Муниса-Агехи как источник по истории туркмен. МИТТ. II. С. 23-25; Его же. Очерк истории каракалпаков // Материалы по истории каракалпаков. – С. 323 – 426; Материалы по истории Казахских ханств. XV-XVIII вв. – С. 435 – 475.
[3] Бартольд В.В. Сочинения. IX том. М., 1977. С.444; Лунин Б.В. Прошлое и настоящее Хорезма в науке// История Хорезма. Ташкент, 1976. С. 6-8; Дмитрева Л.В., Мугинов А.М., Муратов С.Н. Описание Тюркских рукописей института народов Азии. М., 1965; Дмитрева Л.В. Каталог тюркских рукописей. – М., 2002.
[4] Кунн А. Заметки о Хивинском ханстве // Туркистанские ведомости,1873. № 40. – С.158.
[5] Saleman С. Das Asiatische Museum. St. Peterburg, 1894. – Р. 274 – 280.
[6] Бартольд В.В. Сочинения. II том. М., 1964. С.400-413.
[7] Лунин Б.В. Прошлое и настоящее Хорезма в науке. С. 7.
[8] Firdavs al- iqbal. Р. 39.
[9] Долимов С. Огаҳий поэзиясида омоним ва синоним сўзлар // Ўқитувчилар газетаси. 1957. – № 51.
[10] Дўсимов З. Огаҳийнинг “Зубдатут-таворих” асарининг лексик-грамматик хусусиятлари ҳақида // Огаҳий абадияти. –Тошкент: Ўзбекистон, 1999. – Б. 37-41.
[11] Матгазиев А. Исследование по морфологии староузбекского языка (конец XVII – до семидесятых годов XIX в.): Автореф. дисс … д-ра филол. наук. – Ташкент; 1979. – 41 с.
[12] Дадабоев Ҳ. Огаҳий тарихий асарларидаги ижтимоий-сиёсий терминлар тизими хусусида // Ўзбек тилшунослигининг долзарб масалалари (Илмий мақолалар тўплами) – №3. – Тошкент, 2009. –Б. 21-24.
[13] Муҳаммад Ризо мироб Эрниёзбек ўғли Огаҳий. Асарлар. VI жилдлик. V жилд. –Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1978. –Б.202-210.
[14] Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий. Шоҳиду-л-иқбол. Нашрга тайёрловчи, сўзбоши ва изоҳлар муаллифи Н.Шодмонов. – Тошкент: Муҳаррир, 2009. – 335 б.
[15] Muhammad Riza Mirab Agahi. Jami‘ al-vaqi‘at-i sultani. Ed. in the original Central Asian Turki with an Introduction and Notes by Nouryaghdi Tashev. – Tashkent-Istanbul, 2012.
[16] Muhmmad Riza mirab Agahi. Zubdat al-tavarikh. International institute for Central Asian Studies, Al-Beruni Center for Oriental Manuscripts under Tashkent State Institute of Oriental studies. Edited in the original Central Asian Türkī with an Introduction and Notes by Khilola Nazirova. International Institute for Central Asian Studies (IICAS) by the UNESCO Silk Road Programme. – Tashkent–Samarkand, 2016.
[17] Шермуҳаммад Мунис, Муҳаммадризо Огаҳий. Фирдавс ул-иқбол (Бахтлар боғи).Нашрга тайёрловчилар Н.Жумахўжа, С.Рўзимбоев, А.Аҳмедов. – Тошкент: O‘qituvchi, 2010. 382 б.
[18] Ўразбоев А.Д. Огаҳийнинг “Риёз уд-давла” асарида ижтимоий-сиёсий лексика. Филол. фанлари номз. дисс. – Тошкент, 2009. 155 б.; Огаҳийнинг тарихий асарлари лексикаси. Филол. фанлари докт. дисс. – Тошкент, 2018. 248 б.
[19] Муҳаммад Ризо Огаҳий. Асарлар. 2-жилд. 1-китоб. Шермуҳаммад Авазбий мироб ўғли Мунис, Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий. “Фирдавсул-иқбол” (“Бахт-саодат жаннати”). Нашрга тайёрловчилар, кириш ва изоҳлар муаллифлари И.Бекчонов, Н.Полвонов. – Тошкент: “Sharq” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти, 2019. 512 б.; Муҳаммад Ризо Огаҳий. Асарлар. 3-жилд. “Зубдату-т-таворих” (“Тарихлар сараси”). Нашрга тайёрловчи ва изоҳлар муаллифи Н.Жабборов. – Тошкент: “Sharq” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти, 2020.; Муҳаммад Ризо Огаҳий. Асарлар. 4-жилд. “Риёзу-д-давла” (“Давлат боғлари”). Нашрга тайёрловчи ва изоҳлар муаллифи А.Ўрозбоев – Тошкент: “Sharq” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти, 2020.; Муҳаммад Ризо Огаҳий. Асарлар. 6-жилд. “Гулшани давлат” (“Давлат гулшани”). Нашрга тайёрловчи ва изоҳлар муаллифи А.Ўрозбоев – Тошкент: “Sharq” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти, 2020. 328 б.; Муҳаммад Ризо Огаҳий. Асарлар. 7-жилд. “Шоҳиду-л-иқбол” (“Иқбол шаҳодати”). Нашрга тайёрловчи, сўзбоши ва изоҳлар муаллифи Н.Шодмонов – Тошкент: “Sharq” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти, 2019. 384 б.; Муҳаммад Ризо Огаҳий. Асарлар. 8-жилд. “Ахлоқу-л-муҳсинийн”. Нашрга тайёрловчилар М.Сафарбоев, С.Раҳимов, А.Ўрозбоев – Тошкент: “Sharq” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти, 2019. 320 б.; Муҳаммад Ризо Огаҳий. Асарлар. 9-жилд. “Гулистон” (Саъдий Шерозий) ва “Ҳафт пайкар” (Низомий) таржималари. Нашрга тайёрловчи ва изоҳлар муаллифлари С.Долимов ва А.Ўрозбоев – Тошкент: “Sharq” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти, 2019. 264 б.; Муҳаммад Ризо Огаҳий. Асарлар. 10-жилд. “Мифтоҳу-т-толибин” (“Толиблар калити”) Маҳмуд Ғиждувоний асари. Форс тилидан Огаҳий таржимаси. Табдил, сўзбоши, изоҳ ва кўрсаткичлар муаллифи Э.Миркомилов. – Тошкент: “Sharq” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти, 2020. 400 б.
[20] Комилов Н. Муҳаммадризо Огаҳийнинг таржимонлик маҳорати. Филология фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун тақдим этилган диссертация иши. – Тошкент, 1970. 6-бет.
[21] Юқоридаги асар. 12-бет.
Баҳром АБДУҲАЛИМОВ
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти,
тарих фанлари доктори, профессор

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …