У зотнинг тўлиқ исми Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий Самарқандий Ансорийдир. Самарқанднинг Мотрид маҳалласида таваллуд топгани учун, Мотуридий деб, ушбу маҳаллага нисбат берилган. Исломга қўшган улкан ҳиссаси ва кўмаки учун, Ансорий саҳобаларга ташбеҳ қилиб, Ансорий тахаллуси берилган. Имом Мотуридий 256/870 йилда Самарқанддаги Мотрид маҳалласида дунёга келди. Аллома Самарқандда таълим олиб, мужтаҳид даражасига етди. Издошлари у зотга “Ҳидоятга бошловчи имом”, “Ҳидоят нишонаси”, “Мутакаллимлар имоми”, “Мусулмонлар ақидасини саҳиҳлаштирувчи”, “Аҳли сунна раҳбари” деган унвонларни беришган. Бу васфлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини тиклашда алломанинг даражаси қандай эканини билдириши билан бирга, аллома яшаган давр нақадар беқарор ва ихтилофли бўлганига ҳам далолат қилади.
Имом Мотуридий Аббосийлар халифалиги бўлинган ва Мовароуннаҳр Сомонийлар салтанатига айлантирилган бир даврда яшаган. Бу давлат илм-фанга катта аҳамият қаратгани билан тарихда қолган, десак, муболаға бўлмайди. Тарихчи Мақдисий Сомоний подшоҳлари, Мовароуннаҳр, Хуросон шаҳарлари ҳақида бундай ёзади: “ У иқлимларнинг энг яхшиси ҳамда олимлари ва буюклари энг кўп маскандир. У яхшилик ўчоғи, илм қароргоҳи, мустаҳкам ислом қалъасидир. Амири Амирларнинг яхшиси, қўшини қўшинларнинг яхшисидир. У ерда фақиҳларнинг даражаси подшоҳларнинг даражаси билан тенглаштирилади”.
Бу сўзлар Сомонийлар давлатида илм-фан юксак даражага кўтарилганини англади. Албатта илм-фанга катта аҳамият қаратган давлатда илмнинг барча соҳаларида мутахассис олимлар етишиб чиқа бошлади. Айниқса тафсир, фиқҳ, ҳадис, калом, тасаввуф, луғат, адабиёт, тиббиёт, фалакиёт, ҳисоб каби фанлар бўйича етук олимлар кўпайди.
Яхшилик билан ёмонлик, ҳақ билан ботил ёнма-ён юриши табиий ҳол бўлгани боис, бу орада барча ишда асос ақл, деган ботил шиор остида шаҳарларда ўзининг бузуқ ақидаларини тарқатадиган тоифалар ҳам чиқа бошлади. Улар Қуръон ва ҳадисларда келган ибораларнинг ўзига маъқул бўлганини олиб, тўғри келмаганини бузуқ таъвил билан асл маъносидан буриб, талқин қилар эди. Албатта, бу одамлар орасида ихтилоф чиқариши турган гап. Чунки, одамлар орасида рад қилувчилар ҳам, эргашувчилар ҳам топилади. Бора –бора бузғунчиларнинг сафи кенгайиб, улар ҳақиқий олимларга, айниқса, муҳаддис ва фақиҳларга ҳужум қила бошлади. Бу билан барча соғлом фикрли мусулмонларнинг нафрати ва ғазабига дучор бўлди. Уларга билиб-билмай эргашганлар ва тўғри йўлда собит қолган мусулмонлар ўртасида уруш олови ёниши аниқ бўлиб қолгани шарқий минтақада нақлий (Қуръон ва ҳадис) ва ақлий далиллар орасини жамлашга Аллоҳнинг изни ила муваффақ бўлган Имом Мотуридийни майдонга чиқишга ундади. Имом Мотуридийдан бироз кейин мўътазила фирқасига қарши Имом Ашъарий мафкуравий кураш майдонига кириб келди. Аллоҳ томонидан мададланган бу икки буюк имом бир-бири билан кўришмаган бўлсада, Аллоҳнинг тавфиқи ила ҳақ йўлга юриб, ботилга қарши туриш асносида бир-биридан деярли фарқ қилмайдиган соф ақийдани далиллар билан мустаҳкамлаб қўйди. Албатта, бу эътиқод Расулуллоҳ, саҳобалар, тобеин ва таба тобеинларнинг эътиқодидан бошқа янги эътиқод бўлмай, балки унинг умумийлаштирилган ва соддалаштирилган ва қатъий далиллар билан мустаҳкамлаб қўйилган кўриниши эди. Шунинг учун ушбу ақидани маҳкам тутганлар “Аҳли сунна вал-жамоа” номини олдилар.
Имом Мотуридий ўз юртида ҳар бири силсилада Имом Абу Ҳанифага бориб туташадиган олимлардан таълим олди. Улар: Абу Наср Аҳмад ибн Аббос ибн Ҳусайн Иёзий, Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ ибн Солиҳ Журжоний, Насир ибн Яҳё Балхий, Муҳаммад ибн Муқотил Розийдир. Бу олимларнинг баъзилари Имом Абу Юсуф орқали, баъзилари Имом Муҳаммад орқали Имом Абу Ҳанийфага боғланади.
Имом Мотуридий узтозларидан нақлий илмлар билан бирга, ақлий илмларни ҳам таълим олди. Қисқа вақт ичида фиқҳ, тафсир ва каломда кўзга кўринган олим бўлиб етишди. Устозларидан олган илмларни нақлий ва ақлий далиллар билан асослаган ҳолда ўз шогирдларига етказиб борди.
Аслида бу ақида тўғрисида Имом Абу Ҳанифа ўзининг “Фиқҳул акбар” ва “Васийя” номли китобларида қисқача сўз юритган бўлиб, Имом Мотуридий уни шарҳлаб, далиллар билан асослаб бергани боис, ушбу ақида Имом Мотуридийга нисбат берилиб, “Ақийдатул Мотуридийя” деб юритила бошлади. Бунда Имом Мотуридийдан таълим олиб, катта олим бўлиб етишган ва устозининг йўлини давом эттириб, китоблар ёзган шогирдларнинг ҳиссаси беқиёс бўлди.
Дарҳақиқат Имом Мотуридий мужтаҳид даражасига етган кўплаб шогирдлар етиштириб чиқарди. Улардан энг машҳурлари: Ҳаким Самарқандий тахаллуси билан танилган Абул Қосим Исҳоқ ибн Муҳаммад ибн Исмоил, Имом Абул Ҳасан Али ибн Саид Рустуғноний, Имом Абу Лайс Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Иброҳим Самарқандий, Имом Абу Муҳаммад Абдул Карим ибн Мусо Баздавийдир.
Имом Мотуридий ақида, фиқҳ ва тафсирга оид кўплаб китоблар таълиф этиб, келажак авлодга мерос қилиб қолдирди. Ушбулардан “Китобут тавҳид”, “Китобул мақолот”, “Китобул усул”, “ Ар-радду алал қаромита”, “Раддул усулил хамсати ли Аби Муҳаммад Ал-Балхий”, Радду авоилил адилла лил Каъбий”, “Радду таҳзибил жадал лил Каъбий, “Радду ваъийдил фуссоқ лил Каъбий”, “Радду китобатил имомати либаъзир равофиз”, “Баёну ваҳмил мўътазила” – ақида ва турли фирқаларнинг залолатини баён қилишга, “Китобул Жадал”, “Маъхазуш шароиъ” – усулул-фиқҳга , “Рисолату фиймо ло яжузу ал-вақфу алайҳи фил Қуръон” ва “Таъвилотул Қуръон” – тафсир ва улумул қуръонга оид китоблардир.
Ушбу китобларни ўрганган киши, Имом Мотуридий юқорида зикр қилиб ўтилган юксак унвонларга нақадар муносиб бўлганини эътироф этмай иложи йўқ. Аллома яшаган замонда мусулмонлар кўплаб фитналарга учрагани, ўзаро тортишувлар, ихтилофлар ҳаддан зиёд кўпайгани, ҳатто иш мусулмонлар орасида уруш бошланишигача етиб боргани яққол кўзга ташланади. Ана шундай қалтис вазиятда Имом Мотуридий ўз жасорати, илм ва истеъдодини ишга солиб, Ислом динининг асл моҳиятини кўрсата олди. Унинг ана шу хизматлари туфайли мусулмонлар ўртасидаги ихтилоф ва низолар аста-секин барҳам топа бошлади. Беҳуда қон тўкилишининг олди олинди.
Имом Мотуридийнинг Исломга ва мусулмонларга ёрдами шу қадар катта бўлганки, васфлашга тил ожиз. Аллоҳнинг тавфиқисиз ҳеч бир банда бундай ишларга қодир бўлолмаслигини англаш, бизни Имом Мотуридийга Аллоҳ таолонинг ўзи мададкор бўлганини эътироф этишга чорлайди.
Имом Мотуридий 333/944 йилда Самарқанда оламдан ўтган ва шу шаҳардаги “Чокардиза” қабристонида дафн қилинган.