Home / МАҚОЛАЛАР / Лут алайҳиссалом қиссаси

Лут алайҳиссалом қиссаси

Лут алайҳиссаломнинг исми Қуръони каримда 27 ўринда зикр қилган. Аллоҳнинг пайғамбари Аллоҳ таоло у зотни ҳам Иброҳим алайҳиссаломнинг вақтларида пайғамбар қилиб юборган. Иброҳим алайҳиссалом Лут алайҳиссаломга амаки бўладилар.

Лут алайҳиссалом ҳам Иброҳим алайҳиссаломга имон келтириб, шу зотнинг йўлидан юрганлар. Шу ҳақда.

فَآمَنَ لَهُ لُوطٌ وَقَالَ إِنِّي مُهَاجِرٌ إِلَىٰ رَبِّي إِنَّهُ هُوَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ

«Бас, унга Лут иймон келтирди ва: «Албатта, мен Раббимга ҳижрат қилгувчиман. Албатта, У азиз ва ҳакимдир», деди» (Анкабут, 26-оят). Лут алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломни динига имон келтирган биринчи инсонлардан бўлдилар.

Кейинроқ Лут алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломнинг рухсатлари билан Иорданиянинг Садум деган жойига жўнаб кетдилар. Аллоҳ изни ила, у зот Садум деган шаҳар ва унинг атрофида истиқомат қилдилар ва ўша жойлар аҳолисига пайғамбар бўлдилар.

Аллоҳ таоло «Соффот» сурасида: “Албатта, Лут ҳам юборилган пайғамбарлардандир» (133-оят), деб марҳамат қилган. Мана шу оят у зотнинг пайғамбар эканлигини тасдиқлади. Шуаро сурасида ҳам у кишининг пайғамбар эканлиги хабарини берди: «Лут қавми пайғамбарларни ёлғончи қилди» (160 оят).

Улар Ўлик денгиз яқинидаги шаҳар, қишлоқларда яшаганлар. Ўшанда уларга биродарлари Лут деди: «Қўрқмайсизларми?! Албатта, мен сизларга ишончли пайғамбарман. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар. Мен сизлардан бунинг учун ҳақ-ажр сўрамасман. Менинг ажрим фақатгина Раббул оламин зиммасидадир» (Шуаро 161-164 оятлар).

Лут алайҳиссалом пайғамбар бўлиб келган пайтлари Садум шаҳри аҳолиси дунёдаги энг қабиҳ гуноҳлардан бирига мубтало эдилар. У баччабозлик эди. Лут алайҳиссаломнинг вазифаси уларни мана шу қабиҳ ишдан қайтариш эди. Аллоҳ таоло «Анкабут» сурасида бу ҳақда қуйидагиларни айтади: «Ва Лутни (ҳам юбордик). Ўшанда у ўз қавмига: «Албатта, сиз ўзингиздан олдин ўтгани оламлардан ҳеч ким қилмаган фаҳш ишни қилмоқдасиз» (28 оят). Ояти каримада мазкур бузуқликни Лут қавмидан олдин ҳеч ким қилмагани айтилмоқда. Кейинги оятда мазкур хунук ишни очиқ баён этадилар: «Сизлар эркакларга яқинлик қилиб, йўлни кесасизми ва йиғилишларингизда мункар иш қилурмисиз?!» деди. Унинг қавмининг жавоби: «Агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга Аллоҳнинг азобини келтир», дейишдан бошқа бўлмади» (29 оят). Қалби тошдек қотган бу қавм ўзларидан чиққан Лут алайҳиссаломнинг чақириғига заррача эътибор қилмадилар. Улар пайғамбарни масхара қилиб: “Агар гапинг рост бўлса, бизга Аллоҳнинг азобини келтир”, дейишди. Улар қилган ишларига уқубат келишидан қўрқмас эдилар.

Аллоҳ таоло одамзотни эркак ва аёл қилиб яратди. Уларнинг ҳар бирига ўзига мос ва хос аъзоларни, хусусиятларни берди. Инсон насли бардавом бўлиши учун ҳар бири ўзига мос ҳар хил аъзолар билан яратилган. Одамни насли эркак ва аёлнинг қўшилиши билан пайдо бўлади. Бунинг учун уларда зарур аъзолар – ҳис-туйғу, ҳужайралар мавжуд.

Аллоҳ таоло инсон зотининг покиза йўл билан зурриёт кўпайтиришини ҳаётий зарурат қилди. Аллоҳ кўрсатган йўлдан бошқача йўл билан шаҳватини қондирганлар катта гуноҳ қилган бўлади. Эркак киши бошқа эркак билан яқинлик қилиши унинг ақидаси бузуқ ва тубан киши эканини кўрсатади.

Лут (алайҳиссалом) қавми: «Уларни қишлоғингиздан чиқариб юборинг, чунки улар жуда ҳам покиза бўлаверадиган одамлар экан», дейишди (Аъроф 82 оят). Уларнинг «айблари» покиза одам бўлганликлари эди. Инсонийлик қиёфасини йўқотган қавм шу даражага етар экан. Ўзлари инсоният бўйнига тавқи лаънат бўлиб осиладиган амалларни тап тортмай қилаётганлари етмаганидек, уларга ўхшашни хоҳламаган, инсонлигини йўқотмаган, Аллоҳнинг амрида юришга ҳаракат қилганларни покизаликда айбладилар.

Шундан кейин Лут алайҳиссаломнинг Аллоҳ таолога илтижо қилишдан ўзга чораси қолмади. «У: «Эй Раббим, менга бузғунчи қавмларга қарши Ўзинг нусрат бер», деди» (Анкабут 30 оят). Бу қабиҳ қавмга ҳеч қандай ваъз-насиҳат фойда бермади. Энди уларга қарши Аллоҳнинг Ўзи ёрдам бермаса, бошқа иложи йўқ эди.

Аллоҳ таоло Лут алайҳиссаломнинг дуоларини ижобат этди. Жирканч ишни қилаётган қавмни ҳалок қилиш учун фаришталарни гуруҳ-гуруҳ қилиб юборди. Ўша фаришталарга йўл-йўлакай Иброҳим алайҳиссаломга фарзанд кўришлари ҳақидаги хушхабарни етказиш вазифаси ҳам топширилган эди. «Бизнинг элчиларимиз Иброҳимга хушхабарни келтиришганида: «Албатта, биз ушбу шаҳар аҳлини ҳалок қилгувчидирмиз. Албатта, унинг аҳли зулм қилгувчилардан бўлдилар», дедилар» (Анкабут 31 оят).

Фаришталар Иброҳим алайҳиссаломга: «Албатта, биз ушбу шаҳар аҳлини ҳалок қилгувчидирмиз” дедилар. Яъни, Лут қавми яшаб турган Садум шаҳрини ҳалок этамиз. Бунинг сабаби уларнинг зулм қилувчи бўлганларидир, дедилар.

Жияни Лут яшаб турган шаҳарнинг ҳалок этилиши ҳақидаги хабарни эшитган Иброҳим алайҳиссалом дарҳол ташвишга тушиб савол бердилар: «У: «Унда Лут бор-ку?!» деди. Улар: «Биз унда ким борлигини яхши билурмиз. Биз, албатта, унга ва унинг аҳлига нажот берурмиз. Магар унинг хотини ҳалок бўлгувчилардан бўлгандир», дедилар» (Анкабут 32 оят).

Фаришталар чиройли йигитлар суратида Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳузурларига меҳмон бўлиб, шу шаклда Лут алайҳиссаломнинг ҳузурларига келдилар. Бу ҳолат «Анкабут» сурасида қуйидагича васф қилинади:
«Элчиларимиз Лутга келишганида, у улар сабабли маҳзун бўлди ва келишларидан юраги сиқилди. Улар: «Сен хавфсирама ва маҳзун ҳам бўлма, албатта, биз сени ва аҳлингни қутқаргувчилармиз. Магар хотининг ҳалок бўлгувчилардан бўлгандир» (Анкабут 33 оят). Лут алайҳиссаломнинг хафа бўлишларига сабаблари бор эди. Аввалло, фаришталар чиройли йигитлар қиёфасида келган эдилар. Лут алайҳиссалом уларнинг фаришталар эканидан ҳали хабар топмаган эдилар. Ёш ва хушрўй меҳмон йигитларга жиноятчи қавм ташланиб, Лут алайҳиссаломни шарманда қилишлари мумкин эди. Шу сабабли Лут алайҳиссалом уларни кўриб хафа бўлдилар ва сиқилдилар шу ҳолатни сезган фаришталар у зотга тасалли бериб: «Сен хавфсирама ва маҳзун ҳам бўлма», дедилар. Улар Лут алайҳиссаломни хотиржам қилиб, нима иш қилишларини айтдилар: «…албатта, биз сени ва аҳлингни қутқаргувчилармиз», дедилар. Яъни, Биз шаҳарни одамларини ҳаммасини ҳалок қиламиз, сен билан аҳлингни қутқарамиз. «Магар хотининг ҳалок бўлгувчилардан бўлгандир», дедилар». Сўнгра фаришталар сўзларида давом этиб дедилар: «Албатта, биз ушбу шаҳар аҳолиси бошига фосиқлик қилганлари туфайли осмондан азоб туширгувчимиз», дедилар» (Анкабут 34 оят). Аллоҳ таоло бу қавмни қилган ишларига яраша жазолади.

Гуноҳкор қавмнинг жазоланиши қандоқ бошланганини «Қамар» сурасидаги ушбу ояти карима баён қилиб беради: «Улар ундан меҳмонларини топширишни сўрадилар. Бас, кўзларини кўр қилдик. Менинг азобим ва огоҳлантиришларимни тотиб кўрсинлар» (37 оят).

Лут қавми шундай даражага етиб борган эдики, «Улар ундан меҳмонларини топширишни сўрадилар». Улар Лут алайҳиссалом ҳузирларига меҳмон бўлиб келган ёш ва чиройли йигитларни фаҳш иш қилишга топширишни талаб қилди.

«Менинг азобим ва огоҳлантиришларимни тотиб кўрсинлар». Аллоҳнинг амрига бўйсунмасалар ва исён қилсалар, бунинг оқибати нима эканлигини билиб қўйсинлар.

Шу ишдан кейин меҳмонлар ўз вазифаларини ошкор қилдилар. «Улар: «Эй Лут, биз Роббингнинг элчиларимиз, булар сенга ҳаргиз тега олмаслар. Бас, кечанинг бир бўлагида аҳлинг ила юргин ва сизлардан хотинингдан бошқа ҳеч ким ўгирилмасин. Чунки уларга етадиган мусибат у(аёл)га-да етгувчидир. Уларга тайин қилинган вақт, субҳдир. Субҳ яқин эмасми?!» дедилар» (Ҳуд 81 оят). Лут алайҳиссалом аҳлларини олиб, кечасининг бир бўлагида шаҳарларини ташлаб чиқишлари лозим эди. Кечаси улардан бирор киши қолмай, тонг отгунча жўнаб кетиши керак эди. Лут алайҳиссаломнинг аҳлидан фақат у зотнинг аёллари қолиб кетди. Бу ишнинг сабабини ояти каримада баён қилади: «Чунки уларга етадиган мусибат у(аёл)га-да етгувчидир».

«Амримиз келган пайтда у ўлкани остин-устун қилдик ва устидан кетма-кет сопол тошларни ёғдирдик. Уларга Раббинг ҳузурида белги қўйилган эди ва улар золимлардан узоқ эмасдир» (Ҳуд  82-83 оятлар).

Яъни, ўша гуноҳкор қавм яшаган диёрни ҳалок қилиш ҳақидаги «Амримиз келган пайтда у ўлкани остин-устун қилдик». Мазкур шаҳар номи Садум бўлиб, ривоятларда келишича, Аллоҳнинг изни билан фаришталар Садум диёрини ҳаммасини кўтариб, чаппа айлантириб қўйганлар. Садум шаҳри аҳолиси ер остига кўмилиб кетганлар.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ушбу тош билан ўлдирилганларни ҳужжат қилиб, Лут қавми амалини қилганларнинг ҳукми, олдин баланд жойдан улоқтирилиб, кейин тошбўрон қилишдир, деганлар. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимни Лут қавмининг амалини қилаётган ҳолда топсангиз, қилувчини ҳам, қилинувчини ҳам ўлдиринг», деганлар.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Қуръоншунослик шўъбаси раҳбари
Ҳасан Расулов

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …