Глобаллашув мураккаб жараён бўлиб, ўзининг ижобий ва салбий жиҳатларига эга. Унинг ижобий томони – бутун жаҳон миқёсида ахборот алмашинувининг осонлашгани, илм-маърифат тарқалиш имкониятларининг кенгайганида бўлса, салбий жиҳати шундаки, бу жараён оммавий ахборот воситаларини ғаразли мақсад йўлидаги қурол сифатида фойдаланишга уринаётган кучлар учун ҳам кенг йўл очади.
Мазкур жараёнлар кечаётган бир вақтда айрим инсонларнинг, аксар ҳолларда ёшларнинг бузғунчи ғоялар таъсирига берилиш ҳолатлари, афсуски, учраб турибди. Бундай ғоялар домига тушиб, унинг таъсирида жиноят кўчасига кириб, ўз жазоларини олганларидан сўнг қилмишларига пушаймон бўлган кишиларнинг қайта бундай ноқобил йўлга кирмасликлари, тўғри турмуш тарзига тўлиқ қайтишлари учун уларга жамоатчиликнинг алоҳида эътибори ва ёрдами зарур бўлади. Бузғунчи ғоялар орасида дин ниқобидаги экстремизм энг хавфли кўринишлардан биридир. Чунки дин – инсон қалбидаги энг қадрли туйғу. Экстремистик гуруҳлар ўз ғояларини ушбу нозик туйғу билан боғлашга уринадилар. Мусаффо туйғу нопок ғоялар билан булғанганидан сўнг уни қайта тозалаш анча мураккаб кечади. Бунинг учун инсоннинг ҳам ички дунёсини ҳам диний қарашларини – эътиқодини тўғри йўлга йўналтириш талаб этилади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган: «Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар». Яъни хабар Аллоҳдан ва Пайғамбар алайҳиссаломдан бўлса, сўзсиз қабул қилиш вожибдир. Қабул қилмаганлар гуноҳкори азим, кофир бўлади. Ояти каримада Аллоҳ таоло «фосиқ хабар келтирса, аниқлаб» хабарнинг собитлигина текшириб кўришга амр қилмоқда. Аллоҳнинг амрига бўйсиниш вожиб. Афсуски, мусулмонлар ушбу оятга амал қилмаганлари оқибатида катта мусибатларга дучор бўлмоқдалар. Бир хабарни эшитиши биланоқ, суриштирмай, бирор иш қилинса, кейин хабарнинг ёлғонлиги ёки хатолиги аён бўлса, ҳақиқатдан афсус надоматга сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло «бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар», демоқда. (Ҳужурот сураси, 6-оят)
Бугунги глобаллашув даврида интернетнинг ривожланиши натижасида айрим «қора кучлар»нинг бирор мамлакатни босиб олиши учун унга қарши қурол кўтариб бориши «замонадан ортда қолган усул»га айланди. Бунинг ўрнига бугунги кунда етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган инсонларни «ўзига ром қилган», радио, телевидение, газета-ю матбуотни ортда қолдирган интернет ҳар қандай «қурол» ўрнини эгаллай бошлади. Илм-маърифатга асосланган диний эътиқод инсоннинг моддий ва маънавий ҳаётини тўғри йўлга солишга хизмат қилади. Боланинг ёшлигидан бошлаб унда тўғри дунёқараш ва эътиқодни шакллантириш унинг ҳар томонлама етук, динийлик ва дунёвийлик орасидаги фарқ ва муштаракликни англаб етадиган инсон бўлиб шаклланишига ёрдам беради. Аммо дин ва эътиқоднинг асл моҳиятини тўғри тушуниб етмаган, дин ҳақида фақат бир ёқлама фикрга эга бўлган, яъни «дин – бу зўравонлик, динсизларга қарши урушиш, жамиятдаги барқарорликка путур етказиш, давлатга қарши чиқиш», деган қарашга эга бўлган кишининг йўлдан адашиши, ғараз мақсадли гуруҳлар учун «қурол» воситасига айланиши жуда осон бўлади.
Дин ниқобидаги экстремистик гуруҳларнинг тузоғига тушган кишиларни қайтадан ижтимоий фаол, ватанпарвар инсонларга айлантириш учун уларнинг ўтмишини чуқур таҳлил қилиш лозим бўлади:
Тажрибалар шуни кўрсатадики, диний маърифатдан, унинг эзгулик моҳиятидан бохабар бўлмаган кишиларнинг дин ниқобидаги экстремистик гуруҳлар таъсирига кўпроқ тушиб қолиш ҳолати юз беради. Чунки унда дин ҳақида етарли маълумот йўқ, шунинг учун ҳам ашаддий экстремист у билан «яхшилаб», «чуқур» тарзда «тушунтириш ишлари»ни олиб борган тақдирда унинг йўриғига кетиш эҳтимоли кўпроқ. Аввалги «динсизлик» ҳолатидаги «гуноҳларини ювиш» учун жонини қурбон қилиши лозимлигини талаб қилганда эса, унинг чақириғига «лаббай» деб жавоб бериши кўпроқ юз бергани кузатилган.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур тумани ва Андижон вилоятига ташрифлари доирасида ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, одамларни турли диний оқимлар таъсиридан асраш тўғрисида қимматли фикрларни билдирган эдилар. Бунда ёшларни дин ниқоби остидаги оқимлар таъсиридан ҳимоя қилиш, экстремизм ғоялари таъсирига тушиб қолган, тўғри йўлдан адашган фуқароларни ижтимоий реабилитация қилиш ва унинг амалий механизмини яратиш муҳим вазифалардан эканлигига алоҳида эътибор қаратилган эди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 июлдаги «Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида»ги 3160-сонли қарорида дунёда юз бераётган мураккаб ғоявий-мафкуравий жараёнларнинг мазмун-моҳиятини ҳар томонлама чуқур ёритиб бориш, терроризм, диний экстремизм, ақидапарастлик, сепаратизм ва бошқа таҳдидларга қарши самарали ғоявий кураш олиб бориш белгиланган.
Хулоса ўрнида, глобаллашув жараёнида экстремизм ғоялари таъсирига тушиб қолганларни салбий оқибатларни бартараф этиш билан бир қаторда бу каби нохуш ҳолатни келтириб чиқарувчи сабабларнинг олдини олиш ишларига ҳам асосий эътиборни қаратиш давр талабидир. Бунинг учун биз ёшларни миллий ва диний қадриятларнинг ҳурматини ўз ўрнига қўядиган, динийлик ва дунёвийлик орасидаги мувозанатни мутаносиб тарзда олиб борадиган, замон талабларига жавоб берадиган маънавий ва илмий салоҳиятга эга қилиб тарбиялашимиз лозим бўлади.