Home / АЛЛОМАЛАР / МУҲАММАД ИБН ИСМОИЛ – БУЮК ВА МУЖТАҲИД ИМОМ

МУҲАММАД ИБН ИСМОИЛ – БУЮК ВА МУЖТАҲИД ИМОМ

Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг илмий мероси ўз замонасининг диний ва ижтимоий фанларини тўла-тўкис қамраб олгани билан ҳозирги замон илм-фани учун жуда катта аҳамият касб этади. Зеро, унинг «Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ», «Ал-Адаб ал-Муфрад» каби асарларида келтирилган ҳадиси шарифлар катта тарбиявий аҳамиятга эга бўлиб, инсонлар қалбига ҳалоллик, адолат, иймон-эътиқодли, диёнатли, покиза, меҳнатсевар, ватанпарвар, мурувватли, раҳм-шафқатли,  ота-она, аёлларга нисбатан ҳурмат-эътиборли бўлиш каби юксак инсоний фазилатларни сингдиради.

Ислом оламида “Ҳадис илмида амирул мўминин” деган шарафли номга сазовор бўлган Имом Бухорий алоҳида эътиборга молик буюк олимдир. Унинг ҳаёти ва илмий-маънавий меросини ўрганар эканмиз, турли йўналишларда ёзган асарлари ғоятда ибратли ва кўп жиҳатлари билан ҳар қандай давр учун ҳам катта аҳамият касб этишига амин бўламиз.

Манбаларда унинг қаламига мансуб асарларнинг сони йигирма тўртга етиши қайд этилади. Муҳаддиснинг асарлари нафақат ҳадис, балки тарих, фиқҳ, тафсир, одоб‑ахлоқ ва ақоид каби илмларни ўз ичига олади. Имом Бухорий ёшлигида ҳадис илмини ўрганиш билан бир қаторда, бухоролик устозларидан араб тили, ақида, мантиқ, балоғат, ислом тарихи ва айниқса, фиқҳ илмини мукаммал ўзлаштириб борган[1].

Имом Бухорийни нафақат муҳаддис сифатида эътироф этиш мумкин, балки ҳаёти давомида ёзган асарларидан адиб, фақиҳ, мутакаллим эканлиги намоён бўлади. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Имом Бухорий буюк олим ва мужтаҳид бўлган.

Яқин йилларгача Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий фақат муҳаддис олим сифатида маълум эди. Унинг ҳадис илмига доир асарларидан бошқа асарлари мамлакатимизда кўпчиликка маълум эмас эди. Диёримизда олиб борилаётган диний-маърифий ислоҳотлар ва илмий тадқиқот натижаларининг самараси ўлароқ, кун сайин муҳаддиснинг ҳаёти ва илмий меросига доир янгиликлар кашф бўлмоқда.

Уламолар асрлар давомида Имом Бухорий фиқҳий мазҳаблардан қайси бирига мансуб бўлганлиги борасида турли хил фикрларни илгари сурганлар[2]. Жумладан, баъзилар Имом Бухорий Шофиъий мазҳабининг машҳур олимлари Имом Заргароний, Абу Савра, Каробисийга шогирд бўлгани учун ўша мазҳабга амал қилган, дейдилар. Шунингдек, Тожуддин Субкий “Табақотуш Шофиъия” номли китобида, Сиддиқ Ҳасанхон “Абжадул улум” номли китобида ва Ибн Ҳажар “Фатҳул Борий” номли китобида Имом Бухорийнинг шофиъий мазҳабига мансублигини айтишган.

Бошқа уламолар Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг дарсларини эшитгани учун Имом Бухорий ҳанбалия мазҳабида эди, деб фикр билдирадилар. Жумладан, Ибн Қайюм ўзининг “Эъломул муваққаъийн” китобида ва Ибн Абу Яъло Фарро “Табақотул ҳанобила” китобида Имом Бухорийни ҳанбалий мазҳабига мансуб бўлган уламолардан, деганлар.

Моликий мазҳабининг вакиллари эса Имом Бухорийни ўз мазҳабига мансуб бўлган, чунки у Имом Моликнинг “Ал-Муватто”сини Абдуллоҳ ибн Юсуф Тиннисий, Саййид ибн Анбар ва Ибн Букайрдан ривоят қилган, дейдилар.

Ҳанафий мазҳаби уламоларининг фикрларига келсак, улар Имом Бухорийга саҳиҳ ҳадисларни алоҳида бир китоб қилиб жамлашни таклиф қилган шахс ҳанафий мазҳабида бўлган Исҳоқ ибн Роҳувайҳ бўлган, Имом Бухорий ундан сабоқ олган, бинобарин, у ҳам ҳанафий мазҳабига мансубдир, деганлар[3].

Кейинги вақтларда баъзи уламолар бу фикр ва таҳлилларни рад этиб, аллома у ёки бу устозидан ҳадислар ривоят қилса, унинг мазҳаб издоши бўлиши шарт эмас, деган фикрга келдилар.

Имом Муҳаммад Закариё Кандеҳлавий айтадики, “Менинг фикримча, Бухорий ҳеч бир мазҳабга тобе эмас. Агар у шофиъий мазҳабига тегишли бирор масалани келтирган бўлса, бошқа ўринларда ўзига яраша ҳанафий ва моликий мазҳабларига тегишли масалалар ҳақида ҳам фикр юритган”.

Ҳақиқатан ҳам бир шахсдан ҳадис ривоят қилди ёки илм ўрганди, дегани бу ўша шахснинг мазҳабида бўлди, дегани эмас. Агар шундай бўлганида, ҳар қайси имом ўзидан олдин ўтган имомнинг мазҳабида бўлар эди. Ваҳоланки, бунақа эмас. Маълумки, Имом Шофиъий Имом Моликдан сабоқ олган ва унинг “ал-Муватто” асарини ёд билган. Имом Аҳмад Имом Шофиъийдан фиқҳни ўрганган, Имом Шофиъийнинг ўзи эса Имом Аҳмаддан ҳадисни ўрганган. У Имом Аҳмадга “Сизлар саҳиҳ хабарларни бизлардан кўра яхшироқ биласизлар. Шунинг учун агар бирорта саҳиҳ хабар топилиб қолса, бизни ҳам хабардор қилиб қўйсангиз. Токи мен унинг олдига борай. У Куфада бўладими ёки Басрада ёхуд Шомдами, барибирдир”, деган эди.

Имом Бухорийнинг замондош шогирди Имом Термизий ўзининг “Мазаҳиб ал-Аимма” асарида Имом Бухорий мазҳаби ҳақида маълумот келтирмаган. Машҳур тўрт мазҳаб асосчилари ҳам турли устозлардан сабоқ олсалар-да, ўз билими, тажрибасига суяниб, алоҳида мазҳаб-йўлларига асос солганлар.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, Имом Бухорий ўз китобида агар бирор мазҳаб асосчиси фикрига қўшилмаса, ўша мазҳаб асосчисини номини айтмасдан, “баъзи кишиларнинг фикрларига ихтилоф ҳолатида шуни айтаманки” деб, ҳурмат билан четлаб ўтади[4]. Бунинг сабаби эса аллома келтирилган ҳадис юзасидан ўз фикрини билдирар экан, бошқа мазҳаб асосчилари ва тарафдорларини камситмаслик эди.

Шунга ўхшаш мисолларни жуда кўп келтириш мумкин. Имом Бухорий баъзи ҳадисларда бир мазҳаб нуқтаи назаридан ёндашса, бошқа ҳадисларда бошқа мазҳабга ёндашади. Ҳатто баъзи ҳадисларда тўрт мазҳабга ҳам ёндашмасдан ўз фикрини баён этган. Бу эса Имом Бухорийнинг бирор муайян мазҳабнинг изи­дан бормаганлигига яққол далилдир.

Шайх Тоҳир Жазоирий, шайх Муҳаммад Закариё Кандеҳлавий ва бошқалар Имом Бухорийнинг ўзи мужтаҳид олим бўлган, дейдилар ва бу фикрни кўпчилик қўллаб-қувватлайди[5].

Абу Мусъаб Аҳмад ибн Абу Бакр Мадиний “Муҳаммад ибн Исмоил бизнинг наздимизда Ибн Ҳанбалдан кўра фақиҳроқ ва идроклироқдир”, деганида унинг ҳузурида ўтирганлардан баъзилари “Чегарадан ошириб юбордингиз”, дея унга эътироз билдирадилар. Шунда Абу Мусъаб: “Агар сиз Моликни кўрган ва у билан Муҳаммад ибн Исмоилнинг юзига қараган бўлганингизда эди, фиқҳ ва ҳадис борасида ҳар иккаласи ҳам бирдир, деган бўлар эдингиз”, деб жавоб беради[6].

Ибн Ҳажар Имом Бухорийнинг таржимаи ҳоли борасида уни фиқҳий мазҳаблардан бирига тақлид қилган деб сифатлаган кишиларга жавоб тариқасида: “Чунки, ундан келиб чиқадики, Бухорий таржимаи ҳолларда мазҳабга тақлид қилган. Аммо у ҳақида кенг тарқалган машҳур гап шуки, у ҳадислардан фиқҳий аҳкомларни чиқариб олган, уларнинг ровийларига таржимаи ҳоллар ёзган, ундан бошқалар идрок қилмайдиган нарсалар сабабли ҳадис соҳасининг моҳирларидан бўлган бир кишидир”, дейди[7].

Шундай бўлса-да, аввал ўтган имомлардан айримлари Бухорийни ўзларининг мазҳабларига мансуб деганларини ҳам инкор этиб бўлмайди. Аммо энг ишончли якуний мулоҳаза шуки, юқорида ўтганидек, Имом Бухорий ўзининг мустақил мазҳабига эга мужтаҳид бўлган, фиқҳни барча мазҳаблардан олган, раъй ва ҳадис мактабларидан хабардор бўлган, сўнгра ана шу мазҳабларнинг орасидан ўзи танлаб олган турли хил қарашлари билан мустақил бўлиб чиққан. Имом Бухорийнинг фиқҳини ўрганиш учун йўлга қўйилган махсус тадқиқотларнинг барчаси ана шу фикрга иттифоқ бўлган. Олиб борилган илмий тадқиқотларнинг якуний натижаларидан шундай хулосага келиш мумкин, Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ”даги фиқҳий қарашлари муайян бир мазҳабга мансуб эмас, аксинча, мустақил мужтаҳид бўлгани намоён бўлади.                    (давоми бор)

[1] Шайх Абдуссалом Муборакфурий. Сират ал-Имом Бухорий. Макка. Дар аламил фавоид. 2002. Ж.1. Б. 261.
[2] Абдусаттор. Имом Бухорий. Дамашқ. Дарул қолам.2007. Б.255-258. //Шайх Абдуссалом Муборакфурий. Сират ал-Имом Бухорий. Макка. Дар аламил фавоид. 2002. Ж.2. Б.607.
[3] Имом Бухорий таърифи. –Тошкент. Ғафур Ғулом, 2020. –Б.162. https://savollar.islom.uz.
[4] Шайх Абдуссалом Муборакфурий. Сират ал-Имом Бухорий. – Макка. Дар аламил фавоид. 2002. Ж.2. Б. 667.
[5] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Одоблар хазинаси. –Т.: 1-жузи. 2008. –Б.38. https://islom.uz.
[6] Шамсуддин Заҳабий. Сияру аъламин нубала. Ж. 2. – Байрут. Муассасату-р-рисола, 1985. – Б. 19.
[7] Ибн Ҳажар Асқалоний. Фатҳул Борий. – Байрут. Дору-л-маърифа, 1959. – Б. 82. 
Барот АМОНОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …