Давлатимиз раҳбарининг шу йил 9 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида юртимизда яшаб ўтган буюк алломаларнинг мақбаралари, табаррук қадамжоларни обод қилиш орқали сайёҳликни оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Бу бежиз эмас. Зеро, мамлакатимизга келаётган сайёҳлар оқими охирги уч йил мобайнида мусулмон ўлкалардан келадиганлар ҳисобига сезиларли даражада ошди. Бу ўринда Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларидаги улуғ қадамжолар аҳамиятини алоҳида таъкидлаш лозим.
Самарқанд зиёрат туризми соҳасида улкан салоҳиятга эга. Қадимда ҳам бу ҳудуд турли ўлкалардан келган сайёҳларни ўзига ром этган. VII аср бошларида Марказий Осиёда бўлган хитойлик элчи Вей Цзе Самарқанднинг барча аҳолиси моҳир савдогар, бола беш ёшга кириши биланоқ унга савод ўргата бошлайдилар, ўқишни билиб олганидан сўнг уни савдо ишларини ўрганишга жалб қилишлари ҳақида ёзган.
Самарқанд қарийб уч минг йиллик тарихга эга бўлган шаҳар сифатида дунёга танилган. У ўрта асрларда ҳам илм-фан, маданият, савдо ва ҳунармандчилик ривожланган маскан бўлган. Машҳур араб сайёҳи Ибн Баттута “Саёҳатнома” асарида “Дунёда Самарқанд каби ҳавоси мусаффо, осмони мовий, замини кўм-кўк, суви зилол, аҳолиси гўзал хулқли ва хориждан келган инсонларга муҳаббат ва дўстона муносабат қиладиган жаннатмонанд шаҳарни кўрмадим”, дея таъриф этган.
Ҳозир ҳам Самарқанд дунё аҳлини кенг туристик имкониятлари билан ўзига ром этиб келмоқда. Ҳар йили шаҳарга дунёнинг кўплаб мамлакатларидан минглаб сайёҳ келади. Вилоятда ҳозирги кунда 1851 та моддий-маданий мерос объекти мавжуд бўлиб, улар орасида зиёрат қилиниши мумкин бўлган жойлар жуда кўп.
Самарқандда кўплаб мадраса, масжид, ислом билимлари ва фаннинг турли соҳаларига ҳисса қўшган буюк алломалар абадий қўним топган мақбаралар мавжуд. Шоҳи Зинда, Руҳобод, Имом Бухорий, Имом Доримий, Имом Мотуридий, Махдуми Аъзам Даҳбедий, Хожа Аҳрор валий, Шайх Худойдод валий ва бошқа кўплаб зиёратгоҳлар шулар жумласидан.
Ислом дини ҳамда мусулмон уммати эътиқодини мустаҳкамлашда буюк ишлари билан ном қозонган алломалар манзилларини ўрганиш, уларни ободонлаштириш ишлари узлуксиз олиб борилиб, зиёрат қилинадиган масканларга айлантирилмокда. Бундай жойлар нафақат юртимиз аҳли, балки ислом олами учун ҳам табаррук ҳисобланади. Мазкур омиллар сўнгги йиллар давомида юртимизда зиёрат туризмини ривожлантириш, уни жаҳон миқёсига олиб чиқиш учун асос бўлиб хизмат қилди. Натижада бу борада салмоқли ютуқлар қўлга киритилди.
Жумладан, Шоҳи Зинда зиёратгоҳидаги Қусам ибн Аббос қабри маҳаллий ва хорижий сайёҳлар зиёрат қиладиган манзилларидан бири ҳисобланади. Бу зот мақбараси қадимда ҳам халқаро даражадаги зиёратгоҳ бўлган. Ибн Баттута Самарқандга саёҳатида Қусам ибн Аббос қабрини зиёрат қилиб, қуйидагиларни ёзиб қолдирган: “Самарқанд ташқарисида Қусам ибн Аббос ибн Абдумутталибнинг қабри бор. Самарқанд аҳолиси душанба ва жума кунлари шу қабрни зиёрат қилиш ниятида бу ерга келади. Тоторлар (туркий халқлар) ҳам қабрни зиёрат этиш учун келадилар ва улуғ назрлар қиладилар (кўплаб пул садақа қиладилар), дирҳам (кумуш пул) ва динор (олтин пул) эҳсон этадилар. Буларнинг ҳаммаси зиёратчиларни таъминлаш ҳамда зовия (хонақоҳ) ва мақбарада хизмат қилувчиларнинг таъминотига сарфланади”.
Шоҳи Зинда мажмуасида сайёҳларни ўзига тортадиган яна бир асосий жиҳат меъморий обидалардаги араб ва форс хатида ёзилган битиклардир. Мажмуанинг деярли барча иншоотида Қуръон оятлари, ҳадиси шарифлар ва ҳикматли сўзлар битилган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Бобурнома” асарида бундай дейди: “Ер юзида Самарқанддек гўзал ва ёқимли шаҳар камдир. Ҳеч бир душман қаҳр ва ғалаба билан унга йўл топмагани учун уни “Балдаи маҳфуза” (қўриқланган, муҳофазага олинган шаҳар) дейдилар. Саҳобадан Қусам ибн Аббос у ерга боргандир. Ҳозирда мозори (Шоҳи Зинда) машҳурдир”.
Самарқандда зиёрат туризмини ривожлантиришдан кўзланган асосий мақсад келадиган сайёҳлар сони ва вилоятнинг сайёҳлик салоҳиятини ошириш ҳамда Ўзбекистоннинг ислом дунёсидаги зиёрат туризми марказларидан бири сифатида халқаро миқёсда эътироф этилишига эришишдан иборат. Зиёрат туризми, яъни муқаддас жойларни зиёрат қилиш икки асосий йўналишни ўз ичига олиб, булар экскурсиявий-маърифий ва диний кўринишдан иборат.
Имом Бухорий зиёратгоҳи ислом оламининг Самарқанддаги табаррук маскани бўлиб, ҳар йили бу ерга нафақат юртимиз, балки бошқа мамлакатлардан ҳам минглаб мусулмон келади. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 10 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, қисқа муддатда марказ қуриб битказилиб, унда Имом Бухорий ҳаёти ва илмий сафарларини акс эттирган музей ишга тушди. Марказ ёнида ёшларга ислом билимлари, хусусан, ҳадис илмини чуқур ўргатадиган Ҳадис илми мактаби ҳам таъсис этилди. Айни кунларда мазкур илм даргоҳларида илмий тадқиқот ва изланишлар олиб борилмоқда.
Самарқандга келган нуфузли меҳмонлар ва давлат арбоблари Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилиш билан бирга, бу табаррук масканларда олиб борилаётган ишлар билан ҳам танишмоқда. Давлатимиз раҳбари шу йил 11 февраль куни Самарқанднинг туризм салоҳиятини, шу жумладан, зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича лойиҳалар билан танишган эди. Лойиҳага кўра, Имом Бухорий мажмуасидаги қурилиш-ободонлаштириш ишлари жараёнида бобомиз мақбараси ҳозирги кўриниши сақланган ҳолда реконструкция қилинади. Шу пайтгача мақбара остидаги қабрни зиёрат қилиш учун етарли шароит мавжуд эмас эди. Янги лойиҳада қабр атрофи кенгайтирилиб, зиёратчилар учун ҳар томонлама қулайлик яратиш кўзда тутилган.
Шунингдек, саккиз минг ўринли масжид қурилади. Мажмуа атрофида тўртта улкан минора қад ростлайди. Ҳозирги айвонларга қўшимча равишда ички ва ташқи айвонлар барпо этилади. Маҳаллий ва хорижлик зиёратчиларга қулайлик яратиш учун замонавий меҳмонхоналар, халқаро андозаларга тўла мос келадиган маиший хизмат ва санитария-гигиена шохобчалари қурилади. Қайд этилишича, мажмуада қурилиш ишлари жараёнида бу ердаги тарихий булоқ ва бир неча юз йиллик чинор дарахтларига зиён етказилмайди. Уларни асраб-авайлаш, ўз ҳолида сақлаш учун барча зарур чоралар кўрилади.
Имом Бухорий ҳазратлари вафот этган 870 йилда азим Самарқанднинг Мотурид деган маҳалласида илоҳиёт илмининг бўлғуси ёрқин юлдузларидан бири, калом илми асосчиси Имом Абу Мансур Мотуридий дунёга келади.
У киши ўз илмий ижоди билан юксак мартабага эришди. Табаррук номига хилма-хил шарафли унвонлар қўшиб зикр қилинган. Имом Мотуридий қадамжоси ҳам бугунги кунда сайёҳлар зиёратгоҳига айланган. Айниқса, мақбарадаги тарих зарварақларидан сўзловчи қайроқтошлардаги битиклар калом илми тадқиқотчиларининг эътиборини тортади.
Президентимиз ташаббуси билан 2019 йилнинг 21-23 февраль кунлари Бухоро шаҳрида мамлакатимизнинг халқаро майдондаги мавқеини ошириш мақсадида Зиёрат туризми бўйича биринчи халқаро форум ўтказилди. Форум доирасида Ўзбекистоннинг зиёрат туризми марказларидан бири сифатида тан олинишига доир Бухоро декларацияси имзоланишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Самарқандда зиёрат туризмида истиқболга эришиш учун хизмат кўрсатиш маданиятини кескин кўтариш, зиёратчиларга қулай шароитлар яратиш, уларнинг Ўзбекистон ҳақида яхши таассуротлар билан кетиши учун барча имкониятларни ишга солиш, зиёратчиларни яна қайта-қайта келишга рағбатлантириш лозим.
Энг аввало, вилоятимиздаги қадамжоларнинг туристик харитасини тузиш, масжидлар ва таҳоратхоналарни замон талаблари даражасида реконструкция қилиш, турли тилларда буклет ва тарқатмалар тайёрлаш, тарғибот ишларини яхши йўлга қўйиш, транспорт хизмати кўрсатишни яхшилаш, турли мобиль иловалар яратиш зарур. Шунингдек, “Ҳалол” халқаро стандартларига мувофиқ овқатланиш жойларини ташкил этиш, сайёҳлар учун зиёратгоҳларда интернет тармоғини таъминлаш ва гид-таржимонларни тайёрлаш масаласига эътиборни кучайтириш долзарб аҳамият касб этади.
2021 йил 15 апрель, №75 (331)