Ўзбекистон дунё миқёсида муқаддас қадамжоларга бой мамлакатлардан бири ҳисобланади. Мустақиллик йилларида ислом илмлари ривожида беқиёс ўрин тутган буюк мутафаккирлар хоки абадий қўним топган манзилларни ўрганиш, уларни ободонлаштириш ишлари олиб борилди, ушбу манзиллар зиёрат қиладиган масканларга айлантирилди. Бундай қадамжолар нафақат Ўзбекистон аҳолиси, балки бутун ислом олами учун муқаддас ҳисобланади. Ҳозирги кунда Самарқанд вилоятида 1851 та моддий-маданий мерос объекти мавжуд бўлса,[1] Бухоро вилоятида уларнинг сони 829 тани ташкил этади[2]. Булар орасида зиёрат қилиниши мумкин бўлган муқаддас жойлар кўпчиликни ташкил этади. Хусусан, биргина Бухоро вилоятида жойлашган объектлар орасида 105 та масжид ва 14 та мақбара мавжуд бўлиб, уларда зиёрат туризмини ривожлантириш имкониятлари юқори ҳисобланади. Мазкур омиллар сўнгги тўрт йил давомида Ўзбекистонда зиёрат туризмини ривожлантириш, уни жаҳон миқёсига олиб чиқиш учун асос бўлиб хизмат қилди. Аммо, шунга қарамасдан бу борада ўз ечимини кутаётган масалалар мавжуд бўлиб, уларнинг таҳлили бу борада айрим таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш имконини бериши мумкин. Шу сабабдан соҳада амалга оширилган ишлар ва уларнинг натижаларини илмий таҳлил этиш муҳим аҳамиятга эга.
2017 йилда Ўзбекистонда сайёҳликнинг алоҳида соҳаси бўлган зиёрат туризмини ривожлантириш ва жаҳонга таништириш бўйича тизимли ишлар бошлаб юборилди. Жумладан, 2017 йил 16 августда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Бу ҳужжат билан Ўзбекистонга саёҳат қилишни енгиллаштириш, туризм инфратузилмаларини ривожлантириш ва янги туристик объектларни ташкил этишга қаратилган 2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастури тасдиқланди[3].
Бундан ташқари, мазкур қарор асосида бир ой муддат ичида фуқароларига 2018 йилнинг 1 январидан виза тартибини соддалаштириш таклиф этилаётган мамлакатлар ҳамда фуқароларига махсус зиёрат туризми дастурлари таклиф этиладиган давлатлар рўйхатини шакллантириш, шунингдек, Малайзия, Индонезия ва бошқа мамлакатлардан Ўзбекистондаги муқаддас қадамжоларга зиёрат туризми йўналишида сайёҳлар жалб қилиш бўйича ишларни фаоллаштириш, бу борада керакли реклама тадбирларини ўтказиш, логистика, жумладан, чартер рейсларини ташкил этиш ва бошқа вазифалар белгиланди[4].
Бундан ташқари, юртимизга ташриф буюраётган зиёратчиларга қулайлик яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг “Туристик хизматларни сертификатлаштириш маркази” давлат унитар корхонаси томонидан янги давлат стандарти ишлаб чиқилди. Мазкур ҳужжат асосида 2018 йилнинг 1 январидан туристик хизматлар, жойлаштириш воситалари, умумий талаблар бўйича стандарт кучга кирди. Янги қоидаларга кўра, ҳар бир меҳмонхонанинг умумий хоналар сонининг камида ўндан бирида Қуръони карим, ибодат қилиш учун жойнамоз ҳамда камида 30 фоизида қибла кўрсатгичи қўйилиши шарт қилиб белгиланди[5].
Бу даврда Ўзбекистонга келувчи сайёҳлар учун виза режимини енгиллаштириш бўйича ҳам ишлар амалга оширилди. Шу мақсадда 2018 йил 3 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди. Унга мувофиқ, Индонезия, Малайзия, Сингапур, Туркия, Жанубий Корея, Япония ва Исроил фуқаролари учун визасиз режим жорий қилинди. Шунингдек, 39 мамлакат фуқаролари учун соддалаштирилган виза тартиби жорий этилди. Визасиз кирувчи хорижликлар сафига 2019 йил март ойидан тожикистонликлар, октябрдан францияликлар ҳам қўшилди[6].
Бундан ташқари, мамлакатимизда “ҳалол туризм”ни ривожлантириш бўйича бир қатор тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, 2018 йилда “Ҳалол туризм” бўйича “Crescent Rating” ташкилоти томонидан 2017 йилда тузилган рейтингда (2017 йилда тузилган рейтингда Ўзбекистон 28. Шундан, “хавфсиз саёҳат” – 100 дан 84 балл, “ибодатхонага кириш эркинлиги” – 80, “овқатланиш имкониятлари ва кафолатлари” – 70, “виза” – 50, “аэропорт имкониятлари” – 48,3, “оилавий таътил” – 44,4, “яшаш шароитлари” – 33,2, “мусулмонлар учун имкониятлар” – 25, “сайёҳларнинг келиши” – 21,2, “коммуникация имкониятлари” – 19) қуйи даражада баҳоланган, кам ривожланган йўналишларни яхшилашга эътибор қаратилди. Хусусан, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан “Crescent Rating” ташкилоти билан ҳамкорликда мамлакатимизда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Ушбу тавсиялар асосида халқаро аэропортларда ибодат амалларини бажариш учун зарур шароитлар яратилди[7].
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси таркибида зиёрат туризмини ривожлантириш бўлимининг фаолияти йўлга қўйилди. Ўзбекистонда зиёрат туризмини ривожлантириш билан боғлиқ масалалар бўйича таҳлилий ҳужжатлар тайёрлаш, мамлакат иқтисодиётининг стратегик тармоғи сифатида туризмни жадал ривожлантириш учун қулай иқтисодий ва ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш, ҳудудларнинг улкан туризм салоҳиятидан янада тўлиқ ва самарали фойдаланиш юзасидан тегишли таклифлар тақдим этиш мазкур бўлимнинг асосий вазифалари сифатида белгиланди[8]. Бундан ташқари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Тошкент шаҳрида зиёрат туризмини ривожлантириш, рўйхатга олинган 15 та диний муассасага ташриф хариталари ишлаб чиқилди. Индонезия ва Малайзия сайёҳлик агентликлари ва меҳмонларига мўлжалланган ҳалол овқатланиш жойлари, миллий ошхоналар, ресторанлар, оилавий ташриф жойлари харитаси тайёрланди. Шунингдек, юртимизда илк бор зиёрат туризми соҳаси учун зарур бўлган “Ҳалол” стандарти жорий этилди.