Home / АЛЛОМАЛАР / УЛАМОЛАР САДРУШ ШАРИЪА ИЛМИЙ УНВОНИ ҲАҚИДА НИМА ДЕЙДИ?

УЛАМОЛАР САДРУШ ШАРИЪА ИЛМИЙ УНВОНИ ҲАҚИДА НИМА ДЕЙДИ?

Бухоро 1219 йилда Чингизхон томонидан забт этилгач, харобага айлантирилади. Ибн Баттута таъкидлаб ўтганидек, у ердаги масжидлар, мадрасалар ва бозорларнинг аксарияти вайрон қилинади, аҳолининг ҳаёти қийинлашади. Бухородаги бу нотинчлик ва беқарорлик маҳбубийлар оиласи, яъни Убайдуллоҳ ибн Масъуд боболарининг Кирмонга кетишига сабаб бўлади. Мусофир юртларда Садруш шариъанинг икки бобоси вафот этади. Шу боисдан Садруш шариъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд ҳам Кирмонда улғайиб вояга етган.

Убайдуллоҳ ибн Масъуд (ваф.747/1346) маҳбубийлар сулоласининг энг ёш вакили бўлиб, манбаларда фақиҳ, усул ва жадал илми соҳиби, муҳаддис, муфассир, грамматик олим, адиб, мутакаллим ва мантиқчи сифатида зикр қилинади.  Убайдуллоҳ ўз исмидан кўра кўпроқ “Садруш шариъа ал-асғар” илмий унвони билан машҳур бўлган, танилган. Шунингдек, фиқиҳ ҳақида қизиқиб, изланувчи китобхон учун сир эмаски, Ўрта асрларда илму маърифати ва тақвоси билан танилган зиёлиларни бирон илмий унвон билан улуғлаш оммалашган. Ибн Баттута Хоразм шаҳрига қилган сафари чоғида Убайдуллоҳ ибн Масъуддан бошқа дин пешволари ҳам “Садруш шариъа” унвони билан машҳурлигига гувоҳ бўлганини изоҳлаб ўтади: “Биз Қиёт  шаҳрига етдик. Йўлимизда мўъжаз ва чиройли Қиётдан ўзга манзил йўқ. Биз шаҳар мавзеида музлаб қолган ҳовуз ёнида тўхтадик. Болалар муз устида сирпаниб ўйнарди. Қиёт шаҳри қозиси Садруш шариъа бизнинг келганимизни эшитиб, ўз шогирдлари ҳамда шаҳарнинг солиҳ ва обид шайхларидан бири Маҳмуд Хивақий қуршовида қутлашга келди” .

Тарихчиларнинг айтишича, бу каби унвонларнинг берилишига сабаб Хуросон ва мовароуннаҳрликлар бошқа минтақадагиларга нисбатан ўзини юқори олиб, дин пешволарини улуғлаб, “Шамсул аимма”, “Фахрул ислом”, “Садрул ислом”, “Садру жаҳон”, “Тожуш шариъа”, “Бурҳонуш шариъа” ва “Садруш шариъа” каби унвонлар билан мурожаат қилган. Ироқликлар эса, дин пешволарининг ҳунари, маҳалласи, қишлоғи ёки қабиласига нисбат бериб, “Жассос”, “Қудурий”, “Кархий”, “Саймарий” каби унвонлар билан аташни афзал кўрган. Бу каби унвон билан номлаш одати нафақат маҳбубийлар сулоласи яшаган давр, балки ундан кейинги асрларда ҳам урф бўлган. Аммо улардан олдинги даврларда ундай бўлмаган”.

Аммо биз ҳанафий уламолар фиқҳий масалаларда Убайдуллоҳ ибн Масъуд ва унинг боболарининг асарларига эътимод қилгани учун ушбу фахрли унвон билан атаган, десак, хато бўлмайди. Чунки, ҳанафий мазҳаби уламоларининг китобларида – фиқҳга доир бўлсин, фиқҳ асосларига ёки табақот китобларидан бўлсин – Убайдуллоҳ ибн Масъуд Садруш шариъанинг ҳурматини ўз ўрнига қўйиб зикр қилибгина қолмай, балки унинг шаънига олқиш ва мақтовлар ҳам келтирган. Жумладан, бизга маълум бўлган айрим таниқли уламолар ўз асарларида Садруш шариъа ҳақида бундай фикр-мулоҳазалар билдириб ўтган.

Имом Кафавий “Катаибу аъламул ахяр” асарида Садруш шариъани бундай тавсифлайди: “У – барча иттифоқ қилган имом, омма учун манфаатли, шариат қонунлари ҳимоячиси, фаръий ва аслий масалалардаги муаммолар ечимини топиб, моҳиятини баён қилиб берган алломадир. Фаръий ва аслий масалаларнинг шайхи, ақлий ва нақлий илмларнинг билимдони, усулшунос фақиҳ, мунозарачи ҳамда хилоф илми соҳибидир. Муҳаддис, муфассир ва грамматик олим, қалами ўткир адиб, мутакаллим ҳамда мантиқчи, қадри буюк, мавқеи юксак, зарбул масал қилинадиган даражадаги аллома, улуғликни ота-боболаридан мерос олган шахсдир”.

Имом Қураший “ал-Жавоҳирул музийя” асарида: “У усулчидир ҳамда турли фанлар соҳиби бўлган буюк имомдир”, дея тавсифлайди.

Имом Тафтазоний айтади: “У муҳаққиқ (тадқиқ қилувчи) олим, диққат билан изланувчи билимдон, ҳидоят байроғи, илм маърифат манбаси, ақлий ва нақлий илмлар мезонининг бошқарувчиси, фаръий ва аслий илмларнинг тартибга солувчиси, шариат ва ислом пешвосидир. Аллоҳ унинг даруссаломдаги даражасини юксалтирсин”.

Ибн Баттутанинг «Саёҳатнома» асарида: “Бухорода фақиҳ ва улуғ олим Садруш шариъани учратдим. Шу он у Ҳиротдан келган экан. У солиҳ ва фозиллардан эди”, дейилади.

Ибн Қутлубуға, Ибн Ҳанаий ва Тошкўпризода Садруш шариъа ҳақида: “У тадқиқотчи олим ва диққат билан изланувчи билимдон”, дея таъриф беради.

Бундан ташқари, Тошкўпризода яна қўшимча қилиб: “Садруш шариъа раҳимаҳуллоҳ тиним билмас улкан уммон, чўққиси ҳали забт этилмаган юксак тоғ эди. Фазилат ва илм тадқиқ қилиш борасида катта намуна ва аниқлик борасида эса ишончли ришта эди. Аллоҳ таоло унинг руҳини шод этсин, жаннат боғларида унинг саройлари зиёда бўлсин”, дея қайд этади.

Али Қори раҳматуллоҳи алайҳ: “Уламоларнинг етакчиси, фозиллар улуғи, фаръий ва аслий илмларни жамлаган ва ақлий ва нақлий йўлларнинг ўртасини бирлаштирган олимдир”, дея таъкидлайди.

Баъзи тадқиқотчилар, бу унвон Убайдуллоҳ ибн Масъуднинг катта бобоси Маҳмуд Тожуш шариъанинг отаси Мавлоно Шамсиддин Маҳбубийдан мерос қолган, дея талқин қилади. У зот 1238 йили  Бухорода бўлиб ўтган Маҳмуд Торобий қўзғолонининг  маънавий бошлиғи сифатида донг таратган олим бўлган. Бухоро мадрасаларида фиқҳий олим бўлиб етишган Шамсиддин Маҳбубий 1239-1240 йилда мўғуллар ўқидан ҳалок бўлган. Замондошлари уни “Садруш Шариаъ ал-аввал”, “Садруш Шариаъ ал-акбар” каби фахрли номлар билан атаган. Кўпгина тарихий асарларда Шамсиддин Маҳбубий ҳақида ҳам ёзилган бўлишига қарамасдан, у зотнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида тўлиқ маълумотлар йўқ. Қадимги тарихий асарларда Мавлоно Шамсиддин Маҳбубийнинг 1220 йилда Чингизхон Бухорони босиб олган, обод ва ажойиб гўзал шаҳарни харобага айлантирган, унинг аҳолисини шафқатсизларча қирғин этган пайтлари мўғулларга қарши олиб борган пинҳоний ва ошкора курашлари ҳақида баён қилинади.

Садруш шариъанинг қўлида фиқҳ илмини ўрганиб ижоза (рухсат) олган шахслардан бири Абу Тоҳир Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Ҳасан ибн Али Тоҳирий бўлади. Имом Кафавий Тоҳирий ҳақида бундай дейди: “У фатво ҳайъатининг улуғлари, ҳидоят байроқларини юқори кўтарганларнинг давомчиси, тариқат сирларининг билимдони, ҳақиқат белгиларини кашф қилувчи шахс эди. Фиқҳ, усул, ҳадис ва тафсир илмлари билимдонидир. Дастлаб Абу Тоҳир  Садруш шариъадан илм таҳсил қилиб, 745 йилнинг зулқаъда ойида Бухорода ижоза олган…”.

Тарихий фактлардан маълумки, Убайдуллоҳ ибн Масъуд шунчаки ёки боболарининг мавқеи сабаб Садруш шариъа деб аталмаган. Бу унвонни айрим шахсларга ўхшаб ўзига шараф бўлиш учун ҳам қабул қилмаган. Аксинча, ўткир ақлу заковати, омманинг ҳурмати ва илмий доираларнинг эътирофи боис шу номга сазовор бўлган.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР
  1. Абдулҳаким Шаръий Жузжоний. “Ислом ҳуқуқшунослиги”. Т.: Т.И.У. 2002. Б.175.
  2. Ибн Баттута. Саёҳатнома. Т.: Шарқ. 2012. – Б. 366; // Риҳла ибн Баттута. Робат. 1997. – Б. 181.
  3. Умар Ризо Куҳола. Мўъжамул муаллифийн. Байрут. Мактабатул мусанна. 2008. – Ж.6. – Б.246; // Мавсуъа Фиқҳийя Кувайтийя. Кувайт. Дарулсаласил. 2006. – Ж. 3. – Б. 361.
  4. Қиёт (ал-Кот) Амударёнинг ўнг соҳилидаги шаҳар. X асрда Хоразм пойтахти бўлиб, Хоразм деб ҳам аталарди.
  5. Ибн Баттута. Саёҳатнома. Т.: Шарқ. 2012. – Б. 365; Риҳла ибн Баттута. Робат. 1997. – Б.180.
  6. Салоҳ Муҳаммад. Шарҳул виқоя ва Маъаҳу мунтаҳо ан-ниқоя аъла Шарҳил виқоя. “Муассасатул варроқ”. Иордания. 2006. – Б.27.
  7. Убайдуллоҳ ибн Масъуд. “Мухтасарул виқоя”. Т.: Чўлпон. 1994. Б.2.
  8. Тошкўпризода. Мифтаҳус саъода ва мисбаҳус сияда фи мавзуъатил улум. Байрут. Дорул кутубил илмийя. Ж.2. –Б.171.
Абдувоҳид ЎРОЗОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …