Home / МАҚОЛАЛАР / Ойлар султони муборак бўлсин!

Ойлар султони муборак бўлсин!

Барча юртдошларимизни ҳам самимий муборакбод этиб, Яратган Меҳрибон Парвардигоримиздан муборак ойларнинг файзу илоҳий, хайру баракотларидан халқимизни баҳраманд этишлигини Меҳрибон Парвардигоримиздан сўраб қоламиз…

Аллоҳ Таборака ва Таоло Ўзининг буюк иродаси ва чексиз ҳикмати тақозосига кўра, Ўзи яратган махлуқотларини фазл ва устунликда бир-биридан фарқли ва тафовут қиладиган қилиб яратган. Баъзи маконларни бошқасидан, айрим замонларни ўзгасидан ортиқ ва афзал қилиб қўйган. Бу ҳам бўлса, Худои Таолонинг биз бандаларига марҳаматли зот эканлигидандир! Аллоҳ Таоло кунлар орасидан баъзиларини танлаб олиб, уларни эзгулик мавсумлари, тоат ва ибодат кунлари, қурбат ҳосил қилиш вақтлари қилиб белгилади. Булар йил мобайнида ҳадя тариқасида берилган кунлардир! Булар – Парвардигори олам Аллоҳ Таоло томонидан бандаларга ато этилган раҳмат шаббодаларидир! Ким уларга эътибор бериб, яхшиликларидан баҳраманд бўлиб қолса, ўша икки дунёда ҳам ҳақиқий бахтиёр кишидир!

Жумладан, Аллоҳ Таборака ва Таоло муборак Рамазон ойини бошқа барча ойлардан олий ва муфаззал қилди. Уни кўплаб буюк фазилатлар ва улуғ имтиёзлар билан хослади. Масалан, исломнинг беш асосий ва фазилати улуғ, буюк рукнларидан бири бўлган рўза ибодати айнан шу ойда амалга оширилади, динимизнинг энг мўътабар манбаси Қуръони карим ҳам муборак Рамазон ойида нозил қилинган. Бу ҳақида Аллоҳ Таборака ва Таоло Бақара сурасининг 185 ояти каримасида шундай марҳамат қилади:

 “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг) саноғи бошқа кунлардандир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди”.

      Демак, ушбу ойнинг энг улуғ фазилати бу ойда рўза тутиш орқали Аллоҳ Таолога қурбат ҳосил қилинар экан.  Зеро, рўза ибодати билан нафс тарбияланади, шаҳвоний ҳою-ҳаваслар жиловланади. Рўза тутиб, инсон комил хулқларга эга бўлади. Комил хулқли инсонлар яшаган жамиятда осуда ва тинч-осойишта ҳаёт ҳукм суради.

Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Насоий ва Имом Аҳмадлардай буюк зотлар Жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган Ҳадиси қудсийда Аллоҳ Таоло: “Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен – Ўзим берурман”, – деб марҳамат қилган. Аллоҳ таоло барча солиҳ, хайрли, савобли, яхши ва чиройли амаллар ичидан фақатгина рўзани Ўзи учун танлагани бу ибодатнинг нечоғлик улуғ эканлигига далолат қилади.

Жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Кимки Рамазон рўзасини имон-эътиқод ва Аллоҳдан савоб умид қилиб тутса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади”, деганлари ҳам бу ойда тутилган рўзанинг ажри, Худои Таоло томонидан бериладиган савоби ва унинг аҳамияти нақадар улуғлигини англатади.

Жаноб Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бешта кечани бедор ўтказса, жаннат унга вожиб бўлади – тарвия, арафа, қурбонлик, фитр ва Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаларидир”, – дедилар.

Худои Таборака ва Таоло ҳеч бир нарсани беҳикмат яратмаган… Одам боласи тўққиз ой деганда мукаммал инсон бўлиб дунёга келади.

Ислом динимизнинг бош манбаи, инсониятнинг Қиёматгача ҳаёт дастури – Қуръони карим – Рамазон ойида нозил бўлган. Шу сабаб ҳам Рамазон – Қуръон ойидир! Қуръон карим билан рўза ойи орасидаги мустаҳкам алоқа ва боғлиқликни муборак Рамазоннинг илк куни кириши биланоқ ҳар бир мусулмон киши ўз қалбининг туб-тубидан ҳис этади. Ва ўта кучли муҳаббат ва катта қизиқиш билан Аллоҳ Таолонинг улуғ Китобини мутолаа қилишга киришади. Унинг оятлари борасида тафаккур юритади, Унда келтирилган қиссалару хабарлардан ибрат олади. Масжидлар намозхонлар ва Қуръон тиловат қилувчилар билан тўлиб кетади. Дунёдаги бор масжидларда Қуръони карим хатми бошланади. Юртимизда ҳам, айниқса таровеҳларда, Қуръон хатмига алоҳида аҳамият берилади. Ва бу ҳолат бутун оламга муборак Рамазон ойи  Қуръон ойи эканлигини баралла эълон қилади.

Тафсир китобларида келишича, Қуръони карим муборак Рамазон ойининг муборак Қадр кечасида Лавҳул маҳфуздан дунё осмонига туширилган. Сўнгра, йигирма уч йил давомида воқеа ҳодисалар ривожига мувофиқ равишда бўлиб-бўлиб Жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга индирилган.

Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда Қуръонни Жаброил алайҳиссалом назоратларидан тўлиқ ўтказиб олар эдилар. Бу улуғ фаришта билан биргаликда Қуръони каримни дарс қилардилар. Вафот топадиган йилларида эса, Қуръони каримни Жаброил алайҳиссаломдан икки марта ўтказиб олганлар.

Ўтган улуғ зотларимиз ҳам бу муборак ойда Қуръони карим учун алоҳида эътибор ва вақт ажратганлар. Фақиҳ олимлар ҳам бу ойда илм билан шуғулланишни бутунлай йиғиштириб ёки камайтириб, Қуръон мутолаасига иқбол этганлар. Манбаларда келишича, Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу Қуръони каримни ҳар куни ўқиб туширар эдилар. Бошқа баъзилар Қуръони карим қироатини уч кунда ниҳоясига етказар эдилар. Яна бирлари бир ҳафтада хатм қилсалар, бошқалар ўн кунда ўқиб битирар эдилар. Қатода раҳимаҳуллоҳ Қуръонни доимо ҳар етти кунда хатм қилсалар, муборак Рамазон келганда ҳар уч кунда ўқиб туширар, охирги ўн кунлик кирганда эса ҳар кечада хатм қилардилар. Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ муборак Рамазон ойида Қуръони каримни олтмиш марта хатм қилардилар. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ Рамазон ойи кирганда ҳадис илми ва уламолар билан бўлган илм мажлисларини тўхтатиб, Қуръон қироатига юзланар эдилар.

Шундай экан, биз ҳам бу ғанимат ой давомида хатми Қуръонга ошно, тиловатини эшитувчи бўлсак, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Муборак Рамазон ойи қадимдан ўзаро меҳр-оқибат, кўмак ва ёрдам ойи ҳисобланиб келган. Муборак Рамазони шариф ҳар бир эзгу амал учун савоблар бир неча баробар кўпайтириб бериладиган ой эканлиги боис ҳар бир мўмин-мусулмон банда бу фурсатлардан фойдаланишга ҳаракат қилади, муҳтож кишиларга қўлидан келганча кўмак беради. Бу ойнинг баракасидан ҳар бир уй баҳраманд бўлиб, мўминлар қалбига хурсандлик ва шодлик кирсин учун одамлар алоҳида Рамазонга хос хайру эҳсонлари билан бир қаторда закотларини ҳам шу ойда берадилар.

Салмон Форсий разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ алайҳиссаломдан ривоят қилган ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Эй инсонлар, буюк ва муборак ой сизларга яқин келди… Бу ойда ким Аллоҳга яқинлаштирадиган эзгулик қилса, ундан бошқа ойда адо этган бир фарз даражасини топади ва бу ойда бир фарзни адо этган киши бошқа ойда етмиш фарзни адо этган каби бўлади… Бу – кўмак ва ёрдам ойидир! Бу ойда мўминниг ризқи кўпайтирилади. Бу ойда ким бир рўзадорга ифторлик берса, гуноҳларига мағфират бўлади, дўзах ўтидан ўзини қутқаради ва рўзадорнинг ажридек ажрга эга бўлади. Рўзадорнинг ажридан эса ҳеч нарса камаймайди”.

Шунга биноан, ҳар биримиз аввало аҳли оиламизга, сўнг яқинларимиз, қўни-қўшниларимиз орасидаги эҳтиёжманд кишиларга саховат кўрсатсак, фазилати янада улуғ бўлади.

Аллоҳ Таборака ва Таолонинг фаришталарининг энг улуғлари Жаброил алайхиссалом айтадилар:

«Агар Аллоҳ менга дарё, денгиз, океанларда қанча сув борлигини санаб кел, деса, санаб кела оламан.
Агар саҳрою, чўлларда қанча тупроқ зарраси борлигини билиб кел, деса, билиб кела оламан.
Агар дунёдаги ҳамма ўсимлик ва дарахтлардаги баргларини сонини санашни буйирса, уддасидан чиқаман…
Лекин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рўзадор умматларига бериладиган савобини санай олмадим!«

Бизнинг жонажон диёримизда ҳар йили муборак Рамазон ойи муносабати билан уни муносиб ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида муҳтарам Президентимизнинг махсус қарорлари чиқади. Жойларда ушбу қарорнинг ижроси юзасидан қатор амалий ишлар қилинади. Жумладан, тв ва радио орқали юртдошларимизга бу муборак ва улуг ойнинг фазилатлари ҳақида кенг маълумотлар берилиши, эҳтиёжманд кишиларнинг ҳолидан хабар олиниши, саховатпеша халқимиз ҳам яхшилик қилишга бел боғлаб, муҳтожлар ҳолидан хабар олишлари ҳам шу жумласидандир.

Иброҳимжон ИНОМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
Манба: ЎзА

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …